Ўзбекистонда 14 сентябрдан бошлаб яна 2300 дан ортиқ мактаб очилиб, уларда анъанавий таълим бошланди. Аксарият мактабларда анъанавий таълим октябрь ойига қадар тикланиши кутилмоқда. Бунда мактабларни очиш ҳақидаги қарор индивидуал тарзда жойлардаги ҳақиқий ҳолат ҳамда соғлиқни сақлаш тизими хулосаларига мувофиқ, маҳаллий кенгашлар депутатлари рухсатидан сўнг қабул қилинади.
Болаларнинг қувончи чексиз ахир, пандемия уларни олти ойдирки, мактаб синфхоналари, дўстларидан йироқлаштириб турибди. Насиб бўлса, ҳар тонг яна билимлар маскани сари ошиқишади.
Ургут туманида жойлашган “Шайх Мухиддинхон” жоме масжиди имом-хатиби Нодир Турсунов хайрли ишга бош бўлди. “Чорчинор” маҳалласидаги тадбиркорлар кўмагида карантин шароитида мактаб бозорига етарлича тайёргарлик кўра олмаган оилалар фарзандларига мактаб формалари ва ўқув қуролларини ҳадя этишди. Эндиликда бу болажонлар ҳам бошқа дўстлари қаторида янги уст-бош, ўқув қуроллари билан дарсларни бошлашади.
Ҳадиси қудсийда: “Қайси бир инсон бировнинг оғирини енгил қилса, ҳожатини раво қилса, Мен ўша инсоннинг оғирини охиратда енгил қиламан, ҳожатини раво қиламан”, - деб Аллоҳ таоло ваъда қилгани баён этилган. Яхшилик ва хайру саҳоват ишлари доимо дилларга қувонч улашиб, Яратганнинг розилиги, бараканинг кўпайиши, балоларнинг кўтарилишига сабабчи бўлсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
1. Уйдан “бисмиллоҳ” ни айтиб чиқиш.
Умму Салама розияллоҳу анҳа айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг уйимдан тонгда чиқар эканлар, нигоҳларини осмонга қаратиб, қуйидаги дуони қилар эдилар:
بِسمِ اللهِ تَوَكَّلْتُ عَلَى اللهِ وَلا حَولَ وَلا قُوَّةَ إلاَّ باللهِ.
“Бисмиллаҳи таваккалту ъалаллоҳи ва лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳи”
“Аллоҳнинг исми ила, Аллоҳга таваккул қилдим. Куч ва қувват фақатгина Аллоҳдандир”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Кимки уйдан чиқаётганида: “Аллоҳнинг номи билан. Аллоҳга таваккал қилдим. Ўзгартириш ҳам, қувват ҳам фақат Аллоҳ ила бўлур”, деса, ўша пайтда унга “Ҳидоят қилиндинг, кифоя қилиндинг, ҳимоя қилиндинг”, дейилади. Шайтон ундан четланади. Бошқа бир шайтон унга (биринчи шайтонга): “Ҳидоят қилинган, кифоя қилинган, ҳимоя қилинган кишига ҳолинг не”, дейди. (Имом Абу Довуд ривояти).
2. Уйдан чиқишда дуо қилиш.
اللهُمَ إني أعُوذُ بِكَ أن أَضلَّ أوْ أُضَلَّ أَوْ أزلَّ أو أُزلَّ أوْ أظلِم أوْ أُظْلَم أوْ أَجْهَلَ أوْ يُجْهَلَ عَلَيَّ
“Аллоҳумма инний аъузу бика ан адзилла ав удзалла ав азилла ав узалла ав азлима ав узлама ав ажҳала ав йужҳала аълаййа”
“Аллоҳим! Мен Сендан адашишдан ва адаштиришдан, тойилишдан ва тойдиришдан, зулм қилишдан ва зулмга қолишдан, жоҳиллик қилишдан ва жоҳилликка йўлиқишдан паноҳ сўрайман”.
3. Уловга минаётганда.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уловга минаётганларида Қуръони каримдаги ушбу оятни ўқирдилар:
﴿سُبْحَانَ الَّذِي سَخَّرَ لَنَا هَذَا وَمَا كُنَّا لَهُ مُقْرِنِينَ وَإِنَّا إِلَى رَبِّنَا لَمُنْقَلِبُونَ﴾
“Субҳаналлазий саххоро лана ҳаза ва ма кунна лаҳу муқринийн. Ва инна ила Роббина ламунқолибун”
“Бизларга бу (улов)ни бўйсундириб қўйган зотга тасбеҳ айтамиз. Бизлар ўзимиз бунга қодир эмас эдик. Албатта, бизлар (барчамиз) Раббимиз (ҳузури)га қайтувчидирмиз” (Зуҳруф сураси, 13-14 – оятлар).
Даврон НУРМУҲАММАД