Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Қуйида эр-хотин орасида содир бўлиши мумкин бўлган, аммо Исломда ҳаром қилинган жинсий алоқа кўринишлари ҳақида сўз юритилади.
Ҳайз ва нифос кўриш вақтидаги жинсий алоқа
Хотин киши ҳайз кўраётган пайтда эр унга жинсий яқинлик қилиши Исломда ҳаром саналган амаллардандир.
Аллоҳ таоло айтади: «Сендан ҳайз ҳақида сўрарлар. Сен: «У кўнгилсиз нарсадир. Ҳайз чоғида аёллардан четда бўлинг. Уларга пок бўлмагунларича яқинлашманглар. Агар пок бўлсалар, уларга Аллоҳ амр қилган жойдан келинг. Албатта, Аллоҳ тавба қилувчиларни севади ва покланувчиларни севади», деб айт» (Бақара сураси, 222-оят).
Аёл ҳайз кўраётган вақтида унга яқинлик қилиш ушбу оятга биноан ҳаром қилингандир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳайз вақтида аёлларга яқинлик қилишдан қайтарганлар.
Маймуна онамиздан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аёлларини ҳайз ҳолатида бўлганларида кийимлари устидан қучоқлар эдилар» (Бухорий ривояти).
Ушбу ҳадисдан ҳайз ҳолатида бўлган аёлларга жинсий яқинлик қилиб бўлмаслиги, аммо уларни қучоқлаш, ўпиш мумкинлиги келиб чиқади.
Нифос кўраётган аёлга ҳам жинсий яқинлик қилиш ҳаром қилинган амаллардандир. Нифос – аёл киши бола туғгач узоғи 40 кун кўрадиган қондир. Нифоснинг энг оз муддати белгиланмаган.
Ҳайз вақтида жинсий яқинликни ман қилинганлиги ҳақидаги оят ва ҳадислар нифосга ҳам тааллуқлидир.
Рўзада оғиз ёпиқ бўлган вақтда ва ҳаж вақтида жинсий яқинлик қилиш
Рамазон рўзасини тутиб оғиз ёпиқ ҳолатида жинсий алоқа қилиш ҳаромдир. Рамазон вақтида оғиз очилгандан кейин жинсий яқинлик жоиз бўлади. Рамазонда бўлмай, шунчаки нафл рўза тутилган вақтда ҳам жинсий яқинлик жоиз эмас. Нафл рўза тутмоқчи бўлган аёл рўза тутиш учун эрининг олдидан ўтиб қўйиши лозим.
Рамазон рўзасида жинсий яқинлик қилиш мумкин эмаслиги, рўза бузилиши ва каффорат бериши шарт экани Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисларида келган. Ушбу ҳадисда бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, Рамазон рўзаси вақтида аёли билан қўшилгани ҳақида хабар берганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга каффорат бериши лозим эканлигини айтганлар.
Ҳаж ойларида ҳажга эҳром боғлаганларга ҳам жинсий яқинлик қилиш жоиз эмас. Жинсий яқинлик қилиб қўйсалар унинг вақтига кўра ҳажлари бузилади ёки каффорат беришлари лозим бўлади.
Улуғ Аллоҳ айтади: «Ҳаж маълум ойлардир. Кимки уларда ўзига ҳажни фарз қилса, ҳажда шаҳвоний нарсалар, фисқ ва жанжал йўқдир. Нима яхшилик қилсангиз, Аллоҳ уни билади. Озуқа олинг, энг яхши озуқа тақводир. Менга тақво қилинг, эй ақл эгалари!» (Бақара сураси, 197-оят).
Ўзига ҳажни фарз қилиш – ҳажни ният қилиб, эҳромга кириш деганидир. Демак, ундай одамга шаҳвоний ишлар, яъни жинсий яқинлик ва унинг ҳақидаги гап-сўзларни сўзлаш мумкин бўлмайди.
Афзал Аброр таржимаси
Исломнинг барча – бешала рукнини ҳам бажарган одам чинакам саодатлидир. Айниқса, ҳожилик – алоҳида масъулият талаб этадиган мақом. Бу йил юртимиздан 15 мингдан зиёдроқ фуқаро ана шундай шарафга эга бўлди.
Бу йил юртимиздан ҳажга борган юртдошларимиз Арафот водийсида муфтий, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчиликларида юртга қайтгач, «Янги Ўзбекистоннинг тинчлик ва маънавият тарғиботчилари бўламиз» деган эзгу ташаббусни илгари сурган эдилар.
Бугун, 14 июль куни пойтахтимиздаги «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» жоме масжиди мажлислар залида пойтахтимизда фаолият юритаётган имом-хатиблар, имом ноиблари иштирокида йиғилиш ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, Тошкент шаҳар ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Абдулвосид Хомитжонов, «Нуроний« жамғармаси Тошкент шаҳар бўлими раиси Рустам Калонов, Маҳаллалар уюшмаси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси бошлиғи Фурқатхўжа Маҳмудхўжаев, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов иштирок этди.
– Ҳожиларга катта ишонч билдириб, улар маънавият тарғиботчиларидир, – дейди ДИҚ раиси биринчи ўринбосари Даврон Махсудов. – Ҳадиси шарифда: “Инсонларнинг Аллоҳ таолога энг севиклиси одамларга кўп манфаати етказадиганидир” (Имом Табароний ривояти), дейилган. Шундай экан, ҳар бир ҳожига ўз ҳудудидаги имом-хатиб кўмакчи бўлиб, маҳаллама-маҳалла юриб, аҳолига, айниқса, ёшларга панду насиҳатлар қилишлари зарур. Чунки ҳожиларнинг сўзлари таъсирчан бўлади. Фарзандларимизнинг турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишининг олдини олишда уларнинг хизматидан фойдаланишимиз керак. Ҳожиларимизнинг саъй-ҳаракатлари билан халқимизнинг маънавияти, маърифати янада ошади.
Ана шундай маънавий-маърифий тадбирлар орқали ҳожиларимиз жамиятимиздаги меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлаш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёшлар тарбияси ва оилалар тотувлигида ибрат бўлмоқдалар.