Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Июл, 2025   |   28 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:32
Қуёш
05:10
Пешин
12:35
Аср
17:37
Шом
19:53
Хуфтон
21:23
Bismillah
23 Июл, 2025, 28 Муҳаррам, 1447

Эр-хотин орасидаги ҳаром қилинган жинсий алоқа кўринишлари

15.09.2020   24222   3 min.
Эр-хотин орасидаги ҳаром қилинган жинсий алоқа кўринишлари

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуйида эр-хотин орасида содир бўлиши мумкин бўлган, аммо Исломда ҳаром қилинган жинсий алоқа кўринишлари ҳақида сўз юритилади.

Ҳайз ва нифос кўриш вақтидаги жинсий алоқа

Хотин киши ҳайз кўраётган пайтда эр унга жинсий яқинлик қилиши Исломда ҳаром саналган амаллардандир.

Аллоҳ таоло айтади: «Сендан ҳайз ҳақида сўрарлар. Сен: «У кўнгилсиз нарсадир. Ҳайз чоғида аёллардан четда бўлинг. Уларга пок бўлмагунларича яқинлашманглар. Агар пок бўлсалар, уларга Аллоҳ амр қилган жойдан келинг. Албатта, Аллоҳ тавба қилувчиларни севади ва покланувчиларни севади», деб айт» (Бақара сураси, 222-оят).

Аёл ҳайз кўраётган вақтида унга яқинлик қилиш ушбу оятга биноан ҳаром қилингандир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳайз вақтида аёлларга яқинлик қилишдан қайтарганлар.

Маймуна онамиздан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аёлларини ҳайз ҳолатида бўлганларида кийимлари устидан қучоқлар эдилар» (Бухорий ривояти).

Ушбу ҳадисдан ҳайз ҳолатида бўлган аёлларга жинсий яқинлик қилиб бўлмаслиги, аммо уларни қучоқлаш, ўпиш мумкинлиги келиб чиқади.

Нифос кўраётган аёлга ҳам жинсий яқинлик қилиш ҳаром қилинган амаллардандир. Нифос – аёл киши бола туғгач узоғи 40 кун кўрадиган қондир. Нифоснинг энг оз муддати белгиланмаган.

Ҳайз вақтида жинсий яқинликни ман қилинганлиги ҳақидаги оят ва ҳадислар нифосга ҳам тааллуқлидир.

Рўзада оғиз ёпиқ бўлган вақтда ва ҳаж вақтида жинсий яқинлик қилиш

Рамазон рўзасини тутиб оғиз ёпиқ ҳолатида жинсий алоқа қилиш ҳаромдир. Рамазон вақтида оғиз очилгандан кейин жинсий яқинлик жоиз бўлади. Рамазонда бўлмай, шунчаки нафл рўза тутилган вақтда ҳам жинсий яқинлик жоиз эмас. Нафл рўза тутмоқчи бўлган аёл рўза тутиш учун эрининг олдидан ўтиб қўйиши лозим.

Рамазон рўзасида жинсий яқинлик қилиш мумкин эмаслиги, рўза бузилиши ва каффорат бериши шарт экани Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисларида келган. Ушбу ҳадисда бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, Рамазон рўзаси вақтида аёли билан қўшилгани ҳақида хабар берганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга каффорат бериши лозим эканлигини айтганлар.

Ҳаж ойларида ҳажга эҳром боғлаганларга ҳам жинсий яқинлик қилиш жоиз эмас. Жинсий яқинлик қилиб қўйсалар унинг вақтига кўра ҳажлари бузилади ёки каффорат беришлари лозим бўлади.

Улуғ Аллоҳ айтади: «Ҳаж маълум ойлардир. Кимки уларда ўзига ҳажни фарз қилса, ҳажда шаҳвоний нарсалар, фисқ ва жанжал йўқдир. Нима яхшилик қилсангиз, Аллоҳ уни билади. Озуқа олинг, энг яхши озуқа тақводир. Менга тақво қилинг, эй ақл эгалари!» (Бақара сураси, 197-оят).

Ўзига ҳажни фарз қилиш – ҳажни ният қилиб, эҳромга кириш деганидир. Демак, ундай одамга шаҳвоний ишлар, яъни жинсий яқинлик ва унинг ҳақидаги гап-сўзларни сўзлаш мумкин бўлмайди.

Афзал Аброр таржимаси

Бошқа мақолалар

Ибодатга бошлайдиган амал

26.10.2023   4357   1 min.
Ибодатга бошлайдиган амал

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Илм пайғамбарлар мероси, бойлик эса подшоҳлар ва бойларнинг меросидир.

Илм ўз эгасини сақлайди, мол-дунёни эса эгаси қўриқлайди.

Илм қанча сарфланса шунча кўпаяди, пул эса сарфлангани сари камаяди (инфоқ, эҳсон, садақадан ташқари).

Мол-дунё солиҳда ҳам, фожирда ҳам бўлиши мумкин, аммо (фойдали) илмга фақат мўмин эга бўлади.

Илм ўз эгасига қабрда ҳам ҳамроҳ бўлади, бойлик эса инсон вафот этганидан кейин уни тарк этади (қилган садақаларидан ташқари).

Илм ҳокимдир, у бойликни бошқаради. Мол-дунё эса бошқарилади.

Бойлик эгаси бир кечада қашшоқ ё камбағал бўлиб қолиши мумкин, аммо илм соҳибида бундай қўрқув йўқ.

Олимга подшоҳлар муҳтож бўладилар, мол-дунё эгаси эса фақир ва мискинларга керак.

Бойлик инсонни дунё муҳаббатига етаклайди, илм эса Аллоҳ таолога ибодат қилишга бошлайди.

Бойлик ҳалокатга сабаб бўлиши мумкин. Ўғрилар қанча бойларнинг мол-дунёсини хонавайрон қилишди. Илм эса инсон вафот этганидан кейин соҳибига ҳаёт бериб туради.

Илмнинг саодати доимий, бойликники вақтинчадир.

Олимнинг қадр-қиммати илми ила, аммо бойнинг қадри мол-дунёси билан ўлчанади.

Бой одам бойлиги билан инсонларни дунёга, олим эса ўз илми билан охиратга чорлайди.

Даврон НУРМУҲАММАД