Гамбия туризм ва маданият вазири Ҳамат Нгаи Кумба Бах “Дунё” ахборот агентлигига 16 октябр куни Самарқандда очилган ЮНВТО Бош Aссамблеясининг юбилей 25 сессияси ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди:
– Бундай кенг кўламли ва муҳим тадбирда қатнашиш имконига эга бўлганимдан жуда хурсандман. Марокаш ва Туркияда трансферларни амалга ошириб, Гамбиядан Ўзбекистонга етиб боришимиз учун 24 соат вақт кетди. Шаҳар аэропортини биринчи қўнганимизданоқ Самарқанднинг гўзаллиги мени ҳайратда қолдирди.
Ўзбекистоннинг ривожланиш суръатлари бизни мамлакатингиз тажрибасини янада кўпроқ ўрганишга ундайди.
ЮНВТО Бош Aссамблеяси доирасидаги режалаштирилган учрашув ва музокаралар чоғида туризм, сармоя ва таълим соҳаларида аниқ шартномалар тузиш ниятидамиз. Гамбия фуқароларимизнинг Ўзбекистонда ўқиб, тажриба орттиришини истайди, чунки мамлакатингиз нафақат бу соҳаларда, балки бошқа соҳаларда ҳам юксак натижаларга эришган. Умид қиламанки, келгусида ҳамкорлигимиз янада юқори босқичга чиқади.Эслатиб ўтамиз, Гамбияда исломга (асосан суннийлар) 95,7% аҳоли эътиқод қилади. Ислом динининг тарқалиши 12-13-асрларда бошланган. Баъзи мусулмонлар орасида сўфийлик “Тижания” тариқати таъсирига эга. Ҳар йили Гамбияда турли диний байрамлар ўтказилади, уларнинг саналари йилдан-йилга ўзгариб туради: ҳижрий Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг таваллуд кунлари (мавлид байрами), душанба, Коритеҳ (Рамазон охири) ва Табаски (қурбонлик байрами).
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Муборак ҳаж сафари давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Кутубхона бўлими бошлиғи Камолиддин Маҳкамов, Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Музаффархон Жониев, Ҳадис илми мактаби ректори Барот Амонов Мадинаи мунавварадаги Масжидун Набавий кутубхонаси билан танишиш баробарида муассаса бўлим бошлиғи Аҳмад Наим Мулла мулоқот қилишди.
Учрашув асносида улуғ алломаларимизнинг илмий мерослари жой олган “Ўзбекистон бурчаги” ташкил этилди. Шу муносабат билан ушбу кутубхона вакилларига Имом Бухорийнинг “Саҳиҳи Бухорий” ва Имом Термизийнинг “Сунани Термизий” ва бошқа китоблар топширилди.
Мулоқот чоғида “Саҳиҳи Бухорий” ва “Сунани Термизий” асарлари “Олти саҳиҳ ҳадислар”даги ўрни, ислом оламидаги олти буюк муҳаддисдан икки нафари Мовароуннаҳрдан етишиб чиққани, буюк аждодларимизнинг динимиз тараққиётидаги хизматлари эътироф этилди.
Шунингдек, бугунги кунда Ўзбекистонда диний соҳада олиб борилаётган сиёсат юқори баҳоланиб, Кутубхонага тақдим этилган ўзбек тилидаги ҳадислар тўпламлари шарҳлари Ҳаж ва Умра зиёратига келувчи зиёратчиларга муҳим манба бўлиб хизмат қилиши айтиб ўтиди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати