Таиланд ҳукумати ҳалол саноатни ривожлантириш орқали ушбу соҳадан тушаётган даромадни унинг иқтисодий ривожланиши ва барқарорлиги кўрсаткичларидан бирига айлантиришга ҳаракат қилмоқда.
Таиланд IQNA сайти маълумотларига кўра, жаҳонда озиқ-овқат, хусусан, ҳалол маҳсулотларга бўлган талаб ортиб бораётгани сабаб ҳалол маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи ва экспорт қилувчи дунёдаги етакчи давлатлардан бири эканини ҳисобга олиб, мамлакат ҳукумати ушбу соҳани ривожлантириш истагини билдирмоқда.
Унга кўра ҳалол маҳсулотлар фақат озиқ-овқат билан чекланиб қолмай, балки бозор қиймати 2 триллион доллардан ортиқ бўлган мода, медиа, фармацевтика ва туризм каби бошқа соҳаларни ҳам ўз ичига олади.
Ҳозирда Таиланд озиқ-овқат экспортининг 20 фоизи ҳалол маҳсулотларга тўғри келади. 2021 – 2022 йилларда Таиланд ҳалол маҳсулот экспортидан 6 миллиард доллар даромад олди.
Ушбу мақсадга эришиш учун янги ҳукумат барча тегишли муассасаларни ўқув курсларини тезлаштириш ва осонлаштириш, зарур лицензия ва сертификатлар бериш, зарур жиҳозлар билан таъминлаш ва уни Ҳалол стандартлари тамойиллари асосида стандартлаштиришга сафарбар этди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Шу йил 24 март куни Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларидан саралаб олинган гуруҳ раҳбарлари учун махсус ўқув семинари бўлиб ўтди. Ушбу тадбир “Ҳаж – 2026” мавсумини юқори савияда, намунали ва тартибли ташкил этиш, зиёратчиларимизга муносиб шароитлар яратиш мақсадида ташкил этилди.
Ўқув машғулотларини Наманган вилояти бош имом-хатиби Абдуллоҳ домла Самадов, Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи Бобомурод Рустамов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этиш маркази директори Мақсуд Каримов олиб боришди.
Йиғилиш давомида нотиқлар гуруҳ раҳбарларига яқинлашиб келаётган ҳаж мавсумининг ташкилий ишлари, унга доир энг муҳим вазифалар ва масъулиятли жиҳатлари алоҳида тушунтириб ўтилди. Хусусан, зиёратчиларга Исломнинг бешинчи рукни бўлган ҳаж ибодатига пухта тайёргарлик кўриш, ҳаж амалларини адо этишнинг тартиб-қоидалари ва муборак қадамжоларни зиёрат қилиш одоблари хусусида сўз юритилди.
Шунингдек, соҳа мутасаддилари гуруҳ раҳбарларига ҳаж сафарига доир амалдаги қонунчилик ва бошқа меъёрий ҳужжатларни ҳам пухта билиш, зиёратчилар билан ишлашда доимо хушмуомала бўлиш, ўзаро ёрдам муҳитини шакллантириш муҳимлигига урғу қаратишди.
Семинар якунида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди. Шунингдек, келгусида Фатво маркази уламолари билан ҳаж ибодатига оид шаръий масалалар бўйича дарс машғулотлари олиб бориш режа қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати