Шайх Абу Мансур Мотуридий раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинади: «Ҳар бир мусулмон киши ўз фарзандига Аллоҳга иймон келтирмоқни таълим бермоғи вожиб бўлгани каби уларни сахийлик ва очиққўлликка одатлантирмоғи ҳам лозим. Зеро, динда бахилликдан кўра буюкроқ офат йўқ. Бахиллик феълида Аллоҳ таолога нисбатан бадгумонликдан бошқа нарса бўлмагани-да эди, шунинг ўзи ҳам ҳалокатга етарли бўларди. Саховатда эса, Аллоҳ таолога нисбатан ҳуснуззон, яъни яхши гумонлик бўлиб, у тамомий шарафдир. Чунки саховат билан иймоннинг қуввати зиёда бўлади. Иймон эса, диннинг аслидир. Шунингдек, саховат ила халойиқнинг қалбида муҳаббати ортади. Саховат туфайли бутун оламларнинг тилида мақталишга сазовор бўлади. Оқил зотларнинг асосий матлаби ҳам шудир.
Зеро, Халилуллоҳ Иброҳим алайҳиссалом ҳам Аллоҳ таолодан Хотамул анбиё Муҳаммад алайҳиссаломнинг умматлари тилида мақталишларини сўраган эдилар:
“Яна мен учун (менинг ҳақимда) кейингилар ўртасида яхши гаплар пайдо этгин!” (Шуаро сураси, 84-оят).
Муфассирлар “яхши гаплар”дан мурод мақтовлар деб тафсир қилганлар. Дарҳақиқат, ҳар намоздаги салавотда у зотга мақтов айтиш жорий бўлиши ҳам шундан: “Аллоҳумма солли ала Муҳаммадин кама соллайта ала Иброҳийма...” деб намознинг охирида салавот айтилади. Мана шу ҳам саховатнинг самараси ва садақанинг гўзал жиҳатидандир».
Муҳаммад ибн Абдурраҳмон Бухорийнинг
“Маҳосинул ислом ва шароъиул ислом”
китобидан.
Уммат бирлиги йўлида:
Ўзбекистон тажрибаси халқаро анжуманда эътироф этилди
Туркияда «Уммат бирлиги ва глобал муаммолар қаршисида фатво кенгашлари» мавзусида халқаро маслаҳат йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ҳам иштирок этди.
Дунёнинг 25 дан ортиқ мамлакати, жумладан, БАА, Қатар, АҚШ, Россия, Буюк Британия, Германия, Индонезия, Малайзия, Мавритания, Босния ва Герцеговина, Черногория, Хорватия, Болгария, Ирландия ҳамда МДҲ давлатларидан ташриф буюрган давлат ва дин арбоблари, муфтийлар, етук исломшунос олимлар қатнашгани анжуманнинг юксак мавқеидан далолат берди.
Йиғинда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ҳам маъруза қилди. Нутқда Ватанимиз мусулмонларининг яқин ўтмишдаги оғир синовли даврлари билан бугунги фаровон кунлари қиёсий таҳлил этилди. Халқимиз ҳар қандай мураккаб шароитда ҳам ислом динига муҳаббатини сақлаб қолгани, уламоларимиз диний илмларни яширин тарзда бўлса-да, авлодларга бекаму кўст етказиб келгани таъкидланди.
Шунингдек, бугунги кунда Давлатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракатлари билан амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида юртимизда янги диний ва илмий уйғониш даври бошлангани, унинг амалий меваси сифатида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Фатво маркази томонидан олиб борилаётган ишлар, қиса вақт ичида бир ярим миллиондан зиёд саволларга жавоблар берилгани ҳақида мухтасар айтиб ўтилди.
Маъруза равон, лўнда баён этилгани иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Дарҳақиқат, ҳикматли ва гўзал калом инсонлар орасини яқинлаштиради. Айниқса, уммат бирлиги йўлида сўзланса. Зеро, Муфтий ҳазратлари бугунги уммат олдида турган энг долзарб масалалар, уларнинг оқилона ечимлари юзасидан муҳим таклифларни ўртага ташлади. Ўзбекистон муфтийсининг халқаро йиғилишдаги фаол иштироки ва сермазмун нутқи учун алоҳида миннатдорлик изҳор этилгани ҳам шунга далолат қилади.
Ушбу чиқиш юртимизнинг дунё ҳамжамиятидаги юксак нуфузини яна бир бор намоён этиб, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний каби улуғ аждодларимизнинг муносиб издошлари бугун ҳам борлигини кўрсатди. Уламолар юрти бўлган муқаддас заминимиздан бундай забардаст олимлар етишиб чиқиши, иншааллоҳ, бардавом бўлажак.
Зайниддин домла ЭШОНҚУЛОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари