Cавол: Биламизки, динимизда эркаклар ипак матодан кийим кийиши ман қилинган. Бир шим сотиб олгандим. Шу шимнинг 70 % матоси сунъий ипак деб ёзибди, яъни сунъий ипак экан. Шу шимни кийиш жоизми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Сунъий ипак ҳақиқий ипакка муқобил равишда ишлаб чиқарилган мато тури холос. Унга ҳақиқий ипакнинг ҳукми берилмайди. Ундан тикилган кийимларни кийиш эркаклар учун жоиздир. Ҳадисларда тақиқланган ипак ҳақиқий, табиий ипакдир.
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ипак кийим ва тилла умматимнинг эркакларига ҳаром қилинди, аёлларига ҳалол қилинди”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Ипакнинг эркакларга ҳаром қилиниши ҳикмати, бу мато жуда нафис ва мулойим бўлиб, аёллик табиати ҳамда латофатига мос келади. Аксинча эркакларнинг табиатига эса мувофиқ келмайди. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази
2026 йил 20 ноябрь куни дунёнинг турли мамлакатларидан таниқли олимлар ва уламолар қадимий Термиз шаҳрида жам бўлишади.
Термиз шаҳрида жойлашган Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида буюк ватандошимиз, ҳадис ва тасаввуф илмининг йирик намояндаси Ҳаким Термизий таваллудининг 1200 йиллигига бағишланган "Ҳаким Термизий илмий-маънавий меросининг бугунги кундаги аҳамияти" мавзусида халқаро илмий конференция бўлиб ўтади.
Мазкур нуфузли конференция Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 24 июлдаги қарори ижроси доирасида ташкил этилмоқда.
Конференцияда юртимиз ва хорижий мамлакатлардан таниқли исломшунос олимлар, уламолар, соҳа мутахассислари Ҳаким Термизийнинг ислом цивилизацияси ривожидаги ўрни, бой илмий-маънавий мероси ва унинг замонавий жамият ҳаётидаги аҳамиятига оид маърузалар билан қатнашадилар.
Шунингдек, тадбир доирасида ноёб қўлёзмалар, илмий нашрлар ва замонавий тадқиқотлар кўргазмаси ҳамда муқаддас қадамжоларга зиёратлар ташкил этилади.
Конференция иши маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари, телеканаллар, газета ва журналлар ҳамда интернет нашрлари орқали кенг ёритиб борилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
.