Бу воқеа муборак Рамазон кунларининг бирида бўлган. Ифторлик вақтига яқин қолганда, Адҳам нон сотиб олиш учун новвойхонага борди. У ерда навбатда турган инсонлар кўп эди. Бир вақтнинг ўзида харидорларга нон узатиш ва уларнинг пулларини санаб олиш осон эмасди. Адҳамнинг ҳам навбати келди. Чарчаган сотувчи унга ортиқча қайтим берди. Адҳам иккиланиб бир қўлидаги пулларга, бир сотувчига қаради. Новвой унга: “Тинчликми болакай?” деди. Адҳам эса: “Ҳаммаси яхши”, деди-да, нонларни кўтарганча уйига югуриб кетди. Кечки овқат вақтида у бироз ўйчан кўринарди. Кечқурун кимдир ғойибдан унга: “Нега бундай қилдинг? Нега бировнинг ҳаққига хиёнат қилдинг?” дегандек туюларди.
Адҳам бўлиб ўтган воқеаларни онасига айтиб беришга қарор қилди-ю, аммо онаси бу иши сабабли қаттиқ койишидан қўрқди. Туни билан мижжа қоқмади. Саҳарлик пайти унинг кўзи девордаги тақвимга тушди. Унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисларини ўқиди:
البِرُّ حُسنُ الخُلُقِ ، والإِثْمُ ما حاكَ في صدْرِكَ ، وكرِهْتَ أنْ يَطلِعَ عليه الناسُ
“Яхшилик гўзал хулқдир. Гуноҳ бу – қалбингни қийнаган ва сен бошқалар уни билиб қолишидан қўрқадиган амалдир” (Имом Муслим ривояти).
Адҳамнинг юзлари қизариб кетди. Гўё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳадисни айнан у учун айтгандек эди. У тўғри новвойхонага борди ва новвойдан узр сўраб, ортиқча қайтимни қайтариб берди. Адҳам тўғри иш қилиб, ўзини гуноҳдан сақлаб қолганидан мамнун эди.
Заҳар
Ҳусайн амаки шаҳардан қишлоққа аъло кайфиятда қайтаётганди. Бозорга олиб борган молларининг барчасини сотди. Йўлда эса эшагини ўтлатиш ва ўзи ҳам бироз мизғиб олиш мақсадида булоқ бошида тўхташга қарор қилди. Булоқнинг ёнгинасидаги дарахт соясида уйқуга кетишдан олдин пуллари жойида эканини текшириб, халтачасини қўйнига солди-да, уйқуга кетди.
Бу ҳолатни дарахт устида бир қароқчи кузатиб турар эди. Унинг кўзлари хурсандчиликдан ёниб кетди. У Ҳусайн амакининг ухлаганига ишонч ҳосил қилгач, секингина дарахтдан сирғалиб тушди. Сўнгра чўнтагидан қамиш пояси ва заҳар солинган қутини чиқарди. Қамишнинг ғовак пояси ичига заҳарни солди-да, аста уйқудаги Ҳусайн амакининг олдига яқинлашди. Мақсади уйқудаги кишининг ичига заҳарни пуфлаб ўлдириш ва пулларини ўзлаштириш эди. У энгашиб заҳарни пуфлашни бошлаган ҳам эдики, тўсатдан Ҳусайн амаки аксириб юборди. Қамишдаги заҳарнинг барчаси катта тезликда қароқчининг оғзига қайтиб кирди. Унинг ёмонлиги ўзининг бошига етди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг айтган ушбу ҳадислари нақадар ҳақиқат:
من ضارّ ضارّ الله به
“Бошқаларга зарар берадиган кишига Аллоҳ ҳам зарар беради” (Имом Аҳмад ривояти).
Охунжон АҲМЕДОВ
таржимаси
Унда мамлакатимизда фаолият юритаётган турли диний конфессиялар вакиллари, Кенгаш аъзолари, парламент, вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари вакиллари, шунингдек, маҳаллий ва хорижий кузатувчилар иштирок этди.
Тадбирда жамиятда тинчлик, ўзаро ҳурмат ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш, турли конфессиялар ўртасидаги ҳамжиҳатликни асраб-авайлаш муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Йиғилиш давомида мамлакатимизда виждон эркинлигини таъминлаш, диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш ва конфессиялараро мулоқотни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар атрофлича муҳокама қилинди.
Эътироф этилганидек, Конфессиялар ишлари кенгаши турли диний конфессиялар, давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасида очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ҳамда долзарб масалаларни ҳамжиҳатликда ҳал этишда муҳим майдон вазифасини бажармоқда.
Мулоқотлар давомида иштирокчилар мамлакатимизда диний бағрикенгликни таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар юзасидан фикрларини билдирдилар.
Шунингдек, хорижий ва маҳаллий кузатувчилар ҳам мамлакатимизда диний бағрикенгликни таъминлаш борасидаги тажриба, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни мустаҳкамлаш ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан ўз қарашлари билан ўртоқлашдилар.
Айниқса, ёш авлодни бағрикенглик, ўзаро ҳурмат ва бағрикенглик тамойиллари асосида тарбиялаш, диний конфессиялар ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, динлар ва маданиятлар ҳақида холис, ишончли ҳамда маърифий материаллар тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Иштирокчилар Ўзбекистонда шаклланган конфессиялараро тотувлик муҳити нафақат мамлакатимиздаги барқарорлик, балки халқаро миқёсдаги ўзаро англашув ва ҳамкорлик учун ҳам муҳим аҳамият касб этишини қайд этдилар.
Йиғилиш якунида Кенгаш фаолиятини янада такомиллаштириш, диний конфессиялар ўртасидаги мулоқотни изчил давом эттириш, жамиятда тинчлик, тотувлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган таклиф ва тавсиялар юзасидан фикр алмашилди.
Зеро, бағрикенглик турли эътиқод эгаларининг ўзаро ҳурмат, ишонч ва ҳамжиҳатлик асосида бир жамиятда тинч-тотув яшаш маданиятидир. Бундай қадриятларни асраб-авайлаш эса барқарор тараққиёт ва фаровон келажакнинг муҳим кафолати саналади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати