Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларидан бирида шундай дейилади: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан "Қабрларни зёрат қилинглар чунки у сизларга охиратни эслатади" Ибн Можа ривояти.
Қабр зиёрати пайғамбаримиз томонларидан рухсати берилган амаллардандир. Уламолар, валий ва солиҳ зотларнинг қабрларини зиёрат қилиш ҳукман бошқа қабрлар зиёрати каби бўлади, шаръан бу амал суннат ва фазилатли ишлардан ҳисобланади. Албатта қабр зиёратининг зиёратчига ҳам қабр соҳибига ҳам фойдалари бордир.
Зиёратчига бунда ибрат, эслатма олиш, дуоларининг қабул бўлиш эҳтимоли бўлса, қабр соҳибига эса саломнинг фойдаси, ҳақига дуо қилиниши ва унинг шодланиши бор.
Шайх Абдуллоҳ ал Ажмий айтади: "Қабрларни зиёрат қилиш суннат амаллардандир, биз нубувват оиласи вакиллари, бирор авлиё ёки яқинларимиздан бирининг қабри олдида нима қилмоғимиз керак? Албатта дуо, салом ва зикр қилмоғимиз лозим. Чунки биз табаррук жойда турибмиз рўпарамизда Аллоҳга суюклилардан бирининг қабри турибди, бу ишни (яъни қабр зиёрат қилиш, салом айтиш ва у ерда дуо қилишни) ҳаром ёки гуноҳ дейдиганларнинг гапига эътибор бермаймиз, зеро қабрларни зиёрат қилиш, салом бериш набавий суннатлардандир.
Абу Саъийд ал Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади "Қабр жаннат боғларидан бир боғдир ёки дўзаҳ чоҳларидан бир чоҳдир". Имом Термизий ривояти. Демак авлиёлар ва солиҳларнинг қабрларини зиёрат қилиб унда дуо қилинса гўё жаннат боғлари атрофида дуо қилингандек бўлади ва дуо ижобат бўлади, иншааллоҳ!
Солиҳ зотларнинг, авлиёларнинг қабрларини зиёрат қилишда фойда бордир.
Қабр зиёрати бидъат, унда дуо қилиш ҳаром дейдиганлар бу ишни салафлар қилмаганлар, бу кейин пайдо бўлган иш, шунинг учун жоизмас деб даъво қиладилар, аммо, Расулимиз бу ишни қилганлар, Оиша онамиз ва саҳобалар, тобеъинлар бу ишни қилишган. Манбаларда келадики:
Қадим даврларда Самарқанд аҳолиси қурғоқчиликдан шикоят қилиб ўз даврининг шайхларидан бирига маслаҳат учун боришади, шунда шайх у жамоани қаердан келганини сўрайди, улар Самарқанддан эканини айтадилар, шунда шайх "сизлар томонда имом Бухорийнинг қабрлари борку, шу зотни зиёрат қилинг ва шу зотни васила қилиб Аллоҳга дуо қилинг ҳожатингиз ечилади" дейди. Аҳоли шайхнинг айтганини қилишади ва диёрлари сувга сероб бўлади. Аллоҳ аждодларимиз буюк зотларнинг баракотидан юртимизга абадий тинчлик, саломатлик, ризқимизга кенгликни насиб этсин.
Расулхон Убайдуллаев,
Наманган шаҳри “Яҳёхон тўра” жоме
масжиди имом ноиби.
Ўзбекистон элчиси Нодиржон Турғунов (қароргоҳи Ар-Риёз шаҳрида жойлашган) Баҳрайн адлия, ислом ишлари ва вақф вазири Наввоф бин Муҳаммад ал-Муовида билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Вазир мулоқот аввалида Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан олимларнинг Ислом тамаддунига ҳисса қўшган ҳиссасини, мамлакат томонидан диний-маърифий соҳага қаратилаётган эътибор, ёш келажак авлод учун яратилаётган имкониятлар таҳсинга сазовор эканини таъкидлади. Унинг айтишича, Имом Бухорий, Имом Термизий, ал-Хоразмий, Фаробий, Замахшарий каби Ислом оламида юксак обрў-эътибор топган олимларнинг мероси дунё мусулмонларининг умумий бойлигидир.
– Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ўтказилаётган халқаро илмий-амалий конференциялар нафақат ўзбек халқи, балки бутун Ислом умматига хизмат қилмоқда. Баҳрайн Ислом меросини ўрганиш бўйича ўзбек томони билан яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва илмий изланишларни биргаликда амалга оширишга тайёр", – деди адлия, ислом ишлари ва вақф вазири Наввоф бин Муҳаммад ал-Муовида.
Мулоқот чоғида Тошкент шаҳрида барпо этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг очилиш маросимида Баҳрайн делегацияни иштирокини таъминлаш, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, икки мамлакат илмий марказлар ўртасида алоқаларни ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Томонлар Ўзбекистон ва Баҳрайн ўртасида адлия, Ислом ишлари ва вақф соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, биргаликда илмий-амалий ишларни ташкил этиш мақсадида масъул ходим тайинлаш таклифини қўллаб-қувватладилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати