Ислом хаттотлиги ва наққошлиги соҳасида фаол ижод қилган турк рассоми 28 йилдан буён масжидларни безаш билан шуғулланиб, бутун Туркия бўйлаб ўнлаб масжидларни ўз санъати билан безатган.
Бундан қарийб 28 йил муқаддам турк рассоми Серҳат Язар ислом санъатини ўзлаштириш йўлини бошлаган ва бугунги кунда унинг нақшинкор асарлари бутун Туркия бўйлаб 100 дан ортиқ масжидни безатиб турмоқда, - деб хабар қилди “IQNA” сайти “ Hurriyet Daily ”га таяниб.
Туркиянинг шарқий қисмидаги Елазиг шаҳрида яшовчи 46 ёшли рассом Сарҳат Язар талабалик чоғида хаттотлик ва таҳзиб санъатига бўлган меҳрини кашф этган ва ўзининг расм чизишга бўлган табиий истеъдодини анъанавий турк санъатига бўлган иштиёқи билан уйғунлаштирган.
Унинг 28 йил давомида яратган санъат асарлари, жумладан, барокко услубидаги асарлари, хаттотлик ва масжид безаклари унга катта мақтовлар олиб келди. Язар ўзининг ижодий фаолияти ҳақида шундай деди: “Мен ўзимнинг қизиқувчанлигим туфайли шу соҳада ишлай бошладим”.
Бу қизиқувчанлик уни бошқа машҳур хаттотлар қаторига қўшилиб, масжидларни безаш билан шуғулланувчи жамоа тузишга ундади. Йиллар давомида Язар ўзининг чиройли чўткаларини (мўйқаламини) Туркиянинг турли минтақаларидаги масжидларга олиб келган. Унинг лойиҳалари давомийлиги ҳар хил бўлиб, масжид тафсилотлари ва ишлатилган нақшларга қараб 20 кундан бир йилгача давом этади.
Ишининг машаққатлилигига қарамай, у тайёр маҳсулотдан катта завқ олади, жараённи игна билан қудуқ бурғулашга қиёслайди. Язар айни дамда Елазиғдаги Саҳоба масжидидаги ишини якунламоқда.
Ижодий фаолиятини давом эттиришга қизиқиш билдирар экан: “Меҳр билан қилинган ҳар қандай иш нафақат чарчоқни кетказади, балки катта завқ келтиради, токи Аллоҳ бизга умр берса, кучимиз бор экан, биз бу санъатни давом эттирамиз. Санъат - бу чексиз саёҳатга ўхшайди ва мен ҳар куни, ҳар сафар ва ҳар бир янги масжидда янги нарсаларни қўшиб, янада чиройли асарлар яратишга ҳаракат қиламан”.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими И.Аҳмедов тайёрлади
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Аёл киши уйида эрига иқтидо қилиб намоз ўқиса бўладими? Агар жоиз бўлса, аёл қаерда туради?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ҳа, аёллар уйда эрлари ёки бошқа эркак маҳрамларига иқтидо қилган ҳолда жамоат бўлиб намоз ўқишлари жоиз бўлади. Бу борада аллома Алоуддин Косоний раҳимаҳуллоҳ бундай зикр қиладилар:
“Агар имом билан бир аёл намоз ўқимоқчи бўлса, унинг орқасида туради. Чунки аёлни эркак билан бир сафда ёнма-ён туриши эркакнинг намозини бузади. Агар имомдан ташқари бир эркак ва бир аёл бўлса, эркак имомнинг ўнг томонига ва аёл эса, орқасида туради. Агар имомдан ташқари икки эркак ва битта аёл бўлса, икки эркак имомнинг орқасида ва битта аёл уларнинг орқасида туради. Агар эркаклар ва аёллар ҳамда ёш ўғил ва қиз болалар жамоат бўлиб намоз ўқимоқчи бўлсалар, у ҳолда имомнинг орқасида дастлаб балоғатга етган эркаклар туради. Сўнг балоғатга етмаган ёш ўғил болалар, сўнг балоғатга етган аёллар, сўнг ёш қизлар турадилар” (“Бадоеус-саноеъ” китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази