Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
16 Январ, 2026   |   27 Ражаб, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:23
Қуёш
07:46
Пешин
12:38
Аср
15:38
Шом
17:24
Хуфтон
18:41
Bismillah
16 Январ, 2026, 27 Ражаб, 1447

Нурул изоҳ: ЖАНОЗА (давоми)

16.06.2020   6508   10 min.
Нурул изоҳ: ЖАНОЗА (давоми)

 

Кофир ва осийлар

1.Ўлган кофирнинг (мусулмон қариндошлари бўлса, уни (кофирни) жирканч (ифлос, исқирт) нарса (буюм) каби ювиб, матога ўраб, чуқурга ташлайди ёки қавмига беради);

2.Ҳукматга қарши ғалаён қилиб, тўқнашув чоғида ўлдирилган ғалаёнчиларнинг;

Изоҳ: Бу ҳукм халқнинг манфаатини кўзлаган, тўғри йўлдан озмаган, машру ҳукуматга исёнчи бўлганлар учундир. Ғайримашру ҳукуматга исён қилиш жиҳод ҳисобланади.

  1. Қуролли тўқнашувда ўлган йўлтўсарларнинг;
  2. Ёвузлик билан кишиларни бўғиб ўлдириб юрувчиларнинг;
  3. Шаҳарда кечаси қурол кўтариб, кишиларнинг йўлини тўсувчиларнинг;
  4. Маҳаллийчи, мутаассиблиги сабабли интиқом (қасос) ва қон даъвосида ҳаракат қилаётган пайтда ўлдирилганларнинг (ювилсалар ҳам), жанозалари ўқилмайди.

 

Ота-она қотили ва ўзига ўзи суиқасд қилган киши

Ўзини ўзи ўлдирган киши ювилади ва намози ўқилади. Фақат мусулмон ота-онадан бирини, агар у йўлтўсарлик қилмаётган ва душманларга қўшилиб урушмаётган бўлса, қасд қилиб ўлдирган кишининг намози (жанозаси) ўқилмайди.

 

Тобутни олиб бориш ва майитни кўмиш

  1. Тобутни қабристонга олиб боришда, тўрт томонидан тўрт киши елкасига кўтариши суннатдир.
  2. Тобутнинг аввало бош томонидан олади, сўнгра оёқ томонидан ўнг елкада кўтариш керак. Кейин чап томонига ўтиб, аввал бош, сўнгра оёқ томонидан чап елкада кўтарилади. Ҳар томондан ўн қадамдан, жами қирқ қадам кўтариб юриш мустаҳабдир.

Изоҳ: Негаки Пайғамбаримиз, соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким тобутни қирқ қадам кўтарса, қирқта катта гуноҳлари ўчирилади (кечирилади)», деб марҳамат қилганлар.

  1. Тобутдаги жасадни тебратиб юбормаслик шарти билан, олиб кетилаётганида тез юриш мустаҳабдир.

Изоҳ: Бу ҳақда Пайғамбаримиз, соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Тобутни қабрига олиб боришда тез юринг (шошилинг). Чунки майит яхши одам бўлса, уни кутиб турган мукофотларга тезроқ етказиш ўринлидир, агар майит ёмон одам бўлса, уни елкаларингиздан тезроқ тушириб, қутулганинг яхшидир», деганлар.

  1. Тобут ортидан эргашишнинг ундан олдинда юришдан афзаллиги худди фарз намознинг нафл намоздан устунлиги кабидир.
  2. Тобут олиб кетилаётганида баланд (жаҳрий) овоз билан зиқр қилиш мақруҳдир.
  3. Қабристонда тобут ерга қўйилмасидан олдин ўтириш ҳам макруҳдир.

 

Майитни дафн қилиш

  1. Қабр одамнинг ярим бўйи ёки кўксигача етадиган чуқурликда қазилади. Бундан ҳам чуқурроқ бўлиши мустаҳабдир.
  2. Агар тупроқ яхши бўлса, фақат қабрни чуқур қазиш билан чекланмай, қибла томонга лаҳад қилинади, ўйилади.
  3. Майит қиблага қаратиб қабрга қўйилади.
  4. Қабрга қўювчи киши «Бисмтллаҳи ва ъала миллати росулиллаҳи», дейди. Маъноси: «Аллоҳ номи билан ва Пайғамбарнинг шариатига кўра (тупроққа қўймоқдаман)».

5.Майитнинг ўнг томонини қиблага мойил қилиб қўйилади.

  1. Кейин кафаннинг боғлами ечилади.
  • Лаҳад оғзи хом ғишт билан ё қамиш каби ўсимликлар билан ёпилади.
  • Пишган ғишт ва тахта билан лаҳад оғзини ёпиш макруҳдир (чунки бу нарсаларга тирикларнинг эҳтиёжи кўпроқ).
  • Майит аёл киши бўлса, қўйилаётганида усти тўсиб турилади.
  • Лаҳад оғзи ёпилгач, тупроқ ташланади.
  • Қабрнинг усти тўртбурчак шаклида эмас, туянинг ўркачи каби тепача қилинади.
  • Қабрнинг устини безаш учун бино қуриш ҳаромдир.
  • Қабр мустаҳкам бўлиши учун бино қилиш макруҳдир.
  1. Майитни уйга кўмиш макруҳ, чунки бу ҳол фақат Пайғамбарларга хосдир.
  2. Майитни баланд, бир неча жасад сиғадиган, қилиб қурилган жойга кўмиш макруҳдир.
  3. Зарурат юзасидан бир неча жасадни бир қабрга кўмишнинг зарари йўқ. Фақат ҳар бирининг ораси тупроқ билан тўсилиши керак.

 

Денгизда ўлган киши

Денгиздаги кемада ўлган мусулмон кишининг жасади соҳил узоқлиги ва майитнинг бузилишидан қўрқилгани боис ювилиб, кафанга ўралиб, жанозаси ўқилади ва денгизга ташланади. Денгиз тубига чўкиб кетиши учун жасадга оғир нарса боғлаб, сувга ташлаш жоиз.

 

Майитни кўчириш

Майитни ўлган ё ўлдирилган жойдаги яқин қабристонга кўмиш мустаҳабдир.

Уни бир ёки икки мил (тақрибан 1885 м.) узоқликка олиб бориб кўмишнинг зарари йўқ.

Бундан узоққа олиб бориш кароҳатли.

Дафн қилинган майитни қабрдан чиқариб, бошқа жойга кўчириш жоиз эмас. Бироқ (эгасининг рухсатисиз) мажбурлаб олинган жойга дафн қилинганида ёки (майит ёки унинг меросхўри сотиб олган ер) шуфъа йўли билан бошқа кишининг моли бўлиб, (жасаднинг у ерда   қолишига ризолик берилмаган ҳолда) майитни у ердан олиб, бошқа жойга кўмиш жоиз ва зарур.

Майит (ҳеч кимнинг мулки бўлмаган жойда) бошқа киши учун (қазиб) тайёрлаб қўйилган қабрга кўмилса, қабр қазишнинг ҳақини тўлаш шарти билан қабрдан чиқарилмайди.

 

Қабрни очишнинг ҳукми

Майит билан бирга унутиб кўмиб юборилган молни (нарса, ашё) олиш, ҳақсизлик билан олинган кафанни алмаштириш, майитнинг олдида қолиб кетган буюмни чиқариб олиш учун қабр очилиши мумкин. Жасаднинг юзи қиблага қаратиб қўйилмагани учун қиблага қаратиб қўйиш ёки чап ёни билан ётқизилгани боис ўнг томонига тўғрилаб қўйиш мақсадида қабр очилмайди.

 

Қабр зиёрати

Ибрат учун қабр зиёрати мустаҳабдир. Зиёратчининг Ёсин сурасини ўқиши ҳам мустаҳаб.

Изоҳ: Чунки ҳадисда «Ким қабристонда Ёсин-и шариф ўқиса, (савобини қабр аҳлига бахшида қилса), у ерда кўмилганларнинг шу кунги азобини енгиллатади ва ўқиган одамга уларнинг сони миқдорида савоб ёзилади», дейилган.

Қуйидагилар макруҳдир:

  • қабр устида ухлаш;
  • қабр устида таҳорат бузиш;
  • қабристоннинг дарахт ва ўтларини юлиб ташлаш. Қуриган бута, ўт-ўлан дарахтларни юлиб ташлашнинг зарари йўқ.

Саҳобалардан Анас розияллоҳу анҳу, Пайғамбаримиздан: «Биз ўликлар номидан садақа берамиз, ҳаж қиламиз, уларга дуо йўллаймиз. Бу қилганларимизнинг савоби уларга етармикин?» деб сўради. Пайғамбаримиз, соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Албатта етиб боради, улар совғаларингизни олганда худди (ҳамма ёқтирадиган ноз-неъматлар тўла) патнисни олган кишидай суюнадилар», деганлар. Зотан, аҳли суннат вал жамоа мазҳабига кўра, ҳар мусулмоннинг намоз, рўза, ҳаж Қуръон ўқиш ва шуларга ўхшаш ҳар турли ибодатлар савобини ўтганларга бахшида қилиш ўринли ишдир. Пайғамбаримиз, соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Киши қабристонга бориб, у ерда «Ихлос» сурасини 11 марта ўқиб, савобини ўтганларга бағишласа, қабристонда ётганлар сонига тенг гуноҳлари кечирилади», деб марҳамат қилганлар.

 

Шаҳиднинг ҳукми

Аҳли суннат вал жамоа мазҳабига кўра, ўлдирилган киши ўз ажали билан ўлгандир.

 

Кимларни шаҳид дейиш мумкин?

Жанг майдонида кофир душманлар, ҳукуматга қарши бош кўтарган осийлар, йўл тўсарлар ўлдирган, ё кечқурун уйига кирган ўғри тош каби нарса билан бўлса-да, уриб ўлдирган, жанг майдонида жароҳат билан ўлик жасади топилган одамлар шаҳиддирлар.

Бир мусулмон киши томонидан кескир қурол билан қасд қилиб, ноҳақ ўлдирилган мусулмонлар ҳам шаҳид ҳисобланади. Юқорида санаб ўтилганлар болиғ, ҳайз, нифос, жунубдан пок бўлиб, ҳаётдан нафъ кўрмай, жони узилган бўлса шаҳид ҳисобланадилар.

  1. Шаҳидларнинг қонли кийими ечилмай, жасади ювилмай жанозаси ўқилади.
  • Кафанликка ярамайдиган дубулға, зирҳ, қурол-яроғ каби нарсалар ечиб олинади.
  • Суннатта мувофиқ кафаннинг камчилиги тўлдирилади, ортиқчаси олиб қўйилади.
  1. Шаҳиднинг устидаги кийимларини бутунлай ечиб олиш ёки уни бошқа кафанга ўраш мақруҳдир.
  2. Жунублар, болалар, жиннилар, ҳайз ва нифос кўраётган аёллар ўлдирилган бўлса, ювилади.
  3. Жанг тугаганидан сўнг, ярадор ҳолатида ейиш, ичиш, ухлаш, даволаниш ёки ҳуши жойидалигида бир намоз вақти қадар муддат ўтса, (оёқ остида тепкиланиб кетмаслиги учун эмас, балки бошқа қандайдир сабаб билан) жанг майдонидан бошқа жойга кўтариб чиқилса, васият қилиш, савдо-сотиқ (олди-берди) қилиш, кўп гапириш каби дунё ишларини адо этиб жон таслим қилганлар ҳам ювилади.
  • Аммо жанг тугамасидан юқорида зикр этилганларнинг жони узилган бўлса, жасади ювилмайди.
  • Ўч, қасос учун ўлдирилган, шаҳарда топилган қотили номаълум жасад ювиб, жанозаси ўқилади.

 

Такрорлаш учун саволлар

Қуйидаги саволларни ўйлаб кўринг ва жавоб беринг.

  1. Ўлим тўшагида ётган бемор олдида нима ишлар қилинади? Жони узилганидан сўнг нима ишлар қилинади?
  • Майит қандай ювилишини, майит кафанини ким тайёрлашини айтиб беринг. Эркаклар ва аёллар учун кафанларнинг шаръий ўлчови ва шаклини айтиб беринг.
  • Жаноза намозининг ҳукми, рукнлари, суннатлари, шартлари, жаноза имомлигига лойиқ киши кимлиги, жаноза намози қандай ўқилишини айтиб беринг.
  • Бир пайтнинг ўзида бир неча жаноза тўпланиб қолса, қандай ўқилади? Болалар ва чақалоқларнинг жанозаси қандай ўқилади?
  • Мусулмон бўлмаган қариндоши, яқини ўлганида мусулмон киши нима қилади? Йўлтўсар ва шаҳардаги босқинчи (ўғри) жанозаси қачон ўқилади? Ўзини ўлдирган ва ота-онасининг қотили (падаркуш) бўлганлар жанозаларининг ҳукми нима?
  • Тобутни кўтариб юриш, кузатшп ва кўмиш тартибларини айгиб беринг. Оддий қабр билан аввалдан ажратиб, атрофи ўралган оила қабристони ўртасидаги фарқни, қабрнинг устига девор қуриш, қабр деворига ёзув ёзиш ва бир қабрга бир неча майит кўмишнинг ҳукмларини айтиб беринг.
  1. Қуруқликдан жуда узоқда (денгиз, уммон ўртасида) бўлган кемада ўлган киши нима қилинади? Майитни (ўлган жойидан бошқа жойга) кўчиришнинг, қабрни қазиб, ўликни чиқаришнинг ҳукмини айтинг.
  • Қабристонни зиёрат қилишнинг ҳукми нима? Зиёрат пайтида мустаҳаб (яхши) ва макруҳ бўлган ҳаракатларни айтиб беринг.
  • Шаҳиднинг қандай кафанланишини, ювилишини, қандай ҳолатда ювилмаслигини айтиб беринг.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

АҚИДА АСОСЛАРИ:

Имон ва иқрор баёни;

Имон калимаси;

Аллоҳ таолога имон келтириш;

Фаришталар;

Пайғамбарлар;

Муққаддас китоблар;

Тақдир ва қазо;

Бандаларнинг феълари;

Охирзамон;

Қиёмат куни;

Гуноҳкор банда;

Саҳобалар;

Аҳпи сунна вал жамоа;

Аҳкоми шариф;

Мужтаҳид мазҳаб.

Кутубхона
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Исро ва Меърож ҳодисаси қачон юз берган?

07.02.2024   5492   14 min.
Исро ва Меърож ҳодисаси қачон юз берган?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.

Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Исро» (الإسراء) Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни кечанинг бир бўлагида Маккадаги Масжидул Ҳаромдан Қуддусдаги Масжидул Ақсога сайр қилдиришидир.

«Меърож» (المعراج) эса, Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Қуддуси шарифдан юқорига, яъни, Ўзининг Ҳузурига кўтаришидир.

Маълумки, бутун оламларнинг Парвардигори Аллоҳ таоло ҳамма нарсадан олий, устун ва юксакдир.

Ҳикмати

Бу мўъжизавий сафарнинг ҳикматлари кўп бўлиб, бу ҳақда Аллоҳ таоло Исро сурасининг 1-оятида: «...унга (яъни, Муҳаммад алайҳиссаломга) Ўз мўъжизаларимизни кўрсатиш учун...» [1] деб, марҳамат қилган.

Шундай ҳам бўлди: «Дарҳақиқат, у (Муҳаммад алайҳиссалом) Парвардигорининг буюк мўъжизаларини кўрди» (Нажм сураси, 18-оят).

Аллоҳнинг ҳузурида «меҳмон» бўлиш мушрикларнинг азиятлари чўққига чиққан бир пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга катта тасалли бўлди. Бу иш туфайли у зотнинг кўнгилларидан тушкун кайфият ариди, умид ниҳоли гуркиради.

Айни чоқда, бу воқеа мусулмону кофир учун синов имтиҳони ҳам бўлди. Бу имтиҳондан барча саҳобалар ўтишди, кофир, мушриклар эса яна доғда қолишди.

Тафсилоти

Жумҳур аҳли сунна вал жамоа уламолари Исро ва Меърож ҳодисасининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлганларидан кейин, Макка даврида, ҳижратдан сал олдин, ислом даъвати қувғин билан муваффақият ўртасида турган бир пайтда, уйғоқ ҳолларида, руҳ ва таналари билан, Жаброил фаришта ҳамроҳлигида, Буроқ номли мўъжизавий уловда, кечанинг бир бўлагида, бир марта юз берганига иттифоқ қилишган.

Беш вақт намоз Исро кечаси Меърожда фарз қилинганига барча уламолар якдилдирлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинага ҳижратлари пайғамбарликнинг 14-йили, рабиул аввал ойининг бошида, у зот қамарий ҳисобда 53 ёшга тўлганларида (милодий 622 йил сентябр ойи ўрталарида) бўлганига ҳам барча уламолар иттифоқ қилишган.

Вақти

Исро ва Меърож ҳодисаси юз бергани ҳақида Ислом умматида мутлақо ихтилоф йўқ. Аммо қачон содир бўлгани ҳақида турлича қарашлар бор. Қуйида уларни бирма-бир кўриб чиқамиз:

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлишларидан олдин (бу ривоят шозз [3] бўлиб, Шарик ибн Абу Намир тарафидан содир этилган хато эканига барча муҳаддислар иттифоқ қилишган[4]);

– пайғамбарликнинг биринчи йили (имом Табарий ихтиёр қилган);

– пайғамбарлик келганидан бир йилу олти ой кейин (Имом Заҳабийнинг ушбу қавли ҳақида Абу Умар ибн Абдул Барр: «Мен Заҳабийдан бошқа бу гапни айтган бирорта сийрат олимини билмайман», деган [5]);

– пайғамбарлик келганидан беш йил ўтиб (қози Иёз нақли);

– пайғамбарлик келганидан етти йил кейин (Зуҳрийнинг бир қавли);

– пайғамбарликнинг ўнинчи йили (Муҳаммад Сулаймон Мансурфурий ихтиёр қилган);

– ҳижратдан уч йил олдин (Ибн Асийр нақли);

– ҳижратдан бир йилу олти ой олдин, рамазон ойида (Воқидий ривояти);

– ҳижратдан бир йилу беш ой олдин, шаввол ойида (Мовардий қавли ҳамда, Суддийдан Табарий ва Байҳақий ривоят қилишган);

– ҳижратдан бир йилу тўрт ой олдин, зулқаъда ойида (Суддий ва Муқотилларнинг бир қавли);

– ҳижратдан бир йилу уч ой олдин, зулҳижжа ойида (Ибн Форис нақли);

– ҳижратдан бир йилу икки ой олдин, муҳаррам ойида (Ибн Абдул Барр нақли);

– ҳижратдан бир йил олдин, рабиул аввал ойида (кўпчилик ровийлар ривояти, жумладан: Ибн Аббос, Ибн Масъуд, Ибн Умар, Анас, Жобир, Оиша, Умму Салама, Умму Ҳонилардан ривоят қилинган (Аллоҳ ҳаммаларидан рози бўлсин). Қатода, Урва ибн Зубайр, Мусо ибн Уқба, Ибн Қутайба, Байҳақий, Ибн Саъд, Ибн Асокир, Ибн Мардавайҳ, Ҳофиз Иброҳим Ҳарбийлар ривоят қилишган (Аллоҳ ҳаммаларини раҳматига олсин). Муқотил ва Зуҳрийларнинг бир қавли);

– ҳижратдан саккиз ой олдин, ражаб ойида (Абул Фараж ибн Жавзий нақли);

– ҳижратдан олти ой олдин, рамазон ойида (Ҳофиз Абу Рабиъ ибн Солим нақли).

Қайси кунда рўй бергани хусусидаги фикрлар ҳам хилма-хилдир

– 12-рабиул аввал (Жобир ва Абдуллоҳ ибн Аббос розийаллоҳу анҳумлар қавли);

– 17-рабиул аввал (Ибн Умар, Оиша, Умму Салама ва Умму Ҳони розийаллоҳу анҳумлар қавли);

– 27-рабиул аввал (Ҳофиз Иброҳим Ҳарбий қавли);

– Ражаб ойининг биринчи жума кечаси [6] (ровийи номаълум);

– 10-ражаб (Қайс ибн Аббод ривояти);

– 25-ражаб (ровийи номаълум);

– 27-ражаб (Қосим ибн Муҳаммад ривояти);

– 17-рамазон (Ибн Саййидиннас нақли);

– 29-рамазон (ровийи номаълум).

Таҳқиқ (ҳақиқатини аниқлаш)

Исро ва Меърож ҳодисасининг қачон юз бергани ҳақида бирорта ҳам саҳиҳ ҳадис ёки саҳобалардан саҳиҳ асар йўқлигини, шу сабабли муҳаққиқ уламоларимиз кўп ва хўб баҳслар олиб боришганини, натижада, маълумотларни «таржиҳ» [7] қилишганини (яъни, ҳақиқатга яқинини аниқлашганини) айтиб ўтмоқчимиз.

Шайх Сафийюр Раҳмон Муборакфурий: «Саҳиҳ қавлга кўра [8] Абу Толиб пайғамбарликнинг ўнинчи йили ражаб ойида, Хадича розийаллоҳу анҳо ҳам шу йили рамазон ойида вафот этишган. Бу пайтда ҳали беш вақт намоз фарз қилинмаган эди. Ислом уммати беш вақт намоз Исро кечаси фарз қилингани хусусида ижмоъ қилган. Исро сурасининг сиёқи-оқими Исро ҳодисасининг жуда кеч (яъни, Макка даврининг охирги йилларида) юз берганига далолат қилади. Натижада, биз Исро ҳодисаси (пайғамбарликнинг 12-йили, ҳаж мавсумида бўлиб ўтган) «Биринчи ақаба байъати»дан сал олдинроқ бўлган ёки (биринчи ақаба байъати билан пайғамбарликнинг 13-йили, ҳаж мавсумида бўлган) «Иккинчи ақаба байъати» орасида бўлган, деган фикрга келдик, яна Аллоҳ билувчироқ» деган [9].

Ҳофиз Ибн Форис Асбиҳоний Исро воқеасининг ҳижратдан бир йилу уч ой олдин, зулҳижжа ойида бўлганига жазм қилган (ишонч ҳосил қилган ва бир тўхтамга келган эди) [10].

Шайх Муҳаммад Абу Заҳра: «Исро ва Меърож ҳодисаси йигирма еттинчи ражабда бўлган, деган фикр саҳиҳ бўлмаган хабар ила келгандир. Баъзи одамлар бу ой-кунни рост-тўғри деб қабул қилишганининг гувоҳи бўлдик. Биз буни аниқ ишонч ҳосил қилмаган ва бир тўхтамга келмаган ҳолдагина қабул қиламиз. Сабаби, ровийлар яна Исро ва Меърож ҳодисасининг ҳижратдан бир йил олдин рабиул аввал ойида бўлганига иттифоқ қилишган», дейди [11].

Имом Нававий бу хусусда икки хил фикрни келтирган. «Равзатут толибин» китобида: «Исро ва Меърож ҳодисаси ражаб ойининг йигирма еттинчи кечаси бўлган», деса, «Фатово»китобида [12]: «Рабиул аввал ойида бўлган», дейди.

Ражаб ойининг йигирма еттинчи кечаси бўлгани ҳақидаги ривоятни Абдул Ғаний Мақдисий ихтиёр қилган. Аммо ҳофиз Абу Исҳоқ Иброҳим Ҳарбий уни инкор этгандир [13], қолаверса, барча муҳаддис уламолар ривоятнинг саҳиҳ эмаслигини бир овоздан таъкидлашган.

Аллома Абу Шома Мақдисий [14], имом Абул Хаттоб Умар ибн Диҳя[15] каби олимлар: «Исро ва Меърож ҳодисаси ражаб ойида бўлгани ҳақидаги ривоят таъдил ва таржиҳ уламолари наздида кизбдир», дейишган.

Ражаб ойининг биринчи жума кечаси бўлгани ҳақидаги ривоятни аллома Ибн Касир: «Асли-асоси йўқ», деган [16].

Хулоса

Жобир билан Абдуллоҳ ибн Аббос розийаллоҳу анҳумдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рабиул аввал ойининг душанба куни ҳам туғилганлар, ҳам ваҳий у зотга рост туш орқали кела бошлаган, ҳам Меърожга чиққанлар, ҳам Мадинага ҳижрат қилганлар, ҳам вафот этганлар» [17].

«Ибн Асийр Жазарий: «Исро воқеасининг душанба куни бўлгани менинг назаримда саҳиҳдир», деган. Ибн Мунир ушбу гапни ихтиёр қилгандир» [18].

Абул Баракот Насафий: «Исро ҳижратдан бир йил олдин (рабиул аввал ойида) бўлган», дейди [19].

Шайх Алоуддин Мансур: «Исро Пайғамбар алайҳиссалом Мадинага ҳижрат қилишларидан бир йил илгари воқе бўлган», деган [20].

Доктор Аҳмад Абу Зайд [21] билан доктор Абдул Азиз Усмон Тувайжирий [22]: «Аржаҳ (ҳақиқатга яқинроқ) сўзга кўра, беш вақт намоз ҳижратдан бир йил олдин (рабиул аввал ойида) Исро ва Меърож кечаси фарз қилинган», дейишади.

Мулла Али қори ибн Муҳаммад Султон Ҳанафий: «Исро ҳижратдан бир йил олдин рабиул аввал ойида бўлган. Ибн Асийр: «Мана шу саҳиҳдир», деган», дейди [23].

Шайх Али Нойиф Шаҳҳуд: «Исро ва Меърож ҳодисаси кўпчилик ва муҳаққиқ уламоларнинг сўзларига кўра, ҳижратдан бир йил олдин рабиул аввал ойида бўлган. Тадқиқот ва мушоҳада қилинса ҳам, Исро ва Меърож ҳодисаси рабиул аввалда бўлганига ишонса бўлади», дейди [24].

Қози Иёз: «Бир эмас, бир қанча олим Исро ҳодисаси ҳижратдан бир йил олдин (рабиул аввал ойида) юз берганини айтган», дейди [25].

Аллома Бадриддин Айний Ҳанафий: «Исро ҳодисаси ҳижратдан бир йил олдин рабиул аввал ойида бўлган. Бу кўпчилик уламоларнинг сўзидир. Ҳатто Ибн Ҳазм бу борада муболаға қилиб, ижмоъни нақл қилган», дейди [26].

Имом Бағавий: «Меърож ҳижратдан бир йил олдин (рабиул аввал ойида) бўлганига илм аҳли иттифоқ қилган», дейди [27].

Демак, Исро ва Меърож воқеаси ҳижратдан бир йил олдин, пайғамбарликнинг 13-йили рабиул аввал ойида, душанба куни бўлгани «рожиҳ» (ҳақиқатга яқин)дир. Бу вақт милодий 621 йилнинг сентябрь ёки октябрь ойига тўғри келади.

Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қамарий 52 ёшга тўлган эдилар.

Аллоҳ таоло Ўзининг буюк ҳикмати ила бу ҳодисанинг аниқ вақтини Қадр кечаси каби унуттирди!

Аллома Бадриддин Айний Ҳанафий: «Исро кечасида «рағоиб» намозини ўқиш ўйлаб топилган бўлиб, унинг асли-асоси йўқ», дейди [28].

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари: «Исро кечаси тўпланиб, илмий суҳбатлар ўтказиш кейинги даврларда юзага чиққан. Баъзи аҳли илмлар мазкур улуғ ҳодисани ёдга олиш билан бирга кўпчиликка унинг аҳамиятини эслатиш ва дину диёнат йўлида ваъзлар қилишни мусулмонлар учун фойдали деб бу ишни ўтказишган. Исро кечасидаги алоҳида намозлар ва бошқа нарсалар ҳужжатсиз ишлардир», дейдилар [29].

Абдул Азим Зиёуддин

_______________________________________

[1] Исро сураси 1-оят.

[2] Нажм сураси 18-оят.

[3] Абу Яъло Халилий «шозз» сўзига қуйидагича таъриф берган: «Шозз» ривоятнинг бор-йўғи битта исноди бўлиб, ровийи ишончли бўладими, бўлмайдими фарқи йўқ. Агар ишончсиз бўлса, ривояти «матрук» бўлиб, қабул қилинмайди. Ровийи ишончли бўлса, ўзида тўхтайди ва ривояти ҳужжатга ярамайди» (Шайх Абдул Карим ибн Абдуллоҳ Хузайр, «Шарҳун нухба» 1/56).

[4] Абу Ҳайён Андалусий, «Ал-баҳрул муҳит» (6/2); Алоуддин Бағдодий, «Тафсирул Хозин» (4/134).

[5] «Ат-тамҳид лима фил муваттои минал маъоний вал асонид» (8/48).

[6] Бу кечани «Рағоиб кечаси» дейишади.

[7] «Таржиҳ» – маълумотлар ичидан кучли, вазни оғир, эҳтимоли кўп ва ҳақиқатга яқинини аниқлаш.

[8] Олусий тафсири, (23/46).

[9] «Ар-раҳиқул махтум».

[10] «Тафсири Олусий», (Алақ сураси тафсири).

[11] «Хотамун набиййин» (2/94), «Зуҳратут тафосир» (1/4322).

[12] Ибн Ҳажар Асқалоний, «Фатҳул Борий», 7-жуз; Муҳаммад Саййид Тантовий, «Ат-тафсирул васит» (1/2590); Муҳаммад ибн Юсуф Солиҳий, «Субулул ҳудо вар рашод фи сийрати хойрил ъибод» (3/65).

[13] Ҳофиз ибн Ражаб, «Латоифул маъориф», (233).

[14] «Ан-нофеъул боъис», 116.

[15] «Адоу ма важаб мин баёни вазъил ваззоъийна фи ражаб» (53-бет).

[16] «Ал-бидоя ван ниҳоя», 3/107.

[17] Абу Бакр ибн Абу Шайба ривояти; Ибн Касир, «Ал-бидоя ван ниҳоя» (3/107).

[18] Олусий тафсири (10/357).

[19] «Тафсирун Насафий» (Исро сураси 1-оят тафсири).

[20] «Қуръони карим – ўзбекча изоҳли таржима», Исро сураси 1-оят изоҳи.

[21] «Ас-сийратун набавия» (1/73).

[22] «Ас-сийратун набавия» (1/56).

[23] «Шарҳун нуқоя» (1/180).

[24] «Ас-сийратун набавия дурусун ва ъибарун» (1/461).

[25] «Аш-шифо би таърифи ҳуқуқил Мустафо» (1/180).

[26] «Умдатул қорий шарҳу саҳиҳил Бухорий», «Меърож» боби.

[27] «Тафсирул Бағавий» (5/64).

[28] «Умдатул қорий шарҳу саҳиҳил Бухорий» (6/115).

[29] «Зикр аҳлидан сўранг», 7-сон.

 

Мақолалар