15. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши Аллоҳ таолонинг: “Гуноҳлар қуруқликда ва денгизда ошкор бўлди”, деган сўзи ҳақида гапириб: “Қуруқлик - бу тилдир, денгиз эса – бу қалбдир. Қачон тил фасод бўлса, унга нафслар йиғлайди. Қачон қалб фасод бўлса, унга фаришталар йиғлайди”, дедилар.
Тил қачон фасод бўлади? Қачонки тилдан чиқаётган сўзлар қалб ила тасдиқ қилинмаса. Қалб қачон фасод бўлади? Агар унинг соҳиби гуноҳ амалларни, ҳаром ва шубҳали луқмаларни тарк этмаса.
Ҳикматларда айтиладики, ким гуноҳларни тарк қилса, унинг қалби юмшоқ бўлади ва ким ҳаромни тарк қилиб, ҳалолдан еса унинг фикри соф бўлади.
16. Уламолар айтадиларки:
“Албатта, шаҳват подшоҳни қулга айлантиради. Сабр эса қулни подшоҳга айлантиради. Сиз “Юсуф ва Зулайхо” қиссасига қарамайсизми!?”
Тарихга назар ташласак, шаҳватига қул бўлиб бутун мол-дунёси, обрў-эътибори ва ҳатто иймонидан айрилганлар ҳақида кўплаб воқеликлар келтирилган. Сабр қилганлар эса Аллоҳнинг инояти ила ҳорликдан азизликка чиққан! Шаҳватини жиловлаб, сабрни дўст билганларга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!
Саидаброр Умаров
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Илм пайғамбарлар мероси, бойлик эса подшоҳлар ва бойларнинг меросидир.
Илм ўз эгасини сақлайди, мол-дунёни эса эгаси қўриқлайди.
Илм қанча сарфланса шунча кўпаяди, пул эса сарфлангани сари камаяди (инфоқ, эҳсон, садақадан ташқари).
Мол-дунё солиҳда ҳам, фожирда ҳам бўлиши мумкин, аммо (фойдали) илмга фақат мўмин эга бўлади.
Илм ўз эгасига қабрда ҳам ҳамроҳ бўлади, бойлик эса инсон вафот этганидан кейин уни тарк этади (қилган садақаларидан ташқари).
Илм ҳокимдир, у бойликни бошқаради. Мол-дунё эса бошқарилади.
Бойлик эгаси бир кечада қашшоқ ё камбағал бўлиб қолиши мумкин, аммо илм соҳибида бундай қўрқув йўқ.
Олимга подшоҳлар муҳтож бўладилар, мол-дунё эгаси эса фақир ва мискинларга керак.
Бойлик инсонни дунё муҳаббатига етаклайди, илм эса Аллоҳ таолога ибодат қилишга бошлайди.
Бойлик ҳалокатга сабаб бўлиши мумкин. Ўғрилар қанча бойларнинг мол-дунёсини хонавайрон қилишди. Илм эса инсон вафот этганидан кейин соҳибига ҳаёт бериб туради.
Илмнинг саодати доимий, бойликники вақтинчадир.
Олимнинг қадр-қиммати илми ила, аммо бойнинг қадри мол-дунёси билан ўлчанади.
Бой одам бойлиги билан инсонларни дунёга, олим эса ўз илми билан охиратга чорлайди.
Даврон НУРМУҲАММАД