Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсинки, бизни яна Рамазонга етказди.
Аллоҳ таоло марҳамат қилганидек, тақводор, гуноҳ ишлардан қўрқадиган бўлишимиз учун Рамазон рўзаси бизларга фарз қилинди. Демак, рўза ибодатини барча шартлари ила, ихлос билан адо этган одамнинг тақводор бўлишига шубҳа йўқ. Шу боис Рамазон мўминлар учун ҳақиқий байрамдир. Рамазон келиши билан ер юзидаги мўмин бандаларгина эмас, балки бутун коинот, барча махлуқотлар беқиёс шодлик билан чулғанади.
Севикли Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: "Рамазон ойининг кириши туфайли жаннат ўзининг зийнатларини янгилаб, хилма-хил тусга кириб, товланиб туради".
Яъни ҳатто жаннат ҳам бу ойни ўзгача қарши олади. Мана шундай муборак ойда қанча эзгу амаллар қилиб, тоат-ибодатда бардавом бўлар эканмиз, нафсимиз ушбу ибодатларга кўникиши шунча осон бўлади. Чунки, рўзадор нафсини Аллоҳнинг амрига бўйсундириб, мубоҳ бўлган та иий шаҳватларни ҳам тарк қилиши билан тақвоси ортади, нафси жиловланади.
Нафсни жиловлаш тақвонинг асосидир. Шубҳасиз, рўзанинг бошқа жисмоний ва маънавий фойдалари кўп: инсонни сабрга ўргатади, ҳавойи нафси устидан ҳоким этади. Рўза қалбни юмшатади, меҳр-мурувват туйғуларини оширади, кишиларни ночор ва ўкцикларнинг кўз ёшини артишга ва ғамини аритишга ундайди. Рамазон ойида яна барча мусулмон аҳли интиқ бўлиб кутадиган ибодатлардан бири бу таровеҳ намозидир. Аммо, ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб, барчамиз уйдамиз. Хўш бундай вазиятда, бу йилги Рамазон ойида ибодатларимизни қандай қилишимиз керак?
1 . Аввало бу ойда бошқа ойлардан ҳам кўпроқ ибодат қилишга шошамиз ва ўзимизга Аллоҳ таолонинг ушбу сўзини шиор қилиб оламиз:
"Рози бўлишинг учун мен сенга шошдим эй, Роббим" (Тоҳа сураси, 84-оят).
2. Барча гуҳоҳларимиз учун Аллоҳ таолога тавба қиламиз, зикр ва дуоларни кўпайтирамиз, Аллоҳ таолодан ушбу мусибатларни аритишини сўраб дуо қиламиз.
3. Қуръони каримни Аллоҳ таоло қодир қилганча ўқиймиз, хатм қиламиз.
4. Муҳтожларга садақа ва эҳсонлар қиламиз, гарчи бир дона хурмо ёхуд бир қултум сув билан бўлса ҳам. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Садақаларнинг энг яхшиси Рамазон ойида берилганидир", деганлар.
5. Ота-онамизга янада кўпроқ яхшилик қилишга шошамиз, бу Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилинадиган, у Зотга яқинлаштирадиган ибодатлардандир.
6. Вақтимизни ибодатдан чалғитувчи нарсаларга сарфламасликка ҳаракат қиламиз.
7. Нафл ибодатларни кўпайтирамиз, уйда таровеҳ намозларини ўқиймиз.
8. Яна тезда масжидлар очилиб, намозлар жамоат билан адо қилинишига ишониб, дуоларда бардавом бўламиз. Саҳиҳи Муслимда келтирилишича, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қудсий ҳадисда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Агар бандам яхшилик қилишни ният қилса, мен унга яхшилик ёзиб қўяман".
Аллоҳ таоло барчамизга Рамазон ойини муборак қилсин, барчамизни Ўзи рози бўладиган амалларга муваффақ этсин!
Моҳигул ЖЎРАБОЕВА,
Тошкен ислом институти 1-курс талабаси.
Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирдим. У зотнинг қўлларида бир беҳи бор эди. Уни менга ирғитиб: “Ол сенга, эй Абу Муҳаммад беҳи юракни бақувват қилади”, дедилар».
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, ҳар йили тахминан 17,9 миллион киши юрак-қон томир касалликларидан вафот этади. Манбаларга кўра, 2022 йилда бу кўрсаткич сони қарийб 20 миллионга етган. 2050 йилга келиб ўлим сони 73 фоизга ошиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. Юрак етишмовчилиги касаллиги ҳам кенг тарқалган юрак қон-томир хасталикларидан бири ҳисобланади. Ушбу касалликнинг келиб чиқишига қуйидаги омиллар сабаб бўлади:
1. Тузни ортиқча истеъмол қилиш
Тузни ортиқча истеъмол қилиш юрак этишмовчилиги ривожланишининг асосий омилларидан биридир. Туз танадаги сувни ушлаб туради, бу эса қон босимининг ошишига олиб келади. Вақт ўтиши билан юракни заифлаштиради. Натижада юрак этишмовчилигини келтириб чиқаради.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти катталар кунига 2000 мг дан кўп бўлмаган натрий истеъмол қилишни тавсия қилади. Аммо кўп одамлар бу меъёрни бузишлари кузатилади.
Шунинг учун консерва ва тузли газаклардан воз кечинг. Туз ўрнига зиравор ва ўтлардан фойдаланинг.
2. Ҳаракатсиз ҳаёт тарзи
Замонавий ҳаёт кўпинча узоқ вақт ўтириш билан боғлиқ – компьютерда, машинада ёки уйда. Жисмоний фаолликнинг этишмаслиги бевосита юрак-қон томир касалликлари хавфини оширади. Доимий машқлар қон айланишини яхшилайди, вазнни назорат қилишга ёрдам беради ва қон босимини пасайтиради.
Ҳафтасига камида 1,5 ёки 2 соат жисмоний машғулот билан шуғулланишга ҳаракат қилинг. Кун давомида қисқа танаффуслар қилинг: бир неча қадам юринг, енгил машқлар қилинг.
3. Чекиш ва спиртли ичимликлар истеъмол қилиш
Спиртли ичимлик в чекиш – юрак-қон томир касалликлари учун энг хавфли омилдир. Қон томирларига зарар этказади, қон босимини оширади ва қондаги кислород даражасини пасайтиради.
Агар сиз чексангиз, чекишни ташлаш учун ҳаракат қилинг. Керакли дори-дармонлар истеъмол қилинг ёки махсус дастурлардан фойдаланинг.
4. Сурункали стресс ва уйқу этишмаслиги
Стресс ва уйқусизлик юрак соғлиғига путур этказади. Асабийлик кортизол даражасини оширади, бу эса қон босимининг ошишига ва юрак-қон томир тизимининг шикастланишига олиб келади.
Уйқунинг этишмаслиги тананинг тикланишига тўсқинлик қилади, метаболизмни бузади ва семириш, гипертония ва диабетга ҳисса қўшади – буларнинг барчаси юрак этишмовчилиги учун хавф омиллари саналади.
Кунига 7-8 соат ухланг. Ётишдан олдин гаджет, телефонлардан фойдаланманг, ётоқхонада сукунат, салқинлик ва қулайликни таъминланг.
Даврон НУРМУҲАММАД