Қадр кечаси энг улуғ кечадир. Чунки бу кечада Қуръони карим нозил бўлган.
Аллоҳ таоло : “Албатта, биз у (Қуръон)ни қадр кечасида туширдик”, деб марҳамат қилади. (Қадр сураси, 1-оят).
Яна Аллоҳ таоло ушбу сурани давомида: “Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир”, деб айтган.
Қадр кечаси Рамазон ойининг нечанчи кечасида эканлиги сир тутилган. Дастлаб Рамазон ойининг охирги ўн кунлигида, кейинроқ эса тоқ кечаларидан излаш кераклиги ҳақида айтилган. Охири у кечанинг аломатлари айтилганидан сўнг Қадр кечаси рамазоннинг 27 кечаси эканлигига ишонч ҳосил қилинган.
"Тафсири Қуртубий" да айтилади.
Аллоҳ таоло бу кечани “қадр кечаси” деб номлашининг сабаби шуки, бу кечада Аллоҳ таоло келаси йил учун ўлим, ажал, ризқ ва шу каби ишлардан хоҳлаганини тақдир қилиб, ўлчаб қўяди. Бу ишларни мудаббир фаришталарга топширади. Улар: Исрофил, Мийкоил, Азроил, Жаброил алайҳимуссаломлардир.
Зуҳрий ва бошқалар: “ бу кечани “қадр кечаси” деб номланишининг сабаби Қадр кечасининг улуғлиги, қадирлилиги, шарафлилигидандир. Одамлар орасида “фалончининг қадри бор” дейилганда мартабаси улуғлиги тушунилгани каби”, деганлар.
Бу кечада тоат-ибодат қилишнинг қадри жуда ҳам улуғ ва савоби жуда ҳам кўп бўлгани учун бу кечани, “қадр кечаси” деб номланган, дейилган.
Абу Бакр ал-Варроқ айтадилар: “ бу кечани “қадр кечаси” деб номланишининг сабаби шуки, кимнинг қадр-қиммати, обрў-эътибори бўлмаса ва бу кечни ибодат билан бедор ўтказиб чиқса, у киши бу кечада қадри баланд кишига айланади”, дедилар.
Бу кечани “қадр кечаси” деб номланиши, Аллоҳ таоло бу кечада қадри улуғ Китоб (Қуръони карийм)ни қадри буюк бўлган Росули (Муҳаммад алайҳиссалом)га, қадр эгалари бўлган умматларига етказишлари учун нозил қилгани сабабидандир, дейилган.
Бу кечани “қадр кечаси” деб номланиши, бу кечада Аллоҳ таолонинг қадрли ва эътиборли фаришталари ерга тушганлиги сабаблидир, дейилган
Ва яна: бу кечада Аллоҳ таоло ер юзига ўзининг хайр-барака ва мағфиратни туширади, дейилган.
Саҳл роҳимаҳуллоҳ: “Аллоҳ таоло бу кечада мўминларга ўз раҳматни тақдир қилиб ёзгани сабабли, бу кечани “қадр кечаси” деб номланади”, деганлар.
Ушбу маънолардан ҳам бу кеча ниҳоятда улуғ кеча эканлигини билишимиз мумкин.
Аллоҳ таолога шукрлар бўлсинки Муборак Рамазон ойининг Қадр кечаларига ҳам етиб келмоқдамиз. Бу кечани қадрига етиб, ибодат ва дуолар билан ўтказишимиз, ҳамда аҳлимиз ва ёру дўстларимизни ҳам бу кечадан огоҳлантиришимиз мақсадга мувофиқдир.
Алоҳида такидлашимиз керакки, кадр кечаси дегани бу зиёфат кечаси, меҳмондорчилик кечаси, улфатчилик кечаси дегани эмасдир. Ошна оғайнилар бир бўлиб, турли таомлани таёрлаб, вақтларини беҳуда сарфлаб, бир йилда бир маротаба келадиган, дуолар ижобат бўладиган, энг улуғ кеча, қадр кечаларини фазилатини қўлдан бой бермасинлар. Балки бу кечани ихлос ва муҳаббат ила ибодат ва дуолар билан бедор ўтказишга ҳаракат қилсинлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллалоҳу алайҳи васаллам:
Кимики Лайлатул Қадр кечасини имон ва ихлос билан қоим бўлиб бедор ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинур”, - дедилар.
Ҳадиси шарийфда кечани ихлос ва муҳаббат ила қоим бўлиб бедор ўтказган кишига гуноҳлари кечирилишини ваъдаси бериляпти. Кечани бедор ўтказиш намозлар ўқиш, Қуръон тиловатини қилиш, тасбиҳ ва такбирлар айтиш, тавбалар қилиб истиғфор айтиш каби амаллар билан бўлади. Хусусан намозининг қазоси борлар, албатта қазо намозларини ўқишни кўпайтиришлари мақсадга мувофиқ бўлади. Кечани қоим бўлиб бедор ўтказишнинг энг асосий шарти хуфтон ва бомдод намозларини жамоат билан ўқишдадир. Чунки ҳадиси шарийфларда, ким хуфтон намозини жамоат билан ўқиса кечани ярмини бедор ўтказган бўлади, дейилган. Яна бошқа бир ҳадиси шарийфларда, ким бомдод намозини жамоат билан ўқиса кечани ярмини бедор ўтказган бўлади, дейилган.
Ушбу кечада ибодатлар билан бирга дуоларни ҳам кўп қилишлигимиз керак. Нималарни сўраб дуо қилишимиз ҳақида Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Мен: “Эй Аллоҳнинг Расули агар мен қайси кечанинг Қадр кечаси эканини билсам у кечада нима деб дуо қилай”, дедим. У зот: “Аллоҳумма иннака афуввун туҳиббул афва фаъфу анний” (Эй Аллоҳ, албатта сен ўта афв қилгувчисан, афв қилишни яхши кўрасан, мени афв қилгин), деб дуо қилинг”, дедилар”. Термизий ривоят қилган.
Шундай экан, бу муборак минг ойдан ҳам яхшироқ бўлган қадр кечасини ғанимат билиб кўпроқ ибодат ва дуолар, тавба ва истиғфорлар айтишга ҳаракат қилайлик. Аллоҳ таолодан амалларимизни қабул қилишини, дуоларимизни ижобат этишини, ҳаммамизни тақдиримизни олий мақом этиб таъйин қилишни сўраб илтижо қилайлик.
Барчаларимизга ушбу кеча муборак бўлсин!
Зиёуддин МИРСОДИҚОВ,
Тошкент шаҳар Чилонзор туманидаги
“Бўта бува” жоме масжиди имом хатиби
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сен бирор нарсани Аллоҳдан тақво қилиб тарк қилсанг, Аллоҳ таоло сенга ундан-да яхшироғини ато қилади” [1], деганлар.
Ким “одамлар нима деркин”ни ташлаб, юзинг-кўзинг қилиб ўтирмасдан Аллоҳ таолодан бошқадан умидини узса, Аллоҳ таоло унга тарк қилганларидан кўра яхшироғини беради. Уни нафснинг иззати, махлуқотдан беҳожат бўлиш билан ризқлантиради. Бу борада Набий алайҳиссалом шундай дея марҳамат қилганлар: “Ким иффатли бўлиш ҳаракатида бўлса, Аллоҳ унинг иффатини сақлайди. Ким одамларга сарғайиб юришдан қутулиш ҳаракатида бўлса, Аллоҳ таоло уни беҳожат қилиб қўяди. Ким сабрли бўлишга уринса, Аллоҳ таоло уни сабрли бандалардан қилади”[2].
Ким Аллоҳнинг қадарига эътироз қилишни ташласа ва ҳамма ишларини Роббига топширса, Аллоҳ таоло у бандани рози бўлиш ва кучли иймон билан сийлайди ҳамда унинг ишини шу даражада гўзал ниҳояга етказадики, у бу ҳолни етти ухлаб тушида ҳам кўрмайди.
Ким фолбин ва сеҳргарлардан юз ўгирса, Аллоҳ таоло унга сабрни насиб этади, таваккул ва тавҳиднинг ҳақиқати билан сийлайди.
Ким дунё матоҳларига қиё боқмаса, Аллоҳ унинг ишларини илгари қилади, қалбига сокинлик беради. Ўзи хоҳламаса-да, дунё унга эшикларини очади.
Ким Аллоҳгагина ибодат қилса, фақат ягона Аллоҳдан қўрқса, ваҳималардан қутулади. Аллоҳ таоло уни омонда сақлайди. Қўрқинчли нарсалар ҳам у учун саломатлик, оромбахш бўлиб қолади.
Ким ёлғонни тарк этиб ростгўйликни маҳкам тутса, Аллоҳ уни яхшилик томон йўллаб қўяди ва Аллоҳнинг ҳузурида сиддиқлар сафида бўлади, одамлар орасида ростгўйлик ила танилади ва шу орқали одамлар унинг гапларига қулоқ солади, унинг ҳурматини қиладиган бўлади.
Ҳақ бўлса-да, тортишувни тарк этгани эвазига Аллоҳ таоло жаннатда бир уй насиб қилади. Душманнинг ёмонлигидан асрайди. Қалби мусаффо бўлади. Унинг айбларини очадиганлардан омонда сақлайди.
Олди-сотдида алдовни тарк этганга нисбатан одамларнинг ишончи ортади. Унинг савдосида харидорлари сони кўпайиб боради.
Ким ҳаром нарсаларга қарамаса, Аллоҳ қалбига бир лаззатни ато этади.
Бахилликдан сақланиб, саховатпешаликни устун қўйган кишини одамлар ҳам яхши кўради. Аллоҳга ва жаннатга яқинлашади. Ғам-ташвишлардан енгиллайди. Фазилат бобида мартабаси ортиб боради. «...Кимки ўз нафсининг бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар нажот топгувчидирлар»[3].
Кибрланишни четга суриб, камтаринликни шиор қилиб олган кишининг қадри ошади. Бу Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг сўзларидир: “Ким Аллоҳ учун тавозели бўлар экан, Аллоҳ унинг қадрини кўтармай қўймайди” [4].
Ким кўп уйқу ва унинг лаззатидан воз кечиб, вақтини Аллоҳнинг ризоси учун намоз ўқиш билан ўтказса, Аллоҳ таоло унга шодлик, тетикликни ато этади.
Ичиш-чекишнинг барча турларининг яқинига йўламаган кишига Аллоҳ Ўзи мададкор бўлади. Унга сиҳат-саломатлик, бахт-саодат насиб этади. Бу бахт ҳақиқий бахт бўлади, кайф қилгандаги сохта бахт эмас.
Ким қодир бўла туриб, қасос ва ўч олмаса, Аллоҳ унинг кўксини кенг қилиб қўяди. Қалбига сурур беради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло бир бандани афв қилишидан фақат ва фақат унинг иззати ортади”[5], деганлар.
Ёмонлар билан ҳамтовоқ бўлишдан сақланганни Аллоҳ таоло яхши кишиларга йўлиқтиради. Ҳалолдан ризқ топади, дунё ва охират яхшиликларини қўлга киритади.
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Имом Аҳмад ривояти.
[2] Имом Бухорий ривояти.
[3] Ҳашр сураси, 9-оят.
[4] Имом Муслим ривояти.
[5] Имом Муслим ривояти.