Ҳар қандай мусулмон борки, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига эргашишга ва унга тўлиқ амал қилишга уринади. Чунки, Аллоҳ таоло ўз ояти каримасида у зотни мақтаб шундай дейди:
لَّقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ لِّمَن كَانَ يَرْجُو اللَّهَ وَالْيَوْمَ الْآخِرَ وَذَكَرَ اللَّهَ كَثِيرًا
Батаҳқиқ, сизлар учун–Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди. (Аҳзоб сураси 21-оят).
Биз сиз азизларга Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойини қандай ўтказганликларини қисқача келтириб ўтмоқни ният қилдик.
Хўп, бу ойда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай амаллар билан машғул бўлганлар?
Қуйида сизга у зотнинг бу ойда қилган амалларнинг баъзиларини келтириб ўтамиз:
- Саҳарликни оҳирги вақтигача кечиктирар, ифторликни тезлаштирар эдилар. Саҳобаларни ҳам шундай қилишга буюрар эдилар. Яъни ифторликни Қуёш ботиши билан қилар эдилар. Лекин баъзи мусулмонларда ифторликни шом намозидан кейин ҳатто, ҳуфтон намозигача кечиктириб хатога йўл қўядилар. Ҳудди шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларни саҳарлик қилишга ундар эдилар.
- Қуёмул Лайл ( тунги намоз)ни кўпайтирар эдилар.
- Қуръон қироат қилишни зиёда қилар эдилар. Ҳар Рамазон ойида Қуръони Каримни Жаброил алайҳиссаломга бир маротаба ўқиб берар эдилар.
- Аллоҳ йўлида кўплаб Хайр-эҳсон қилар эдилар. Ваҳоланки, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг энг сахийси эдилар. Лекин у зотнинг сахийликлари бу ойда яна ҳам зиёда бўлар эди.
- Фитр садақасини ийд намозига чиқишдан олдин берар ва саҳобаларни ҳам шунга буюрар эдилар.
عَن ابْنِ عُمَرَ رضي الله عنهما قَالَ: "فَرَضَ رَسُولُ اللَّهِ ﷺ زَكَاةَ الْفِطْرِ مِنْ رَمَضَانَ صَاعًا مِنْ تَمْرٍ، أَوْ صَاعًا مِنْ شَعِيرٍ عَلَى الْعَبْدِ وَالْحُرِّ، وَالذَّكَرِ وَالْأُنْثَى، وَالصَّغِيرِ وَالْكَبِيرِ مِنَ الْمُسْلِمِينَ". رَوَاهُ البخاري
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр садақасини қулга ҳам, ҳур инсонга ҳам, эркак-аёл, катта-кичик мусулмонларга бир соъ ҳурмо ва арпадан беришни фарз қилдилар”.( Имом Бухорий ривояти).
- охирги ўн кунликни кўпроқ ибодат билан ўтказар эдилар.
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: "كَانَ رَسُولُ اللهِ ﷺ إِذَا دَخَلَ العَشْرُ أَحْيَى اللَّيْلَ، وَأَيْقَظَ أَهْلَهُ، وَشَدَّ المِئْزَرَ"
Ойиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазоннинг оҳирги ўн кунлиги кирганда кечаларни бедор ўтказар, аҳлларини ҳам уйғотар ва изорларини шимарар эдилар”. (Имом Муслим ривояти).
Баъзилар ҳадисдаги «изорларини шимарар эдилар » деган гапни, ибодатга кўпроқ вақт бўлиши учун аёлларидан тийилар эдилар деб тафсир қилишган. Баъзилар эса ибодатга қаттиқ киришганларидан киноя тарзда келтириляпти деганлар.
- Охирги ўн кунлигида эътикоф ўтирар эдилар. Бу пайт аёллардан ва барча ишлардан узоқлашиб, вақтларини зикр, тавба ва ибодатлар билан ўтказар эдилар.
Аллоҳ таоло барчамизни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига мукаммал тарзда эргашувчи ва қиёматда шафоатларига сазовор бўлувчи бандалардан қилсин.
Интернет маълумотлари асосида тайёрланди.
Тошкент Ислом институти талабаси
Муҳаммад Али Муҳйиддин.
Бугун, 12 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари “Ўзбекистон касаба уюшмаларининг 120 йиллиги” эсдалик кўкрак нишони билан тақдирландилар. Диний идорада бўлиб ўтган тадбирда нишонни Тадбиркорлик, бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳалари ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Улуғбек Муҳамедов топширди.
Улуғбек Муҳамедов ўз сўзида давлатимиз Раҳбари ташаббуслари асосида олиб борилаётган янгиланишлар ва инсон қадрини юксалтиришдаги саъй-ҳаракатларга ҳамоҳанг тарзда саккиз миллионлик аъзоси бўлган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳам самарали фаолият олиб бораётганини айтиб ўтди. Айни пайтда, бу ишларда диний соҳа ходимлари ҳам фаол иштирок этаётгани давлат миқёсида эътироф қилинаётгани, Муфтий ҳазратлари бошчилигида кейинги йилларда амалга оширилган кенг кўламли ишлар эътирофининг рамзий ифодаси ўлароқ Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳам ушбу эсдалик нишонни тақдим этаётганини таъкидлади.
Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков Муфтий ҳазратларини эсдалик нишони ва барчани касаба уюшмаси ходимлари байрами билан қутлади. Шунингдек, диний жабҳага кўрсатилаётган бундай эътибор ва эътирофларга жавобан ҳар бир соҳа ходими янада масъулият ва шижоат билан ишлаши, миллат ва дин равнақи йўлида фидойилик кўрсатиши кераклигини эслатиб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, “Ўзбекистон касаба уюшмаларининг 120 йиллиги” эсдалик кўкрак нишони аҳоли фаровонлигини юксалтиришга қаратилган устувор вазифа ва дастурлар ижросини таъминлашда жонбозлик кўрсатган, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш йўлида ибратли фаолият олиб бораётганларга тақдим этилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати