Каҳф сўзи “ғор” маъносини билдиради. Бу сурада бошқа қиссалар билан бир қаторда ажойиб тарихий воқеа – ғор эгалари (асҳоби каҳф) қиссаси баён этилган. Унда иймонини сақлаш учун ғорга яширинган йигитлар тўғрисида гап кетади. Шунингдек, Мусо алайҳиссалом билан Ҳизр ҳамда Зулқарнайн қиссаси ҳам сурадан ўрин олган. Қолаверса, бу сурада мол-мулк мақтанишга арзигулик нарса эмаслиги, бу дунё ҳаёти ўткинчи экани баён этилган.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Каҳф сураси бошидан ўн оят ёдласа, дажжол (фитнаси)дан сақланади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Ким Каҳф сураси охирги ўн оятини ўқиса, дажжол фитнасидан сақланади”, дейилган (Имом Аҳмад ривояти).
Дажжол қиёматга яқин чиқиб, илоҳликни даъво қилади, одамларни йўлдан уради, уларга осмондаги ойни ваъда қилади, қўйниларини пуч ёнғоққа тўлдиради. Каҳф сурасини ўқиб юрган одам дажжол фитнасидан йироқ бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким Каҳф сурасининг аввалини, охирини ўқиса, оёғидан бошигача нур порлайди. Ким (сурани) тўлиқ ўқиса, унинг учун осмон билан ер ўртаси(ни тўлдирадиган) нур порлайди” (Имом Аҳмад ривояти).
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинганда ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимда-ким Каҳф сурасини нозил қилинганидек ўқиса, унга қиёмат куни турган жойидан Маккагача (бўлган масофада) нур порлайди. Ким бу сура охиридан ўн оят ўқиса, дажжол чиққанда унга ҳукмини ўтказолмайди”, деганлар (Имом Насоий ривояти).
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда: “Ким уйқуга кетишдан олдин Каҳф сурасидан ўн оят ўқиса, дажжол фитнасидан сақланади. Ким уйғонганида Каҳфнинг охирини ўқиса, қиёмат куни бошидан оёғигача нурга тўлади”, дейилган.
Каҳф сурасини исталган вақтда ўқиса бўлади. Лекин муборак жума кунида ўқилса, нур устига нур бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ким Каҳф сурасини жума куни ўқиса, унинг учун ўзи билан икки жума ўртасини ёритувчи нур порлайди” (Имом Ҳоким ривояти).
Савол: Мен бегона жойда меҳмонхонага жойлашдим. Шошилиб, эътиборсизлик билан намозни қиблага тескари тарафга қараб ўқиб қўйибман. Ўқиб бўлганимдан кейин тушундим, шу намозимни ҳукми қандай бўлади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бу ҳолатда, сиз намозингизни қайтадан ўқишингиз лозим бўлади. Чунки қибла қайси тарафдалигини билмаган одам, шу ерлик қиблани биладиган (мусулмон, ақли расо, ошкор гуноҳлардан тийилган) кишидан сўраб, намоз ўқиши лозим. Агар шу ҳолатда қиблани биладиган киши топилмаса, кечаси одамларнинг эшигини тақиллатиб юрмайди. Балки бор имкониятини ишга солиб, қиблани топишга ҳаракат қилади. Қалби билан бир томонни қибла, деб қасд қилиб намозини ўқийди. Гарчи қиблани тўғри тополмаган бўлса ҳам, унинг намози дуруст бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази