Бугун рамазоннинг ўнин биринчи куни. Танамиз ва руҳиятимиз ҳар томонлама тарбияланмоқда. Шундай улуғ кунлардан унумли фойдаланаётган навбатдаги мактуб соҳиби Андижон вилояти, Зафаробод туманилик, мактаб ўқитувчиси Улуғбек ака Суяров.
Рамазон шукуҳи барчаларимизга сурур бағишламоқда. Ўзига шукр! Рамазон ойи карантин даврига тўғри келиши барчамизни оила даврасида бўлишимизга имкон бермоқда. Бу ҳам бир ҳикмат. Бундан тўғри ва оқилона фойдаланиш эса мусулмон учун катта бир бахт. Биз ҳам оиламиз билан саҳарликдан то ифторга қадар кунлик рамазон режасини тузиб шунга амал қилишга ҳаракат қилиб келмоқдамиз.
Саҳарликка турганимизда экран орқали бериб борилаётган Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг “Анбиёлар қиссаси” туркум кўрсатувларини кузатиб боряпмиз.
Саҳарликдан сўнг Қуръони карим қироати билан шуғулланамиз. Икки ўғлим ҳам Қуръон ёдлашни бошлаган.
Бомдод намозидан сўнг катта ўғлим Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад юсуф ҳазратларининг “Соғлом бола” китобини мутолаа қилмоқда.
Ўзим ўзбек тили ва адабиёти фанидан дарс берганлигим сабабми, китоб ўқишни оилавий анъанага айлантирганмиз. Шу кунларда Алихон тўра Соғунийниг “Тарихи Муҳаммадий” асарини ўқияпман.
Соат 9 лардан мактабга онлайн дарслар бошланади. Мен ҳам ўзх фанимдан масофавий машғулот ўтяпман. Ўқувчиларга уйга вазифаларни бераман.
Пешиндан сўнг томорқамиздаги экинларга қараймиз. Спорт ва фойдали машғулотлар билан шуғулланамиз.
Шундан сўнг “Саҳоватли қўллар” хайрия гуруҳи билан биргаликда маҳалламиз ва туманимиздаги қабристонлар ободонлиги билан шуғулланамиз.
Шу билан ифторлик вақти бўлади. Ифторликдан сўнг таровеҳ намозигача оилавий суҳбат қиламиз.
Таровеҳдан сўнг мен яна адабиётлар билан шуғулланаман. Эртанги кун масофавий машғулотларига тайёргарлик кўраман.
Аллоҳ таоло барчамизни рамазон ойи барокатлари билан мукофотласин!
Саидаброр Умаров суҳбатлашди
Ўзбекистонда илк бор исломий банк фаолиятини амалга ошириш учун лицензия берилди. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар берди.
Регулятор бошқарувининг 2026 йил 23 октябрдаги 28/1-сонли қарорига мувофиқ, Open bank акциядорлик жамиятига исломий банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи 1-I-сонли лицензия берилган.
Мазкур лицензия “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг 5¹-моддасида назарда тутилган исломий молия операцияларини қамраб олади.
Марказий банк фуқаролардан банк хизматларидан фойдаланишдан аввал молия муассасасининг тегишли лицензияга эга эканини регуляторнинг расмий веб-сайти орқали текширишни сўради.
Аввалроқ Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини ташкил этиш ва лицензиялаш тартиби белгиланганди. 2026 йил 20 июлдан кучга кирган ҳужжат билан янги исломий банклар ташкил этиш ҳамда анъанавий банкларда “исломий дарчалар” очиш учун ҳуқуқий асослар яратилган.
Унга кўра, исломий банк фаолиятини юритувчи ташкилотларда камида уч нафар аъзодан иборат исломий молия кенгаши, тегишли малакага эга раҳбар ходим ҳамда исломий молия стандартларига мувофиқлик сиёсати бўлиши талаб этилади.