Рўза ибодатдир. Кишининг ўз ихтиёри билан Аллоҳ таоло учун, Унинг амрига биноан, бажарадиган ҳар бир амали ибодат бўлади.
Ҳеч бир ибодат, жумладан рўза ҳам ниятсиз дуруст бўлмайди. Оддий, кундалик ишлар ҳам ният билан, уларни бажаришда Аллоҳ таоло розилигини ният қилиш билан, ибодатга айланади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Нияти бўлмаган кишининг амали (мақбул) бўлмайди” (Байҳақий, Ибн Абид Дунё).
Ният амални бошлаш олдидан бўлиши керак. Шунга асосан, рўза бошланадиган вақт, яъни тонг отиш вақти рўза ниятининг вақтидир. Аммо тонг отиш вақтини кутиб ўтириш машаққат бўлганидан ё тонг отиши пайтида уйқу ғалаба қилиши эҳтимоли борлигидан, ифторлик пайтида ё кечаси Рамазон рўзасига ният қилишга рухсат қилинган. Агар мазкур вақтларда Рамазон рўзасига ният қилиш ёддан кўтарилган бўлса тонг отганидан сўнг катта чошгоҳгача, агар бу вақтгача рўзага зид ишларни қилмаган бўлса, (соат 11 00 гача) ният қилса бўлади. Бу ҳолда “тонг отишидан бошлаб рўзадорман” деб ният қилиш лозим. Агар ният қилган вақтидан бошлаб масалан “соат 9 00дан бошлаб рўза тутаман” деб ният қилса тутадиган рўзаси рўза ҳисобланмайди.
Рамазон рўзасига тонг отмасидан олдин ният қилиш мустаҳабдир.
Ният қалб амалидир. Рўза тутишни (масалан Рамазон рўзасини тутишни) кўнглидан ўтказиш рўза нияти бўлади. Бизнинг мазҳабимизда Рамазон ойининг ҳар бир куни рўзаси учун ният қилиш лозим.
Рўза тутишни кўнглидан ўтказиш билан бирга тил билан айтиш суннат дейилган.
Агар кечаси (ифтор пайтида) рўзага ният қилинадиган бўлса кўнглидан бу маънони ўтказиш ва тил билан айтиш керак:
Навайту ан асума ғадан лиллаҳи таоло мин фарзи Рамазона (Рамазоннинг фарз рўзасини эртага холис Аллоҳ таоло учун тутишни ният қилдим).
Агар тонг отгач рўзага ният қилинса кўнглидан бундай ўтказиш ва тил билан айтиш лозим:
Навайту ан асума ҳазал явми лиллаҳи таоло мин фарзи Рамазона (Рамазоннинг фарз рўзасини бугун холис Аллоҳ таоло учун тутишни ният қилдим).
Рўза тутишни кечаси ният қилгач тонг отгунча еб-ичса ният бузилмайди.
Рамазон ойида саҳарлик қилиш Рамазон рўзаси нияти ўрнига ўтади. Шунингдек бошқа рўза (қазо, каффорат) учун ҳам саҳарлик қилиш ана шу рўза нияти ҳисобланади.
Рамазон рўзасининг қазоси, каффорат рўзалари учун тонг отмасидан олдин, кечаси ният қилиш лозим.
Барча нафл рўзалар учун катта чошгоҳгача, агар бу пайтгача рўзага зид ишлар қилинмаган бўлса, ният қилиш мумкин.
Барча амаллар савоби ниятга боғлиқ. Барчамизга ниятни тўғри қилиш ва Рамазон рўзаси ажрига мушарраф бўлиш насиб этсин. Омин.
МУҲАММАД ШАРИФ ЖУМАН
Савол: Оилалиман, 2 нафар фарзандим бор. Турмуш ўртоғим эҳтиёжларим, касал бўлсам дори-дармоним учун пул бермайдилар. Болаларимизни эҳтиёжлари учун бериб турадилар, холос. Ўзим ишлайман, “ишлаб топган пулингни ҳаммасини менга беришинг керак, чунки Хадича онамиз ҳам ҳамма пулларини Расулимиз алайҳиссаломга берганлар” дейдилар доим. Эътироз билдирсам, “менга итоатсизлик қиляпсан” дейдилар.
Яқинда шу масалада жанжаллашиб қолганимиздан кейин пулимни ярмини олиб, ўзимда қолган ярмини рўзғорга ишлатишимга мажбурлаяптилар. Бизнинг вазиятимизга шариатда қандай изоҳ берилади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аллоҳ таоло оилада эркакни раҳбар этиб тайинлаб, унинг зиммасига қўл остидагиларнинг: аёли ва фарзандларининг нафақасини юклаб қўйган. Аёлнинг топаётган пулида на эрнинг ва на қайнонанинг ҳақи бор, уни зулм қилиб олиб қўйишга мутлақо ҳақи йўқ. Агар ўзи рози бўлиб берса, олиши мумкин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Мусулмон кишининг моли бошқага ҳалол эмас, фақатгина ўзи рози бўлиб, кўнглидан чиқариб берсагина, ҳалол бўлади” (Имом Аҳмад ривояти).
Хадийжа розияллоҳу анҳо онамиз бутун молу жонини Сарвари олам бўлган турмуш ўртоқларига инъом этганлар, яъни ўз ихтиёрлари билан берганлар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом тортиб ёки талаб қилиб олиб қўймаганлар. Нафақат Хадийжа онамиз, балки у зотнинг атрофидаги барча саҳобалар у зотни жонларидан ортиқ яхши кўрганлар ва борини беришга шай турганлар.
Шариатимиз ҳар бир шахсга молиявий мустақиллик берган. Эр топган пулини ўзи истагандай сарфлаши ва бунга на аёли ва на бошқа одамлар тўсқинлик қилишга ҳақи йўқ бўлгани каби, аёлнинг ҳам шахсий маблағидаги тасарруфи ўз қўлида бўлади. Фақатгина фойда-зарарни билмайдиган ақли заиф тоифаларгина бундан мустасно. Уларнинг тасарруфини валийлари олиб боради.
Аммо юқоридаги гаплардан аёл топганини ҳеч кимга бермаслиги, фақат ўзи ишлатиши керак экан, деган хулоса чиқмайди. Ўз ихтиёри билан эрига, фарзандларига ёки бошқаларга ҳадя қилиши мумкин ва бу учун албатта, ажр олади.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг аёллари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: “Эримга садақа қилсам бўладими?” – деб сўраган ва у зот алайҳиссалом: “Ҳа”, деб жавоб берганлар. Яъни саҳобия аёллар эрларига садақа, ҳадя қилиб турганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бежизга: “Ўзаро ҳадялашинглар, ўртада муҳаббат пайдо бўлади”, деб айтмаганлар.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, оила эр-хотин ўзаро бир-бирларини тушунишлари, ҳурмат қилишлари ва ўз бурчларини муҳаббат билан адо этишлари лозим. Ана шунда оилавий ҳаёт саодатли давом этади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.