Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу муборак ой ҳақида ривоят қиладилар
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло “Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир
ва унинг мукофотини Мен – Ўзим берурман”, деди. Рўза сақловчидир. Қачон қайси бирингиз рўзадор бўлса, фаҳшдан гапирмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи бўлса, “Мен рўзадор одамман”, десин. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зот ила қасамки, албатта, рўзадорнинг оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир. Рўзадорга икки хурсандлик бордир. Улар ила суюнгай”, дедилар.
Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар.
* * *
Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: Баъзи рўзадорлар борки, уларга рўзаси учун очликдан ўзга нарса бўлмас. Баъзи тунда бедор бўлган борки, уларга бедорлиги учун уйқусизликдан ўзга нарса бўлмас”, дедилар.
Ибн Можа, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилганлар.
* * *
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазондан бир кунни Аллоҳ берган рухсатсиз оғзи очиқ ҳолда ўтказса, умрбод рўза тутиб ўтказса ҳам, унинг қазосини адо эта олмас”, дедилар.
Бухорий, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар
* * *
Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одам боласининг ҳамма амали (савоби) кўпайтириб берилур. Бир яхшиликка унинг ўн мислидан то етти юз баробаригача. Аллоҳ азза ва жалла: “Магар рўза Мен учундир. Унинг мукофотини Мен берурман. У шаҳвати ва таомини Мен учун тарк қилур”, деди”, дедилар.
Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар
* * *
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким рамазон рўзасини имон келтирган ва савоб умид қилган ҳолда тутса ҳамда кечалари қоим бўлса, унинг олдин ўтган гуноҳлари кечирилади”
Бухорий ва Муслим ривояти
* * *
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ёлғон гапиришни ва унга амал қилишни қўймаса, унинг таоми ва шаробини тарк қилишига Аллоҳнинг эҳтиёжи йўқ”, дедилар
Бухорий, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар.
* * *
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимга рамазон ойидан бошқа умматларга берилмаган бешта хислат берилди. Рўзадорнинг оғзидаги ҳид Аллоҳ наздида мушкнинг ҳидидан яхшироқ; ифтор қилгунларича малоикалар уларнинг гуноҳларини кечиришини сўрайдилар; бу ойда шайтоннинг саркашлари боғланади; бу ойда одамлар бошқа ойларда бўлмаган ихлосларини топадилар; бу ойда ҳар куни Аллоҳ таоло жаннатни зийнатлайди ва жаннатга айтади: “Менинг бандаларимдан қийинчилик ва азиятлар кўтарилишига оз қолди. Улар сенга қараб юрадилар ва охирги кечада уларнинг гуноҳлари кечирилади”. “Эй Аллоҳнинг элчиси, Лайлатул-қадр ўша кечами?” деб сўрашди. Айтдиларки: “Йўқ. Лекин амал қилувчи амалини бажарса, унинг ажри мўл-кўл берилади”.
Имом Байҳақий ривояти
* * *
Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар: “Кимки Қадр кечасида имон-эътиқод, қаноат ва ишонч билан турса олдинги гуноҳлари кечирилади, кимки Рамазон рўзасини имон-эътиқод ва ишонч билан тутса, олдинги қилган гуноҳлари кечирилади”.
Имом Бухорий ривояти.
* * *
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч кишининг дуоси рад этилмайди. Рўзадорнинг, то оғзини очгунича, одил подшоҳнинг, мазлумнинг. Аллоҳ уларнинг дуоларини булутлар узра кўтариб, улар учун осмон эшикларини очиб қўяди ва улуғ Парвардигор: “Иззатимга қасамки, гарчи бир муддат кейин бўлса ҳам, албатта, сенга ёрдам бераман”, дейди”, дедилар.
Аҳмад ва Термизий ривояти.
* * *
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки марта кетма-кет оғиз очмай рўза тутишдан эҳтиёт бўлинглар”, дедилар, шунда улар: “Ўзингиз тутасизку?!” дейишди. Жаноб Расулуллоҳ: “Мени Аллоҳ кечаси едириб-ичиради. Сизлар қурбингиз етадиган ишни қилишингиз лозим”, дедилар.
Имом Бухорий ривояти.
Мунира АБУБАКИРОВА
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ниҳоят, Амр ибн Оснинг қалби ислом нурини кўрди. Маккадан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида Исломга кириш учун Мадина сари йўлга тушди. Йўлда Холид ибн Валидга учради. У ҳам Мадинага мусулмон бўлиш учун кетаётган экан. Қурайшнинг энг ақлли ва закийси ҳамда унинг бемисл қаҳрамони бир кунда Исломга киришди.
Динимизнинг ажойиблигига қаранг! Шаҳарлардан олдин қалбларни фатҳ қилади. Қўрғонлардан олдин кўнгилларни эгаллайди!
Амр ибн Ос масжидга бориб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга деди:
- Эй Аллоҳнинг Расули! Қўлингизни очинг, байъат қиламан!
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларини очдилар. Аммо Амр қўлини мушт қилиб олди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўрадилар:
- Сенга нима бўлди, Амр?
- Шартим бор!
- Шартинг нима экан?
- Менинг мағфират қилинишим!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
Билмайсанми, Ислом олдинги гуноҳларни йўқотиб ташлайди! - дедилар.
Тавба янгидан исломга киришдир. Аллоҳ томон юзланинг. Гуноҳингиз ҳар қанча катта бўлмасин, афвдан умид узманг. Ширкдан кўра катта гуноҳ йўқ. Зино, ўғирлик, рибо ейиш қанчалар катта гуноҳ бўлмасин, ширкнинг олдида кичикдир. Шундай бўлса-да, мушрик агар ширкини тарк қилиб, Аллоҳга қалби билан юзланса, унинг олдинги гуноҳлари кечирилади. Энди осий мусулмонни кечириши унинг гуноҳлари қанчалик катта бўлмасин, албатта, лойиқ ва муносиб бўлади!
Инсонларнинг гуноҳлари қанчалар катта бўлмасин, Аллоҳнинг мағфирати ундан-да, каттадир!
Тавбанинг учта шарти бор:
1. Дарҳол ўша гунохдан сақланиш.
2. Пушаймон бўлиб ўша гуноҳга қайтмасликка азм этиш. Агар заифлик қилиб, яна гуноҳга қайтиб қолса, яна тавба қилиш.
Менинг қалбимга ўрнашиб қолган бир ҳадис бор, унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: «Мўмин банданинг вақти-вақти билан қилиб турадиган гуноҳи бўлади. Дунёдан ўтгунича ажрала олмайдиган гуноҳи бўлади. Мўмин киши синовдадир (Аллоҳ уни бало, гуноҳ ва фитналар билан синайди), у кўп тавба қилувчи бўлади, у (қилган гуноҳларини) унутувчи бўлади. Агар унга эслатилса, эслайди (яъни Аллоҳнинг азоби эслатилса, эслаб гуноҳидан қайтади)».
Имом Табароний ривоят қилган, саҳиҳ.
3. Агар бировларнинг ҳаққини еган, ерини тортиб олган ёки меросда бошқанинг улушини эгаллаб олган бўлса, уларни қайтариб тавба қилинади.
Агар бир кунда минг марта гуноҳ қилсангиз, Аллоҳга минг марта тавба қилинг. Шайтон энг кўп истайдиган нарса банданинг ноумидлигидир. Умидни узишдан сақланинг!
«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди