Бақара “сигир” маъносини билдиради. Қадимда бани исроиллик бир киши ўлдирилганида, унинг қотилини топа олишмайди. Шунда Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга: “Қавмингга айт, сигир сўйиб, унинг бир бўлаги билан ўликни урсинлар”, деб буюради. Аллоҳнинг буйруғи бажарилганидан сўнг ҳалиги ўликка жон кириб, қотили кимлигини айтиб беради. Сигир билан боғлиқ воқеа келтирилгани учун бу сура Бақара деб номланган.
Бақара сураси Мадинада нозил қилинган, 286 оятдан иборат. Бақара Қуръони каримдаги энг узун сурадир. Унда эътиқод, ибодат, муомала, ахлоқ, никоҳ, талоқ, идда масалалари билан бир қаторда Мусо алайҳиссалом қиссаси, Фиръавн билан Бани Исроил ўртасидаги можаролар баён этилган. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Менга Таврот ўрнига еттилик, Забур ўрнига юзлик, Инжил ўрнига масоний берилди. Мен Муфассал билан афзал қилиндим”.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уйларингизни қабристонга айлантириб қўйманглар! Бақара (сураси) ўқиладиган уйдан шайтон қочади”, деганлар.
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ҳар фарз намоздан кейин Оятул Курсийни ўқиса, унинг жаннатга киришини фақат ўлим тўсиб туради, холос”, дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Инсонларнинг саййиди Одам, Арабларнинг саййиди Муҳаммад. Лекин (менда) фахрланиш йўқ, Форсларнинг саййиди Салмон, Румликларнинг саййиди Суҳайб, Қоратанлиларнинг саййиди Билол, Тоғларнинг саййиди Тур тоғи, кунларнинг саййиди Жума куни, каломларнинг саййиди Қуръон, Қуръоннинг саййиди Бақара (сурасидир), Бақаранинг саййиди Оятул Курсийдир дедилар. Ва яна «Бу оят унда ўқилган хонадонга ўттиз кун шайтон кирмайди ва сеҳргар еркак ва аёл қирқ кеча кирмайди» дедилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир нарсанинг ўркачи (улуғи, саййиди, афзали) бўлади. Албатта Қуръооннинг ўркачи Бақара (сураси)дир. Ва унда бир оят бор бўлиб, у Қуръоннинг саййидасидир. Ва у Оятул Курсийдир», дедилар.
Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Абу Мунзир, Аллоҳнинг китобидаги энг улуғ оят қайси эканини биласанми?” дедилар.
“Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқдир”, дедим.
“Эй Абу Мунзир, Аллоҳнинг китобидаги энг улуғ оят қайси эканини биласанми?” дедилар.
“Аллоҳу лаа илаҳа иллаа ҳуу ал-Ҳайюл Қой-йум”, дедим.
Шунда у зот: “Аллоҳга қасамки, сенга илм муборак бўлсин, эй Абу Мунзир”, дедилар (Имом Муслим, Имом Абу Довуд ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бақара сурасининг охирги икки оятини ўқи, улар менга Аршнинг остидаги хазинадан берилган”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).
Ярмук – мусулмон ва Рум қўшинлари ўртасида бўлиб ўтган жанг. Унда асрлар ўтса-да, мангуликка юз тутган ажиб лавҳалар бор. Уларнинг баъзилари қуйидагилардир:
Урушнинг айни қизиган палласи. Бир киши Абу Убайда ибн Жарроҳ ҳазратларига яқинлашди. Абу Убайда розияллоҳу анҳу: “Мен шаҳид бўлишга астойдил бел боғладим”, деди. Ҳалиги киши: “Бирор-бир гапингиз бўлса айтинг, мен Расулуллоҳ билан кўришган пайтим у зотга етказиб қўяман”, деди. Абу Убайда розияллоҳу анҳу: «Ҳа, у зотга буни етказ: “Расулуллоҳ, бизлар Роббимизнинг ваъдаси ҳақ эканини топдик”», дедилар.
Рум қўшинларининг ҳужуми кучайган пайтда Икрима ибн Абу Жаҳл розияллоҳу анҳу мусулмонларнинг орасида: “Аллоҳ таоло мени ҳидоят қилмасидан аввал мен Расулуллоҳга қарши жанг қилардим, энди бугун Аллоҳнинг душманларидан қочиб кетаманми!” – дея жар соларди. Орадан кўп ўтмай, Абу Жаҳл яна: “Ким ўлимга байъат қилади?”[1] – деди.
Мусулмонларнинг бир жамоаси у зотга байъат қилишди ва уларнинг барчаси биргаликда жанг майдонига киришди. Уларнинг мақсадлари ғалаба ва шаҳидлик эди. Аллоҳ таоло уларнинг байъатларини қабул қилди ва уларнинг бари Аллоҳнинг инояти ила шаҳидликка эришдилар.
Тарих зарварақларига эътибор қаратинг. Буюк қўмондон Холид ибн Валид 100 кишилик қўшини билан тўрт минг кишилик Рум қўшинларига қарши турдилар. Қаранг-а! Юз кишилик қўшин тўрт мингта аскарга қарши чиқиб, уларни енгса-я?! Бу уларнинг қалблари Аллоҳга бўлган иймонлари билан тўлиб-тошгани эканининг белгиси эмасми?!
Уруш бироз тинчиб турган пайтда Холид ибн Валиднинг олдига Жўржа исмли Рум қўмондони келди ва: “Эй Холид, нимага даъват қиляпсан? Айни пайтда Исломни қабул қилган кишига ҳам сизларга берилгандаги каби ажру савоб насиб қиладими?” – деб сўради.
Саҳобий: “Ҳа. Ундан кўпроғи ҳам насиб этиши мумкин”, деди.
“Қандай қилиб? Ахир сизлар аввалдан мусулмон бўлиб, ўзиб кетгансизлар-ку?!” – деди Рум қўмондони. Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга яшадик ва у зотнинг мўъжизаларига гувоҳ бўлдик.
Бизнинг кўрганларимизни кўриб, биз эшитган нарсаларни эшитган одам Исломни осонликча қабул қилиши ҳақиқат. Лекин сизлар у зотни кўрмагансизлар, у зотнинг гапларини эшитмагансизлар, бундай ҳолда ғайбга иймон келтирган бўласизлар. Агар сизлар ниятингиз, қалбингиз ила Аллоҳга иймонда ростгўй бўлсаларингиз, сизларнинг савобларингиз буюкроқ бўлади”, дедилар. Бу гапларни эшитган Рум қўмондони оҳ урди ва: “Эй Холид, менга Исломни ўргат”, дея ўзини Холид розияллоҳу анҳу тарафга ташлади.
Шундай қилиб Рум қўмондони Исломни қабул қилди. Аллоҳ таоло учун икки ракат намоз ўқиди, ҳақиқатда икки ракат, бундан бошқача эмас. Икки тараф яна урушга киришди. Жўржа энди мусулмон аскарлар сафида шаҳидлик мақомига эришиш илинжида жанг қиларди.
Ҳа! Ўша икки ракат намоз сабабидан Аллоҳнинг изни ила унга жаннат насиб этди, унинг бундан бошқа амали йўқ эди...
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Бунинг маъноси: “Мен ўлгунимча шу жанг майдонидан ортга чекинмайман, то сўнгги нафасим қолгунича мусулмонлар сафида Аллоҳнинг душманларига қарши жанг қиламан, мени фақатгина ўлим тўхтата олади” (Тарж.).