Кўз очиб юмгунча умримизнинг яна бир йили ўтиб, раҳмат ва мағфират, баракот ойи бўлган Рамазон кириб келди. Бу кунни муштоқ кутган, бу ойнинг ташрифидан умидвор қанчадан-қанча инсонлар ичида бизни ҳам омонлик ва сиҳатликда ушбу янги Рамазон билан сийлаган Аллоҳга чексиз ҳамдларимиз бўлсин.
Бу ойнинг фазилатлари, таърифларга сиғмас хислатлари ва меҳрибончиликларини ўз умматларига илинган Пайғамбаримизга с.а.в. саловот ва саломларимиз бўлсин.
Ушбу муборак ойнинг имкониятларидан оқилона фойдаланиб, бу ойни “мўминнинг мавсуми” дея ғанимат билган, олти ой Аллоҳдан Рамазонга етказишини сўраб йиғлаган, яна олти ой эса Рамазонда тутилган рўзаларини қабул бўлишлигини сўраб илтижолар қилганча ушбу ойдан гуноҳлари мағфират қилинган ҳолатда чиққан саҳобалар ва Аллоҳнинг жамики суюкли бандаларига Роббимизнинг раҳматлари ёғилсин.
Бу ойнинг фазилатлари ва хосиятлари, биз билган ва билмаган тухфаларининг саноғи беҳисоб. Бир бугун уларга урғу бермоқчи ёки рўзанинг фарзлиги ҳақида эслатмоқчи ғам эмасмиз. Чунки ҳар йили Рамазон яқинлашиши билан бу маълумотлар такрор ва такрор айтилганидан кўпчилигимиз Рамазон ҳақида, рўза ҳақида анчагина маълумотларга эгамиз. Бугун биз йил бўйи эътибор бермаганимиз, айнан Рамазон ойининг рўзаси туфайлигина бизнинг жасадимизда содир бўладиган ОЧЛИК деган ҳолатнинг дунё ва охиратимиз учун нечоғлик фойдали эканлигини эслатиб қўймоқчимиз холос.
Аввало Аллоҳ учун бўлган очликда Аллоҳнинг розилиги бор. Имом Ғаззолий “Иҳёи улумид-дин” китобларида ушбу ҳадисни келтирадилар. Росулуллоҳ с.а.в.: “Нафсларингизга қарши очлик ва чанқоқлик билан курашинглар. Албатта бу иккисининг ажри Аллоҳ йўлида жиҳод қилувчининг ажри кабидир ”, дедилар.
Қиёмат кунининг шиддати ва қўрқинчларидан омонда бўлади. Абу Ҳурайра р.а. айтадилар: Бир куни Росулуллоҳнинг с.а.в. хузурларига кирдим ва у зотни ўтириб намоз ўқиётган ҳолатларида топдим. Бас, у кишидан бунинг сабабини сўрадим. У зот: “Очлик сабабли, туриб намоз ўқишга холим йўқлигидан ўтириб намоз ўқияпман”, дедилар. Буни эшитиб мен йиғладим. Шунда Росулуллоҳ с.а.в.: “Йиғлама, эй Абу Ҳурайра! Албатта қиёмат кунининг шиддати Аллоҳдан савоб умидида оч юрувчи кишига етмайди”, дедилар. (Мансур ривояти)
Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги манзилларнинг афзалида бўлади. “Аллоҳ таолонинг ҳузурида манзил жиҳатидан энг афзалингиз очлиги ва тафаккури узунроқ бўлганингиздир. Аллоҳ ёмон кўрадиган кишилар эса ҳар бир кўп ухловчи ва кўп еб-ичувчилардир” (Ғаззолий)
Қалбнинг мунаввар бўлишига ва шайтоннинг йўлларини торайтиришга сабаб бўлади. Набий с.а.в. айтадилар: “ Қалбларингизни очлик ва дағал либос кийишлик билан мунаввар қилинглар. Албатта шайтон инсоннинг қон томирларида юради. Унинг йўлиниочлик билан торайтиринглар”.
Яҳё ибн Муъоз ар-Розий айтадилар: “Васваса шайтоннинг уруғидир. Агар унга ер ва сув берилса ўсади, агар бу иккиси топилмаса қуриб кетади. Айтилди: “Ер нимаю, сув нима?”. Айтдилар: “Тўқлик васваса учун ер, уйқу эса у учун сувдир”.
Айтиладики : “ Дунёда очликни ихтиёр қилганлар, охиратда тўқ бўладилар. Бу дунёда тўқ бўлган инсонларнинг кўплари охиратда оч бўладилар”.
Имом Ғаззолий (р.а.) ўзларининг “Иҳёу улумид-дин” китобларида шундай дейдилар: “ Тўқ қорин устига овқатланиш мохов касалини келтириб чиқаради”.
Имом Байҳақийдан ривоят қилинган бир ҳадисда айтилади: “ Бир кунда икки маҳал овқатланиш исрофдир. Ва Аллоҳ исроф қилувчиларни суймас”.
Саҳл ибн Абдуллоҳ айтадилар: “ Охират талабида юрган киши учун тўқликдан кўра зарарлироқ нарсани билмайман”.
Боязид Бистомий ҳазратларидан: “ Бу улкан даражаларга нима сабабидан етдингиз?”, деб сўрашди. Шунда у зот: “ Оч қорин ва яланғоч бадан билан”, дея жавоб беришди.
Демак , очликнинг инсон учун дунё ва охиратда фойдалари катта экан. Айтишадики: “ Агар Фиръавн оч бўлганда, худоликни даъво қилмаган бўларди”.
Хулоса ўрнида шуни айтмоқчимизки, рамазон ойи келиши билан баъзи бир инсонлар арзимаган баҳоналар ва беморликларини рўкач қилиб рўза тутишдан ўзларини “озод” қилиб олишади. Агар шундай кишилар ҳам ихлос билан, озгина сабр-тоқат билан, Аллоҳ таолодан савоб умидида бир ой рамазон рўзасини тутсалар, ва мана шу одатни тарк қилмаган ҳолда йил бўйи маълум бир кунларда рўза тутиб очлик ҳиссини туйиб юрсалар, ҳам охиратлари учун, ҳам бу дунёдаги хожатларининг рўёби учун, соғлиқлари учун ҳам фойдали бўлади. Энг асосийси эса, Росулуллоҳ с.а.в. айтганларидек: “Бир банда Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутса, ўша кунги рўзаси сабабли Аллоҳ унинг юзини дўзахдан етмиш йиллик масофага узоқ қилади”. (Муттафақун алайҳ)
Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом-ноиби: Ёрбек Исломов
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Абу Хурайра розияллоҳу анҳу икки кишини кўриб, уларнинг биридан: «Бу сенга ким бўлади?» - деб сўрадилар. У: «Отам», - деб жавоб берди. Шунда у зот: «Унинг исмини айтиб чақирма, олдида юрма ва ундан аввал ўтирмагин», дедилар.
Имом Бухорий ривояти.
***
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтадилар: «Ким отасига кўз қири билан (менсимай) қараса, унга оқ бўлибди».
Изоҳ: «Оқ бўлиш» ибораси араб тилида «кесиш», «узиш» деган маънони билдиради, шаръий истилоҳда эса ота-онага азият бериш, маъсият бўлмаган ишларда уларга итоатсизлик қилиш, уларни ғазаблантириш, норози қилиш, улардан алоқани узишга айтилади. Бинобарин, уни қандайдир қарғишга қолиш, бирор касалликка гирифтор бўлиш маъносида тушунмаслик керак.
***
Омир ибн Абдуллоҳ ибн Зубайр айтади: «Отам вафот этганда бир йил давомида Аллоҳдан фақатгина отамни афв этишини сўрадим».
***
Умар ибн Абдулазиз Ибн Меҳронга шундай деган: «Ота-онасига оқ бўлган кимса билан дўстлашмагин. Чунки уларга оқ бўлган кимса сени ҳам ҳаргиз рози қилмайди».
***
Авн ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади: «Абдуллоҳ айтади: «Отанг яқин бўлган кишилар билан боғлангин».
***
Имом Мужоҳид айтади: «Кимни отаси урса, унинг қўлини қайтариши мумкин эмас. Ким ота-онасига тик қараса, уларга яхшилик қилмабди. Ким ота-онасини хафа қилса, уларга оқ бўлибди».
***
Аввом айтади: «Мужоҳиддан: «Агар намозга азон айтилса, шу пайт отам ҳам мени биров орқали чақириб қолса, қайси бирига жавоб қиламан» деб сўраган эдим. У: «Отанг (чақириғи)га жавоб бер», - деди...
***
Мужоҳид айтади: «Отанинг дуоси Аллоҳ азза ва жалладан тўсилмайди».
***
Собит ибн Аслам Буноний айтади: «Биров отасини бир жойда ураётган эди. «Бу нимаси?» - деб сўралди. Шунда отаси: «Қўяверинглар, худди шу жойда мен ҳам отамни урардим. Болам билан шундай балоланиб, ўзим ҳам айни шу жойда уриляпман», деди».
***
Ибн Муҳайриз айтади: «Ким отасини исми ёки лақабини айтиб чақирса, унга оқ бўлибди».
***
Авн ибн Абдуллоҳ айтади: «Ота-онага термилиб боқиш ҳам ибодатдир».
***
Умар ибн Зирр раҳматуллоҳи алайҳнинг ўғли вафот этганда: «Аллоҳим, унинг менинг ҳаққимда йўл қўйган камчиликларини кечирдим. Сен ҳам вожиб ҳақларинг борасида камчиликларини мағфират қилгин», - деб дуо қилди. Шунда ундан: «Ўғлинг сенга қандай яхшилик қиларди?» - деб сўралди. У: «Кундузи фақат ортимда, тунда эса олдимда юрарди. Мен турган уйнинг тепасига чиқмас эди», - деди...
***
Муалло ибн Айюб раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Маъмуннинг шундай деганини эшитганман: «Фазл ибн Яҳё Бармакийдан кўра отасига яхшилик қилувчироқ кишини кўрмаганман. Айтилишича, унинг отаси Яҳё фақат иссиқ сувда таҳорат қиларди. Улар иккаласи зиндонга тушиб қолганда зиндонбон уларга ҳаво совуқ бўлган куни кечаси ўтин қирқишни тақиқлаб қўйди. Шунда Фазл зиндондаги кичкина хушбўйлик солинадиган идишчага сув тўлдириб, иситиш учун шамчироққа яқин олиб борди ва эрталабгача унга тутиб турди».
Ушбу воқеани Маъмундан бошқалар ҳам келтиради: «Эртаси куни зиндонбон Фазлга шамчироқда сув иситишни ҳам ман қилди. Шунда у идишни тўлдириб, тўшагига ўради ва уни бағрига босиб илитди».
***
Муовия ибн Қуррадан, «Ўғлинг сенга қандай муомала қилади?» деб сўралган эди. У: «У жуда хам яхши фарзанддир. Менинг дунё ишларимни зиммасига олиб, охират ишларим учун фориғ қилиб қўйган».
***
Муҳаммад ибн Сирин раҳматуллоҳи алайҳ шундай деган: «Ким отасининг олдига тушиб юрса, унга оқ бўлибди. Агар унинг йўлидан азиятни кетказиш учун (олдига ўтса) ундай эмас. Ким отасининг исмини айтиб чақирса, унга оқ бўлибди. «Эй отажон» деса, ундай эмас».
«Қиблагоҳ» китоби асосида тайёрланди