“Фириб” сўзи форс тилида алдаш, йўлдан оздириш, макр-ҳийла, маъноларини билдиради. Шу ишни қилган ёки буни касбга айлантириб олган кимсани эса фирибгар дейилади. Алдов, фирибгарлик, ўғрилик шу қадар кенг тарқалдики, у кириб бормаган жой, у кириб бормаган соҳа қолмади: имтиҳонларда, тижоратда ва ҳатто никоҳ муносабатларида ҳам одамлар ёлғонни кенг ишлатишмоқда.
Исломда алдов, фирибгарлик, бировни чув тушуриш, савдо-сотиқда алдамчилик каби иллатлар қораланган. Сир эмаски, кейинги вақтларда баъзи кишилар одамлардан қарзга ёки шерикчиликка, деб пул олиб, охир-оқибат уни қайтармай ўртада низо чиқиши, яқин кишилар бир-бири билан юз кўрмас бўлиб кетиш ҳолатлари кузатилмоқда. Албатта, зарурат учун қарз олиш ёки шерикчилик билан шуғулланиш жоиз. Бироқ, олган қарзини пайсалга солмай қайтариш, шерикчиликда эса хиёнат қилмаслик лозим. Акс ҳолда бошланган ишлар ортга кетиб, касодга учраши тайин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким одамларнинг молини қайтариб бериш мақсадида олса, Аллоҳ таоло унга ёрдамчи бўлади. Ким одамларнинг молига талофат етказиш (чув тушуриш) учун олса, Аллоҳ таоло унинг ўзига талофат етказади” , -деганлар (Имом Бухорий ривояти)
Савдо-сотиқ вақтида харидорга фириб бериш, масалан, айбли молни айбини яшириб сотиш ёки сохта молни асл мол, деб сотиш энг оғир гуноҳдир. Қўйидаги ҳадис бунга очиқ далил бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дон сотаётган одамнинг ёнидан ўтиб қолибдилар. Унинг дони орасига қўл тиқиб кўрсалар, намланиб қолган экан. “Бу нимаси?”, деб сўрадилар. Сотувчи: “Эй Расулуллоҳ, унга ёмғир тегибди”, деди. Шунда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Уни устига чиқариб қўймайсанми, одамлар кўрар эди”, дедилар ва “Ким бизни алдаса, у биздан эмас”, дедилар (Имом Ҳоким ривояти).
Маъруфхон Алоходжаев,
Наманган шаҳар “Абдулқодир қори” жоме
масжиди имом-хатиби
Муносабат
Сўнгги йилларда Давлатимиз Раҳбарининг ташаббуси билан барча соҳалар сингари диний-маърифий соҳада ҳам кенг кўламли ислоҳотлар, янгилик ва ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Янги Ўзбекистондаги барча янгиланиш ва ўзгаришлар, аввало, халқимиз манфаатлари йўлида, фуқароларимизнинг хоҳиш-истакларини инобатга олган ҳолда, унинг истиқболини кўзлаб амалга оширилмоқда.
Таъкидлаш керакки, бугунги кунда мусулмон дунёсининг ўзаро ҳамкорлигини янада ошириш, мавжуд муаммоларга ечим топиш ва ислом умматининг бирдамлигини мустаҳкамлашда мусулмон мамлакатларининг имконият ва салоҳиятини сафарбар этиш ғоят муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бугунга келиб, замон, шароит ва ҳолатларнинг ўзгариши, фан ва техниканинг тараққиёти каби омиллар ислом ҳуқуқшунослиги – фиқҳ йўналишида ҳам ўзига яраша муносабатларда янгича ёндашвни тақозо қила бошлагани боис дунёда бўлаётган ўзгаришларни якка шахслар ёки маҳаллий муассасалар орқали қамраб олиш қийинлашган эди. Хусусан, бу ўзгаришларга шариат бўйича муносабат билдириш, улар ҳақида тўлақонли фатволар чиқариш мураккаблашди. Бу ва бунга ўхшаш бошқа омиллар фақиҳларнинг биргалашиб иш олиб боришларини талаб қиларди. Шу сабабдан Ислом Фиқҳи Академиялари тузилиб, бу илмий муассасаларга кўзга кўринган фақиҳлар аъзо бўлдилар. Ҳал қилиниши лозим бўлган масала бўйича Академия идораси аъзоларга аввалдан хабар беради. Аъзолар белгиланган муддатгача ўша масалани яхшилаб ўрганадилар. Ўзларидан илтимос қилинган мавзуларда илмий ишлар ёзадилар. Кейин Академиянинг умумий мажлисида мазкур масала муҳокама қилинади. Академиянинг мажлисига кўрилаётган масала бўйича мутахассис олимлар ҳам таклиф қилинади. Улар ўз мутахассисликлари асосида маълумотлар тақдим қиладилар ва Академия аъзоларининг саволларига жавоб берадилар.
Узоқ ва аниқлик билан давом этган мажлислардан сўнг таҳлил қилинган масала бўйича Академиянинг бу борадаги қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилади ва кўпчилик овоз билан қарор қабул қилинади. Баъзи Академиялар қарши овоз берганларнинг фикрини ҳам эълон қилади.
Шу тариқа замонамизда ўртага чиққан кўплаб муаммолар шариат таълимотлари асосида ҳал қилиниши йўлга қўйилди ва мусулмонларнинг таҳсинига сазовор бўлди.
Ҳозирда халқаро исломий ташкилотлар, давлатлар, вазирликлар, ширкатлар, турли муассасалар ва шахслар ўзлари ҳал қила олмаган фиқҳий масалаларни ечишда Ислом Фиқҳи Академияларига мурожаат қилишмоқда ва керакли ечимларни олишмоқда.
Ана шундай фиқҳ академиялардан бири Халқаро ислом фиқҳи академияси ислом оламидаги энг нуфузли ва давлатлараро мақомга эга бўлган халқаро илмий-фиқҳий ташкилот ҳисобланади.
Юртимиз аҳли учун энг қувонарли янгиликлардан бири Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг мусулмон оламидаги энг нуфузли ва давлатлараро мақомга эга бўлган йирик илмий-фиқҳий ташкилот – Халқаро ислом фиқҳи академиясига аъзо бўлганларидир.
Ҳозирда академия таркибида дунёнинг 57 та давлатидан 65 нафардан ортиқ етакчи мусулмон олимлари фаолият юритади. Ушбу академияга аъзо бўлиш учун мусулмон дунёсининг эътироф этилган етук фақиҳ ва олимларидан бири бўлиш, ислом ҳуқуқини пухта эгаллаш ҳамда ақида ва хулқда ислом таълимотига қатъий амал қилиш, юксак маънавий обрўга эга бўлиш каби хислатларга эга бўлиш талаб этилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ҳам Аллоҳ таолонинг фазли ҳамда ёрдами билан 35 йилдан зиёд вақт мобайнида Ислом дини маърифатини кенг ёйиш ва мўмин-мусулмонлар эҳтиёжини таъминлаш, жамиятда маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, ёшларни маърифатли қилиб тарбиялаш ва халқаро миқёсда Ислом динининг асл қадриятларини кенг тарғиб этиш билан танилганлар.
Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди”. Тўртовлари ривоят қилишган.
Демак, дин таълимотларини яхши тушунадиган бўлиш банда учун катта бахт-саодатдир. Унга Аллоҳ таоло яхшиликни ирода қилганининг аломатидир.
Таъкидлаш керакки, шу пайтга қадар ҳам Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бир нечта Халқаро мусулмон уламолари кенгаш, уюшма, ташкилот ва академияларининг аъзоси сифатида нуфузли тадбирлардаги ташаббуслари мусулмон дунёси томонидан қўллаб-қувватлаб келинмоқда.
Юртимиз мўмин-мусулмонлари, уламо ва барча соҳа вакиллари номидан Аллоҳ таолодан муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларига Халқаро ислом фиқҳи академиясидаги фаолиятларида куч-қувват ва муваффақиятлар тилаймиз.
Зайниддин Эшонқулов,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари,
Уламолар кенгаши аъзоси