Мактубларда манзаралар
Йил серёғин бўлди. Ёмғирдан қочиб, тушлик қилиш учун тамаддихонага кирдим. Бу ердаги таомларни еган ҳар қандай одам ёқтириб қолиши, тотини яна қўмсаши тайин. Хизмат ўз-ўзига. Навбатга турдим. Галим келгач, нон-чой, егуликлар олиб, бўш жойдан бирига ўтирдим.
Яқинимда она-бола тамадди қилишар, қиз онасига жуда ўхшарди. Унинг кўзлари қора, киприклари онасиникидан ҳам узунроқ, жингалак сочлари долчин ранг эди. Қиз онасига овқат тутқазар, рўмолини тўғрилаб қўярди. Она гўштни чайнай олмаётгани кўриниб турар, умуман, у ейишга қийналаётганди. Таомни қизига илинар, қизи эса таомни қошиқда майдалаб онасининг раъйига қараб, гўдаклардек едирарди...
Уларнинг бу ҳоли менга алланечук таъсир қилди. Ёшлигим, ота-онам ёдимга тушди. Айниқса, онамнинг бизларга эринмай овқат едиришлари кўз олдимга келди. Қани эди ҳозир онам бўлганида... Мен ҳам шундай таомлантирган, хурсандлигидан шодланган, қўлларини тутиб лабларимга босган, кўзларимга сурган бўлардим...
Она етмиш, қизи ўттиз беш ёшлар атрофида эди. Тамадди қилиб бўлишгач, қиз ҳўл сочиқча билан онасининг юз-қўлини авайлаб артди. Идишларни тахлади. Ўтирган жойларини ҳам артиб-суртди. Кейин она дуога қўл очиб, Аллоҳга ҳамдлар айтгач, қизи ҳақига тўлиқиб дуо қилди. Сўнг:
– Энди, қизим қани юр, кетдик! Туришимга ёрдам бер, – деди кўзойнагини тақаркан.
Қиз онасининг ҳассасини қўлига бериб, қўлтиғидан ушлаб, туриб олишига ёрдам берди.
– Баракалла, сени Худо ёрлақасин, она қизим! Доим омон бўлгин!..
Қалтираб ўрнидан тураркан, ҳассасини сиқиб ушлаб, бир қўли билан қизининг қўлидан тутган она қизига меҳр билан қарар, қизи ҳам онасига табассум қилиб турарди.
Ўтирган ўриндиқларини ҳам жойига суриб қўйишди. Қиз онасига илтифот қилди:
– Энди қаёққа боргингиз келяпти, онажон?
– Қаёққа кетардик, жон болам, уйга-да!—деди хурсанд ҳолда қизининг қўлидан ушлаб она. – Қарилик-да, қизим, таом еганимга ҳам толиқиб қолдим...
Улар аста-секин эшик томон юраркан, ўрнимдан туриб уларга пешвоз юрдим:
– Отангизга рахмат, қизим! Барака топинг. Афсус, шугина меҳрни ҳам ота-онасига бермай юрганлар йўқ эмас. Илоҳим, сиз онангизни қувонтирганингиз каби болаларингиз сизни севинтирсин...
Улар чиқиб кетгач, ўйлаб қолдим: таомнинг тоти ширинми, меҳрнингми?..
Фазлиддин АБДУНАЗАРОВ,
Қува тумани
Эрон Ислом Республикаси Маданий мерос, туризм ва ҳунармандчилик вазири Саййид Ризо Солиҳий-Амирий Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди, хабар бермоқда iccu.uz.
Юқори мартабали меҳмон марказнинг барча экспозиция залларини кўздан кечириб, ислом цивилизацияси тарихи, буюк алломалар мероси, қўлёзмалар ва тарихий манбалар билан танишди. Шунингдек, музей экспозицияларида қўлланилган замонавий технологиялар, меъморий ечимлар ва марказнинг илмий-маърифий салоҳиятига алоҳида эътибор қаратди.
Ташриф якунида Саййид Ризо Солиҳий-Амирий Фахрий меҳмонлар китобига ўз таассуротларини ёзиб қолдирди. Меҳмон марказнинг бунёд этилиши, меъморий қиёфаси ва тарихий меросни намоён этишдаги аҳамияти ҳақида ўз фикрларини билдирди.
Аввало, ушбу қадрли ва фахрли бинoни барпо этган барча инсонларга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан амалга оширилган ушбу улкан иш учун миннатдорлик билдираман. Ҳақиқатан, бу мажмуа менда катта таассурот қолдирди ва фахр туйғусини уйғотди.
Ушбу мажмуада тарихий меросга, хусусан, ноёб қўлёзмалар ва Қуръон хаттотлигига алоҳида эътибор қаратилгани мени ҳайратга солди. Мажмуанинг гўзал меъморчилиги ва экспозицияларнинг ўзига хос ечимлари халқаро миқёсда намуна бўла олади.
Бундай масканлар ёш авлоднинг тарихий хотираси ва маданий меросга ҳурматини шакллантириш, инсонпарварлик, тинчлик ва умуминсоний қадриятларни тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этади.
Бугунги ва келажак авлодларимиз ўз тарихини, маданий илдизларини яхши билишлари, аждодлардан қолган бой меросни асраб-авайлаб, уни янги авлодга етказишлари лозим, — деди Эрон вазири.
Шунингдек, у Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги маданий яқинлик, муштарак тарихий мерос ва ҳамкорлик имкониятларига тўхталди. Вазирнинг таъкидлашича, икки мамлакат ўртасида маданий меросни асраш, археология, тарихий обидаларни реставрация қилиш, туризмни ривожлантириш ва ҳунармандчилик соҳаларида ўзаро алоқаларни кенгайтириш учун катта имкониятлар мавжуд.
Ўзбекистон билан биз маданий яқинликни ҳис қиламиз. Эрон маданияти ва цивилизациясида биз фахрланадиган қадриятлар ўзбек халқи маданияти ва цивилизациясида ҳам алоҳида қадрланади. Бутун дунёдаги сайёҳлар ва маданият ихлосмандларининг қизиқишларидан бири — Эрон, Ўзбекистон ва ушбу минтақани кўриш, унинг тарихий ёдгорликлари ва қадриятлари билан яқиндан танишишдир.
Ўзбекистон цивилизациясига оид барча мерос фақат ўзбек халқининг мулки эмас, балки бутун инсониятнинг умумий бойлигидир.
Ҳақиқатан, бизда жиддий ва кенг кўламли ҳамкорлик қилиш учун кўплаб имкониятлар мавжуд. Ушбу ташриф давомида ўзбек расмийлари билан маданий мерос, археология, реставрация, туризм, туристик алоқаларни кенгайтириш ва ҳунармандчилик соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қиламиз. Ҳунармандчиликни тараққий эттириш бўйича ҳам қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқамиз, — деди Саййид Ризо Солиҳий-Амирий.
Мазкур ташриф Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги тарихий-маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, умумий маданий меросни халқаро миқёсда тарғиб этиш ҳамда маданий мерос, туризм ва ҳунармандчилик йўналишларидаги ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати