Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Феврал, 2026   |   3 Рамазон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:53
Қуёш
07:11
Пешин
12:42
Аср
16:20
Шом
18:07
Хуфтон
19:19
Bismillah
20 Феврал, 2026, 3 Рамазон, 1447

САЛМОН ФОРСИЙ (розияллоҳу анҳу)

01.07.2019   20898   5 min.
САЛМОН ФОРСИЙ (розияллоҳу анҳу)

Салмонул хайр (яхши Салмон), Боҳис аънил ҳақиқа (ҳақиқат изловчи), Ибн Ислом (Ислом фарзанди), Соҳибул китабайн (икки китоб соҳиби) каби номлар билан мақталадиган ушбу саҳобанинг исми Абу Абдуллоҳ Салмон  Форсий (розияллоҳу анҳу) эди.

Салмон Форсий асли Исфаҳондан бўлиб, мажусийликка эътиқод қиларди. Бир куни у насороларнинг ибодатини кўради ва ота­сига бу дин мажусийликдан яхши эканини айтади. Шундан сўнг отаси Салмонни тутқунликда сақлай бошлайди. Охир-оқибат у нажот излаб Шомга қочиб кетади. Шомда ўз даврининг роҳибларидан таълим олади. Вақт ўтиб, роҳиблар бирин-кетин вафот этишади. Салмон Форсий ҳар бир роҳибнинг ўлимидан олдин ундан кейин кимга шогирд бўлишни сўрайди. Энг охирги устозидан: “Кимни тавсия қиласиз?” деб сўраганида у бундай жавоб беради: “Болам, Аллоҳга қасамки, ер юзида биз тутган нарса (асл нас­ронийлик)ни тутувчи бирор киши қолмади. Лекин араб ерида пайғамбар чиқадиган замон яқинлашиб қолди. У Иброҳимнинг дини билан юборилади. Сўнгра ўз еридан хурмозорлари бор юртга ҳижрат қилади. Унинг махфий бўлмайдиган аломатлари бор: ҳадяни қабул қилади, садақани емайди. Икки кураги орасида нубувват муҳри бор. Агар имконини қилсанг, ўша юртга бор!”
Салмон Форсий сўнгги устози айтган набийни топиш учун йўлга чиқади. Йўлда қароқчилар унинг молларини олиб қўйиб, ўзини водил қуролик яҳудийга сотиб юборадилар. Яҳудий эса уни ясриблик амакиваччасига сотади. Шундай қилиб, Салмон тақдир тақозоси билан Ясрибга келиб қолади. Бу вақтда Расулуллоҳ (алайҳиссалом) Маккада эдилар. Салмон Форсий қул бўлгани сабаб у зот ҳақларида эшита олмаган. Расулуллоҳ (алайҳиссалом) Ясрибга келганларидан хабар топган Салмон Форсий Аммуриядаги устози айтган гапга мувофиқ ҳадя ва садақа бериб, у кишини синамоқчи бўлади. У зот ҳадяни қабул қилиб, садақани рад этадилар. Кейинги воқеа ҳақида Салмон Форсий бундай ҳикоя қилган: “Расулуллоҳ Бақийда турганларида ҳузурларига келдим. У зот саҳобаларидан бирини дафн қилаётган эканлар. Елкаларига иккита лунгини ташлаб ўтирганларини кўрдим. Мен у кишига салом бердим. Кейин устозим таърифлаган муҳрни кўрармиканман деб, елкаларига қарай бошладим. Набий (алайҳиссалом) ниятимни анг­ладилар ва елкаларидаги ридони тушириб юбордилар. Мен муҳрни кўриб, у зотнинг пайғамбар эканини англадим. Ўзимни оёқларига ташлаб йиғлай бошладим, бошимдан ўтганларни айтиб бердим. У зотга қиссам ёқди ва саҳобалар буни эшитишса, хурсанд бўлишларини айтдилар. Мен уларга ҳам айтиб бердим. Шундай қилиб, мусулмон бўлдим. Қул эканлигим Бадр ва Уҳуд жангларида иштирок этишимга тўсқинлик қилди. Бир куни Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “Хўжайининг сени озод қилиши учун у билан мукотаба (тўлов эвазига озод қилиш)­га келиш”, дедилар. Айтганларини қилдим. Расулуллоҳ (алайҳиссалом) саҳобаларини менга ёрдам беришга чақирдилар. Аллоҳ мени қулликдан озод қилди. Мусулмон ва ҳур бўлиб яшадим. Расулуллоҳ билан Ҳандақ ва бошқа жангларда қатнашдим”.
Ушбу жангда ҳандақ қазиш фикри айнан Салмон Форсий (розияллоҳу анҳу)­дан чиққан. Ўша куни ансорлар: “Салмон биздан”, дедилар. Шунда муҳожирлар: “Йўқ, Салмон биздан, бу ерга ҳижрат қилиб келган”, дейишди. Пайғамбар (алайҳиссалом): “Салмон биздан – аҳли байтдандир”, дея бу баҳсга нуқта қўйдилар.
Салмон (розияллоҳу анҳу)нинг Ибн Ислом деб номланиши боиси, замондошлари: “Сиз кимсиз?” деб сўрашса, у зот: “Мен Ислом фарзандиман! Мен Одам (алайҳиссалом)нинг фарзандлариданман”, дея жавоб қайтарган.
Ҳам Инжил, ҳам Қуръонни тўлиқ ёд олгани учун “Икки Китоб соҳиби” номини олган. Шунингдек, Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу) Салмон Форсийни “Луқмони Ҳаким” деб чақирганлари ҳам машҳур.
Манбаларга кўра, Салмон Форсий Исфаҳон яқинидаги Жайян деган қишлоқда, бир маълумотда эса Ромаҳурмуз деган жойда туғилгани қайд этилади (“Мўъжамул булдон”). Ота-онаси ҳақида маълумот деярли учрамайди. Мусулмон бўлганидан сўнг Мадинада уйлангани ва аёлининг исми Буқайра экани айтилади. “Расулуллоҳ (алайҳиссалом) Салмон билан Абу Дардони биродар қилдилар” (Имом Бухорий).
Бир куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай хушхабар бердилар: “Жаннат уч кишига муштоқ бўлиб турибди: Али, Аммор ва Салмонга”.

 Салмон Форсий (розияллоҳу анҳу) ўз меҳнати билан бирор нарса топса, гўшт ёки балиқ сотиб олар ва касал одамларни чақириб, улар билан бирга ер эди.

У зотдан Анас, Каъб ибн Ужра, Ибн Аббос, Абу Саъид, Абу Туфайл, Умму Дардо (розияллоҳу анҳум) бир қанча буюк саҳобалар, Абу Усмон Наҳдий, Ториқ ибн Шиҳоб, Саид ибн Ваҳб, Абдураҳмон Нахаъий каби тобеинлар ҳадис ривоят қилишган. Имом Бухорийда 4 та, Имом Муслимда эса
3 та ҳадиси келтирилади.
Салмон Форсий Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу) даврида ҳижрий 35-йили Мадоинда вафот этган. Жанозасини Али ибн Абу Толиб ўқиган. Қабри Бағдод яқинидаги “Салмон тоҳир” деган мавзедадир.


Манбалар асосида Тошкент
ислом институти ўқитувчиси
Фахриддин Муҳаммад НОСИР
тайёрлади.

Сийрат ва ислом тарихи
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Файзу барака, аҳиллик ва шукроналик ойи

19.02.2026   4882   8 min.
Файзу барака, аҳиллик ва шукроналик ойи

Мамлакатимизда барча соҳада кечаётган янгиланишлар ҳар бир юртдошимиз ҳаётида ўз ифодасини топмоқда. Диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар, янги очилаётган масжид-мадрасалар,қайта чирой очаётган улуғ қадамжолар юртимиз мўмин-мусулмонларини чексиз мамнун этмоқда. Бу ўзгаришлар “Инсон қадри учун” ғоясини ҳаётга татбиқ этишни кўзда тутади ҳамда она ватанимизни янада обод этиш, халқимиз фаровонлигини таъминлаш, тинчлик-осойишталикни асраш ва ёшларни комил инсон этиб тарбиялаш мақсадини кўзлайди. 

Жорий йил 16 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ижтимоий-маънавий ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бораётган Рамазон ойини муносиб кутиб олиш ва юқори савияда ўтказиш, диний-маърифий, маданий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлаш мақсадида “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарор қабул қилинди.

Дарҳақиқат, кейинги йилларда мамлакатимизда инсон қадри, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, жамиятимизда тинчлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, аҳоли, айниқса, эҳтиёжманд тоифаларни ижтимоий ҳимоя қилиш борасидаги кенг кўламли ислоҳотларимиз туфайли муқаддас ислом динининг инсонпарварлик моҳияти, ўзаро аҳиллик, саховат ва шукроналик ғояларини ўзида мужассам этган муборак Рамазон ойи халқимиз қалбига янада яқин ва мўътабар айёмга айланмоқда.

Бу йил муборак Рамазон ойининг бошланиши 19 февраль кунига тўғри келди ва ҳужжатга кўра, у “Рамазон — меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи” деган эзгу ғоя асосида ўтиши белгиланди. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, Рамазон саховат ойи ҳамдир. Бу ойда қилинган хайру эҳсонларга Аллоҳ таоло улкан ажр-савобларни беради. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу муборак ойда бошқа ойларга қараганда янада сахийлик фазилатларини намоён қилганлар. Шунинг учун ҳам қадимдан мусулмонлар Рамазон кирганда саховатлироқ бўлишга одатланган. Давлатманд кишилар закотларини айнан Рамазонда адо этган. Бу ойнинг баракасидан ҳар бир уй баҳраманд бўлиб, мўминлар қалбига шодлик кирган. Шу сабабли бу муборак ойда ҳар биримиз ёнатрофимизда ёрдамга муҳтож кишилар бўлса, қўлимиздан келганча уларга яхшилик қилиб қолсак, айни муддао бўлади.

Яқин 30 кунда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда мамлакатимизда Рамазон ойини миллий анъана ва қадриятларга мос тарзда ўтказишга доир чора-тадбирларни амалга оширади. Жумладан, кам таъминланган, эҳтиёжманд, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонлар-ни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маҳаллаларни ўзаро ҳурмат, ҳамжиҳатлик, адолат ва тарбия масканига айлантириш, ер, сув,ҳаво ва табиий муҳитни асраш, муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳ ва қабристонларни обод этиш, Рамазон ойи билан боғлиқ тадбирларни исрофгарчиликка йўл қўймасдан, ихчам, мазмунли ва тежамкорлик асосида ўтказишга алоҳида эътибор берилади. Юқоридаги қарор қабул қилинган кун давлатимиз раҳбари Рамазон ойида эҳтиёжманд аҳолининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказганида ҳам чуқур маъно ва юксак инсонийлик фазилатлари мужассам.


Буюк аждодимиз Имом Бухорий ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар алайҳиссалом бундай дейдилар: “Бева ва мискинларга эҳсон қилиш учун ҳаракат қилган киши туни билан намоз ўқиб, кун бўйи рўза тутиб юрган киши кабидир”. Ушбу ҳадис Рамазон ойининг меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик руҳияти билан узвий боғлиқдир. Чунки Пайғамбаримиз бу ҳадис орқали ибодат фақатгина намоз ва рўза билан чекланиб қолмаслигини, балки инсонларга, айниқса, жамиятнинг энг заиф қатламлари — бева-ёлғизлар ва мискинлар га меҳр кўрсатиш ҳам улкан ибодат эканини таъкидламоқдалар. Рамазон ойи нафсни тарбиялаш, қалбни юмшатиш ва бошқалар дардига бефарқ бўлмасликка ўргатади.

Шу маънода, эҳтиёж-мандларга ёрдам қўлини чўзиш рўзанинг маънавий самарасидир. Ҳадисда бева ва мискинга хизмат қилиш жиҳод, тунги ибодат ва доимий рўзага қиёсланиши, исломда ижтимоий адолат ва раҳм-шафқат қандай юксак қадрланишини яққол кўрсатади. Бугунги кунда мамлакатимизда Рамазон ойида эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар қилинаётгани ҳам ана шу пайғамбарона таълимотнинг ҳаётдаги ифодасидир. Бу хайрлиташаббуслар орқали Рамазон нафақат шахсий ибодат ойи, балки жамиятда меҳр-оқибат, аҳиллик ва ўзаро ғамхўрликни мустаҳкамлайдиган улкан маънавий мактаб сифатида намоён бўлмоқда.

Йиғилишда таъкидланганидек, мамла катимизда сўнгги йилларда инсон қадрини улуғлаш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва адолатли жамият барпо этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар кечмоқда. Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилганидек, Ўзбекистон ижтимоий давлат сифатида фуқаролар фаровонлигини таъминлаш, эҳтиёжманд қатламларни қўллаб-қувватлаш ва жамиятда меҳр-оқибат муҳитини кучайтиришни устувор вазифа деб билади. Мазкур тамойиллар, айниқса, Рамазонойида янада ёрқин намоён бўлиб, саховат ва ҳамжиҳатлик қадриятлари амалий ишлар билан мустаҳкамланмоқда. Президентимиз муборак ойда нуронийлар, ёлғиз ва эҳтиёжманд фуқаролар ҳолидан хабар олиш, оғир аҳволга тушиб қолган оилаларга амалий кўмак бериш эзгу қадрият эканини таъкидлади. Йиғилишда шу мақсадда ишлаб чиқилган “Рамазон — меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи” шиори остидаги комплекс чора-тадбирлар тўғрисида ахборот берилди. Уларни амалга ошириш учун “Вақф” хайрия жамоат фондига 750 миллиард сўм ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги орқали 300 миллиард сўм ажратилиши белгиланди.


Ажратиладиган маблағлар ҳисобидан эҳтиёжманд оилаларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш, ногиронлиги бор шахсларнинг даволаниш ва жарроҳлик амалиётлари харажатларини қоплаб бериш кўзда тутилган. Президентимиз ҳар бир маҳаллада эҳтиёжманд оилаларнинг аниқ ва шаффоф рўйхатини шакллантириш, ёрдамларни фуқароларнинг дини, миллати ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, тенг ва адолатли тарзда етказиш шартлигини алоҳида таъкидлади. Масъул идораларга бу борада қатъий назорат ўрнатиш топширилди. Бугун муқаддас динимизга эътибор янги босқичга кўтарилиб, юртимиз мусулмонларининг диний ибодатларни эмин-эркин адо этиши учун йилдан йилга қулай шароитлар яратилаётгани барчамизнинг кўз олдимизда юз бераётган ўзгаришлар сирасига киради.

Бундан ташқари, халқимизга хос бағрикенглик, мурувватлилик хислатлари ҳам кундалик ҳаётимизнинг бир қисмига айланди. Эҳтиёжмандлар ҳамда илм-маърифат йўлида изланаётган ёшларга ёрдам қўллари чўзилмоқда. Барча маҳаллаларда зиёлилар, ҳурматли нуронийларимиз иштирокида тадбирлар, маърифат кечалари каби маросимлар бўлиб ўтмоқда.

Мана шундай йиғинлардан фойдаланиб, оилавий ришталарни мустаҳкамлаш, маҳаллаларда ўзаро тушуниш ва ишонч муҳитини кучайтириш ҳамда ҳурмат ва меҳр-оқибат қадриятлари тарғиб этиляпти. Ислом тарихида Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий ва бошқа алломаларимиз алоҳида ўрин тутади. Улар ўз асарлари ва илмий мерослари орқали инсониятни бағрикенглик, адолат, инсонпарварлик ва тинчлик ғояларига даъват қилганлар.Ўтган вақт мобайнида Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ташкил этилди.

Ушбу муассасалар жамиятда соғлом маънавий муҳитни таъминлашга, ёшларни замонавий фикрлайдиган ва буюк аждодларимизга ҳар жиҳатдан муносиб этиб тарбиялашга хизмат қилмоқда. Ислом бағрикенг, ўзга миллат ва бошқа дин вакилларига меҳр-саховат кўрсатадиган диндир. Зотан, қайси жамиятда диний бағрикенглик тамойилларига риоя қилинса, ўша жамиятда ўзаро ҳурмат ва самимият қарор топиб, барча инсонлар тинч ва осойишта ҳаёт кечиради. Тинчликсиз тараққиёт ва фаровонлик бўлмагани каби диний бағрикенгликсиз тинчлик барқарор эмас.

Рамазон ҳар бир хонадонга файз ва барака бўлиб кириб келсин! 


Музаффархон ЖОНИЕВ,

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

Ўзбекистон янгиликлари