Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Июл, 2025   |   20 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:22
Қуёш
05:03
Пешин
12:34
Аср
17:40
Шом
19:59
Хуфтон
21:32
Bismillah
15 Июл, 2025, 20 Муҳаррам, 1447

Тошкентда яна бир янги масжид очилди

12.06.2019   5973   2 min.
Тошкентда яна бир янги масжид очилди

Аллоҳ таолога шукрки, жорий йилимиз кўплаб янгилик, яхши хабарларга бой бўлмоқда. Хабарингиз бор, Рамазон ойида Тошкент шаҳрида “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф”, “Сузук ота”, Термиз шаҳрида “Ҳаким Термизий” номида янги масжид-мажмуалар очилган эди. Баракотли ойдан кейин ҳам хушхабарлар давом этиб, Тошкент шаҳридаги яна бир масжид давлат рўйхатидан ўтказилиб, ўз фаолиятини бошлади.
Бугун, 12 июнь куни Учтепа туманидаги “Кўркамобод” маҳалласида “Файзуллахўжа ўғли Муродҳожи” жоме масжиди расмий фаолият бошлади. Масжиднинг очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари иштирок этдилар. Муфтий ҳазратлари жамоани янги масжид билан қутлаб, Аллоҳнинг байтида тоат-ибодатлар, солиҳ амаллар, Қуръони карим тиловати Қиёмат қадар давом этишини тиладилар. Шунингдек, ташкилий ишларда фаоллик кўрсатган пок ниятли кишилар ҳаққига дуолар қилдилар.
Аслида, ушбу ибодат уйи 1997 йилда қурилган бўлиб, маҳаллий масжид сифатида фаолият юритиб келган. Маҳалланинг жонкуяр кишилари, кўпни кўрган кексалари томонидан масжидни давлат рўйхатидан ўтказиш учун қилинган саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ бугун маҳалла аҳлига Аллоҳ таоло ушбу мўътабар жоме масжидни инъом этди.
– Бизга энг яқин масжид “Саид Ваққос ота” жоме масжидига қатнаш учун катта йўлни кесиб ўтиш керак эди. Бу эса маҳалла аҳлига, айниқса, кексаларга катта қийинчилик туғдирарди. Шунда маҳалламизда масжид қуриш зарурати борлиги учун фаоллар билан бир масжид барпо этишни маслаҳат қилганмиз. 1997 йилда халқ ҳашари билан масжид қурилди, 2006 йилда қайта таъмирланди. Алҳамдулиллаҳ, бугун мутасадди ташкилотлар мурожаатларимизни ижобий ҳал қилиб беришди, - дейди маҳалла фаоли Саидкарим Сотволдиев.
Аллоҳ таборака ва таоло ушбу жоме масжидни халқимизга муборак айласин, янги масжидлар сонини янада зиёда қилсин.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

Фотолавҳалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ўзбекистон элчиси Баҳрайн адлия ва ислом ишлари вазири билан ўзаро ҳамкорликни муҳокама қилди

14.07.2025   2527   1 min.
Ўзбекистон элчиси Баҳрайн адлия ва ислом ишлари вазири билан ўзаро ҳамкорликни муҳокама қилди

Ўзбекистон элчиси Нодиржон Турғунов (қароргоҳи Ар-Риёз шаҳрида жойлашган) Баҳрайн адлия, ислом ишлари ва вақф вазири Наввоф бин Муҳаммад ал-Муовида билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири. 

 

Вазир мулоқот аввалида Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан олимларнинг Ислом тамаддунига ҳисса қўшган ҳиссасини, мамлакат томонидан диний-маърифий соҳага қаратилаётган эътибор, ёш келажак авлод учун яратилаётган имкониятлар таҳсинга сазовор эканини таъкидлади. Унинг айтишича, Имом Бухорий, Имом Термизий, ал-Хоразмий, Фаробий, Замахшарий каби Ислом оламида юксак обрў-эътибор топган олимларнинг мероси дунё мусулмонларининг умумий бойлигидир.

 

– Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ўтказилаётган халқаро илмий-амалий конференциялар нафақат ўзбек халқи, балки бутун Ислом умматига хизмат қилмоқда. Баҳрайн Ислом меросини ўрганиш бўйича ўзбек томони билан яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва илмий изланишларни биргаликда амалга оширишга тайёр", – деди адлия, ислом ишлари ва вақф вазири Наввоф бин Муҳаммад ал-Муовида.

 

Мулоқот чоғида Тошкент шаҳрида барпо этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг очилиш маросимида Баҳрайн делегацияни иштирокини таъминлаш, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, икки мамлакат илмий марказлар ўртасида алоқаларни ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.

 

Томонлар Ўзбекистон ва Баҳрайн ўртасида адлия, Ислом ишлари ва вақф соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, биргаликда илмий-амалий ишларни ташкил этиш мақсадида масъул ходим тайинлаш таклифини қўллаб-қувватладилар. 


Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

 

 

Дунё янгиликлари