Рамазон ойининг фазилатлари бисёр. Шулардан учтасини келтирсак:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Беш вақт намоз, бу жумъа кейинги жумъагача, бу Рамазон кейинги Рамазонгача – агар катта гуноҳлардан четда бўлинган бўлса – ўрталаридаги нарса (хато)ларга каффорот бўладилар” дедилар”. Имом Муслим ривояти.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазон ойининг рўзасини иймон билан, савоб умидида тутса, ўтган гуноҳлари кечирилади” дедилар”. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилишган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазон ойи кирганда, ундан гуноҳлари кечирилмасдан чиққан кишининг бурни ерга ишқалсин” дедилар”. Имом Аҳмад, Термизий, Бухорий, Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Албатта, бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб: “Эй Расулуллоҳ, агар фарз намозларни ўқисам, Рамазон (рўзасини) тутсам, ҳалолни ҳалол, ҳаромни ҳаром десам ва буларга ҳеч нарсани зиёда қилмасам, жаннатга кираманми?” деб сўради. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ҳа” дедилар. Имом Муслим ривояти.
Аллоҳ таоло гуноҳларимизни кечирсин ва жаннатига меҳмон қилсин, омин!
Интернет маълумотларидан Нозимжон Иминжонов таржимаси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Сиз ҳеч қачон ютқазмайдиган, касодга учрамайдиган учта тижорий келишув ҳақида эшитганмисиз? Унда ушбу оятга қулоқ тутинг:
"Албатта, Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиганлар,
- намозни тўкис адо этиб,
- Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора нафақа қиладиганлар ҳаргиз касодга учрамайдиган тижоратдан умидвор бўлурлар" (Фотир сураси, 29-оят).
Изоҳ: "..ҳаргиз касодга учрамайдиган тижоратдан умидвор бўлурлар". Бу ушбу оятнинг асосий хулосасидир. Дунёдаги тижоратда фойда ҳам, зарар ҳам бўлиши мумкин. Лекин юқорида санаб ўтилган уч амални – Қуръон тиловати, намоз ва инфоқни – бажарган инсонлар Аллоҳ билан бўлган "тижорат"дан ҳеч қачон ютқазмайдилар. Бу тижоратнинг фойдаси бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам бўлади. Бу дунёда қалб хотиржамлиги, барака, ҳаётда маъно топиш кабилар, у дунёда эса Аллоҳнинг розилиги, жаннат ва абадий саодатдир. Бу тижорат – ҳақиқий ва абадий муваффақиятдир.
Доктор Аҳмад Исо Маъсоравий