Қуръонни ўқиб, маъноларини тушуниш учун Тафсири Ҳилол, Тафсири Ирфонни ўқиб, ўша маънолар ҳақида тафаккур қилган инсоннинг қалби яхши томонга тез ўзгаради.
Тафаккур қилиб, қалбида ўша маъно жо бўлгандан кейин ўша оятларнинг тиловатини кўзни юмиб эшитилса, катта ўзгариш бўлади.
Салафи солиҳларимиз Рамазон ойи келса, барча ишларини тўхтатиб, Қуръонни ўқишга, ўқитишга, оятлари устида тафаккур, тадаббур қилишга киришар эканлар.
Юнус ибн Язид айтади: “Ибн Шиҳоб Зуҳрий Рамазон ойи кирса, “Бу ой Қуръон тиловати ва таом улашиш ойидир” дердилар”.
Зубайд Ёмий Рамазон ойи келса, Мусҳафни олиб келар (яъни Қуръонни тиловат қилишга астойдил киришар) ва дўстларини ҳам шу ишга жамлардилар.
Саъид ибн Жубайр раҳимаҳуллоҳ ҳар икки кечада Қуръонни хатм қилардилар.
Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий раҳимаҳуллоҳ Рамазон ойида кундузи бир хатм, ҳар уч кунда таровеҳ намозидан кейин яна бир хатм қилар эдилар.
Ҳа, улуғларимиз Рамазон ойида Қуръони Каримга ана шундай муомалада бўлардилар. Биз ҳам Қуръон ойида Қуръонни кўпроқ ўқийлик, оятларининг маъноси борасида тафаккур қилиб, қалбимизни поклашга уринайлик!
Аллоҳ таолонинг Ўзи бу борада барчамизга мадад берсин!
Нозимжон Иминжонов тайёрлади
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Хаттотлик мактабини ташкил этилди. Мазкур муҳим илмий-маърифий лойиҳа буюк саркарда Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган «Темурийлар даври хаттотлик мероси — анъаналар давомийлиги» мавзусидаги семинарда эълон қилинди.
Семинар ислом санъати, тарих ва филология соҳаларидаги етакчи мутахассисларни бирлаштириб, хаттотлик санъатининг маънавий ва маданий аҳамиятини кенг муҳокама қилиш учун муҳим майдон бўлди.
- Ҳаттотлик мактаби Ислом цивилизацияси марказида очиш ташаббуси 2025 йил 29 январида муҳтарам Президентимиз томонидан таклиф этилганди. Бир йил ўтгач, ушбу ташаббусни барча ҳалқаро ташқилотлар қўллаб-қувватлаб, Темурийлар тамаддунига бағишланган конференция доирасида бу лойиҳага старт берилди. Хаттотлик мактабининг ташкил этилиши мамлакатимизда маданий меросни асраш ва тарғиб этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларнинг мантиқий давомидир, - деди Ф. Абдухолиқов тадбир иштирокчиларига қаратилган нутқида.
Қайд этилганидек, Темурийлар даврида хаттотлик санъати юксак тараққиёт чўққисига кўтарилиб, маданий юксалиш рамзига айланган. Олимлар тақдим этган маълумотларга кўра, Амир Темур марказлашган давлат барпо этгач, турли ўлкалардан энг моҳир хаттотларни пойтахтга жамлади. Сулс, настаълиқ ва куфий хат турлари ўзининг чўққисига чиқди. Қуръони Каримнинг "Бойсунқур" нусхаси каби улуғвор асарлар битилди.
Халқаро экспертлар ушбу ташаббусни юқори баҳоладилар. Жумладан, IRCICA бош директори Маҳмуд Эрол Қилич ислом хаттотлигининг жаҳон маданиятидаги ўрни, унинг юксак эстетик ва маънавий қиймати ҳақида фикр билдирди. Туркия Қўлёзма асарлар бошқармаси раиси Жўшқин Йилмаз Сулеймания кутубхонасида сақланаётган ноёб қўлёзмалар ҳақида маълумот бериб, уларнинг катта қисми Марказий Осиё тарихи билан боғлиқ эканини таъкидлади. Буюк Британиядаги Al-Furqan Islamic Heritage Foundation директори Сали Шахсувари эса Темурийлар даврини ҳақиқий маърифий ва маданий уйғониш даври сифатида баҳолади.
Таъкидланишича, Хаттотлик мактаби нафақат таълим муассасаси, балки илмий-тадқиқот ва маданий марказ сифатида фаолият юритади. Унинг доирасида мутахассислар тайёрлаш, қўлёзмаларни сақлаш ва реставрация қилиш, шунингдек, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш режалаштирилган.
t.me/islommarkazi