Рамазон ойида ҳаммамиз тақводор бўлишга уринамиз. Намоз ўқиш, садақа бериш, етимлар, бева-бечоралар ҳолидан хабар олишга интилиб, қариндошлар билан борди-келдини кучайтирамиз. Оила, фарзандларга кўпроқ эътибор берилади.
Аммо Рамазон ойидан кейин баъзи кишилар бу улуғ ойдаги тақволарини ушлаб қололмай, Рамазондан олдинги хатоларини яна давом эттираётганлари кўзга ташланиб қолади.
Хўш, биз Рамазон ойидаги руҳий ҳолатимизни, ибодатларга бўлган интилишимизни бу ойдан кейин ҳам давом эттиришимиз учун нима қилишимиз керак?
Жавоби оддий: биз тақволи бўлишга фақат Рамазон ойида эмас, балки бутун умримиз давомида буюрилганимизни унутмасак ва шунга кўра ҳаракат қилсак бўлди.
Аллоҳ таоло бизни фақат Рамазонда эмас, балки доим кузатиб туради. Амалларимизни доим ҳисоб-китоб қилиб боради.
Намоз доим фарз. Закот доим фарз. Солиҳ амалларни қилиш ва гуноҳлардан тийилиш биздан доим матлубдир. Ота-она зиёрати, силаи раҳм, яхши қўшничилик, намозларни масжидда жамоат билан адо этиш доим муҳимдир. Рамазонда астойдил уриниб қиладиган солиҳ амалларимизни, аслида, доим қилиб юришга буюрилганмиз. Фаришталар бизнинг амалларимизни вафот этгунимизча ёзиб боришади. Эҳсон, инфоқ, мурувват ҳамиша қилиниши керак. Аллоҳ таоло солиҳ амалларимизга ҳамма вақт савоб беради. Хато ва маъсиятларимиз ҳамиша гуноҳ деб ёзиб борилади. Биз гуноҳдан умримиз охиригача четда бўлишимиз керак.
Аллоҳ таоло бизни умр бўйи тақво қилишга амр этган. Шу амрида бардавом бўлишимизни, Рамазондан кейин ҳам Рамазон ойи шукуҳида, охиратга тайёргарлик кўрувчи инсон бўлиб юришимизни насиб этсин, омийн!
#muharram #ashuro #kafforat #iftorlik #saharlik
25 июнь пайшанба куни Муҳаррам ойининг 10-куни – Ашуро кунидир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ашуро кунининг рўзаси – Аллоҳдан умид қиламанки – бир йил олдинги гуноҳларга каффорат бўлади", деганлар (Имом Муслим ривояти).
Уламоларимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ниятларига эътиборан, Ашуро кунига қўшиб бир кун олдинги ёки бир кун кейинги кунда ҳам рўза тутмоқ афзал дейдилар.
Оғиз ёпиш ва очиш вақти (Тошкент вақти билан):
9 Муҳаррам - 24 июнь - чоршанба
Саҳарлик (оғиз ёпиш) вақти: 03:05
Ифторлик (оғиз очиш) вақти: 20:05
10 Муҳаррам - 25 июнь - пайшанба
Саҳарлик (оғиз ёпиш) вақти: 03:05
Ифторлик (оғиз очиш) вақти: 20:05
11 Муҳаррам - 26 июнь - жума
Саҳарлик (оғиз ёпиш) вақти: 03:05
Ифторлик (оғиз очиш) вақти: 20:05
Нияти: Холис Аллоҳ учун нафл рўза тутишни ният қилдим.
Даврон НУРМУҲАММАД