Танловга!
Ифторлик дастурхонига патир олиш учун новвойхонага кирдим. Харидимни қилиб, чиқиб кетаётгандим “Бир дона нон беринг” деган маҳзун сас қулоғимга чалинди. Бошимни кўтариб, овоз келган томонга қарадим. Уст-боши юпун, оёғидаги резина шиппаги едирилиб кетган аёл музтаргина новвойга термулиб турарди. Юрагим қалқиб кетди. Елим халтадаги иссиқ патирдан таралаётган тафт оташ каби бутун вужудимни ёндирарди. Бўғзимни ачиштираётган тутун нафас олишга тўсқинлик қилар, на ортга қайтишни, на олдга юришни билмай қолдим...
Яқинларимиз, қўшни, қариндошимиз, маҳалладош, юртдошимиз ва ёки бир нотаниш инсон ҳозир оч, чанқоқ, ёлғиз, бемор, парваришга муҳтож ёхуд чорасиз бўлиши мумкин. Биз эса “шу пайтда ҳам камбағал, эҳтиёжманд қолдими?” деб ҳайратланамиз. Дастурхон тузаганимизда ширину нордон, аччиғу шўр, қуюғу суюқ, фойдалию зарарли демай, исрофу уволни ўйламай егуликларни тўкиб-сочамиз. Рамазон ифторликларини ўтказишда ким ўзарликда рекорд ўрнатишга киришганмиз. На ниятимиз чиройли, на амалимиз. Оғриқлиси, дастурхонимизга қорни тўқларни даъват этамиз. Ифторлик, эҳсон деганлари савоб учун, Аллоҳнинг розилиги учун қилинажак ишлар эди. Биз нималарга қодирлигимиз, қўлимиз қанчалик узунлигини кўз-кўз қилиш учун ундан фойдаланаяпмиз. Биродар, сиз қандай тушунсангиз тушунинг, аммо биз айтамизки, бугун ёнбошлаб олиб паққос тушираётганимиз неъматларда фақиру ғариблар, етиму мискинлар, заифу муҳтожларнинг ҳақи бор! Бу борада элдан ошириб гапиролмаймиз: “Имкони борнинг имкони йўқдан қарзи бор!” .
Баъзан номдор емакхоналарда ифторлик дастурхони ёзяпмиз. Ўйга толасан киши: емакхонада, ҳамманинг кўз ўнгида ифторлик бериб савоб олмоқчи бўлганлар ошкора амаллар риёга ўтиб қолишини мулоҳаза қилмаганмиканлар? (Биз бу ҳолатларда шом намози қазо бўлиши, эркаклар емакхона атрофидаги масжидларда ибодатни адо этсалар-ку майли, аёлларнинг ибодати қазо бўлиши ҳақида индамадик). Айримлар ифторлик дастурхонларини суратга олиб, интернетдаги шахсий саҳифаларига жойлаштириб “ёқди” йиғиб “шуҳрат” қозонмоқдалар. Ислоҳга нақадар муҳтожмиз, тўғрими?..
Болалигимда онам қўлимга пул тутқазиб девор остидаги тиланчини кўрсатиб “Ҳов, ўша бобога бериб келасан. Дуо қилса, сен ҳам ниятларингни айтиб “Амин” дегин” дердилар. Тиланчига пул беришни яхши кўрардим болалигимда. Болаликнинг кўзлари катта, кўнгли кенг бўларкан-да. Гўё фавқулодда катта ишни бажаргандай, дадамга мақтанганимда онам “Тиланчига садақа берганингни ҳаммага айтсанг, ниятларинг ижобат бўлмайди” дегандилар. Шу бўлдию, тиланчига пул берганимни дадамга ҳам, ўртоқларимга ҳам мақтанмай қўйдим. Болаликнинг ишончию ихлоси, иймонию ижросида риё бўлмайди. Катта бўлганимиз сари ҳар қадамимизни атрофдагилар учун босиб, ҳар амалимизнинг вазнини “Одамлар нима дейди?!” деган ўй билан ўлчаймиз. Одамларга ёқиш, кимлигимизни кўрсатиб қўйиш илинжи амалларимизни риёга қориштираверади. Қанийди, қанийдия, истагимиз фақат Аллоҳнинг розилигига эришиш бўлса эди! Кошкийди, амалларимиз одамларнинг мақтовларига эмас, Роббимизнинг марҳаматига муваффақ бўлиш учун бажарилса эди. Эл-юртга сездирмай маънавий-моддий дастакка муҳтожларга ёрдам қўллари узатилса эди. Шифохоналарда бир кунлик дори-дармонни фалон пулга сотиб олаётган, фарзандини даволаш учун бор-бисотини сотиб, камига қарзга ботиб қолганлар кўп. Биз дабдаба билан ёзаётган саҳарлигу ифторлик дастурхонига сарфланаётган пуллар кимларнингдир мушкулини осон қилиши мумкин, замондош. Бу каби савоб ишларни санаб адо қилолмаймиз. Тўлов-контракт билан ўқиётган талаба жиянимиз, бир неча йилдан бери уйининг томини ёполмаётган укамиз, рўзғор, болаларининг ташвишидан ошиниб даволанишни пайсалга солаётган опа-синглимиз шундоқ кўз олдимизда яшаяпти. Биз эса савобни узоқлардан, қорни тўқлардан излаш билан овворамиз.
Кимнингдир оғирини енгил қилиш учун бой-бадавлат бўлиш шарт эмас. Аввало, энг катта ёрдам — маънавий кўмак. Кекса, парваришга муҳтож, ёлғизларнинг ҳолидан хабар олиш, уй-жойини супуриб-тозалаб, бир қошиқ овқат билан кўнглини олиш ҳам савоб. Гўдаклари нораста, уй-жойи таъмирталаб бевалар бор. Болаларининг ризқидан қийиб нураган девори, бўёғи кўчган эшигини эпақага келтиролмайди. Ифторлик баҳонасида гап-гаштакдан бери келмайдиган аҳли аёлимиз орқали уларга ёрдам бериб, ҳожатини раво қилишимиз ҳам савоб.
Электр энергияси, табиий газ, солиқ ва бошқа тўловларни ўз вақтида тўлашимиз, қўни-қўшничилик ҳақига риоя қилишимиз ҳам савоб. Айримларимиз, коммунал тўловлардан бўйнимизгача қарзга ботганмизу, серҳашам ифторлик дастурхони кўйида овворамиз. Тўловларни тўлашга қурби етмай, қўли калталигидан боши хам инсонлар бор. Масъул идоралардан вакиллар келиб эшигини тақиллатса, “томоша”га ошиқамиз. Шундайларга ёрдам бериб, қарзини узиб ўрнак кўрсатсак эди...
Нуқул, негатив ўйлар билан юрагингизни сиққаним учун узрлар. Аммо сиз, ҳа, айнан сиз айта оласизми менга, ифторлик дастурхони ёзганингизда кимларни даъват қилдингиз, уларнинг орасида қанча эҳсонга муҳтож, қанча фақир бор эди?..
Ҳеч кимнинг чўнтагини ковлаш, пулини ҳисоблаш ниятимиз йўқ. Аммо Рамазони Шарифнинг муборак номи тилга олинганда, бошқача бўлиш ҳам мумкин эмас. Яъни, ниятимиз савобга муваффақ бўлишми, амалимиз ҳам шунга кўра бўлиши керак. Зотан, рўза ибодати қорин очлигию, ташналик учун эмас, атроф-жавонибдаги очу ташналар, муҳтожу фақирлар ҳолини англашимиз учун фарз қилинган.
Тафти оловдай қўлимни куйдираётган патирга қараб ўйга толаман: мен Муборак Рамазон ойининг ҳақини қанчалик адо қила олаяпман? Ҳозиргина гувоҳи бўлганим воқеа рўза ибодати ҳақини муносиби қадар адо этолмаётганимни аён қилди. Қўлимдан келса-да, эҳтиёжманд инсонларга ёрдам беролмаганим, бермаганимни мулоҳаза қилиб ўзимни тафтиш қиляпман. Сиз ҳам “Аллоҳ розилиги”, “савоб олиш” йўлидаги амалларингизни бир қур кўздан кечирсангиз, яхши бўларди, замондош. Бу йўлда эътиборингиздан четда қолган муҳтож, ғариб, кекса, етим, бева ва ёки бемор йўқмикан? Ноўрин жойларгаю кишиларга ўринсиз сарф-харажат қилиб, муҳтожларнинг ҳақига хиёнат қилмадингизми? Умуман олганда, муборак Рамазон ойи моҳиятини англай олдингизми? Умид қиламизки, жавобингиз ижобий.
Айтаримиз шу эди. Зинҳор ақл ўргатмадик...
Умида АДИЗОВА
Сўнгги йилларда юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида тарихий меросни асраш, уни замонавий талаблар асосида ривожлантириш ҳамда зиёрат туризмини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Пресс-тур иштирокчилари дастлаб Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қайта барпо этилган мажмуада зиёратчилар учун барча қулайликлар муҳайё этилган. Мажмуа ҳудудида 15 гектар майдонда барпо этилган инфратузилма доирасида тўрт ва уч юлдузли меҳмонхоналар, оилавий меҳмон уйлари ҳамда автотураргоҳлар қурилган. Барча объектлар замонавий коммуникация тармоқлари билан таъминланган бўлиб, ҳудудда ободонлаштириш ишлари ҳам юқори савияда амалга оширилган. Бу ўзгаришлар натижасида мажмуа бир кунда 65 минг нафар зиёратчини қабул қилиш имкониятига эга бўлиб, зиёрат туризмининг ривожига катта ҳисса қўшмоқда.
Мажмуада 10 минг кишига мўлжалланган улкан масжид, 154 устунли миллий услубдаги муҳташам айвон ва маъмурий бинолар барпо этилган. 9 павильондан иборат инновацион музейда эса Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий мероси, ислом маърифати ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси ҳақида кенг маълумотлар жамланган. Музей экспозицияларида Қуръонда номи зикр этилган пайғамбарлар тарихи, ҳадис илмининг шаклланиши ва ривожи ҳақида ҳам қизиқарли маълумотлар ўрин олган.
Қадамжода 14 та мовий гумбаз ва 75 метрлик 4 та минора мажмуага улуғвор қиёфа бағишлаган. Пресс-тур иштирокчилари Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида ҳам бўлиб, унинг фаолияти, илмий салоҳияти ва амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Жорий йил 27 март куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилганига 9 йил тўлди. Марказнинг ташкил этилиши мамлакатимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган изчил ислоҳотларнинг яққол амалий натижаси бўлиб, у аждодларимизнинг бебаҳо илмий ва маънавий меросини, ислом илмларини чуқур ўрганиш ва кенг жамоатчиликка етказишда муҳим илмий платформага айланди.
– Бутун мусулмон оламида ҳадис илми ҳақида гап кетса, Имом Бухорий номи алоҳида тилга олинади, – дейди марказнинг илмий-тадқиқот ишлари бўйича директор ўринбосари Отабек Муҳаммадиев.
– Имом Бухорийнинг “Саҳиҳи Бухорий” китоби дунёда тан олинган энг мўътабар олтита ҳадис китобидан биридир. Ўн ёшидан бошлаб ҳадис илмини ўрганган аллома бобомиз 20 дан ортиқ асар ёзганлар. Музейимиздан ўрин олган ҳар бир экспозиция буюк бобокалонимизнинг ҳаёти ва фаолиятидан сўзлайди. Хуллас, янгиланган мажмуа бугунги кунда нафақат зиёратгоҳ, балки илм-маърифат, тарбия ва маънавий юксалиш маскани сифатида хизмат қилмоқда. Бу эса мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, миллий ва диний меросни асраб-авайлаш борасида олиб борилаётган изчил сиёсатнинг ёрқин намунасидир.
Тадбир давомида марказ фаолиятига бағишланган тақдимот ўтказилиб, сўнгги йилларда амалга оширилган илмий тадқиқотлар, нашрлар, халқаро ҳамкорлик алоқалари ва маънавий-маърифий лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Иштирокчилар қўлёзмаларни реставрация қилиш ва консервациялаш лабораториясида бўлиб, нодир қўлёзмаларни асраш ва ўрганиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
– Бугунги кунда фондимиздаги мингга яқин қўлёзма китоблар мавжуд бўлиб, уларнинг орасида реставрацияга муҳтож китоблар ҳам бор, – дейди марказнинг илмий ходими Бахтиёр Иботов. – Бу китобларнинг барчаси қўл меҳнати орқали реставрация қилинади ва табиий ашёлардан фойдаланилади. Реставрация жараёнида китобнинг асл ҳолати ва кўринишига алоҳида эътибор қаратамиз. Унга бошқача тузатишлар киритилишига йўл қўйилмайди. Ҳар бир китобни реставрация қилиш учун унинг ҳолатига қараб уч ойдан икки йилгача вақт талаб этилади. Бизда конвейер усули қўлланилмайди. Ҳар бир ходимимиз муқовани, саҳифани ҳамда китобни тикиш жараёнини тўлиқ бажара олиши керак. Шунинг учун ходимларимиз доимий равишда юртимизда ва хорижий давлатларда малака ва билимларини ошириб боради.
Пресс-тур доирасида ОАВ вакиллари мажмуага саёҳат қилиб, қимматли маълумотларга эга бўлди.
А. Бўриев, С. Аслонов (сурат), ЎзА