Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Июл, 2026   |   9 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:32
Қуёш
05:04
Пешин
12:35
Аср
17:37
Шом
19:53
Хуфтон
21:23
Bismillah
23 Июл, 2026, 9 Сафар, 1448

“Сизларга фарз бўлиб қолмасин, дедим”

17.05.2019   35358   2 min.
“Сизларга фарз бўлиб қолмасин, дедим”

Рамазон – таровеҳ ойи. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мағфиратга ноил бўлиш, ажру савобларни кўпайтириб олиш учун бу ойда тунлари ибодатга қоим бўлишга тарғиб қилиб: “Ким Рамазон кечалари имон билан, савоб умидида қоим бўлса, ўтган гуноҳлари кечирилади”, деганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). Олимлар Рамазон кечалари қоим бўлишдан мурод таровеҳ намозини адо этишдир, деганлар. Таровеҳни масжидда жамоат бўлиб ўқиш Саодат асридан бошланган амал. Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таровеҳ намози банданинг гуноҳлари мағфират бўлишига сабаб эканини таъкидламоқдалар. Олимлар бу ерда гуноҳлар дейилганда кичик кичик гуноҳлар назарда тутилганини таъкидлашган.

Тунги намоз мўминлар шарафи, солиҳлар одати, обидлар яқинлигидир. У бандани Аллоҳ таолога яқинлаштирувчи энг афзал амалдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Тунги намозни канда қилманг. У сизлардан олдин ўтган солиҳлар одати, Раббинггизга яқинлик, гуноҳларга каффорат, маъсиятлардан қайтарувчидир” (Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривояти).

Рамазон кечаларида қоим бўлиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннат қилган улуғ ибодат. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тунда масжидда намоз ўқидилар. У зотнинг бир қанча саҳобалари у зотга эргашиб уч кеча намоз ўқишди. Тўртинчи кеча масжидга одам сиғмай кетди. Ўша кеча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга чиқмадилар. Тонг отганда у зот: “Сизларнинг йиғилганларингизни кўрдим. Сизларнинг олдингизга чиқишдан мени тўсган нарса шуки, бу намоз сизларга фарз бўлиб қолишидан қўрққаним”, дедилар. Бу Рамазонда бўлган эди” (Имом Бухорий ривояти). Бу ҳадисдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига шафқатлари ва саҳобаларнинг суннатга, Рамазон кечаларини ибодат билан ўтказишга қанчалик эътиборли бўлганларини кўриш мумкин.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким имом кетгунича у билан бирга намоз ўқиса, унга кечани ибодат билан ўтказганлик савоби ёзилади” (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти). Яъни ким хуфтон, таровеҳ ва витр намозларини имом билан бирга ўқиса, ўша кечани ибодатда ўтказганлик савобига эга бўлар экан. Шундай экан, бу ибодатга эътиборли бўлиш, унда давомли бўлиш кўп ажру савоб келтиради.

Рамазоннинг ҳар они муборак, шарафлидир. Шундай экан, мусулмон киши бу ойни ғанимат билиб  рўза, тиловат, таровеҳ, дуолар билан ўтказиши матлубдир.

Жамшид ШОДИЕВ тайёрлади.

Рамазон-2019
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ўзбек ҳужжатли фильми Ал-Азҳар орқали халқаро аудиторияга тақдим этилмоқда

22.07.2026   5187   1 min.
Ўзбек ҳужжатли фильми Ал-Азҳар орқали халқаро аудиторияга тақдим этилмоқда
 

Бундан бироз олдин Миср Араб Республикаси Ал-Азҳар университети ҳузуридаги турли тилларда геомаънавий таҳдидлардан огоҳ этувчи медиа маҳсулотлар тайёрлайдиган обсерваториянинг расмий ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси қошидаги “Зиё” медиа маркази томонидан тайёрланган “Ҳидоят либосидаги жаҳолат” номли ҳужжатли фильм ўзбек ва инглиз тилларида жойлаштирилгани ҳақида хабар берган эдик.

5402384408544745000

Эътиборлиси, “Зиё” медиа марказининг мазкур ҳамкорлиги давомли тус олмоқда. Гап шундаки, ўтган ҳафта мазкур фильмнинг иккинчи қисми ҳам Ал-Азҳар обсерваторияси платформаларига жойлаштирилди.

Фильм илм ва маърифатнинг аҳамиятини, жаҳолат ва радикаллашувнинг жамиятни қандай ҳалокатга олиб боришини аниқ мисоллар ва ушбу мавзуга ихтисослашган теран фикрли экспертлар иштирокида кўрсатиб беради.

5402384408544745000

Фильмда “Ал-Азҳар” обсерваторияси директори, исломшунос олима Рейҳан Абдулла Салама, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси профессори Ҳабибулла Садибақосов, Александрия кутубхонаси директори, профессор Аҳмад Абдулла Зайед, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси ҳузуридаги Диний-маърифий соҳада малака ошириш ва қайта тайёрлаш институти директори Ҳусниддин Аҳмедов иштирок этган.

5402384408544745000

Фильм муаллифи Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, публицист, “Зиё” медиа маркази директори Абдулҳамид Мухторов. Фильмга Ўзбекистон Киноарбоблари ижодий уюшмаси аъзоси, бир қатор фильмларни саҳналаштирган Микойил Сулаймонов режиссёрлик қилган. Мавзу юзасидан маслаҳатчи тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Ўткирбек Ҳасанбоев. Фильм жуғрофияси Ўзбекистон, Миср, Туркия давлатларидаги илмий-тадқиқот марказлари ва уларнинг экспертларини қамраб олган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари