Зироъ деб ҳайвонларнинг қўлига айтилади. Фақат инсондагина қўлнинг тирсагидан ўрта бармоқнинг учигача бўлган миқдорга айтилади. Шаръий ҳукмларнинг масофа ва узунликка оид мавзуларида зироъ асосий ўлчов бирилиги сифатида кўрсатилади. Кўплаб манбалар, хусусан, фиқҳий манбалар унинг инсон қўлидан тирсакдан бошланиб бармоқ учигача бўлган миқдор эканлиги, у олти мушт, мушт эса тўрт бармоқ, бармоқ эса бирининг олди иккинчисининг орқасига қилиб ёпиштириб қўйилган ўртача олтита арпа, арпа эса хачирнинг думидан олинган олтита соч миқдоридадир.
Маҳмудбек Фалакий (вф.1302 ҳ.) зироъ узунлигини
белгилаш учун бир неча тажрибаларга қўл урган. Жумладан, у ўртача қоматдаги 30 та инсоннинг қўлини ўлчаб чиққан ва ўртача зироънинг узунлиги 48 см деган хулосага келган.
Шунингдек, Иброҳим ибн Мустафо (вф.1328 ҳ.) ҳам бу борада қиёсий тажриба ўтказган. У 144 та арпанинг ён тарафини ўлчаган ва бу ишни 55 марта такрорлаган. Яна у бундай тажрибани хачир думидан олинган сочда ҳам 81 марта такрорлаган ва ҳисоб-китоблар натижасига кўра бир шаръий зироъ 48.5 см деган хулосага келган.
Шаръий зироънинг миқдори борасида энг дақиқ ўлчов Мисрнинг Азҳар жомиъасида жойлашган Табарсий мадрасасининг ҳовузидан маълум бўлган. Чунки уни ҳанафийлар қурган. Маълумки, ҳанафий мазҳабига кўра оқин бўлмаган сув 100 зироъ квадрат бўлгандагина таҳоратга яроқли бўлади. Маҳмудбек Фалакийнинг нақл қилишича, “Азҳар”га қарашли Табарсий мадрасасидаги ҳовузнинг масофаси роппа-роса 100 зироъ квадрат бўлиш шартига кўра қурилган. Маҳмудбек Фалакий ушбу ҳовузни ўлчаб унинг кенглиги 3.95 м, узунлиги эса 6.16 м.га баробар эканлигини аниқлаган. Бу унинг 24.332 м. квадрат 67 эканлигини билдиради. Бу миқдорни 100 га тақсим қилинса, 0.24332 м квадрат чиқади. Бу шаръий бир зироъ квадратнинг миқдоридир. Бу сонни илдиз остига бўлиш амалиётига кўра тақсимласак, 0.4932747712989 м, яъни 49. 32747712989 см чиқади.
Баъзи манбаларда эса бир зироъ 46 см дея кўрсатилган. Шулардан келиб чиқиб, биз “кирбос зироъси” деган иборага “Тадқиқотларга кўра мазҳабимизда бир зироъ 46-49.32 см ни ташкил қилади” дея изоҳ бердик. Шулардан келиб чиқиб биз зироънинг ўртача миқдорини 48 см деб олдик. Чунки юқоридаги иборалардан бир зироънинг олти мушт эканини, бир мушт эса тўрт бармоқдан иборат эканлиги маълум бўлган эди. Тажрибаларга кўра бир бармоқнинг эни тақрибан 2 см ни ташкил қилади. Олти муштда эса 24 бармоқ бор. 24 ни иккига кўпайтирилса 48 см келиб чиқади.
Ўзбекистон Халқаро Ислом академияси магистранти,
“Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси
Жўрабоев Ҳабибуллоҳ
Жорий йилнинг 19-20 август кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» номли I илмий-амалий анжумани Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтади.
Давлатимиз Раҳбари томонидан ҳар жабҳада олиб борилаётган янгиланиш ва ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда Диний идора тарихида илк бор ўтказилаётган ушбу тадбирда жами 700 нафар педагог ва соҳа мутахассиси, жумладан, 300 нафар иштирокчи бевосита анжуман залида, 400 нафар иштирокчи эса ҳудудлардан видеоселектор орқали қатнашади.
Анжумандан кўзланган мақсад соҳадаги истиқболли режаларни муҳокама қилиш, диний таълимда педагогик ва касбий маҳоратни ошириш, таълим жараёнига замонавий технологияларни янада кенг татбиқ этиш ҳамда диний таълимни янги босқичга олиб чиқишдир.
Дастур доирасида соҳа раҳбарлари иштирокида таҳлилий маърузалар, таниқли профессорлар томонидан маҳорат дарслари, илмий-методик машғулотлар бўлиб ўтади. Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ислом цивилизацияси маркази билан яқиндан танишиб, Ҳазрати Имом мажмуасидаги тарихий қадамжо ва обидаларни зиёрат қилишади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати