Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Апрел, 2026   |   26 Шаввол, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:21
Қуёш
05:44
Пешин
12:28
Аср
17:06
Шом
19:07
Хуфтон
20:24
Bismillah
15 Апрел, 2026, 26 Шаввол, 1447

Ҳеч бир ҳолатда канда қилманг

18.02.2019   19867   3 min.
Ҳеч бир ҳолатда канда қилманг

«Инсонга зарар етганда, ётган ҳолда, ё ўтириб ёки тик туриб ҳам Бизга илтижо қилади. Ундан зарарини кетказганимизда эса, гўё етган зараридан Бизга дуо қилмагандек кетаверади. Мана шу тарзда исрофчи (тажовузкор)ларга ўз қилмишлари зийнатли (чиройли) қилиб қўйилди» (Юнус, 12).

«Инсонга зарар етганда, ётган ҳолда, ё ўтириб ёки тик туриб ҳам Бизга илтижо қилади…»
Абу Лайс Самарқандий тафсирида: “Агар бандага касаллик, камбағаллик ва бало каби ёмон кўрадиган нарсалари тегса, банда ётган ҳолида ҳам Аллоҳга илтижо қилади. Касали енгилроқ бўлса ўтирган ҳолида дуо қилади, агар касаллигидан асорати қолган бўлса, юриб турганда ҳам дуо қилади”, деган.

Маҳмуд Замахшарий оят тафсирида: «Бу оятда дуо қилувчининг уч ҳолатини айтиб ўтишдан нима фойда дейилса, мен айтаманки, бунинг маъноси “Зарар кўрган инсон токи ўша зарари йўқолмагунча Яратганга дуою илтижо қилишдан тўхтамайди. У бизга ҳар қанақа ҳолатида ҳам, тура олмай ётиб қолганда, тик тура олмай ўтириб қолганда ёки тик тура олади-ю, аммо юришга тоқати йўқ бўлса ва баъзиси эса тўшакка “мих­ланиб” қолиб ётганда ҳам дуо қилаверади. Бу билан банда ўзига енгиллик ва соғлиқ сўрайди ва мусибатни ўзидан даф қилишга ҳаракат қилади».

«Ундан зарарини кетказганимизда эса, гўё етган зараридан Бизга дуо қилмагандек кетаверади. Мана шу тарзда исрофчиларга ўз қилмишлари зийнатли қилиб қўйилди».
Фахриддин Розий тафсирида бундай дейилади: “Бу оятда бало, мусибат тушганда инсон сабрсиз бўлиши, роҳат-фароғатда бўлганда оз шукр қилиши баён қилинган. Агар инсон бошига бирор ташвиш тушса, уни ўзидан узоқлаштиришини, мусибатни неъматга алмаштиришини Аллоҳ таолодан сўраб жидду жаҳд билан туриб, ўтириб, ётиб зорланиб дуо қилади. Агар Аллоҳ ундан мусибатни даф этиб омонлик ва офият берса, шукрдан юз ўгиради. Бошига тушган у мусибатни эсламайди ва неъматлар қадрини билмайди. Худди бошига тушган мусибатни кетказиш учун дуо қилмаган инсондек бўлиб олади. Ақлли инсон бало-мусибатга сабр қилиши, ҳузур-ҳаловат ва неъматларга эришганда шукр қилиши вожиб бўлади. Киши қийинчилик вақтида дуоси қабул бўлиши учун роҳат-фароғатда бўлган вақтида кўп зорланиши ва дуо қилиши керак.

Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Хурсандчилик кунларида Аллоҳни танисанг, қийин кунларда Аллоҳ сени танийди”» (Ҳоким, Найсабурий).
Абу Дардо (розияллоҳу анҳу): “Аллоҳ таолога хурсандчилик кун­ларингда дуо қилгин, қийин кунларингда қилган
дуоингни қабул қилади”, дедилар.

Суҳайб (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Мўмин кишининг ҳолига ажабланасан. Аллоҳ унга нимани қазо қилса, яхшилик бўлади. Агар унга ғам етса, сабр қилади, бу унга яхшилик бўлади. Агар унга хурсандчилик етса шукр қилади, бу ҳам унга яхшилик бўлади. Бу ҳолат мўминдан бошқага бўлмайди”» (Имом Муслим).


Абу Мансур Мотуридий, Абу Лайс Самарқандий,
Маҳмуд Замахшарий, Ибн Касир,
Олусий ва Қуртубий тафсирлари асосида
Бадриддин САДРИДДИН ўғли
тайёрлади.

Қуръони карим
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Хушхабар: Тошкент ислом институти устозлари қироат илми бўйича ижоза олди

13.04.2026   8072   1 min.
Хушхабар: Тошкент ислом институти устозлари қироат илми бўйича ижоза олди

Ислом оламида Қуръони каримни муайян қироат йўналиши ва санад (устозлар занжири) билан ўрганиш ҳамда бу борада ижоза олиш қадимий анъана бўлиб, у илоҳий каломни асл ҳолича сақлашга хизмат қилади.


Тошкент ислом институти ҳузуридаги “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курсида ушбу хайрли анъана изчил давом эттирилмоқда. Жумладан, қуйидаги устозлар қироат илмини муваффақиятли якунлаб, ижоза соҳибига айланди: 
 

  • Нуруллоҳ қори Сайдуллаев – “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курси устози. У киши Имом Осим қироатининг Ҳафс ривоятини “Шотибий” йўли асосида тўлиқ топширди.

  • Файзуллоҳ қори Иззатуллаев – Ўқув курсининг Янгийўл тумани филиали устози, Зангиота туманидаги “Садр ота” жоме масжиди имом-хатиби. Файзуллоҳ қори Имом Осим қироати, Ҳафс ва Шўба ривоятларини “Шотибия” йўли орқали якунлади. 
     

Қуръони каримни мазкур йўналишлар бўйича тўлиқ хатм қилган устозларимизга ижоза шаҳодатномаларини 10 та қироат соҳиби, Ал-Азҳар шайхи Иброҳим Муҳаммад тантанали равишда топширди. Мазкур ҳужжат соҳибига Қуръони каримни нафақат қироат қилиш, балки ўзлаштирилган йўналишлар бўйича бошқаларга ҳам дарс бериш ҳуқуқини беради. 
 

Маълумки, ижоза – Қуръони каримни ривоят қилиш учун устоз томонидан бериладиган илмий изндир. Бу шаҳодатноманинг аҳамияти шундаки, унинг силсиласи устоздан устозга ўтиб, бевосита Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга бориб тақалади. 
 

Аллоҳ таоло устозларимизнинг илмий фаолиятларини хайрли ва баракотли қилсин. Қуръон нури билан халқимиз маърифатини юксалтириш йўлидаги хизматларида зафарлар ёр бўлсин! 

Oliymahad.uz


 

Хушхабар: Тошкент ислом институти устозлари қироат илми бўйича ижоза олди Хушхабар: Тошкент ислом институти устозлари қироат илми бўйича ижоза олди
Ўзбекистон янгиликлари