Рабиъул аввал муборак ойлардан биридир.. Бу ойда пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) таваллуд топганлар. Шунинг учун У зотга умматлик даъвосини қилган ҳар бир мўъмин-мусулмон Расулуллоҳ с.а.внинг сийратларини яна бир бор яхшилаб ўрганмоғи, оила аъзоларига ўргатмоғи ва муҳаббати чексиз эканлигини сўзда, амалда кўрсатмоғи лозим.
Росулуллоҳ с.а.в.да барча яхши сифат ва гўзал ахлоқлар жамланган эди. Шунинг учун у Зот с.а.в. инсонлар учун намуна бўлишга энг ҳақли эдилар. Аллоҳ таоло пайғамбаримиз с.а.в.ни барча мусулмонларга намуна қилиб юборган. Бу ҳақида Аллоҳ таоло ўзининг каломи Қуръони каримнинг “Аҳзоб” сураси 21-оятида бундай эълон қилган: “(Эй, иймон келтирганлар) сизлар учун Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир”.
Ҳар бир мусулмон бажараётган ишида пайғамбари с.а.в.дан ибрат олиши лозим. Ибрат олиш эса у зотнинг хулқларига, сўзларига итоат қилишдир. Бу ҳақида Пайғамбар с.а.в: “Кимда ким пайғамбарга итоат этса, демак у Аллоҳга итоат этибди”. Итоат қилишда у зотни кўриш ёки ҳамсуҳбат бўлиш шарт эмас.
Мўмин банданинг Аллоҳга бўлган муҳаббатининг исботи унинг Пайғамбар с.а.в.га эргашиши билан ўлчанади. Пайғамбар с.а.в.га эргашиш мўмин бандага битмас туганмас бахту саодат олиб келади. Оятда: “…шунда Аллоҳ сизга муҳаббат қилади ва сизнинг гуноҳларингизни мағфират қилади”, мўмин банда учун Аллоҳнинг муҳаббатидан ҳам яхшироқ бахт-саодат борми? Бунинг устига унинг гуноҳларини ҳам мағфират қилиб турса!
Ҳазрати Анас р.а.дан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар с.а.в. шундай марҳамат қилдилар: “Сизлардан бирортангиз, ҳаттоки мен у киши учун ўз отасидан, боласидан ва барча инсонлардан кўра севимлироқ бўлмагунимча, ҳақиқий мўмин бўла олмайди”, дедилар.
Ҳадисда ота ва фарзанд хоссатан зикр этилиши нафсга азизроқ ва нафс истакларидан кўра Пайғамбар с.а.в.ни кўпроқ севишлик талабини таъкидловчи нарса бўлиб келди. Бунда кишида солиҳ амалларга, солиҳ зотларга нисбатан муҳаббат пайдо бўлса, билсинки, бу Аллоҳнинг у бандага берган неъмати. Чунки бу инсон ўзи касб қилиб етишиши қийин иш эдида.
Умуман олганда киши ўзга бир кимсага муҳаббат қўйиши учун маҳбубига нисбатан унга 4 нарса сабаб бўлади.
1. Насабининг олийлиги.
2. Ҳасаб яъни хулқи атвори.
3. Жамолининг гўзаллиги.
4. Камолотга етганлиги.
Биз эътибор берадиган нарса шуки, Аллоҳ таоло мазкур 4 сифатни барчасини Пайғамбар с.а.в.да жамлаб қўйган.
1. Насабларини олий қилиб, ўша замондаги Макканинг энг мансабдорларидан бўлган Бани Ҳошим қабиласидан чиқарган.
2. Хулқларини олий қилиб, ҳатто Ўзи Қуръони каримда: “(Эй, Муҳаммад с.а.в.) Сиз буюк хулқ узрадирсиз”, деб таъриф берган.
3. Жамолларини ҳам ҳуснларини ҳам чиройли қилган. Аслида ҳусн билан жамолнинг ўртасида фарқ бор. Ҳусн шундай нарсаки, инсон бир қарашда ақлини олиб ўзига ром қилишликдир. Кейинчалик кўп қарайвериш билан кўникиб охири билинмай қолади. Масалан Юсуф а.с.нинг ҳуснлари. Жамол эса, киши аввал кўришда ҳайратланади, кейин унга яқин юрган сари муҳаббати ошиб, охири қараб тўймайдиган холатга етиб бораверади. Пайғамбар с.а.в.да ҳусн ҳам жамол ҳам мужассам эди. Кунларинг бирида Пайғамбар с.а.в.нинг аёллари Юсуф а.с. ҳақларида гаплашиб: “Юсуф а.с. жуда ҳам чиройли бўлганларидан ҳатто маҳлиё бўлиб аёллар тўғраётган сабзилари қолиб қўлларини ҳам кесиб юборганларини сезмай қолган эканлара” деб айтиб ҳавасманд бўлишибди. Шунда Пайғамбар с.а.в. у мажлисдан ташқарига чиқиб Аллоҳга “Эй Роббим, юзимдаги пардани мендан кўтаргин!” деб сўраганларида Аллоҳ таоло Пайғамбар с.а.в. юзларидаги 40 пардадан бирини кўтарди. У зот с.а.в. қайтиб ичкарига киришлари билан Ҳадича р.а.нинг кўзлари тушибоқ ҳушларидан кетиб йиқилдилар, чунки Пайғамбар с.а.в.нинг чиройлари ақлини олиб қўйган эди. Кейин Аллоҳ яна пардани қайтариб юзларидаги чиройни тўсиб қўйди. Жамол ҳам берилган эди. Ҳар қандай одам аввал у зотга йўлиққанда ҳайбатларидан қўрқардилар, кейин бўлса Пайғамбар с.а.в.нинг юзларига қараб тўймайдиган бўлишган.
4. Камолотлари ҳар жиҳатдан берилган эди. Илм-маърифатда, тақвода, ибодатда етук эдилар. Пайғамбар с.а.в. пурмаъно ва гўзал ҳикматлар билан хосланган эдилар. Араб лаҳжаларини яхши билар ва ҳар бир қабила аҳолисига улар лаҳжасида хитоб қилар, уларнинг тилларида сўзлар эдилар.
Пайғамбар с.а.в. бу дунёга келишлари биз умматлари учун бир намуна, андоза сифатидадирлар. Ҳазрати Оиша р.а. айтадилар: “Росулуллоҳ с.а.в.нинг хулқлари Қуръон эди”. (Имом Муслим ривояти).
Гўёки Аллоҳ таоло: “Эй Муҳаммад с.а.в. уммати, сиз ҳам мана пайғамбарингиз каби бўлсангиз нажотга эришасизлар, Қуръонга мана бундай амал қилишингиз керак. Қуръондаги хулқларни яхшисига амал қилмоқчи бўлсангиз, мана Қуръондаги одобларни амалга оширган зотни сийрати сиз учун катта дастур, амалий бажарувчиси”, деган маънода Пайғамбар с.а.в.ни Қуръоний хулқ билан юборди.
Демак, Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в га уммат бўлган кишиларнинг хулқлари, одоб-ахлоқлари, юриш-туришлари, сўзлари, қўйинки барча жиҳатда У зотга эргашган бўлиш керак. Тилда Расулуллоҳга иймон келтириб, амалда тескари бўлиб туриш комил мўъминлик сифатларидан эмас.
Ўткирхон МАҲМУДОВ,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юртининг
ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари.
ЎМИ Матбуот хизмати
Афв – ўч олишга қодир бўла туриб, тойилиш ва хатолардан ўтиб кечириб юбориш демакдир. Бунинг яна бир маъноси адоват ва нафрат каби иллатларни қалбдан кетказиш бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада: “Қиёмат кунида жарчи нидо қилиб: “Аллоҳнинг зиммасида савоби борлар турсин ва жаннатга кирсин”, дейилади, дедилар. Саҳобалар: “Аллоҳнинг зиммасида ажри борлар кимлар?” – деб сўрашди. Набий алайҳиссалом: “Одамларни афв қилиб юборувчилар” [1], деб жавоб бердилар.
Агарда сиз ҳам Аллоҳнинг зиммасида ажри борлар қаторида бўлишни истасангиз сизга ёмонлик қилган, сизнинг ҳаққингиз борасида хато қилган кишининг хато ва камчиликларини кечириб юборинг. Ахир Аллоҳ таоло: «...Бас, кимки афв этиб (ўртани) тузатса, бас, унинг мукофоти Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта, У золим (тажовузкор)ларни севмас»[2], дейди.
Сизга нисбатан хато қилган кишиларга юмшоқ муносабатда ва сабрли бўлиш, сизни улушингиздан маҳрум қилганларга ҳам зиқналик қилмаслик, сиз билан алоқани узмоқчи бўлганлар билан ҳам алоқани ушлаб қолиш, узилганларини тезлик билан қайта йўлга қўйиш – буларнинг бари қандайин ахлоқ эканини кўрингки, улар ўз соҳибини қиёмат кунида юксак мартаба ва мақомларга эриштиради.
Ривоятларда келишича, бир аъробийни туҳмат қилгани сабабли султоннинг ҳузурига келтиришибди. У йўл-йўлакай «Мана менинг китобимни ўқинглар» деган ояти каримани тиловат қилиб борибди. Атрофдагилардан бири унга қарата: “Бу қиёмат куни айтилади, бугун эмас”, дебди. Аъробий жавоб бериб: “Худо ҳаққи, бу кун қиёмат кунидан-да ёмонроқ. Чунки қиёмат кунида менинг ёмонликларим билан бирга яхшиликларим ҳам кўрсатилади ва ҳисобга олинади. Бугун менинг ёмонликларимни эътиборга оляпсизлар-у, яхшиликларимни инобатга олармидингиз?!” – дебди.
Сиз отасиз! Фарзандингиз бир маротаба хатога йўл қўйдими, бундай вазиятда унинг барча яхшиликларини унутиб юборманг.
Мабодо дўстингиз сизга нисбатан бир гал хато иш қилиб қўйса, сиз у билан бирга елкама-елка туриб ўтказган яхши кунларингиз ва унинг чиройли дўстлиги ва садоқатини эсдан чиқарманг.
Муҳаммад ибн Абу Бакр раҳматуллоҳи алайҳ бундай дейдилар: “Эй инсон! Сен ва Роббинг ўртасида Ўзидан бошқаси билмайдиган хато ва камчиликларинг бор. Аллоҳ уларни кечириб юборишини хоҳлайсан. Агар ростдан ҳам шу гуноҳларинг афв этилиши иштиёқида бўлсанг, у ҳолда У Зотнинг бандаларидан ўтган хатоларни кечир ва афв эт. Аллоҳ сенинг хатоларингдан кечишини истасанг, сен ҳам бандаларининг хатоларини ўтиб юбор”.
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Имом Табароний ҳасан санад билан ривоят қилган.
[2] Шуро сураси, 40-оят.