Мавлид – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таваллудлари, туғилган жойи ва замони, Пайғамбар алайҳиссаломнинг таваллуди муносабати билан ўтказиладиган маросимга берилган ном. Шунингдек, Пайғамбар алайҳиссаломнинг туғилишларига бағишланган манзумалар ва насрий асарлар ҳам мавлуд деб аталади. Шу нуқтаи назардан, Пайғамбар алайҳиссаломнинг туғилган куни “мавлид”, туғилган ойи “мавлид ойи”, туғилган кечаси “мавлид кечаси” деб аталади. Асли “мавлид” бўлган мазкур калима тилимизда “мавлуд” шаклида ҳам қўлланилади.
“Мавлид” кечаси қандай кеча? У Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дунёга келган кеча бўлиб, “Қадр кечаси”, “Меърож кечаси”, “арафа кечаси”, “жума кеча” каби муборак кунлар ва кечалар сирасида ўзига хос аҳамиятли кечадир. Ҳатто Қадр кечасидан-да эътиборли кеча дегувчилар ҳам бор.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туғилган куни қайси кун эканини у зотнинг ўзлари айтганлар. Хусусан, ҳадиси шарифлардан бирида у зотдан нега душанба куни рўза тутишларининг сабабини сўрашганида, “Мен душанба куни туғилдим ва Қуръони карим менга душанба куни нозил бўлди”, деб жавоб берганлари айтилади...
ЎМИ Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ризо – Аллоҳнинг буюрган қазои қадарига нисбатан, бошга тушган бало ҳар қанча оғир бўлишига қарамай, бандада ҳеч қандай норозилик мавжуд бўлмаслигидир. Аммо бу нарса Аллоҳнинг иродаси билан кечаётган ҳар бир жараёнга банда, албатта, рози бўлиши лозим дегани эмас. Масалан, бунда банданинг гуноҳ ишларга ҳам рози бўлиш тушунилмайди. Ризолик ҳам ўринли бўлмоғи даркор.
Ризолик – бу ҳар қандай даъво ва эътирозни кўнгилдан чиқариб, хурсандчилик ва мамнуният туйғусидан ўзга нарсани қолдирмасликдир. Яъни Аллоҳнинг бандаси учун қабул қилган қарорига нисбатан кўнгил хотиржамлигини туйиш ва уни тўлақонлигича қабул этишдир. Шу жумладан, қазои қадар содир бўлгунича инсоннинг ўзича танлаш ихтиёридан кечиши, содир бўлгач эса унга нисбатан норози бўлмаслиги ҳам ризолик аломати ҳисобланади.
Ризоликнинг яна бир белгиси – бу ҳар қандай оғир вазиятларда ҳам Аллоҳга бўлган муҳаббатининг барқарор қолишидир.
Дарҳақиқат, иймон ҳаловатини фақат Аллоҳдан ўзининг Роббиси – тарбият кунандаси сифатида рози бўлган кишигина топа олади. Кўнглида бир зарра бўлса ҳам дунё муҳаббати бўлган одам эса бундай лаззатни ҳаргиз тополмайди.
Аллоҳдан розиликнинг икки хили бор: Аллоҳнинг ўзидан ва унинг аҳкомидан розилик. Ўзидан розилик – бу Унинг ҳамма нарсада гўзал тадбир ва интизом ўрнатувчи эканлигига ишонишдир, аҳкомидан розилик эса Унинг қазою қадаридан рози бўлишдир. Аллоҳдан рози бўлган Унинг қазои қадарига ҳам қарши бормайди, аксинча, рози бўлади. Ким Аллоҳнинг бандасига фақат яхшиликни раво кўришига ишонса Аллоҳ ҳақиқатан унга фақат яхшиликни ирода этади.
Тафвиз ва таслим – бу Аллоҳ иродасига бутунлай тобе бўлиб, ўз хоҳишларидан воз кечишдир. Таслим, Ислом ва истислом – бир негизли сўзлар бўлиб, Аллоҳ олдида бандалик ҳолларини намоён этиш ва Унга бутунлай таслиму итоатда бўлишликни ифодалайди.
Тафвиз – ҳар қандай дунёвий ишларда ўзининг танлаш ихтиёридандан воз кечиб, бутунлай Аллоҳга топшириб қўйиш ҳамда Унинг иродасига зид бўлган барча нарсаларни тарк этишдир.
Тафвиз – Аллоҳнинг ҳукми амалга ошгунича, таслим эса амалга ошгач бўлади дейдилар.
Тафвиз ва таслим – Аллоҳни яхши таниган аҳли маърифатларнинг сифатидир.
“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.