Рабиул аввал.
Ҳижрий учинчи ой.
Бу ой – мусулмонлар қалбидан алоҳида ўрин олган ой. Чунки бу ойда суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам таваллуд топганлар. Ҳатто бу ойга азизларимиз у зотга бўлган муҳаббатлари ифшоси ўлароқ, “мавлид” ойи номини берганлар.
Мавлид ойида биз, мусулмонлар ўз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаёти, суннати сонияларини янада мукаммал ўрганиб ҳаётимизга тадбиқ қилишга зўр берамиз.
“Сен: “ Агар Аллоҳга муҳаббат қилсангиз, бас, менга эргашинг. Аллоҳ сизга муҳаббат қиладир ва сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қиладир”, деб айт” (Оли Имрон сураси, 31-оят).
Ушбу ояти карима Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Каъб ибн Ашроф ва унга тобе бўлган яҳудийларни иймонга чақирганларида
Улар кибрланиб уриб: “Биз Аллоҳнинг болалари ва дўстларимиз”, деганларида нозил бўлган.
Зуннун Мисрий қоддасаллоҳу сирраҳу ояти каримани қуйидагича тафсир қилганлар:
“Аллоҳ азза ва жаллага бўлган муҳаббатнинг аломати – Унинг Ҳабибига, у Зотнинг ахлоқига, ишларига, буйруқларига ва суннатларига эргашмоқдир”.
Сийрат китобларида кўрдим: зикр аҳллари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббатлари туфайли салавот айтишни кундалик вирдларига қўшиб олганлар. Баъзи бирлари эса кўп вақтини у зотга салавот айтиш билан ўтказганлар. Муҳаббат уларнинг бутун вужудини чулғаб олган. Омма уларга “шайхус солаҳ”– салавот шайхи унвонини берганлар. Вафот топганларидан бир неча йиллар ўтганидан сўнг қабрлари очилганда, одамлар уларнинг жасадлари чиримаганига гувоҳ бўлганлар. Чунки ким нимани яхши кўрса, ўшани кўп зикр қилади. Киши яхши кўргани билан жаннатда бирга бўлади.
Равшанбек ЎРИНБОЕВ,
Андижон шаҳридаги "Ҳазрати Билол" жоме масжиди имом-хатиби
Тили ва дили билан иймон келтириб, унинг тақозосига кўра гўзал ҳаёт кечирган инсон комил мўмин дейилади. Бундай кишилар дўзах юзини кўрмай, Аллоҳнинг фазли-марҳамати ила тўғри жаннатга кирадилар. Тили ва дили билан иймон келтириб, катта гуноҳлар қилиб, тавба қилмай вафот этган инсон фосиқ мўмин ҳисобланади...
Тили билан иймон келтириб, қалбида иймони бўлмаган кимса мунофиқ ҳисобланади. Бундай кишига дунёда мўминларга ўхшаб муомала қилингани билан охиратда улар учун ҳеч қандай насиба бўлмайди, Аллоҳ асрасин.
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРнинг “Раббоний нидолар” китобидан