“Эй имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта у сизларга аниқ душмандир”.
Қуръони Каримнинг Бақара сураси, 208-оят
Ер юзида тинчликни ва хавфсизликни таъминлаш, давлатларнинг ва миллатларнинг ўзаро хамкорлигини ривожлантириш мақсадида 1945 йил 24 октябрда фашизм устидан ғалаба қозонган мустақил давлатларнинг ихтиёрий бирлашиш асосида тузилган энг йирик халқаро ташкилот.
БМТ Уставида кўрсатилгандек, у халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш, халқларнинг тенгхуқуқли бўлиши ва ўз тақдирини ўзи белгилаши қоидасига амал қилиб, миллатлар ўртасида дўстлик муносабатларини ривожлантиришни, иқтисодий, ижтимоий, маданий муаммоларни ҳал этишда халқлар ўртасида ҳамкорлик бўлишини таъминлашни кўзда тутиб, шу умумий мақсадларга эришишда миллатлар ҳаракатини уйғунлаштириб турадиган маркази хисобланади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ташкил топиши билан инсон ва шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилишни халқаро ҳуқуқий тартибга солишни замонавий босқичига асос яратилди ва БМТ Уставида таъкидланганидек: “Биз, Бирлашган миллатлар халқлари, инсоннинг асосий хуқуқларига, инсон шахсининг қадр қимматига, эркак ва аёлларнинг тенг хуқуқларига ва катта кичик миллатлар хуқуқларининг тенглигига ишончини қайта қарор топтиришга қатъий аҳд қилиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ушбу Уставини қабул қилишга ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотини таъсис қилишга розилик бердик!”
Айни маҳалда, Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо давлатлар “Барча давлатлар ўртасида дўстона муносабатларни ривожлантириш учун таъминланиши зарур бўлган тинчлик адолат ва фаровонликнинг муҳим аҳамияти ҳисобланадиган инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларининг ҳурмат қилиниши ва уларнинг ялпи аҳамиятини тан олиш” мажбуриятини ўз зиммаларига олдилар.
БМТ Устави барча давлатлар риоя этилиши шарт бўлган ягона халқаро ҳужжатдир.
Ўзбекистон Республикаси Мустақиликка эришгандан сўнг ўтмиш – 1992 йилнинг 2 мартида БМТга аъзо бўлди. Бугунги кунда ер юзида 270 дан ортиқ мамлакат мавжуд бўлиб, улардан 193 таси БМТга аъзо бўлган. Дунёдаги энг нуфузли ташкилот бўлмиш БМТнинг Бош Ассамблеяси биноси олдида Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи шу куни 2 март 1992 йилдан бери йуқорига кўтарилган. 1993 йилнинг 24 августида БМТнинг Тошкентдаги ваколатхонаси очилди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили хамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармойишига биноан Ўзбекистон Республикасининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (Нью-Йорк шаҳри) даги доимий вакили фаолият юритадилар.
БМТнинг бир йиллик бюджети тахминан 2 миллиард долларни ташкил этади. Ўзбекистоннинг бадали – қарийб 270 минг доллардан иборат.
Ўзбекистон Республикаси БМТнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида бу энг нуфузли халқаро ташкилотнинг мақсад ва қоидаларига қатъий амал қилиб келмоқда.
Инсон хуқуқлари Умумжаҳон декларацияси Ўзбекистон Республикаси Мустақилликка эришгандан сўнг қўшилган биринчи халқаро ҳуқуқий ҳужжат бўлди ва у туфайли Ўзбекистон БМТнинг тегишли конвенциявий органларига ўзининг даврий миллий маърузаларини мунтазам равишда тақдим этиш орқали инсон хуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларни изчиллик билан ва қатъий равишда бажариб келмоқда. Уларнинг тавсияларини бажаришда муҳтарам Президентимизни раҳномоликларида давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари, фуқароликнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари ва бевосита фуқароларнинг ўзлари ҳам иштирок этмоқдалар. Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларациясининг қоидалари Ўзбекистон Республикаси, инсоннинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилишни таъминлайдиган миллий қонунчилик меъёрларида ўз ифодасини топган.
1948 йил 10 декабрда Бош Ассамблеяси Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларациясини эълон қилди ва қабул қилди. “Ҳар бир одам учун инсоннинг умумий ҳуқуқлари илк бор ўз ифодасини топган ушбу ҳужжат бугунги кунда 360 дан ортиқ тилда чоп этилган ва жаҳондаги энг кўп таржима қилинадиган ҳужжат хисобланади. Бу унинг универсал хусусиятга эга эканлиги ва кенг тарқалишидан далолатдир. Мазкур ҳужжат кўплаб янги, мустақил давлатлар конституциялари ва янги демократиялар учун намуна бўлиб хизмат қилмоқда, онгимизда эзгулик ва ёвузлик ҳақида фикр юритиш имконини берадиган мезонга айланди,” – деб тарифлади БМТнинг собиқ Бош котиби Пан Ги Мун.
Ушбу декларация мустақил Ўзбекистон Республикаси имзолаган энг биринчи халқаро ҳужжатдир (1991 йил 30 сентябрь). Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг “Инсон ва фуқароларнинг асосий хуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари” деб аталган икки бўлими мазкур декларация талабларига тўла мос бўлиб, унда Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари тенг хуқуқ ва эркинликларга эга бўлиши, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқесидан қатий назар, қонун олдида тенглиги таъминланган. Республикамизда инсон ҳуқуқларига оид юздан ортиқ қонунлар қабул қилинган ва улар халқаро меъёрлар ва андозаларга мувофиқлаштирилган.
БМТ Бош Ассамблеясида Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Президентимиз томонларидан минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик муаммоларини ҳал этиш йўл-йўриғи дунё миқёсидаги муаммолар билан бирга қўшиб очиб берилди ҳамда Ўзбекистоннинг кенг кўламли ҳамкорликка оид ҳамма таклифларида уни БМТ фаолияти ва бу ташкилотнинг ихтисослашган муассасалари орқали амалга ошириш тамойиллари илова қилинди.
Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида жаҳоннинг энг юқори минбаридан туриб, мустақил Ўзбекистон ташқи сиёсатининг маънавий йўналиши инсонпарварлик, инсонийлик, ошкоралик, ҳуррият, ўз имкониятларига таяниш ва инсониятнинг ягона оиласида ўз тараққиёт йўлига эга бўлишлигини таъкидлаб, баён қилдилар.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси БМТ тизимидаги иқтисослашган ташкилотлар фаолиятлари ва дастурларини бирлаштириб, Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан биргаликда белгиланган асосий йўналишларга қаратади. Ваколатхона таркиби БМТнинг: тараққиёт дастури (ПРООН), ахборот ва жиноятчилик билан алоқалар бўлими, гиёҳвандликка қарши кураш дастури, қочоқлар ишлари бўйича олий комиссар бошқармасининг ваколатхонаси, болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ), саноатни ривожлантириш ташкилотининг ваколатхонаси (ЮНИДО), жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, аҳоли жамғармаси ва бошқа кўпгина дастурлардан иборат.
“Бугунги кунда Ўзбекистон ҳудудларида ишлаётган БМТ билан ҳамкорлик дастур мамлакатни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшиши шубҳасиз. Ривожланишга кўмаклашиш бўйича БМТ бирлашган дастури умумий стратегияси доирасида фаровонлик, ижтимоий хизматларни такомиллаштириши, барқарор экологик ривожланишни таъминлаш ва самарали давлат бошқарувини амалга ошириш борасидаги чора-тадбирларни қўллаб қувватлайди,” – деб эътироф этади БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили.
БМТнинг ихтисослашган ташкилотлари қаторида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ЮНЕСКО – маориф фан ва маданият масалалари билан шуғулланувчи ташкилоти – халқаро ҳукуматлараро ташкилотига ҳам Ўзбекистон Республикаси 1993 йил 26 октябрда аъзо бўлган.
Ташкилот фаолиятининг асосий йўналишлари ялпи саводсизликка қарши кураш, маъориф тизими ва кадрлар тайёрлашни ривожлантириш, миллий маданиятларни ўрганиш ва тарқатиш, атроф муҳитни ва маданий ёдгорликларни муҳофаза қилиш, океанография, геология, гидрология, социология, коммуникация ва бошқа соҳаларда глобал илмий муаммоларни ҳал этишда ҳамкорлик қилишдан иборат. Ахборот ва информатика-коммуникация масалалари унинг фаолиятида катта ўрин эгаллайди. Ўзбекистон Республикасининг ЮНЕСКО ишлари бўйича миллий комиссияси 1994 йил 29 декабрда ташкил этилган бўлиб, унинг таркиби Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар маҳкамаси томонидан тасдиқланган.
ЮНЕСКО доирасида Абу Райҳон Беруний, Абу Али Ибн Сино таваллудининг 1000 йиллик, Мирзо Улуғбекнинг 600 йиллик, Амир Темурнинг 660 йиллик тантаналари нишонланди. ЮНЕСКОнинг Париждаги бош қароргоҳида Амир Темур хафталиги ўтказилиб, “Темурийлар даврида фан, маданият ва маъорифнинг гуллаб яшнаши” мавзусида илмий конференция ва кўргазмаси ташкил этилди.
Тошкент шаҳрининг 2000 йиллиги, Хива (1997 йил), Бухоро (1997 йил), Термиз (2002 йил) шаҳарларининг 2500 йиллиги, Шаҳрисабз шаҳрининг 2700 йиллиги (2002 йил), Аҳмад Ал-Фарғонийнинг 1200 йиллиги, Имом Бухорийнинг 1225 йиллиги (1998 йил), “Алпомиш” халқ достони яратилганлигининг 1000 йиллиги (1999 йил), Авесто китоби яратилганлигининг 2700 йиллиги (2001 йил) нишонланди. ЮНЕСКО билан бирга қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрида “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали, Бойсун туманида фольклор фестивали ўтказилиб келинмоқда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти – тинчликни ва халқаро хавфсизликни қўллаб қувватлаш, давлатлараро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган универсал ташкилотдир.
БМТ ҳар бир инсоннинг ҳуқуқларини қўллаб қувватлаш, кенгайтириш ва ҳимоя қилиш мажбуриятини ўз зиммасига олган дунёдаги ягона ташкилот сифатида дунёнинг “умужаҳон парламенти” сифатида календарнинг маълум бир кунини инсоният учун, халқ учун, умумжамият учун зарур бўлган масалаларга бағишлаб қўйган. Жумладан, “Динлараро бағрикенглик хафтаси”, “Саратон билан курашиш халқаро куни”, “Халқаро ижтимоий адолат куни”, февраль ойида “Халқаро она тили куни”, “Халқаро ёввойи табиат”, “Халқаро ирқий камситилишни бартараф этиш куни”, “Ирқчилик ва ирқий камситилишларга қарши курашаётган халқлар билан бирдамлик хафтаси”, “Халқаро сил касаллигига қарши курашиш куни”, “Халқаро инсон ҳуқуқлари поймол бўлишида ҳақиқатни ўрнатиш куни”, апрель ойида “Халқаро спорт, тинчлик ва тараққиёт йўлида куни”, “Йўл ҳаракатларида содир этилган ҳодисаларда ҳалок бўлганларни хотиралаш куни”, июнь ойида “Халқаро атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни”, “Халқаро қочоқлар куни”, “Гиёҳвандликка қарши курашиш куни”, “Халқаро мурувват куни”, сентябрь ойида “Халқаро тинчлик куни” бўлиб, деярли 365 кун инсонларнинг турли муаммоларини енгиллаштиришда, баъзи муаммоларни ечилишида ўз самарасини бермоқда.
БМТ ўз тараққиёт дастурини амалга оширишда дунёнинг турли чеккаларида ва ер юзининг барча минтақаларида БМТнинг кўплаб ихтисослашган ташкилотлари ва муассасалари орқали ҳам тинчликни сақлашда, инсонлар ҳаётидаги муаммоларни бартараф этишда салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда.
БМТнинг гиёҳвандлик моддаларига қарши курашиш дастури, қочоқлар ишлари бўйича Олий комиссар вакиллари, БМТнинг ЮНИСЕФ болалар жамғармаси, БМТнинг ахборот ва жамоатчилик билан алоқадор бўлими, Халқаро меҳнат ташкилоти, Халқаро валюта фонди, Халқаро тараққиёт уюшмаси, Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки, Халқаро Қишлоқ Хўжалигини ривожлантириш фонди, БМТ нинг маориф, фан ва маданият масалалари бўйича ЮНЕСКО ташкилоти, Саноатни ривожлантириш бўйича ЮНИДО ташкилоти, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотлари каби Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг кўплаб ихтисослашган муассасаси ва ташкилотлари дунёнинг деярли барча давлатларида турли соҳаларда ислоҳотлар стратегияси ва келаётган ёрдамни мувофиқлаштириш, ижтимоий соҳадаги ислоҳотлар, маданий – маънавий қайта уйғониш, хусусийлаштириш ва хусусий секторни ривожлантириш, атроф-муҳитни ҳимоя қилиш, бошқарув тизимини ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш йўллари билан ҳам дунёда тинчликни таъминлашда ўзининг салмоқли ҳиссаларини қўшиб келмоқда. Зеро Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Уставининг XIX та бобларидаги 111 та моддаларининг барчалари ҳам ер юзида халқлараро тинчлик ва хавфсизликни барпо этиш билан йўғирилган.
БМТ Уставида таъкидланган халқаро тинчлик ва хавфсизликни барпо этишда Ўзбекистон Республикасининг ҳиссаси беқиёс ва бетакрор. Жаннатмакон юртимизни тинчлиги, муқаддас Ватанимиз равнақи доно халқимиз фаровонлиги учун муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев раҳнамоликлари остида ҳукуматимиз, Диний идорамиз томонидан оқилона олиб борилаётган хайрли, савобли ишларни амалга ошириш мақсадида вилоятларимиз раҳбарлари ҳамда шаҳар, туман раҳбарларининг бошчилигида истиқлолимиз шарофати билан меҳнаткаш халқимиз кўп ишларни амалга оширди ва ҳали ҳамон бажариб келинмоқда. Бунга дунё тан бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТ Бош котибига юборган мактубида қуйидаги сатрлар бор: “Ўзбекистондагилар ҳозирги дунёда ҳар қандай можароларни фақат тинч музокаралар йўли билан сиёсий воситалар ёрдамида тинч ҳал қилиш мумкинлигига, бу музокараларда БМТ бош рол ўйнаши кераклигига ҳам қаттиқ ишонадилар”.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари
Иброҳим ИНОМОВ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Етимнинг ҳаққини ейишнинг катта гуноҳ, оғир жиноят ва ўта кетган пасткашлик эканини ҳеч ким инкор қилмаса керак.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Етимларнинг мол-мулкларини зулм билан еган кимсалар қоринларига дўзахни ебдилар, холос» (Нисо сураси, 10‑оят), дея бежизга таҳдид қилмаган.
«Фалончи етимнинг пулини ўмарибди», дейилса, ҳар қандай виждонли одам ўзи билган энг оғир гаплар билан уни қарғаши, ҳақорат қилиши табиий.
Бироқ, шариат ва воқелик нуқтаи назари билан қарасак, етимнинг ҳаққини ейишдек яна бир катта гуноҳ, оғир жиноят бор, аммо негадир кўпчилик унга бепарво. Бу ‒ омманинг молидан ноҳақ, ўғрин-ча, ейишдир.
Очиғини айтиш керак, постсовет мамлакатларда давлатнинг мулкини ўмариш одат тусига кириб, одамларнинг қон-қонига сингиб кетди. Одамлар давлатнинг мулкини худди эгасиз молдек тасаввур қиладиган бўлиб қолган. Давлатнинг мулкидан ўғрилаётганлар ўзини ҳеч ноқулай ҳам ҳис қилишмайди, худди отасидан қолган боғдан олма егандек, халқ мулкини бемалол ўпқонига тиқаверади. Ўрни келса, бу борада мусобақалашиб ҳам кетишади.
Бунинг бир қатор сабаблари мавжуд бўлиб, шулардан бири биздаги замонавий давлатчиликнинг тарихий илдизига бориб тақалади. Даҳрийлар инқилоб қилиб, Русия ҳукуматини ағдарди, уларнинг тож-тахтини, мол-мулкини талон-тарож қилиб, тортиб олди. Кейин бу талончилик давом этиб, кенгайиб, бутун бир халқнинг юқори қатламига тегишли барча нарса мусодара қилинди. Даҳрий тузумга қарши чиққанлар, зиёлилар, ҳур фикрли, онгли кишилар халқ душмани деб эълон қилиниб, ўлдирилди, қамалди, сургун қилинди. Шунинг учун ўша пайтдаги мазлум қатлам бу давлатга нисбатан аламзада бўлиб қолди, «давлат менинг насабимни, мавқеимни, мол-мулкимни тортиб олди, энди мен ҳам давлатникини совураман, чунки унда менинг ҳаққим бор» деган тушунчада бўлди. Совет даврининг охирига бориб, ниҳоятда оммалашган бу тушунча бутун халққа сингиб, давлатнинг мулкини ўғирлаш оддий иш бўлиб қолди, ҳатто уддабуронлик ҳисоблана бошлади.
Шу зайлда давлат халқнинг мулкини, халқ давлат мулкини талон-тарож қилишга одатланиб қолди. Буларнинг барчаси давлат билан халқ ўртасида жарлик, беаёв душманликни янада чуқурлаштириб юборди. Бугун ҳам мана шу руҳият кўп жойда ҳукмрон. Бу, Қуръон таъбири билан айтганда, халқнинг ўз-ўзини ўлдиришидир (Нисо сураси, 29-оятга ишора).
Минг афсуски, мустабид тузум парчаланиб, юртимиз мустақил бўлса ҳам, жуда кўпчиликда давлатнинг мулкига нисбатан ана шундай нотўғри муносабат сақланиб қолди. Жамиятни бугунгача зимдан қўпориб, емириб, заҳарлаб келаётган коррупция, порахўрлик, давлат мулкини талон-тарож қилиш, бировларнинг мулкини алдов ёки фирибгарлик йўли билан ўзлаштириш ана шу манфур тузумдан қолган разил сарқит, десак, хато бўлмайди.
Аслида давлат мулки омманинг моли бўлиб, уни ноҳақ ва яширинча олиш энг оғир ҳаромлардан саналади.
Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда омманинг молидан яширинча олиб ейиш «ғулул» дейилади. Бу сўз одатда ўлжа тақсимланмасдан олдин ундан бирор нарсани махфий равишда олишни билдиради, лекин уламолар бу нарса омманинг молидан яширинча ейишнинг барча кўринишларини ўз ичига олишини таъкидлашади.
Руммоний айтади: «Ғулул сўзи «ғолалун» сўзидан олинган бўлиб, аслида сувнинг дарахтлар орасига сингишига айтилади. Хиёнатда мулкка одамлардан махфий суратда, ҳалол бўлмаган йўл билан кирим бўлгани учун бу гуноҳ «ғулул» деб аталган».
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай дейди:
«Кимки ғулул қилса, ўлжага хиёнат қилса, Қиёмат куни хиёнат қилиб олган нарсаси билан келади. Сўнгра ҳар бир жон қилган қилмишини(жазосини) тўлиқ олади. Уларга зулм қилинмас».
Демак, ким омманинг мулкидан яширинча бирор нарса олса, Қиёмат куни маҳшаргоҳга ўша нарса бўйнига осилган ҳолда келади, одамлардан яшириб қилган хиёнати барчага ошкор этилади. Бу ҳолатнинг тафсирини бевосита ҳадиси шарифда ўқишимиз мумкин.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам орамизда туриб, ғулул ҳақида сўзладилар. Унинг гуноҳи катталигини, иши оғирлигини гапириб, шундай дедилар: «Қиёмат куни бирортангиз елкасида маъраётган қўй билан, кишнаб турган от билан келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, мени қутқаринг!» деганини кўрмайин! Мен ҳам: «Сен учун ҳеч нарса қўлимдан келмайди, сенга (ҳукмларни) етказганман», демайин. Елкасида ўкириб турган туя билан келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, мени қутқаринг!» демасин. Мен ҳам: «Сен учун ҳеч нарса қўлимдан келмайди, мен етказганман», деб турмайин. Елкасида унсиз нарса билан келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, мени қутқаринг!» демасин. Мен ҳам: «Сен учун ҳеч нарса қўлимдан келмайди, мен етказганман», демайин. Ёки елкасида ҳилпираб турган бир парча латта билан келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, мени қутқаринг!» демасин. Мен ҳам: «Сен учун ҳеч нарса қўлимдан келмайди, мен етказганман», демайин».
Бухорий ва Муслим ривояти.
Бу ҳадиси шарифда ким омманинг молидан нимани ўғирлаган бўлса, Қиёмат куни ўшани елкасига ортган ҳолда келиши, унга ҳатто шафоатчиларнинг пешвоси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ёрдам бера олмасликлари таъкидланмоқда. Бундан оғир ҳолат бўлмаса керак.
Омманинг мулкидан ўмаришнинг катта-кичиги бўлмайди, барчаси ҳаром ва оғир гуноҳ ҳисобланади. Имом Бухорий «Саҳиҳ»да бу ҳақда алоҳида боб очиб, уни «Ғулулнинг ози ҳақида», деб номлайди ва унда бундай хиёнатнинг ози ҳам оғир гуноҳ эканига далил сифатида қуйидаги ҳадисни келтиради:
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юкларига Киркира деган киши мутасадди эди. У вафот этди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У дўзахдадир», дедилар. Бориб қарашган эди, бир абоа (чопонга ўхшаш устки кийим) топиб олишди. У буни ўлжага хиёнат қилиб олган экан».
Омманинг молидан ҳақсиз равишда, яширинча олиш ҳатто шаҳидни ҳам дўзахга улоқтиради. Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Бир қул Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юкларини тушираётган эди, тўсатдан дайди ўқ келиб, ўша қулга тегди. Одамлар: «Унга шаҳидлик қутлуғ бўлсин!» дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ! Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, Хайбар куни ўлжалардан улушлар тақсим бўлмай туриб олган шамласи (ўраниб олинадиган устки кийим) унинг устида олов бўлиб ловуллайди», дедилар. Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан буни эшитган заҳоти бир пойабзал ипини олиб келиб, «Мен мана шуни олган эдим», деган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Бу дўзахдан (олинган) пойабзалнинг ипи!» дедилар».
Қаранг, ким омманинг молидан бирор нарса олса, дўзахдан ўшанча улуш олган ҳисобланар экан. Бир ип олса, дўзахдан бир ип, бир кўйлак олса, дўзахдан бир кўйлак олган бўлади. Бу маъно бошқа ҳадисларда ҳам таъкидланади.
Имом Термизи Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳаромдан битган ҳар бир эт дўзахга муносибдир», деганлар.
Имом Бухорий Хавла Ансорийя розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Аллоҳнинг молига ўзини ноҳақ урадиган кишиларга Қиёмат куни дўзах бўлади», деяётганларини эшитганман».
Ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ ушбу ҳадисни шарҳлар экан, «Яъни мусулмонларнинг мол-мулкини ботил тасарруф этадиганлар», дея изоҳлайди.
Демак, мусулмонларнинг молига масъул бўлган киши уни ўзига эмас, бировга ноҳақ берса ҳам, ўзига дўхазни сотиб олган бўлар экан.
Бу ҳадиси шарифда эътибор бериладиган яна бир нукта шуки, омманинг моли Аллоҳнинг моли ҳисобланар экан. Бинобарин, халқнинг мулкини ўмараётган кимса Аллоҳнинг молидан олаётганини унутмаслиги керак.
Кимдир «Нима учун омманинг моли етимнинг ҳаққига тенглаштирилмоқда?» дейиши мумкин. Бунинг сабаби жуда оддий. Омманинг молида етимнинг ҳаққи бўлиши тайин, чунки умумий бойликда бутун халқнинг ҳаққи бор, жамиятда эса етимлар бўлиши табиий. Бинобарин, омманинг мулкидан ноҳақ олган киши қайсидир етимнинг ҳаққини ҳам олган бўлади. Аммо у қайси етимнинг қанча ҳаққини олганини била олмайди ва шу жиҳатдан бунинг гуноҳи янада оғирроқ бўлади. Бу гуноҳнинг тавбаси чин қалбдан надомат чекиш, бу ишни қайтиб қилмасликка қатъий жазм қилишдан ташқари ўша ноҳақ олинган молни тўлалигича ўз жойига қайтариш билангина бўлади.