Ҳиндистон Республикаси – Жанубий Осиёдаги давлат. Ҳудуди шимолдан жанубга 3214 чақирим, ғарбдан шарққа 2933 чақиримга чўзилган. Шимолдан Ҳимолай тоғлари, ғарбда Арабистон денгизи, шарқда Бенгалия қўлтиғи билан ўралган. Ҳиндистон таркибига Арабистон денгизидаги Лаккадив ва Аминдив ороллари, Бенгалия қўлтиғидаги Андаман ва Никобар ороллари ҳам киради. Майдони 3,3 млн. км2. Аҳолиси 1,37 млрд. киши. Пойтахти – Деҳли шаҳри. Маъмурий жиҳатдан 28 штат (state) ва 7 иттифоқ ҳудудга (territory) бўлинади.
Давлат тузуми
Ҳиндистон – федератив республика. Буюк Британия бошчилигидаги Ҳамдўстлик таркибига киради. Амалдаги конституцияси 1950 йил 26 январдан кучга кирган; кейинчалик ўзгартишлар киритилган. Давлат бошлиғи – президент (2017 йилдан Рам Натҳ Ковинд). Қонун чиқарувчи ҳокимиятни президент ва икки палата — Штатлар кенгаши (Ража сабха) ҳамда Халқ палатаси (Лог сабха)дан иборат парламент; ижроия ҳокимиятни президент ва бош вазир бошчилигидаги ҳукумат амалга оширади.
Табиати
Ҳиндистонда фойдали қазилмалардаи тошкўмир, темир рудаси, титан, олтин, табиий газ, марганец, хромит, боксит, олмос, қимматбаҳо тошлар, мис, нефть, слюда, қўрғо-шин конлари бор. Иқлими, асосан, тропик иқлим, шимолда тропик мус-сонли иқлим. Асосий дарёлари: Ганг, ирмоғи Жамна, Ҳинд (юқори оқими), Брахма-путра (қуйи оқими), Нармада, Годавари, Кришна. Дарёлари ёзда серсув (муссон ёмғирлари даврида тошади), суғоришда кенг фойдаланилади, айримларида кема қатнайди. Ҳиндистон ҳудудининг аксар қисми қизил тупроқли. Ўсимликлардан акация, бамбук, кокос ва хурмо пальмаси кенг тарқалган. Мамлакатнинг 25 фоизи ўрмон. Ҳимолай тоғларининг қуйи ён бағирларида терак, юқорида тик, сандал, ҳимолай кедри, қорақарағай, оққарағай ўсади. Ғарбий Гат тоғлари ён бағри, Ганг ва Брахмапутра дельталари, Шарқий Ҳимолай тоғ олди доим яшил ўрмонлардан иборат. Ҳиндистонда ўсимликларнинг 21 минг тури тарқалган. Унда Ер юзида мавжуд бўлган барча ўсимликнинг ярмидан кўпини учратиш мумкин.
Ҳайвонот дунёси хилма-хил. Сут эмизувчи ҳайвонларнинг 350 тури, қушларнинг 1600 дан зиёд тури бор. Ҳиндистон ҳудудида фил, маймун, каркидон, шер, қоплон, йўлбарс, мангуст ва бошқа ҳайвонлар яшайди, илоннинг деярли барча тури мавжуд. Мамлакатда 75та миллий боғ ва 420 дан ортиқ қўриқхона мавжуд. Йирик миллий боғлари: Казиранга, Манас, Дачиган, Дадва, «Гуллар водийси» (Уттар-Прадеш), Сариска ва бошқалар
Аҳолиси
Ҳиндистон – дунёда энг кўпмиллатли мамлакатлардан бири. Ҳиндистонда турли тилларда сўзлашувчи бир неча юз миллат, элат ва қабила яшайди. Аҳолисининг 72 фоизини ҳинд-европа тилларининг ҳинд-орий тиллари гуруҳида сўзлашувчи халқлар – ҳиндустонийлар, маратҳлар, бенгаллар, бихарлар, гужаротлар, ориялар, ражастхонилар, панжобилар ташкил этади. Кашмири йлар дарий тил гуруҳига мансуб. Ҳиндистон жанубида, асосан, дравид тилларида, шимолий ва шимоли-шарқида тибет-бирма тилларида сўзлашувчи халқлар яшайди. Шаҳар аҳолиси 30 фоиз. Расмий тиллар – ҳинд ва инглиз тиллари. Аҳолининг кўпчилиги (83%) ҳиндуийлик динига эътиқод қилади; ислом (10%), христиан (2%), сикҳизм (2,5%) ва бошқа динларга эътиқод қилувчилар ҳам бор. Йирик шаҳарлари: Калькутта, Бомбай, Деҳли, Ченнай, Бангалор, Аҳмадобод, Ҳайдаробод, Пуна, Канпур, Нагпур, Жайпур, Лакҳнау.
Тарихи
Ҳиндистон ҳудудида одамлар тош давриданоқ яшаган. Милоддан аввалги уч минг йилликнинг иккинчи ярми – икки минг йилликнинг биринчи ярмида Ҳинд дарёси водийсида юксак даражада ривожланган шаҳар маданияти вужудга келган (қ. Хараппа маданияти). Милоддан аввалги икки минг йилликнинг иккинчи ярмида Ҳиндистонга шимоли-ғарбдан орийлар кириб келиб, аввал Панжоб, кейинчалик Ганг дарёси водийсида жойлашдилар. Милоддан аввалги VI асрда Шимолий Ҳиндистоннинг шарқий қисмида, Ганг ва Жамна дарёлари ҳавзаларида Магадҳа давлати бўлган. Милоддан аввалги VI-IV аcрларда иқгисодий тараққиёт қадимий ҳинд жамиятида турмуш шароитларини анча ўзгартирди. Қуллар ва ёлланма ишчилар меҳнатидан деҳқончилик, ҳунармандчилик ва кончилик ишларида фойдаланилди. Ижтимоий зиддиятларнинг кучайиши диний-сектантлик ҳаракатини пайдо қилди, оқибатда буддизм ва жайнизм динлари вужудга келди. Милоддан авввалги IV аср ўрталарида Нандалар сулоласи даврида қарийб бутун Ҳинд дарёсининг водийси Магадҳа давлати тасарруфида бўлган. Магадҳа давлати равнақ топган даврда Ҳинд дарёси ҳавзасининг бир қисмини Ахоманийлар босиб олди. Милоддан аввалги 327-325 йилларда Ҳиндистонга Искандар Мақдуний бостириб кирди. Магадҳа давлатининг босқинчилик урушлари Маурийлар империяси даврида ҳам давом этди. Подшо Ашока ҳукмронлигида қарийб бутун Ҳиндистон ва ҳозирги Афғонистоннинг бир қисми Маурийларга қарашли эди. Милодий биринчи асрда Ҳиндистон шимолининг катта қисми кушонлар қўл остига ўтди. Кушонлар давлати емирилгач, IV-а.да Ҳ. шим.да яна Магадҳа давлати равнақ топди. Кейинчалик Гупталар сулоласи даврида Шимолий Ҳиндистоннинг талайгина қисми – шаркда Бенгалия қўлтиғидан ғарбда Панжоб ва Катхиявар яриморолигача бўлган ҳудуд Магадҳа давлати таркибига кирди. Худди шу даврда Деканда Вакатака, Паллавлар, Ванга каби давлатлар мавжуд бўлган. II-IV асрларда бу ерда қулдорлик тузуми емирила бошлаган.
VI-XII асрларда Ҳиндистонда бир неча давлат мавжуд бўлган. VII асрнинг биринчи ярмида маҳаллий подшолардан бири Ҳарша Ҳиндистон шимолидаги бир неча давлатларни забт этиб, Ҳарша империясига асос солди. Бу империя 30 йил ҳукм сурди. VIII аср бошларида араблар Синдни босиб олдилар. XI аср бошларида Маҳмуд Ғазнавий Ҳиндистон шимолига бир неча марта ҳужум қилиб, Панжобнинг бир қисмини ўз давлати таркибига қўшиб олган. XII аср охири – XIII бошларида Ҳиндистон шимолини Ғурийлар давлати ҳукмдори Муҳаммад Ғурий забт этди. Унинг ўлимидан сўнг Ғурий ноибларидан бири Қутбиддин Ойбоқ Деҳли султонлигига асос солди.
XIV-XV асрларда ҳинд рожаларининг ҳокимияти сақланган Ражпутанадан ташқари Ҳиндистон шимолида мустақил Жаунпур, Бенгалия, Гужарот, Малваҳамда Деканнинг шимолида Бахмоний султонлиги пайдо бўлди. Афғонларнинг лўдийлар сулоласи ҳукмронлиги даврида Ганг дарёси водийсининг талай қисми султонликка қўшиб олинди.
XV аср охирида Ҳиндистонга дастлабки европалик мустамлакачилар – португаллар кириб кедди ва XIV асрнинг биринчи ярмида улар денгаз соҳилига жойлашиб олдилар. 1526 йилнинг апрелида Заҳириддин Муҳаммад Бобур Панипатдаги жангда Иброҳим Лўдийни енгиб, Деҳли султонлигини эгаллади ва Ҳиндистонда Бобурийлар давлатига асос солди (бу давлат 1858 йилгача мавжуд бўлди). XVII аср бошларида Ҳиндистонга Англия ва Голландиянинг Ост-Индия компаниялари суқилиб кирди ва португалларни Ҳиндистон билан олиб бораётган денгиз савдосидан маҳрум қилиб, мамлакатда қатор фактория (савдо-сотиқ пунктлари) оча бошлади. 1664 йил французларнинг Ост-Индия компанияси ҳам ташкил этилди. Бобурийлар ўртасидаги ўзаро ички кураш инглиз ва французларнинг Ост-Индия компанияларига Ҳиндистонда ҳарбий экспансия уюштириш имконини берди. Ҳиндистонда устунликка эришиш учун бу икки компания ўртасида Жанубий Ҳиндистонда бўлиб ўтган жанглар (1756-63) натижасида Англиянинг Ост-Индия компанияси ғолиб чиқиб, Бенгалияни забт этди, Карнатик ва Ауд хонликларини ўз вассалларига ай-лантирди. 1803 йил Деҳли босиб олингач, бобурий подшолар инглизларнинг Ост-Индия компаниясига мутлақ қарам бўлиб қолди. 1833 йил Ост-Индия компанияси савдо ташкилоти сифатида тугатилиб, унга Ҳиндистонни мустамлакачилик асосида бошқариш вазифаси юклатидди. Ҳиндистон секин-аста Буюк Британияга қишлоқ хўжалик хом ашёси етказиб берадиган базага айланиб қолди. XIX аср ўрталарида мустамлакачиларга қарши халқ қўзғалонлари бўлиб ўтди. 1857-59 йилларда бўлиб ўтган машҳур сипоҳийлар қўзғалони Ҳиндистоннинг кейинги тараққиётига таъсир кўрсатди. 1858 йил Ост-Индия компанияси тугатилиб, Ҳиндистонни бевосита Буюк Британия идора қила бошлади.
XIX асрнинг 80-йилларидан мамлакатда халқнинг норозилик намойишлари, митинглар, иш ташлашлар авж олди. 1885 йил қатор миллий ташкилотлар бирлашиб, Ҳиндистон миллий конгрессига (ҲМК) уюшди. XX аср бошлари унда Б. Тилак бошчилигида сўл демократик оқим шаклланди. 1905-08 йилларда миллий озодлик ҳаракати янада авж олди. Айниқса, 1908 йилги Бомбай иш ташлаши муҳим аҳамиятга эга бўлди. Буюк Британия ҳукумати миллий озодлик ҳаракатини диний жамоа белгилари бўйича бўлиб ташлашга ҳаракат қилди ва 1906 йил Мусулмонлар лигаси партиясининг пайдо бўлишига кўмаклашди. Унга қарши ҳиндуларнинг Ҳинду махасабха (ҳиндуларнинг буюк иттифоқи) сиёсий ташкилоти тузидди. Биринчи жаҳон уруши даврида (1914-18) Ҳиндистон метрополия томонида урушда қатнашди. 1918 йилдан мустамлакачиликка қарши кураш янада авж олди. Бу даврда ҲМК раҳбарларидан бири бўлган Махатма Ганди мустамлакачиларга қарши курашнинг сатъяграха (куч ишлатмасдан қаршилик кўрсатиш) шаклини тарғиб қилди. Ганди таълимоти – гандизм ҲМК партиясининг расмий мафкурасига айланди. 1918-22 йилларда ишчилар ҳаракати кучайди. 1920 йил Бутун Ҳиндистон касаба уюшмалари конгресси ташкил этилди. 1923-27 йилларда миллий озодлик ҳаракати вақгинча сусайди. 1927 йил ҲМКда антиимпериалистик курашни фаоллаштириш тарафдорларини бирлаштирган сўл қанот вужудга кедди. Унга Ж. Неру ва С.Ч.Бос раҳбарлик қилдилар. 1929-30 йиллардаги жаҳон иқгисодий бўҳрони антиимпериалистик ҳаракатни янги босқичга кўтарди.
1930 йил ҲМК М.Ганди раҳ-барлигида яна бўйсунмаслик кампаниясини бошлаб юборди. 1931 йил мартда ҲМК раҳбарлари мустамлакачи ҳукмрон доиралар билан музокара бошлади. Ҳар икки томон келиша олмагач, бўйсунмаслик кампанияси давом эттирилди. 1935 йил Англия парламенти Ҳиндистонни бошқариш тўғрисида ҳужжат (қонун) қабул қилди. Бунга кўра, вилоятларнинг мухтор ҳуқуқлари бир оз кенгайтирилди, уларда маҳаллий ҳукумат тузилди, лекин ҳокимият илгаригидек инглиз мустамлакачилари қўлида қолаверди. Мамлакатда бу реакцион ҳужжатга қарши намойишлар бўлиб ўтди. 1936 йил ҲМК империалистик кучларга қарши ягона фронт тузиш вазифа-сини илгари сурди. Иккинчи жаҳон уруши (1939-45) даврида Ҳиндистон антифашистик коалиция томонида бўлди. Уруш сўнггида Ҳиндистон билан Англия империализми ўртасида иқгисодий ва сиёсий зиддиятлар кескин кучайди. 1946 йил бошида армия, флот ва авиацияда инглизларга қарши оммавий чиқишлар бўлиб ўтди. 1946 йилнинг 18-23 февралида Бомбайдаги ҳарбий денгизчилар қўзғалони инқилобий ҳаракатнинг юқори чўққиси бўлди.
Англия ҳукумати миллий ҳаракат раҳбарлари билан музокара бошлаб, 1946 йил баҳорда Ҳиндистонга доминион мақомини беришга қарор қилганлигини эълон қилди. 1946 йил августда Ж. Неру бошчилигида муваққат ҳукумат тузилди. Миллий озодлик ҳаракатининг авж олиб кетиши натижасида инглиз мустамлакачилари Ҳиндистондан чиқиб кетишга мажбур бўдди. 1947 йил 15 авггустда Ҳиндистон ҳудудида икки мустақил давлат – Ҳиндистон (асосан, ҳиндулардан иборат) ва Покистон (асосан, мусулмонлардан иборат) доминионлари вужудга келди. Ҳиндистоннинг биринчи бош вазири ҲМК етакчиси Ж.Неру бўлди. 1950 йил 26 январда Ҳиндистон суверен республика деб эълон қилинди. Мамлакатда аграр ислоҳотлар ўтказила бошланди. Саноатда давлат секторини яратиш ва уни ривожлантириш, қишлоқ хўжалигида заминдорлик ер эгалигини тугатиш йўллари белгиланди. 1964 йил майда Ж.Неру вафотидан сўнг ҲМК партиясининг аҳволи оғирлашди. 1965 йил кузда Ҳиндистон – Покистон можароси юз берди. 1966 йил Тошкент учрашувида имзоланган Тошкент декларацияси икки мамлакат ўртасидаги низоларни ҳал қилинишига асос бўлди. 1966 йил январда Л.Б.Шастри вафотидан сўнг Ж.Нерунинг қизи – И.Ганди Ҳиндистон бош вазири бўлди. 1977 йил мартда парламентга ўтказилган сайловда Жаната парти (партияси) ғолиб чиқди. Бу ҲМКнинг кейинги 30 йил (1947-77) мобайнидаги биринчи йирик мағлубияти эди. Жаната парти етакчиси М.Десаи Ҳиндистон республикасининг тўртинчи бош вазири бўлди.
1977 йил мартдаги мағлубиятдан кейин ҲМК партияси инқироз даврини бошидан кечирди. Партиянинг бир қанча кўзга кўринган рахбарлари Жаната партига ўтиб кетди. 1978 йил январда собиқ Бош вазир И.Ганди ва унинг бир қанча тарафдорлари ҲМКдан чиқиб, янги партия – ҲМК(И)ни туздилар. 1980-89, 1991-96 йиллар ва 2004 йилдан ҲМК (И)] ҳокимият тепасида. Ҳиндистон – 1945 йилдан БМТ аъзоси. 1991 йил 26 декабрда Ўзбекистоннинг суверенитетами тан олган ва 1992 йил 18 мартда дипломатия му-носабатлари ўрнатган.
Миллий байрамлари: 26 январь – Республика куни (1950) ва 15 август – Мустақиллик куни (1947).
(Давоми бор)
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бугунги кунда кўплаб мусулмон юртларида жамият ичида тафриқа ва фитналар келиб чиқишига сабаб бўлаётган жиддий муаммолардан бири – такфир, яъни мусулмонларни “кофир” деб фатво чиқаришнинг кўпайганлигидир. Бу масала кейин пайдо бўлган масалалардан ҳисобланади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида бирор кишини кофир деб ҳукм чиқарилгани ҳеч кимга маълум эмас. Бу мавзу жуда нозик ва ўта хатарли масала бўлиб, мавзуни яхши англаш учун аввало куфрнинг маъноси ва таърифини тушуниб олиш лозим.
Куфр тушунчаси ва унинг таърифи
“Куфр” имоннинг зидди бўлиб, у луғатда “беркитиш” ва “ёпиш” маъносини англатади. Ибн Форис шундай дейди: “Куфр – иймоннинг зиддидир. У ҳақиқатни ёпиш ва беркитиш маъносида ишлатилади”. (Мaқoйис aл-луға, 5/191). Уламолар куфрни таърифлашда турли ибораларни айтиб ўтганлар, жумладан Ибн Ҳазм раҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Куфр – Аллоҳнинг Роб эканлигини инкор қилиш, Қуръонда нубуввати тасдиқланган бирор пайғамбарнинг пайғамбарлигини инкор қилиш ёки Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган, бутун умматнинг иттифоқи билан саҳиҳ экани маълум бўлган нарсани инкор қилишдир. Шунингдек, бирор амални бажариш куфр экани далиллар билан тасдиқланган бўлса, шу амални бажариш ҳам куфр ҳисобланади” (Ал-Фасл фил-милал вал-аҳво ван-ниҳал, 3/118).
“Ал-Мавсуатул-Фиқҳия”да шундай дейилган: "Шариатда куфр – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг динидан экани аниқ ва зарурий равишда маълум бўлган нарсани инкор этишдир. Масалан, Аллоҳнинг борлигини, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарлигини ёки зинонинг ҳаромлигини инкор қилиш шу жумладандир" (Ал-Мавсуатул-Фиқҳия. 15/34)
Такфирнинг тарихий илдизлари
Энди бу масаланинг тарихига назар ташласак, мусулмонларни кофирга чиқаришга биринчи бўлиб журъат қилганлар “хаворижлар” фирқаси ҳисобланади. Улар “Мўмин киши гуноҳ иш қилса, кофирга айланади”, “Ёмон амал қилган мусулмон Исломдан чиқади”, деб ҳисоблаганлар. Хўш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан “жаҳаннам итлари” деб номланган, мусулмонларни кофирга чиқариб, уларнинг қонини ҳалол санайдиган бу тоифа қаердан келиб чиққан? Бу борада Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Талхис ал-Хобир” асарларида қисқача тўхаталиб, шундай деганлар: Аслида хавориж сўзи “хуруж”, яъни “қарши чиқиш” сўзидан олинган бўлиб, улар Ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга қарши чиққанликлари учун шу ном билан аталган эдилар. Улар аввалига Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг тарафида эдилар ва Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу билан бирга Жамал ва Сиффин жангларида иштирок этишган эди. Сиффин жангининг ниҳоясида шом аҳли мағлубият яқинлигини сезгач мусҳафларни найзаларга илиб, қарши томонни Аллоҳнинг китобини орада ҳакам қилишга чақиришни маслаҳат беришди. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу аввалига бу фикрни унчалик маъқул кўрмадилар. Лекин У зотнинг сафдошлари орасида Аллоҳнинг китобини ҳакам қилишга рози бўлганлар кўпчилик эди. Натижада, Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг мусулмонлар қонини тўкмаслик ҳақидаги истаклари устун келиб, ҳакамликка рози бўлдилар. Аммо хаворижлар кейинроқ бу қарорни инкор қилдилар ва: “Ҳакамликни қабул қилиб, хато қилибмиз! Энди хатони тузатишимиз керак! Аллоҳнинг ҳукмидан бошқа ҳукм йўқ! деб бақира бошладилар”. Улар Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ва ҳакамликка рози бўлганларнинг барчасини кофир деб “фатво” чиқардилар ва фақат тавба қилиб, уларга қўшилганларни имонда қолган деб ҳисобладилар. Ҳаттоки бу гумроҳлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан жаннат башоратини эшитган Ҳазрати Алидек зотга: “Сен ўзингни кофир деб тан ол, сўнгра тавба қил, ана шунда биз сенга итоат қиламиз”, дейишгача бордилар. Албатта, Али розияллоҳу анҳу бунга рози бўлмадилар. Шундан сўнг хаворижлар У зотга қарши чиқиб, уруш очдилар (Талхис ал-Хобир, 6/2709).
Бора-бора хаворижарнинг қиладиган иши мусулмонларни кофирга чиқаришдан бошқа бўлмай қолди. Уларнинг бу ашаддий мавқифлари қирғинбарот урушларга, мусулмонларнинг беҳисоб қонлари тўкилишига олиб келди. Энг ёмони, ақида бобида кераксиз ихтилофлар авж олди. Натижада ақида пойдевори дарз кетди. Фақат Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби уламолари жасорати ва улкан меҳнати эвазига бу дарз қайтадан тўғриланди.
Такфирнинг хатарлари
Бировни кофир дейиш осон иш эмас. Чунки бу ишнинг орқасидан келиб чиқадиган ҳукмлар ҳам ўта хатарлидир. Бу ишнинг жуда нозик ва ўта хатарли эканини тушуниш учун қуйида Қуръон ва Суннат ҳамда уламоларимизнинг сўзларидан бир қанча далилларни келтириб ўтамиз. Аллоҳ таоло айтади:
يَأَيُّهَا الَّذِينَ ءَامَنُوا إِذَا ضَرَبْتُمْ فِي سَبِيلِ اللَّهِ فَتَبَيَّنُوا وَلَا تَقُولُوا لِمَنْ أَلْقَى إِلَيْكُمُ السَّلَامَ لَسْتَ مُؤْمِنًا
“Эй иймон келтирганлар! Аллоҳ йўлида жиҳодга чиқсангиз, аниқлаб олинглар ва сизга салом берган кимсага, мўмин эмассан, деманглар” (Нисо сураси, 94-оят).
Ушбу ояти кариманинг нозил бўлиш сабаби ҳақида Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ, ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади: “Бану Салим қабиласидан бир одам бир гуруҳ саҳобанинг олдидан қўйларини боқиб ўтиб қолди ва уларга салом берди. Саҳобалар: “Биздан қўрққанидан салом берди, бўлмаса, бермас эди”, дедилар-да, уни ўлдириб, қўйларини Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига ҳайдаб бордилар. Шунда Аллоҳ таоло: “Сизга салом берган кимсага, мўмин эмассан, деманглар”, оятини нозил қилди. (Тафсир Ибн Касир, 2/337). Аллоҳ таоло ушбу оятда мусулмонларни шошқалоқлик билан бировни имонсиз деб ҳукм қилишдан қайтармоқда, Зеро бировнинг қалбида имон бор йўқлигини фақат Аллоҳ таологина билади. Шунинг учун ҳар қандай шубҳа ёки тахмин асосида инсонни мўминликдан чиқариш, унга душманларча муносабатда бўлиш мутлақо нотўғри ва ҳаромдир.
Пайғамбаримиз сoллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам мусулмонни кофирга чиқариш хатарини бир қанча ҳадисларида баён қилганлар. Жумладан: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
عَنِ ابْنِ عُمَرَ، أَنَّ النَّبِيَّ ﷺ قَالَ: «إِذَا كَفَّرَ الرَّجُلُ أَخَاهُ فَقَدْ بَاءَ بِها أَحَدُهُمَا.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Киши биродарини кофирга чиқарса, албатта, иккисидан бири куфрга дучор бўлади”, дедилар (Саҳиҳи Муслим, 123-ҳадис).
Яъни, ким, мўмин биродарини кофир дейиш мумкин, деган эътиқодда кофир деса, ўзи кофир бўлади. Чунки ҳалолни ҳаром деб билиш куфр бўлади. Бу ҳолатда кимнингдир иймонига, шаҳодатига ҳамла қилиб, уни кофирга чиқармоқда. Натижада унинг ўзи кофир бўлади. Иккинчи фикр шуки: Бировни “Эй кофир”, дейиш кишини куфрга олиб боради. Яъни бундай дейишда кофир бўлиб қолиш хавфи бор. Бу инсон бугун кофир бўлмаса-да, бора-бора бир кун диндан чиқиб қолади (Шарҳи Нававий 2/50).
Шундай экан, бировни кофир дейишдан олдин бу гап ўзига қайтиши мумкинлигини яхшилаб ўйлаб қўйиш керак бўлади.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганар:
عَنْ أَنَسِ، عَنِ النَّبِيِّ ﷺ قَالَ: «ثَلَاثٌ مِنْ أَصْل الْإِيمَانِ: الْكَفُّ عَمَّنْ قَالَ لَا إِلَهَ إِلَّا الله ، وَلَا نُكَفِّرُهُ بذَنْبٍ، َلَا تُخْرِجُهُ مِنَ الْإِسْلَامِ بِعَمَل
Уч нарса иймоннинг аслидир: “Лаа илаҳа иллаллоҳу” деган кимсага тегмаслик; гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз; амали туфайли уни Исломдан чиқармаймиз” (Абу Довуд ривояти 2532-ҳадис). Яъни калимаи шаҳодатни айтиб, ўзининг мусулмонлигини билдириб турган кишига тегмаслик, унинг жонига, молига зарар етказмаслик зарур. “Лаа илаҳа иллаллоҳу”ни айтиб, зоҳирида мусулмон бўлиб кўринган одамни қилган гуноҳ иши туфайли кофирга чиқармаймиз. У кофир эмас, нари борса осий мўмин бўлади. Калимаи тавҳидни айтиб, Исломни зоҳиридан кўрсатиб турган одамни амали туфайли Ислом миллатидан чиқармаймиз. Бундай одамларга амалига яраша тайин қилинган шаръий жазо берилади. Эътиқоди бузилмаса, Исломдан чиққан ҳисобланмайди. Умумий қоида мана шу!
Такфирга шошилмаслик борасида уламоларнинг сўзлари
Аҳли сунна вал-жамоа уламолари мусулмонни куфрда айблаш масаласида ниҳоятда эҳтиёт бўлишга буюрганлар. Буюк муҳаддис ва фақиҳ Абу Жаъфар Таҳовий раҳимаҳуллоҳ ўзининг Ал-Ақида ат-Таҳовия асарида бундай деганлар: “Қибла аҳлларининг биронтасини гуноҳи сабабли, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқармаймиз” (Ал-Ақида ат-Таҳовия). Бу эса шуни англатадики, агар бир мусулмон гуноҳга қўл ургани билан уни ҳалол деб билмаса, у ҳануз Ислом доирасида қолади. Зеро, гуноҳ бошқа, куфр бошқа.
Мулла Али Қорий раҳимаҳуллоҳ ҳам бу борада машҳур ҳанафий олими Ибн Нужайм раҳимаҳуллоҳнинг сўзларини келтирадилар: “Агар мусулмонни кофир дейишга далолат қиладиган тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, мусулмон деб билишга далолат қилувчи биргина далил бўлса, муфтий ва қозилар учун ўша битта далилни олиш лозим бўлади” (Шарҳ аш-Шифа).
Бу сўзлар мусулмонни осонликча такфир қилиш нақадар катта хатарларга олиб боришини очиқ-ойдин кўрсатмоқда. Ислом шариатида кишининг имонидан чиқиши фақат аниқ ва қатъий далилларга таяниши лозим. Гумон ёки нотўғри талқин асосида бировни кофирга чиқариш жамиятни улкан фитна сари етаклайди. Шу боис, мўмин киши доимо ўз биродари ҳақида яхши гумонда бўлиши лозимдир.
Бугунги кунда такфир муаммоси
Юқоридаги далиллар ва тарихий мисоллар такфир масаласининг нақадар нозик ва хатарли эканини таъкидлайди. Афсусуки, бугунги кунда такфир масаласи яна долзарб муаммолардан бирига айланиб, баъзи гуруҳлар томонидан нотўғри талқин қилинмоқда. Айрим экстремистик ҳаракатлар ва радикал оқимлар мусулмонларни осонгина кофирликда айблаб, жамиятда бўлиниш ва фитнага сабаб бўляпти. Уларнинг тарғиботи натижасида ёшлар орасида мутаассиблик кучайиб, ўзини ҳақ, бошқаларни эса ботил деб биладиган кайфият шаклланмоқда. Бу ҳолатнинг асосий сабабларидан бири – илмсизлик, Қуръон ва Суннатни нотўғри тушунишдир. Кўпчилик мутаассиб кишилар исломий илмларни мустаҳкам ўрганмасдан, айрим шубҳали манбалар ёки нотўғри тарғиботлар таъсирида қолиб, нотўғри қарашлар гирдобига тушиб қолишмоқда.
Хулоса
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Ислом ақида бобида ҳам, ибодат бобида ҳам, ўзини тутиш бобида ҳам ва бошқа бобларда ҳам мўътадилликка асосланган. Бундай мўътадилликнинг чегарасини билиш учун эса асосли илмий мезон керак. Ана шу асосли мезонга эга бўлиш учун эса исломий илмларнинг барчасини асл масдарлардан, етук ва тақводор уламолардан тўлиқ ўрганиш керак. Бу нарсаларга одоб-ахлоқ, ҳилм ва босиқлик ҳамда ҳар бир нарсани ўз ўрнида тўғри баҳолай билиш омиллари қўшилгандагина, ўнг ёки сўлга бурилиб, ҳалокат жари ёқасига келиб қолиш хавфининг олди олинган бўлади.
Сўзимиз сўнгида Роббимиздан сўраймизки: Эй Роббимиз, бизни дунё ва охиратда ҳидоят топган бандаларинг қаторига қўшгин! Бизни фитналардан узоқ, ҳақ йўлда собит қилинган ва Сенинг ризойинга эришган зотлардан қилгин. Амин!
Азимжон РИХСИБОЕВ,
Тошкент Ислом институти талабаси.