Бир куни бой бадавлат ўғил онасидан хабар олгани ёшликда ўсиб улғайган хонадонига келди. Онаси пешин намозини ўқиётган эди. Ўғил эшикда анча кутиб қолди. Она узоқ дуо қилиб намозини якунлаб ўғли ёнига чиқди, кутиб тоқати тоқ бўлган ўғил жаҳлда онасига деди:
– Она сиз ҳар куни беш вақт намоз ўқиб, узундан узоқ дуо қилиб, бир нарсаларни сўрайсиз? Лекин ҳеч нарсангиз йўқ, ночор ҳаёт кечирасиз. Мана менинг бошим саждага тегмаган, намоз ўқимайман, лекин ҳаммаси етарли, бирор нарсага муҳтожлигим йўқ – деди
Шунда она ўғлига: Болажоним, мен саждага бош қўйиб, сенинг униб ўсишингни, бой бадавлат яшашингни, ҳар ишда омадли бўлишингни сўрайман. Менга бундан бошқа ҳеч нарса керак эмас. Мана меҳрибон Аллоҳ сўраганимни беряпти, яна битта энг катта тилагим бор, шу тилагим ҳам рўёбга чиқса, мендан бахтли она йуқ дунёда -деди кўзларига ёш олиб.
– Нима тилак экан у, онажон – деди ўғил.
Она: сенинг беш вақт намоз ўқишингни, намозга шошилишингни кўзларим билан кўрсам армоним йўқ эди, болажоним. Онасининг сўзларини эшитган ўғил беихтиёр кўзига ёш олиб:
– Меҳрибоним, мен гумроҳ ўғлингизни кечиринг, деди.
ЭЙ ЎҒИЛ!!!
Сиз ўйламанг, «мен беибодат бўлсам ҳам, Аллоҳ менга беряпти» деб. Сизни хаққингизга кеча-ю кундуз дуо қилаётган ота-онангиз сабабчидирлар. Дуогўй ота-онангизни эъзозланг, ҳурмат қилинг, қадрига тириклик чоғида етинг.
манба: Насоимул ҳикмат
ЎМИ Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятининг аҳоли билан очиқ ва самимий мулоқотлари фуқаролар мурожаатларини ўрганиш ҳамда уларни ҳал этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бугун, 16 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков Диний идорага келган бир гуруҳ фуқароларни қабул қилиб, уларнинг мурожаат, арз ва таклифларини тингладилар.
Мулоқот давомида имомлар фаолиятини янада такомиллаштиришга оид таклифлар кўриб чиқилди. Шунингдек, устоздан хайрли дуо олиш ниятида келганлар, ўзлари ёзган китобларини тақдим этганлар ҳам бўлди. Моддий ёрдам сўраб мурожаат қилган фуқароларга эса белгиланган тартибда тегишли кўмак кўрсатилди.
Самимий қабул ва кўрсатилган эътибордан мамнун бўлган фуқаролар миннатдорлик билдириб, хайрли дуолар қилишди.
Дарҳақиқат, инсон дардига шерик бўлиш, унинг ташвишини енгиллатиш — савоби улуғ амалдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганлар:
«Ким биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким бир мусулмоннинг ташвишини аритса, Аллоҳ унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади» (Имом Бухорий ривояти).
Эслатиб ўтамиз, бундай қабуллар Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудий вакилликлари ҳамда барча жоме масжидларида ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати