Марказий Осиёда тиббиёт фани кўҳна ва бой тарихга эга. Ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида қадимдан кенг кўламда олиб борилган илмий ва амалий ишлар кўпгина хасталикларни тўғри ажрата олиш ва уларни асосан халқ табобати ёрдамида даволаш имконини берган. Қадимда, айниқса, IХ-ХII асрларда тиббиёт Шарқда, хусусан, Марказий Осиёда равнақ топди. Ўша даврда юнон тилидан санскрит ва қадимий шарқ тилларига ўгирилган кўпгина тиббий асарлар пайдо бўлди. Жумладан, Аристотель, Диоскорид ва Галеннинг доришуносликка оид асарлари сурёний ва араб тилига таржима қилинди.
Ислом ҳаётнинг бошқа соҳалари қатори тиб соҳасини ҳам тартибга солди, тўғри йўналишга йўллади. Қуйида ўрганадиган ҳадиси шарифлар ана ўша улуғ ишнинг баъзи намуналари ҳисобланади. Қуръони карим ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларида инсон соғлиғига катта эътибор берилган. Агар бу икки масдарда соғликни сақлаш бўйича келган маълумотларни ўрганадиган бўлсак, улкан хазина топган бўламиз. Исломда сиҳат-саломатлик, тани соғлик Аллоҳ таоло бандаларига берган энг улкан неъматлардан бири ҳисобланади.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Икки неъмат борки, кўп одамлар уларда алданиб қолурлар. Улар соғлик ва фароғат”, деганлар. Кўриниб турибдики, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам очиқ-ойдин қилиб соғликнинг бандага берилган неъмат эканини айтмоқдалар.
Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом ибн Можалар Абдуллоҳ ибн Мехон ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидагини айтганлар: “Кимнинг жасади офиятда бўлса, ўз гуруҳида тинч-омон бўлса ва ҳузурида егани ризқи бўлса гўёки дунёни қўлга киритибди”.
Инсон учун дунёни қўлга киритиш йўлида зарур бўладиган шартлардан энг аввалгиси саломатлик деб эълон қилинишининг ўзи исломда тиббиётга қанчалик эътибор берилишини кўрсатиб турибди. Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қиёмат куни бандадан энг аввал сўраладиган неъмат унга, сенинг жисмингни сиҳатлик қилган эмасмидик, сени совуқ сув ила сероб қилган эмасмидик дейилишидир» деганлар. Аллоҳ таоло ўз бандасига берган неъматлар ичида энг аҳамиятлиларидан бўлгани учун ҳам соғлик неъмати ҳақида охиратда биринчи бўлиб сўралади. Шундай экан, банда бу нарсаларнинг қадрига етмоғи керак. Неъматни берган зотга шукр қилмоқ керак. Неъматнинг шукри эса уни берувчи зотга мақтов сўзлари айтиш ва неъматни неъмат бурувчини рози қиладиган йўлда сарфлаш билан бўлади.
Соғлик-саломатлик неъмати муҳим бўлгани учун ҳам пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам биз умматларига ўша улуғ неъматни доимо Аллоҳ таолонинг ўзидан сўраб туришини амр этганлар. Имом Аҳмад Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилган: “Аллоҳдан яқийнни ва мустаҳкам соғликни сўранглар. Ҳеч бир кимсага яқийндан кейин офиятчалик яхши нарса берилмаган”.
Яқийнн мустаҳкам имондир. Демак, Аллоҳ таоло бандаларига берган неъматлар ичида энг биринчи ўринда мустаҳкам имон турса, ундан кейинги иккинчи ўринда соғлик турар экан. Ислом соғликни Аллоҳ таоло бандага берган улуғ неъмат эканини, унинг учун банда шукр қилиши лозимлигини таъкидлаш билангина кифояланиб қолмайди. Ислом соғликни сақлашнинг йўлларини ҳам баён қилиб беради. Масалан, улар: тозаликка риоя қилиш, соғликка зарар етказувчи ва атрофни ифлос қилувчи нарсалардан қайтариш, бадан тарбия, соғликка зарарли нарсаларни ҳаром қилиш ва бошқалардир.
Манбалар асосида Хўжаобод туман “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби Муҳаммад Қуддус Абдулманнон тайёрлади.
Дин ва жамият
Ислом дини кишини ҳаддан ошиш, зўравонлик ва адоватдан қайтаради. Ҳар бир ишда ўрта йўлни тутиш, ақл билан иш кўриш, адолат ва инсофни сақлаш асосий мезонлардан экани таъкидланади.
Афсуски, бугунги кунда айрим кимсалар динимизга хос муқаддас тушунчаларни нотўғри талқин қилиб, ўз манфаатлари йўлида фойдаланмоқда. Улар диннинг асл моҳияти бўлган тинчлик, ўзаро меҳр-мурувват ва эзгулик ғояларини бузиб, одамлар қалбига мутаассиблик уруғини сочишга ҳаракат қилмоқда. Бундай кимсалар хорижда туриб ижтимоий тармоқлар орқали ақидавий, фиқҳий, маҳзаб масалаларида халқимизни чалғитишга уриниб, мутаассиблик ва бошқа ёт ғояларни тарғиб қилиб, оммани шубҳалар гирдобига тортишга уринмоқда.
Ҳақиқий диндорлик одамлардан узилиш, ҳаётдан четлашиш ёки бошқаларга нисбатан қаттиққўллик қилиш эмас. Балки ҳалол меҳнат қилиш, ота-онага ҳурмат кўрсатиш, оилага масъулият билан қараш, жамиятга фойда келтириш ва ибодатни ихлос билан адо этишда намоён бўлади. Мутаассиблик эса шу мувозанатни бузади. Бундай киши ўз фикрини ягона ҳақиқат деб билади, бошқа қарашларни эшитишни истамайди. Фақат ўз фикрини ўтказишга уринади. У кўп ҳолларда диннинг асл моҳиятини эмас, балки ўзининг тор ва бирёқлама тушунчасини ҳимоя қилади. Шу сабабли мутаассиблик жамиятда муросасизлик, адоват ва бўлинишларга сабаб бўлади.
Аслида, чин мусулмон ўз эътиқодида мустаҳкам бўлиши билан бирга, бошқаларга нисбатан ҳам одоб, ҳурмат ва инсоф билан муносабатда бўлиши керак. Дин номидан қўполлик қилиш, одамларни камситиш, жамият тинчлигига рахна солиш ёки зўравонликни оқлаш қораланган.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳар бир ишда – хоҳ у дунёвий бўлсин, хоҳ охират амали бўлсин – ўртача бўлишга чақириб: “Ишларнинг энг яхшиси ўртачасидир”, деганлар (Имом Байҳақий ривояти). Бу эса Исломда инсон ҳаёти бир томонга оғишган эмас, балки мувозанатли бўлиши кераклигини кўрсатади.
Бу ҳақда Қуръони каримда: “...Роҳибликни эса улар ўзлари чиқариб олдилар. Биз уларга уни (роҳибликни) ёзганимиз йўқ, лекин улар ўзлари Аллоҳнинг ризолигини истаб (роҳиблик) қилдилар-у, сўнгра унга тўла риоя қила олмадилар. Бас, улардан иймон келтирганларига мукофотларни ато этдик. (Аммо) уларнинг орасида аксарияти фосиқ (кофир)дирлар” (Ҳадид сураси, 27-оят), дейилган. Демак, киши ўз табиатига оғирлик қиладиган даражада ҳаётдан узилиб, тоат-ибодатга берилиб кетмаслиги керак.
Яна бир оятда: “Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин” (Қасас сураси, 77-оят). Мусулмон киши дунёни деб охиратни унутиши, охиратни баҳона қилиб, зиммасидаги бу дунё ишларини ташлаб қўйиши жоиз эмас.
Мутаассиблик илмсизлик сабабли келиб чиқади. Илмли киши ҳеч қачон ўзгалар билан тортишмайди ва ҳар ишда ўзиникини маъқуллайвермайди. Аксинча, ҳақ гап айтилганида тан олади. Шунинг учун фарзандларимизга ёшлигиданоқ диний билимларни чуқур ўргатиб, турли фитналардан огоҳ этиб боришимиз зарур. Зеро, ҳақиқий илм эгаларини ҳеч қандай бузғунчи ғоялар чалғита олмайди.
Ғафуржон ЭШОНҚУЛОВ,
Ургут туманидаги “Чубин” масжиди имом ноиби
Ҳ. Садриддинов уюштирди.
"Ҳидоят" журналини 7-сонидан