Воқеа сураси Маккада нозил бўлган, 96 оятдан иборат. “Воқеа” қиёматнинг номларидан бири бўлиб, у суранинг биринчи оятида ҳам тилга олинган: “Қачонки, қиёмат воқе (қойим) бўлганда, унинг воқе бўлишининг ёлғони йўқдир” (Воқеа сураси, 1-2 – оятлар). Шунинг учун шу ном билан аталган.
Сура қиёмат даҳшатлари, тоғларнинг титилиб, тўзонга айланиши, ернинг ларзага келиши, одамларнинг яксон бўлиши ҳақидаги тасвирлар билан бошланади. У кунда одамлар уч тоифага: ўнг ва чап тараф эгалари ҳамда пешқадамларга ажралиши айтилган. “Сизлар эса уч тоифа бўлурсиз” (Воқеа сураси, 7-оят).
Ўнг тараф соҳиблари Аршнинг ўнгида турадилар. Қиёмат куни амаллар китоби эгаларига тарқатилганда жаннат аҳлининг китоби ўнг тарафларидан берилади. “Бас, (у учтанинг биринчиси) ўнг томон эгаларидир. Ўнг томон эгалари (бўлмоқ) не (саодат)дир!” (Воқеа сураси, 8-оят).
Ўнг тараф эгалари жаннат неъматларидан баҳраманд бўлишлари, уларга тайёрлаб қўйилган иномлар ҳақида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “(Улар) тикансиз бутазорларда, тизилган бананзорларда, ёйиқ соя (ости)да, оқизиб қўйилган сув (бўйи)да, кўплаб мева (узра)ки, (улар) туганмас ва ман этилмасдир. Шунингдек, (улар) баланд тўшалган кўрпачалар (усти)дадирлар” (Воқеа сураси, 28-34 – оятлар).
Яна бир гуруҳ Аршнинг чап томонида туради. Уларнинг номаи аъмоллари чап тарафларидан берилади. Дўзаҳ аҳлининг аксарияти ушбу гуруҳга оиддир. “(Иккинчи тоифа) чап томон эгаларидир. Чап томон эгалари (бўлмоқ) не (бахтсизлик)дир!” (Воқеа сураси, 9-оят).
Чап тараф эгалари бадбахтдирлар. Улар баданни тешиб ўтувчи шамолда ва қайноқ сув ила азобланадилар. Жаҳаннам аҳли дўзахнинг салқини йўқ, қора тутун соясида бўладилар. Улар дунё лаззатининг ортидан эргашиб, имонни, диёнатни унутдилар. Катта гуноҳларни саркашлик билан қилдилар, тавбага шошилмадилар. Ҳою-ҳавасга берилиб, қайта тирилишни инкор этдилар. «Яна айтар эдилар: “Бизлар ўлиб тупроқ ва суякларга айлангач, ростдан ҳам қайта тирилтирилувчимизми?! Аввалги ота-боболаримиз ҳамми?!”» (Воқеа сураси, 47-48 – оятлар).
Улар ўша кунда жаҳаннам гиёҳи бўлган Заққум дарахтидан ейдилар. Бошқа ичадиган нарса йўқлигидан мажбур бўлиб, ўта қайноқ сувни ичадилар. «...(ичганда ҳам) ташна туялар каби ичувчидирсиз. (Лекин ташналик асло босилмас) Мана шу жазо кунидаги уларнинг “зиёфати”дир» (Воқеа сураси, 56-оят). Аллоҳ таоло ҳар бир бандасига адолат қилувчи зотдир.
Энг саодатли тоифа учинчи тоифа бўлиб, улар пешқадамлар, Аллоҳ таолонинг рўпарасида турувчилардир. “(Учинчи тоифа эзгу ишларда) ўзиб-ўзиб кетган зотлардир” (Воқеа сураси, 10-оят). Улар Пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар қаторида бўладилар.
Бу тоифа охиратдаги энг саодатли бандалардир. Улар Аллоҳ таолонинг ибодати ва тоатида бошқалардан кўра пешқадам бўлганлар. Тавбада, яхшилик ва савобли амалларда ўзиб кетганлар. Улар орасида аввал ўтган мусулмонлар кўпчиликни ташкил қилади. Аммо бу мақомга кейинги авлодлардан, яъни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг умматларидан озчилик сазовор бўлар экан. “(Ўзиб кетганлар) аввалги (уммат)лардан кўпчилик, кейингилар (Муҳаммад умматлари)дан эса озчиликдир” (Воқеа сураси, 13-14 – оятлар).
Пешқадамлар жаннатда тилладан дур ва ёқутдан тўқилган сўриларда ёнбошлаб роҳатланиб ётадилар. “Устиларида эса мангу ёш болалар айланиб (хизматда) юрурлар...” (Воқеа сураси, 17-оят).
Улар жаннат аҳли ихтиёр қилган меваларни ва иштаҳалари тусаган нарсаларни келтирадилар. “оқар чашмадан олинган (май тўла) қадаҳлар, кўзалар ва косалар билан. У (май)лардан уларнинг бошлари ҳам оғримас, маст ҳам бўлмаслар” (Воқеа сураси, 18-19 – оятлар).
Пешқадамларга берилган мазкур неъматлар ва олий мақомлар уларнинг дунё ҳаётида қилган солиҳ амалларининг мукофотидир. «Улар у жойда беҳуда ва гуноҳ (сўз)ни эшитмаслар, фақат (бир-бирларига айтадиган) “Салом-салом” сўзинигина (эшитурлар)» (Воқеа сураси, 25-26 – оятлар).
Шунингдек, сурада Аллоҳнинг борлиги, ягоналиги ва чексиз қудрати, инсонни яратишдаги, ўсимликларни ўстиришдаги, ёмғир ёғдиришдаги ва бошқа ишлардаги ажойиб тадбир ҳамда ҳикматлари ҳақида ҳам сўз кетади. Аллоҳ таоло уларга тафаккур кўзи билан қарашга буюради: “Сизлар экаётган зироатларингиз ҳақида ўйлаб кўрдингизми?!” (Воқеа сураси, 63-оят); “Сизлар ўзларингиз ичаётган сувни (ўйлаб) кўрдингизми?!” (Воқеа сураси, 68-оят); “Сизлар ёқаётган оловни (ўйлаб) кўрдингизми?!” (Воқеа сураси, 71-оят).
Аллоҳ таоло барчамизни яхшиликларда пешқадам бўлган, охиратда Ўзининг рўпарасида турувчи бандаларидан қилсин.
Робия САИДХОНБАЛОВА,
Хадичаи кубро аёл-кизлар ўрта махсус ислом билим юрти талабаси
Дин ва жамият
Ислом дини кишини ҳаддан ошиш, зўравонлик ва адоватдан қайтаради. Ҳар бир ишда ўрта йўлни тутиш, ақл билан иш кўриш, адолат ва инсофни сақлаш асосий мезонлардан экани таъкидланади.
Афсуски, бугунги кунда айрим кимсалар динимизга хос муқаддас тушунчаларни нотўғри талқин қилиб, ўз манфаатлари йўлида фойдаланмоқда. Улар диннинг асл моҳияти бўлган тинчлик, ўзаро меҳр-мурувват ва эзгулик ғояларини бузиб, одамлар қалбига мутаассиблик уруғини сочишга ҳаракат қилмоқда. Бундай кимсалар хорижда туриб ижтимоий тармоқлар орқали ақидавий, фиқҳий, маҳзаб масалаларида халқимизни чалғитишга уриниб, мутаассиблик ва бошқа ёт ғояларни тарғиб қилиб, оммани шубҳалар гирдобига тортишга уринмоқда.
Ҳақиқий диндорлик одамлардан узилиш, ҳаётдан четлашиш ёки бошқаларга нисбатан қаттиққўллик қилиш эмас. Балки ҳалол меҳнат қилиш, ота-онага ҳурмат кўрсатиш, оилага масъулият билан қараш, жамиятга фойда келтириш ва ибодатни ихлос билан адо этишда намоён бўлади. Мутаассиблик эса шу мувозанатни бузади. Бундай киши ўз фикрини ягона ҳақиқат деб билади, бошқа қарашларни эшитишни истамайди. Фақат ўз фикрини ўтказишга уринади. У кўп ҳолларда диннинг асл моҳиятини эмас, балки ўзининг тор ва бирёқлама тушунчасини ҳимоя қилади. Шу сабабли мутаассиблик жамиятда муросасизлик, адоват ва бўлинишларга сабаб бўлади.
Аслида, чин мусулмон ўз эътиқодида мустаҳкам бўлиши билан бирга, бошқаларга нисбатан ҳам одоб, ҳурмат ва инсоф билан муносабатда бўлиши керак. Дин номидан қўполлик қилиш, одамларни камситиш, жамият тинчлигига рахна солиш ёки зўравонликни оқлаш қораланган.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳар бир ишда – хоҳ у дунёвий бўлсин, хоҳ охират амали бўлсин – ўртача бўлишга чақириб: “Ишларнинг энг яхшиси ўртачасидир”, деганлар (Имом Байҳақий ривояти). Бу эса Исломда инсон ҳаёти бир томонга оғишган эмас, балки мувозанатли бўлиши кераклигини кўрсатади.
Бу ҳақда Қуръони каримда: “...Роҳибликни эса улар ўзлари чиқариб олдилар. Биз уларга уни (роҳибликни) ёзганимиз йўқ, лекин улар ўзлари Аллоҳнинг ризолигини истаб (роҳиблик) қилдилар-у, сўнгра унга тўла риоя қила олмадилар. Бас, улардан иймон келтирганларига мукофотларни ато этдик. (Аммо) уларнинг орасида аксарияти фосиқ (кофир)дирлар” (Ҳадид сураси, 27-оят), дейилган. Демак, киши ўз табиатига оғирлик қиладиган даражада ҳаётдан узилиб, тоат-ибодатга берилиб кетмаслиги керак.
Яна бир оятда: “Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин” (Қасас сураси, 77-оят). Мусулмон киши дунёни деб охиратни унутиши, охиратни баҳона қилиб, зиммасидаги бу дунё ишларини ташлаб қўйиши жоиз эмас.
Мутаассиблик илмсизлик сабабли келиб чиқади. Илмли киши ҳеч қачон ўзгалар билан тортишмайди ва ҳар ишда ўзиникини маъқуллайвермайди. Аксинча, ҳақ гап айтилганида тан олади. Шунинг учун фарзандларимизга ёшлигиданоқ диний билимларни чуқур ўргатиб, турли фитналардан огоҳ этиб боришимиз зарур. Зеро, ҳақиқий илм эгаларини ҳеч қандай бузғунчи ғоялар чалғита олмайди.
Ғафуржон ЭШОНҚУЛОВ,
Ургут туманидаги “Чубин” масжиди имом ноиби
Ҳ. Садриддинов уюштирди.
"Ҳидоят" журналини 7-сонидан