Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Август, 2026   |   11 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:16
Қуёш
05:41
Пешин
12:25
Аср
17:11
Шом
19:13
Хуфтон
20:34
Bismillah
24 Август, 2026, 11 Рабиъул аввал, 1448

Қадимий илм масканида таълим бошланди

05.09.2018   7708   2 min.
Қадимий илм масканида таълим бошланди

Нафақат юртимиз балки хорижий мамлакат аҳолисининг диний эҳтиёжини қондирган, илм маърифат улашган зиё маскани бўлмиш Мир Араб мадрасаси ўзининг таълиму-тадрис жараёнини бошлади. Ўзбекистон Мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари қатори шонли тарихга эга билим ўчоғи 5-сентябрь куни эрта тонгда билимлар кунини қарши олди. Унда билим юртининг барча ишчи-ходимлари, ўқитувчилар ва талабалар иштирок этишди.

Билим юрти маънавият ва маърифат ишлари бўйича мудир муовини А. Нажмиддинов очиб берар экан, аввало барчани янги 2018-2019 ўқув йилининг кириб келиши муносабати билан табриклади. Анъанага мувофиқ тадбир аввалида Ўзбекистон Республикасининг мадҳияси янгради. Шундан сўнг билим юрти 4 курс талабаси А.Ахмаджонов Курьони Каримдан тиловат килди ва дуойи-хайр қилинди. Билим юрти мудири Ж.Элов янги ўқув йилида қилиниши лозим бўлган ишлар, таълим самарадорлигини янада ошириш учун кўзланган мақсадлар ҳамда талабаларни таълим-тарбия олишлари учун яратилган шароитлар ҳақида батафсил гапирди. Истиқлол йилларида эришилган ютуқлар, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги таълим муассасалари ўқув жараёнларидаги ижобий ўзгаришлар ҳамда ёшларни миллий ғурур, ватанпарварлик, миллий бирдамлик, ҳалоллик, меҳнатсеварлик асосида камол топтириш учун тавсиялари тингланди.

Сўнг тадбирга ташриф буюрган таълим фидойилари Баҳоуддин Нақшбанд жомеъ масжиди имом хатиби А. Раззоқов, БДУ филология фанлари номзоди, доцент, фахрий мударрис Н. Шукруллоев ҳамда билим юрти катта мударриси Қ. Сиддиқовлар талабаларга ўзларининг кўп йиллик тажрибаларидан келиб чиқиб насиҳат қилдилар. бу билим даргоҳида таълим-тарбия жараёнлари, ўтган уламоларимизнинг ўгитлари ҳамда динимиздаги илм ва олимнинг фазилати ҳақидаги кўрсатмаларини оят ва ҳадислардан мисоллар билан тушунтириб бердилар. Биринчи қўнғироқ садолари остида талабалар “Мустақиллик дарси”га кирдилар.

Билим юртида таҳсил олиш учун барча шарт-шароитлар яратилган бўлиб, узоқ вилоятлардан келган талабаларга шинам ётоқхоналар билан таъминланди. Талабаларга ҳар куни икки маҳал иссиқ овқат янги бино қилинган, барча қулайликларга эга ошхонада берила бошлади.

Толиби илмларга тоат-ибодатларини мукаммал қилишлари учун ҳомийлар орқали кенг ва замонавий таҳоратхона ишга туширилган. Ўқув кунининг аввали мана шундай қулай таассуротлар билан бошланди.

Маънавият ва маърифат ишлари

бўйича мудир муовини:                                                            А. Нажмиддинов 

Фотолавҳалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Марғилоннинг уч муқаддас қадамжоси

14.08.2026   41168   3 min.
Марғилоннинг уч муқаддас қадамжоси

Марғилон – Фарғона водийсининг энг қадимий ва ўзига хос шаҳарларидан бири. Унинг тарихини фақат меъморий обидалар, қадимий кўчалар ёки машҳур ҳунармандчилик анъаналари билангина эмас, балки асрлар давомида халқ эъзозида бўлиб келаётган зиёратгоҳларсиз ҳам тасаввур этиб бўлмайди, хабар бермоқда ЎзА.

Шаҳардаги Пир Сиддиқ зиёратгоҳи, Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси ва Каптарли мозор ана шундай тарихий-маънавий масканлар сирасига киради. Уларнинг ҳар бири ўз тарихи, ривоятлари ва халқ хотирасидаги ўзига хос ўрнига эга.

Марғилоннинг қадимий зиёратгоҳларидан бири Пир Сиддиқ мажмуасидир. Халқ орасида бу қадамжо билан боғлиқ турли ривоятлар авлоддан-авлодга ўтиб келган. Зиёратгоҳ Пир Сиддиқ номи билан боғлиқ бўлиб, “сиддиқ” сўзи араб тилида ҳақгўй, ростгўй, ҳақиқатга содиқ инсон маъноларини англатади. Шу жиҳатдан зиёратгоҳ номи ҳам халқ тасаввурида эзгулик, иймон ва ростгўйлик каби фазилатлар билан уйғунлашиб кетган. Мажмуадаги меъморий ечимлар, айниқса, гумбазли иншоотлар ва қадимий қабрлар Марғилоннинг ўтмишдаги шаҳарсозлик ва меъморчилик анъаналаридан дарак беради.

Пир Сиддиқ зиёратгоҳи нафақат зиёрат маскани, балки Марғилоннинг тарихий хотирасини ўзида мужассам этган қадамжолардан бири сифатида аҳамиятлидир. Марғилон тарихи буюк аллома Бурҳониддин Марғиноний номи билан чамбарчас боғлиқ. XII асрда яшаб ижод қилган аллома ислом ҳуқуқшунослиги, хусусан, ҳанафий фиқҳи тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган. Унинг бутун ислом оламида машҳур бўлган “Ҳидоя” асари асрлар давомида муҳим ҳуқуқий манба сифатида қадрланиб келган.

Марғилонда аллома номи билан боғлиқ Чиллахона ҳам халқнинг маънавий хотирасида алоҳида ўрин тутади. “Чиллахона” атамаси одатда инсоннинг маълум муддат хилватда қолиб, тафаккур, ибодат ва руҳий тарбия билан машғул бўладиган жойини англатади. Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси билан боғлиқ ривоятлар ҳам алломанинг илм йўлидаги машаққатли изланишлари ва маънавий камолотини тасаввур қилишга ёрдам беради. Бу масканни фақат зиёратгоҳ сифатида эмас, балки буюк алломанинг илмий-маънавий меросини англашга хизмат қилувчи тарихий хотира жойи сифатида ҳам баҳолаш мумкин.

Марғилондаги яна бир ўзига хос маскан – Каптарли мозор. Унинг номи билан боғлиқ халқ ривоятлари турлича. Айрим ҳикояларда бу жойда каптарлар кўп бўлгани, шу сабабли мозор “Каптарли” деб аталгани айтилади. Каптар эса халқ тасаввурида тинчлик, поклик ва эзгулик рамзи сифатида қабул қилинади. Каптарли мозор ҳақидаги маълумотларни илмий жиҳатдан чуқур ўрганиш Марғилоннинг маҳаллий тарихини янада бойитишга хизмат қилади. Бунинг учун архив ҳужжатлари, қадимий хариталар, қабртошларидаги ёзувлар, вақф ҳужжатлари ва халқ орасида сақланиб келаётган оғзаки тарих намуналарини тадқиқ этиш муҳим. Зеро, халқ хотирасида асрлар давомида сақланиб келаётган ривоятлар ҳам тарихий-этнографик тадқиқотлар учун қимматли манба бўлиши мумкин.

Уч қадамжо – бир тарих. Пир Сиддиқ зиёратгоҳи, Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси ва Каптарли мозорни бирлаштириб турган асосий жиҳат уларнинг Марғилоннинг маънавий қиёфасини шакллантиришдаги ўрнидир. Бу қадамжолар халқнинг аждодларга ҳурмат, муқаддас жойларни асраш, эзгулик ва маърифатни қадрлаш каби анъаналарини ўзида мужассам этади.

Уларнинг ҳар бири Марғилон тарихининг турли қирраларини намоён этади: Пир Сиддиқ – диний-маънавий меросни, Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси – илм ва тафаккур анъаналарини, Каптарли мозор эса халқ хотираси ва маҳаллий ривоятларнинг узвийлигини ифодалайди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари