Бисмиллаҳдан бошладим, сизлар учун бир ҳикмат,
Фақирларга башорат, оқил учун бир ибрат.
Ийд Қурбон келганда, Росулуллоҳ чоғланди,
Сўймоқ учун икки қўйнинг, оёқлари боғланди.
Оқибатин билмасдан, аҳли нодон сўзлари,
Керакмиди шу ишлар? Фақир бўлса Ўзлари,
Ҳаловат йўқ тоатда, бизлар дунё ғамида,
Ҳавотирда Мустафо, айтинг кимнинг ғамида.
Кўзни очинг мўминлар, ҳикматдур ҳар ишлари,
Ўзларин ўйламаслар, умматдур ташвишлари.
Фақирларга ҳушхабар, ҳавас қилар бойлар ҳам,
Йиғлаб ҳавас қилгайдур, юзлаб қўй сўйганлар ҳам.
Асли баён шундадир, Муборак қўллар билан,
Сўйдилар икки қўйни, ихлос муҳаббат билан.
Сўнгра дуо қилдилар: Хожамсанку ягона,
Битта қўйни ўзимдан, қабул айла Роббана.
Яна дуо қилдилар, Ҳақга нола қилдилар,
Уммат учун чекиб ғам, қалбни вола қилдилар.
Дуо қилар тўкиб ёш, эшитган қилмас бардош,
Кимлар учун қайғурди, англагин эй! Бағритош.
Қиёмат тонг отгунча, эҳсоним бўлса мақбул,
Барча фақир номидан, бағишладим эт қабул.
Дуо кетди Росулдан, Охир замон бўлгунча,
Ноумид бўлманг фақирлар, имкон сўранг ўлгунча.
Мен ҳам фақир ва мискин, лекин қалбим юмшамас,
Тоатларим кўз кўзга, ибодатга ўхшамас.
Я Роббана насиб қил, Ҳабибинг эҳсонидан,
Сўраб ҳаё қиларман, дуойим нуқсонидан.
Раҳматингни чеки йўқ, менда зарра гумон йўқ,
Хос умматин қилмоқга, Сендан бошқа умид йўқ.
Жиззах шаҳар "Имом Бухорий"
жоме масжиди, имом ноиби
Ҳалилов Умиджон Абдулҳаким хожи ўғли.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Кўпчилик хўл меванинг энг чиройли ва пишган бўлагини танлайди. Аммо отам (Аллоҳ раҳматига олсин) бошқача йўл тутар эдилар.
Отам жорий қилган оилавий анъаналарнинг энг гўзалларидан бири — ҳар куни кечки овқатни бутун оила даврасида қилиш эди. У киши кун давомида ҳар ким ўз иши билан банд бўлса ҳам, ҳеч бўлмаганда кечки таом пайтида ҳаммамиз бир дастурхон атрофида йиғилиб, бир-биримизнинг ҳолимиздан хабар олишимизни истар эдилар.
Таомдан олдин мева қўйилганда эса, отам ҳар сафар бир хил ишни қилардилар. У киши доимо доғ тушган мевани танлар эдилар. Меванинг уринган қисмини кесиб ташлар, қолган қисмини эса истеъмол қилардилар.
Болалигимдан бошлаб, отам вафот этгунларига қадар бу ҳолатни минглаб марта кўрганман. Ўша оддий одат менга сўзсиз, насиҳатсиз жуда катта сабоқ берди. Бу – неъматнинг қадрига етиш.
Ахир дастурхонимизга келган ҳар бир мева ортида қанча меҳнат ётади: деҳқон ер ҳайдайди, уруғ қадайди, сув беради, парвариш қилади, ҳосилни йиғади, одамлар уни ташийди ва ниҳоят у бизнинг дастурхонимизга етиб келади.
Бугунги кунда дунёда озиқ-овқатнинг катта қисми исроф қилинмоқда.
Отам менга бирор нуқсонли нарсани бутунлай ташлаб юбормасликни, агар бир қисми бузилган бўлса, фақат ўша қисмини олиб ташлаб, қолганини истеъмол қилишни ўргатганлар.
Отамнинг яна бир одатлари бор эди. Ҳар сафар овқатдан кейин: “Алҳамдулиллаҳ. Аллоҳга шукр. Аллоҳ барака берсин”, дер эдилар.
Отам мевани ер эдилар, мен эса неъматнинг қадрига етишни ўрганар эдим. Отам дунёдан ўтганларидан кейин бу оддий одатларнинг асл қадрини янада чуқурроқ англадим.
Аллоҳ барча ўтган ота-оналаримизни Ўз раҳматига олсин, ҳаётдагиларининг умрларини узоқ, ризқларини баракали қилсин.
Даврон НУРМУҲАММАД