Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
05 Июл, 2025   |   10 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:12
Қуёш
04:56
Пешин
12:33
Аср
17:42
Шом
20:03
Хуфтон
21:39
Bismillah
05 Июл, 2025, 10 Муҳаррам, 1447

Ҳаж ибодати ва ундан олинадиган фойдалар

15.08.2018   13861   4 min.
Ҳаж ибодати ва ундан олинадиган фойдалар

Ҳаж амали Аллоҳ таоло улуғлаган муқаддас маконда Унинг зикрини қоим қилиш ва яхшиликларни қўлга киритиш учун қилинади. Бу амал банданинг дунё ва охиратда саодат топишига сабаб бўлади.

“Одамлар орасида (юриб уларни) ҳажга чорлагин! (Шунда) улар сенга (Каъбага) пиёда ва ҳар қандай туяда узоқ йўллардан келурлар. Улар ўз (диний ва дунёвий) манфаатларига шоҳид бўлиш учун ва маълум кунларда (Аллоҳ) уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларига (қурбонлик учун сўйишда) Аллоҳ номини зикр қилиш учун келурлар. Бас, ундан ўзларингиз ҳам еяверингиз, бечора камбағалларга ҳам едирингиз!” (Ҳаж сураси, 27-28-оятлар).

Уламолар Қуръони карим ва суннати мутаҳҳарада келган далиллардан фойдаланиб ҳаждан олинадиган фойдаларнинг баъзиларини зикр қиладилар:

1) Масжидул ҳаромда ўқилган намоз бошқа жойдаги намозлардан афзаллиги.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Менинг масжидимда ўқилган намоз бошқа масжидларда ўқилган намоздан минг марта афзалдир. Масжидул Ҳаромда ўқилган намоз бошқа масжидларда ўқилган намоздан юз минг марта афзалдир» (Аҳмад ва Ибн Можа ривояти).

2) Мабрур ҳаж – энг афзал амаллардан бири.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Қайси амал афзал?» деб сўралди. «Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтириш», дедилар. «Кейин нима?» дейилди. «Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилиш», дедилар. «Ундан кейин нима?» дейилди. «Мабрур ҳаж», дедилар» (Икки шайх ва Насаий ривоят қилганлар).

Оиша розияллоҳу анҳо: «Эй Аллоҳнинг Расули! Жиҳодни энг афзал амал деб биламиз. Жиҳод қилайликми?» деди. Пайғамбар алайҳиссалом: «Йўқ. Аммо жиҳоднинг афзали ҳажжи мабрурдир», дедилар» (Бухорий ва Насаий ривоят қилган).
Насаийнинг лафзида:
«
Лекин жиҳоднинг яхшиси ва гўзали ҳажжи мабрурдир», дейилган.

3) Гуноҳлар мағфират қилинади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳ учун ҳаж қилса, фаҳш сўз айтмаса ва фисқу фасод қилмаса, худди онаси туққан кунидек қайтади», дедилар» (Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган).

4) Мабрур ҳажнинг мукофоти жаннат.

«Умрадан кейинги умра иккисининг орасидаги нарсаларга каффоротдир. ҳажжи мабрурнинг мукофоти жаннатдан бошқа нарса эмас», дедилар» (Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган).

5) Ҳожилар ва умра қилувчилар Аллоҳнинг меҳмонларидир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ҳожилар ва умра қилувчилар Аллоҳнинг меҳмонларидир, агар Унга дуо қилсалар дуоларини қабул қилади, Ундан мағфират сўрасалар уларни мағфират қилади” (Ибн Можа ривоят қилган). 

6) Ҳажда қилинган нафақа Аллоҳ йўлида қилинган нафақа кабидир.

Бурайда розияллоҳу анҳу оталаридан ривоят қилади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳажга қилинган нафақа Аллоҳ йўлида қилинган нафақа кабидир. Бир дирҳам эвазига етти юз баробардир” дедилар” (Муъжамул авсат).

7) Унда шифобахш замзам суви бор.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “У замзам сувини шиша идишларда кўтариб олиб кетар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилар ва касаллар устидан қуяр ва уларга ичкизар эдилар деб айтарди”.

Юқорида зикр қилинган фазилатлар, улуғ манфаатлар бўлиб, ҳожилар ҳаж ибодати давомида бу файзу баракотларга ноил бўладилар.

Аллоҳ таоло муборак сафарга кетган ва кетиш арафасида юрган ҳожиларимизни соғу саломатликда ибодатларини адо этиб, гуноҳлардан покланиб келишларини насиб қилсин. Муқаддас жойларда ўзлари, фарзандлари, сизу биз ватандошлари ҳақларига қилган дуоларини қабул этсин. Уларнинг дуолари шарофати ила юртимизнинг тинч ва осойишталигини бардавом айласин.

Манбалар асосида Тошкент тумани “Чувалачи” жоме масжиди имом-хатиби Нўъмонжон Солиев тайёрлади.

http://fitrat.uz

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Намозни қайта ўқиш керакми?

04.07.2025   1709   1 min.
Намозни қайта ўқиш керакми?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Савол: Бир биродаримнинг қалби нотинч бўлмоқда. Шу биродарим номидан ушбу саволни йўлламоқдаман. Бомдод намози вақтида имомликка у кишидан бошқа тажвиди яхши киши бўлмагани сабабли, жамоатга намоз ўқиб берган. Намоздан сўнг бавосир касаллиги эсига тушиб, таҳоратхонага бориб қараса, кийимида қонни кўриб қолибди. У қон намоздан олдин чиққанми ёки кейин, буни аниқ билолмаяпти. Энди ўқилган намозимиз тўғрими ёки йўқми, жамоатга: “Намозингизни қайта қазо қилиб ўқиб қўйинг”, деб айтайми-йўқми, билмай турибман, деб кўнгли нотинч бўлмоқда. Бунинг ҳукми қандай бўлади?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Киши кийимида нажосат кўриб қолиб, унинг қачон текканини била олмаса, кўрган вақтидан бошлаб теккан ҳисобланади. Аммо бу ҳукм ташқаридан теккан ёки ташқаридан тегиши эҳтимоли бор бўлган нажосатларга тегишли. Агар қон ёки йиринг ўзининг баданидан чиққани аниқ бўлса, бунда кийим нажосат бўлиш билан бирга таҳорат ҳам кетган бўлади. Кўрган пайтда қон ёки йиринг қотган ҳолатда бўлса, у аввалроқ чиққан ҳисобланади. Агар ҳўл ҳолатда бўлса, ҳозир чиққан ҳисобланади. Демак, биродарингиз қонни кўрган вақтда, у ҳўл ҳолатда бўлса, намозни қайта ўқиш шарт эмас. Агар қон қуриб қолган бўлса, биродарингиз намозни қайта ўқиши лозим. Жамоатга келсак, қаралади, агар уларга айтилса, фитнага сабаб бўлса, уларга бу ҳақида айтилмайди. Балки имом ўзи қайтиб ўқийди ва истиғфор айтади. Жамоатнинг намози дуруст бўлган ҳисобланади. Лекин жамоатга бу ҳақида айтса, фитна ва ихтилоф чиқмайдиган бўлса, у ҳолда уларга ҳам бу ҳақда айтиб қўйиш лозим бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази

 

Мақолалар