Кекса отахон бемор бўлди ва уч ўғлини қошига чорлаб, уларга мол-мулкини тақсимлаб бергандан сўнг:
– Ўғилларим, қўлимда қимматбаҳо бир дур қолди. Бу дурни ким охирги уч ой ичида энг улуғ савоб иш қилган бўлса, шунга бераман, – деди.
Бу гапни эшитган тўнғич ўғил:
– Отажон, бир кун анҳор ёқалаб кетаётсам, бир аёл у ёқдан-бу ёққа дод солганча йиғлаб, югурар эди. Билсам, тўққиз ёшли фарзанди сувга тушиб кетиб чўкаётган экан. Анҳор чуқур ва тез оқаётган бўлса-да, жонимни хатарга қўйиб, ўзимни сувга отдим ва болани қутқардим. Боласини бағрига босган она, хурсандлигидан ҳақимга кўп дуолар қилди, бу ҳақиқий мардлик эмасми? – деди.
– Баракалла ўғлим, катта жасорат кўрсатибсан. Бу улуғ савоб иш, сен ҳақиқий ботир йигитнинг ишини қилибсан, – деб мақтаб қўйди.
Навбат иккинчи ўғилга келди:
– Дўконимда савдо-сотиқ билан машғул эдим, нотаниш бир киши менга анчагина олтин-кумушни “сизга омонат” деб, ташлаб кетди. Исмини ҳам, манзилини ҳам айтмади. Орадан анча вақт ўтди. У одамдан дарак йўқ! Кунларнинг бирида дўконимга омонатнинг эгаси кириб келиб, ташлаб кетган омонатини сўради. Омонатнинг бир тийинига ҳам хиёнат қилмай, эгасига қайтариб бердим. Бу ишим мардлик эмасми? – деди.
– Ҳа, сен ҳам омонатдор, содиқ мўминнинг ишини қилибсан! Омонатни сақлаш ва унга хиёнат қилмаслик олижаноб иш, – деб ўртанча ўғлини алқади.
Навбат кенжа ўғилга етди:
– Менинг ашаддий душманим бор эди. Бир кун тонгда ёнбағирда айланиб юрсам, бир одам жарлик ёқасида ухлаб ётибди. Озгина ҳаракат қилса, жарга қулайди. Ёнига борсам, душманим! Итариб юборсам, ўлиши аниқ эди. Аммо унга ўлимни истамадим, уни уйғотиб, “Эҳтиёт бўл, жарга тушиб кетишинг мумкин!” деб ўлимдан сақлаб қолдим, – деди.
Ота кенжа ўғлини бағрига босиб:
– Болажоним, сен энг улуғ савоб ишни қилибсан! Душманингни ўлдиришга қодир бўла туриб, унга яхшилик қилиб, ўлимдан сақлаб қолибсан, бу – мард йигитнинг иши. Манави қимматбаҳо дур сенга, – деб ваъда қилинган мукофотни унга берди.
Ҳақиқий мард инсон душманига ҳам ёмонликни раво кўрмайди. Қўлидан келганича яхшилик қилади. Доно халқимизда “Яхшидан боғ, ёмондан доғ қолади», деб бежиз айтилмаган.
Азиз китобхон! Сиз кимларга яхшилик қилгансиз? Яхшиликнинг мукофоти яхшилик эканини биласизми?!
“Қасамини бузган қиз” китобидан
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида "Ислом маърифати, ҳадис илми ва Имом Бухорий мероси" ўқув курси ўтказилди. Мутахассислар томонидан ёдгорлик мажмуаси гид-экскурсоводлари учун ўтказилган машғулотлар доирасида экскурсия фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқий, назарий ва амалий масалалар кўриб чиқилди, хабар бермоқда “Самаркандский вестник” нашри.
- Бу ерга ташриф буюрган ҳар бир зиёратчи фақат ибодат қилиш учун эмас, балки маънавий "озиқ" олиш учун ҳам бориши керак, - дейди Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов. - Бу ерда фаолият юритаётган гидларнинг малакасини ошириш тизимини йўлга қўяр эканмиз, уларга Имом Бухорийнинг бизга қолдирган меросини, бу мероснинг тарихий манбаларини чуқур ўргатишимиз шарт.
Курс доирасида мажмуага биринчи марта ташриф буюрган меҳмонлар билан мулоқотнинг ўзига хос хусусиятлари муҳокама қилинди. Хорижлик зиёратчиларга нафақат Имом ал-Бухорий ҳаётидаги фактлар ва диний қадриятларимизни етказиш, балки бой маданий меросимизни асраб-авайлаш ва етказиш каби долзарб масалалар кўтарилди.
Гид-экскурсоводлар ҳам ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, келгусидаги ишларни ташкил этиш бўйича таклифлар бердилар. Бу бевосита экскурсияларни ўтказиш пайтида юзага келадиган масалаларни муҳокама қилиш имконини берди.
Курс Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Диний таълим соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, вилоят ҳокимлиги ҳамда Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини сақлаш ва унинг атрофини ободонлаштириш департаменти томонидан ташкил этилди.
Тарихий обидалар ва зиёратгоҳлар туризм салоҳиятининг муҳим қисми бўлган Самарқанд вилояти учун малакали мутахассисларни тайёрлаш алоҳида аҳамиятга эга. Меҳмонга ташриф буюриладиган жойнинг тарихи қанчалик тўлиқ ва тушунарли очиб берилиши гиднинг профессионаллигига боғлиқ. Шунинг учун ҳам гид-экскурсоводларнинг малакасини мунтазам ошириб бориш, уларнинг касбий билим ва кўникмаларини такомиллаштириш ҳамда замонавий хизмат кўрсатиш стандартларини жорий этиш Самарқандда туризм хизматлари сифатини оширишда устувор йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати