Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
11 Август, 2026   |   28 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:58
Қуёш
05:28
Пешин
12:30
Аср
17:24
Шом
19:32
Хуфтон
21:00
Bismillah
11 Август, 2026, 28 Сафар, 1448

03.08.2018 й. Ўз жонига қасд қилиш – оғир жиноят

02.08.2018   10726   8 min.
03.08.2018 й. Ўз жонига қасд қилиш – оғир жиноят

بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат! Бугунги кунда долзарб муаммолар қаторида ўз жонига қасд қилиш муаммоси ҳанузгача кишини ташвишга солиб келмоқда. Инсон ҳаёти давомида дуч келадиган ҳар қандай синов, қийинчилик, муваффақиятсизлик, мусибатларга сабр қилиб, Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидвор бўлиб яшаса, Яратганнинг раҳматини топган бўлади. Турли шайтоний васваса, тушкунлик ва  умидсизликка берилмай, Инсон деган улуғ номга мувофиқ иш тутиши керак бўлади. Зеро, Аллоҳ таоло Одам фарзандларини мукаррам қилиб яратган бўлиб, Қуръони каримда бу ҳақда бундай дейилади:

 وَلَقَدْ كَرَّمْنَا بَنِي آَدَمَ وَحَمَلْنَاهُمْ فِي الْبَرِّ وَالْبَحْرِ وَرَزَقْنَاهُمْ مِنَ الطَّيِّبَاتِ

وَفَضَّلْنَاهُمْ عَلَى كَثِيرٍ مِمَّنْ خَلَقْنَا تَفْضِيلًا  (سورة الإسراء/70).

яъни: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик” (Исро сураси, 70-оят).

Шунга қарамай, кейинги вақтларда жамиятимизда айрим кишилар билиб-билмай, айниқса, хотин-қизлар ўзларининг жонларига қасд қилиб, Аллоҳ таоло ато этган ҳаёт нурини бевақт ўчиришга, икки дунёда абадий лаънатга ва дўзах азобига дучор бўлишдек оғир гуноҳ қилишга ўтмоқдалар. Динимиз таълимотида инсоннинг ўз жонига қасд қилиши жуда ҳам қаттиқ қораланади.

Аллоҳ таоло айтади:

"… لَا تَقْتُلُوا أَنْفُسَكُمْ إِنَّ اللَّهَ كَانَ بِكُمْ رَحِيمًا "  )سورة النساء /29(

яъни: “...ўзларингизни ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир” (Нисо сураси, 29-оят).

Қолаверса, кўплаб саҳиҳ ҳадисларда ўз жонига қасд қилиш оғир гуноҳ экани ва уни амалга оширган осий банда жаҳаннам ўти билан абадий азобланиши таъкидланади. 

عَنْ أَبي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: "مَنْ تَرَدّي مِنْ جَبَلٍ فَقَتَلَ نَفْسَهُ فَهُوَ فِى نَارِ جَهَنَّمَ يَتَرَدّي فِيهَا خَالِدًا مُخَلَّدًا فِيهَا أَبَدًا وَ مَنْ تَحَسّى سَمًّا فَقَتَلَ نَفْسَهُ فَسَمُّهُ فِى يَدِهِ يَتَحَسَّاهُ فِى نَارِ جَهَنَّمَ خَالِدًا مُخَلَّدًا فِيهَا أَبَدًا وَ مَنْ قَتَلَ نَفْسَهُ بِحَدِيدَةٍ فَحَدِيدَتُهُ فِى يَدِهِ يَتَوَجَّأُ بِهَا فِى نَارِ جَهَنَّمَ خَالِدًا مُخَلَّدًا فِيهَا"

(ﺭَﻭَﺍﻩُ الامَامُ ﺍﻟﺒُﺨَﺎﺭِﻱ ﻭَالامَامُ ﻣُﺴْﻠِﻢٌ(

яъни: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дейдилар: “Ким тоғ тепасидан ташлаб, ўзини-ўзи ўлдирса, ўлгандан сўнг жаҳаннамда ҳам шу хил азобга гирифтор бўлади. Агар заҳар ичиб ўзини-ўзи ўлдирса, жаҳаннамда ҳам абадий шу азобга мубтало бўлади. Ким ўзини темир парчаси билан ўлдирса, ўша кимса темир парчаси қорнига суқилган ҳолда жаҳаннам ўтида абадий қолади” (имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Яна бошқа бир ҳадиси шарифда шундай дейилган:

 

 عَنْ أَبي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: "الَّذِي يَخْنُقُ نَفْسَهُ يَخْنُقُها فيِ النَّارِ وَالَّذِي يَطْعَنُ نَفْسَهُ يَطْعَنُها فيِ النَّارِ" (ﺭَﻭﺍﻩ الامَامُ ﺍﻟﺒُﺨَﺎﺭِﻱ)

яъни: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ўзини-ўзи бўғиб ўлдирса, дўзахда ҳам шу хил азобга қолади ва ким ўзини олов билан ўлдирса, дўзах оловида ҳам худди шундай азобга қолади”, – деганлар (имом Бухорий ривояти).

Муҳтарам жамоат! Инсон борки унинг бошига турли хил мусибат ва муаммолар тушиши табиий ҳол. Бу мусибатларни енгиб ўтиш ҳақиқий мусулмон инсоннинг ишидир. бирор синов келса, осмону фалакни бошига кўтариб аййуҳаннос солиб, дод-фарёд қилиш, ўз жонига қасд қилишни барча ташвишлардан қутилишнинг ягона йўли деб билиш – имоннинг заифлигидандир. Ваҳоланки, бу услуб ечим эмас, балки  энг буюк азоб-уқубатнинг бошланишидир.

عَنْ جُنْدَبُ بْنُ عَبْدِ اللَّهِ عَنْ النَّبِي صلى الله عليه وسلم قَالَ: "كَانَ مِمَّنْ كَانَ قَبْلَكُمْ رَجُلٌ بِهِ جُرْحٌ فَجَزَعَ، فَأَخَذَ سِكِّيْنًا فَحَزَّ بِهَا يَدَهُ، فَمَا رَقَأَ الدَّمُ حَتَّى مَاتَ، قَالَ اللهُ تَعَالَى: "بادَرَني ابْنُ آدَمَ بنَفْسِهِ فَقَتَلَها، فَقَدْ حَرَّمْتُ عَلَيْهِ الجَنَّةَ" (مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ).

яъни: Жундаб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг ривоят қилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Сизлардан олдин ўтган қавм орасида бир яраланган кимса бор эди. У оғриққа чидай олмасдан, қўлига пичоқ олиб, яраланган қўлини кесди. Натижада у қон йўқотиш туфайли вафот этди. Шунда Аллоҳ таоло: “Бандам ўзини-ўзи ўлдириб, менинг унга берган умримга шукр қилмай, шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим”, – деди ” (имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Ушбу ҳадиси қудсий мазмунига кўра, ўзини-ўзи ўлдирган банда жаннатдан абадий маҳрум қилинар экан.

Шу муносабат билан афсус ила зикр қилиб ўтиш лозимки, шу кунларда юртимизнинг турли ҳудудларида ҳар-хил йўллар ила ўз жонига қасд қилиш воқеалари айниқса аёллар ва ёшлар ўртасида рўй бериб турибди. Бу мудҳиш ҳолатлар Ислом шариатида қоралангани баробарида Аллоҳ таолонинг қазойи қадарига ҳам туғён қилиш саналади. Қолаверса киши ўз хешу-ақраболарини ва ота-оналарини ҳам оғир кулфатга солиб қўйишга сабаб бўлади. Бунинг оқибатида болалар етим қолмоқда, оилалар пароканда бўлмоқда.

Жаҳондаги  нуфузли ислом  муассасалари, чунончи Миср Араб Республикаси Фатво Бошқармаси ва Саудия Арабистони  уламолари ўзини-ўзи ўлдирувчилар ҳақида махсус фатволар эълон қилганлар. Шунингдек, фиқҳ китобларимизда ўз жонига қасд қилиб ўзини-ўзи ўлдирган шахсларга айрим уламо ва фуқаҳолар жаноза намози ўқимаслик тўғрисида фатво ҳам берганлар.

Жорий йилнинг 27 июль куни муҳтарам Президентимиз иштирокида жиноятчиликни олдини олиш бўйича бўлиб ўтган видеоселекторда таъкидланишича, ўтган 6 ойда 2066 та ўз жонига қасд қилиш ҳолати содир бўлган. Шундан ярми вафот этган. Охирги икки ҳафта ичида 79 та шундай ҳодиса рўй берди. Андижон вилояти Жалақудуқ туманида бир она ўзини икки фарзанди билан каналга ташлаб юборган. Ўзи омон қолган, лекин икки фарзанди ҳалок бўлган. Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманида бир аёл ўз уйини ёқиб юборган, оқибатда болалари ҳалок бўлган. Бир аёл поезднинг тагига чақалоғи билан ўзини ташлаган.

Юқоридаги мудҳиш воқеалар ҳар қандай мўмин-мусулмоннинг қалбини ларзага солмай иложи йўқ. Сабрсизлик эса, ана шундай оқибатларга олиб келишлигини воқеълик кўрсатмоқда.

Аллоҳ таолога шукрки, биз, мусулмонлар, яшаш учун ҳамма шароитлар тўлиқ муҳайё қилинган, тўкин, тинч ва фаровон жамиятда яшамоқдамиз. Биров-бировнинг ҳақ-ҳуқуқини камсита олмайди. Бундай адолатли жамиятда яшаш айни саодатдир. Бинобарин, бизнинг Ватанимизда ўзини-ўзи ўлдиришга ҳеч қандай сабаб йўқ. Ҳар қандай ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни сабру қаноат ва ҳусни тадбир билан ҳал қилса бўлади. Аммо бесабрлик ила ношукрлик қилинса, оқибати хайрли бўлмайди!  

Аллоҳ таоло бизга омонат қилиб берган ҳаёт неъматини ва умримиз йилларини чиройли солиҳ амаллар қилишга, савобли ишлар билан ўтказишга, кундалик ҳаётий қийинчилик ва муаммоларимизни ақл-заковат билан  ҳал этишга  ҳаракат қилиш ва Аллоҳ таолонинг раҳматидан доимо умидворлик билан яшашга интилиш – ҳақиқий иймонли инсоннинг баркамол фазилати  ҳисобланади.

Ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама кучли, бақувват, баркамол қилиб вояга етказишга барчамиз масъулмиз!

Аллоҳ таоло ҳар бир бандасига ато этган неъматларига шукр қилишни ва  синов учун етган мусибатларга сабр қилишни насибу рўзи айласин! Омин!

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

“Azzaman” газетаси: Янги Ўзбекистонда кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда

11.08.2026   1419   2 min.
“Azzaman” газетаси: Янги Ўзбекистонда кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда

Ироқнинг “Azzaman” газетасида “Ўзбекистон мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги: Давлат барпо этишдан Учинчи Ренессанс сари” номли мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Мақолада таъкидланишича, Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида босиб ўтган тараққиёт йўли, амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузи тобора юксалиб бормоқда.

1991 йилда қўлга киритилган мустақиллик Ўзбекистон халқи ҳаётида тарихий бурилиш ясаб, миллий давлатчилик асосларини шакллантириш, иқтисодий тараққиёт пойдеворини яратиш ва ижтимоий барқарорликни таъминлаш жараёнини бошлаб берди.

2016 йилдан бошлаб Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатда “Янги Ўзбекистон” тамойили асосида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ушбу жараёнда Ўзбекистон Марказий Осиёда изчил ва мувозанатли ривожланиш йўлидан бораётган давлат сифатида эътироф этилмоқда.

Муаллиф Ўзбекистонда сўнгги йилларда иқтисодиётни либераллаштириш, инвестицияларни жалб этиш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, инфратузилмани модернизация қилиш, рақамлаштириш ва тадбиркорлик муҳитини яхшилаш борасида амалга оширилган чора-тадбирларга эътибор қаратган.

Мақолада аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, таълим ва соғлиқни сақлаш хизматлари сифатини ошириш, ёшлар ҳамда хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар ҳақида ҳам алоҳида фикр юритилган.

Нашрда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган “Учинчи Ренессанс” ғояси Ўзбекистон тараққиётининг муҳим стратегик йўналишларидан бири сифатида баҳоланган. Унда Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Имом Бухорий ва Имом Термизий каби буюк алломалар етишиб чиққан юрт бугунги кунда илм-фан, инновация, технология ва инсон капиталини ривожлантириш орқали янги уйғониш даврини яратишга интилаётгани қайд этилган.

Ироқ матбуоти Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси тарихидаги ўрнига ҳам тўхталиб, мамлакатда бой илмий-маърифий меросни ўрганиш ва тарғиб қилишга қаратилган лойиҳалар амалга оширилаётганини таъкидлаган. Жумладан, Тошкент шаҳрида бунёд этилган Ислом цивилизацияси маркази Мовароуннаҳр алломаларининг жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссасини намойиш этувчи муҳим илмий-маданий маскан сифатида қайд этилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон янгиликлари