Кичик давра йиғинларда отахонлар “Кимлардансан?” деб сўрашарди. “Фалончиларданман”, десангиз, “Боболаринг зўр одам эди. Худо хоҳласа, сен улардан кам бўлмайсан, кўп китоб ўқи, ҳаракат қил!” дердилар. Бошқалардан ҳам бир-бир сўраб, “Шунақами? Сенинг авлодинг фалончилардан, сеники фалончилардан. Сенинг авлодинг ҳам улуғлардан, Худо хоҳласа, сизлар улардан ҳам буюк бўласизлар, аждодларингизга муносиб бўлинг!” деб ёшларга далда беришарди. Бирон кишига сенинг аждодларинг ёмон, пасткаш демасдилар. Мақсадлари ёшларни эзгуликка бошлаш, уларнинг кўнглини қолдириб, синдиришни истамаганлар. Аждодларимизнинг олижаноб сифатларини эшитиб, уларга ўхшашга интилар эдик. Уларнинг сиймолари кўз ўнгимиздан кетмасди.
1970 йиллар эди, бир куни ёши тўқсонларга яқинлашган бир отахон уйимизга меҳмон бўлиб келди. Суҳбат асносида боболаримдан бирининг ҳаётини ҳикоя қилиб берди.
– Аждодларингдан Эгамберди деган бир зот ўтган. Ниҳоятда пок қалбли, тақводор, Аллоҳдан чин дилдан қўрқадиган инсон эди. Масжидга бошида салла, эгнида яктак, оқ кўйлак, оқ шалвар, маҳси-кавуш кийиб келарди. У одам жун савдоси билан шуғулланарди. Ўн-ўн беш эшакка жун ортиб Самарқанддаги бозорларнинг бирида сотарди. Ўша пайт Оқдарё ва Қорадарё (Зарафшон) пишқириб оқарди. Икки дарёни кечиб ўтиш минг машаққат эди. Шу машаққат ва оғирликларни енгиб, тижорат қиларди. Шаҳарга боришда эшакларнинг ҳаммасига жун ортар, биттасига ўзи минарди. Жунни сотиб, қайтишда ҳаммасини олдига солиб пиёда ҳайдаб келарди. “Бой бува, нимага эшакларингизни бирига миниб олмасдан, ҳаммасини пиёда ҳайдаб келасиз?” деган саволга: “Савдодан қайтишимда биронта эшакка юк ортмайман. Ҳаммаси юксиз қайтади. Буларнинг ичида биттасига миниб юк бўлсам, қолганлари юксиз бўлса, қиёмат куни минган эшагим, Аллоҳ таолога: “Бу банданг менга зулм қилди. Мени миниб, бошқа эшакларни минмади, адолат қилмади!” деб даъво қилса, нима қиламан, деб жавоб берган экан.
Шу сабаб: “Асл айнимас, олтин зангламас”, деган мақол бежизга айтилмаган. Зеро, яхши одамларнинг фарзанди барибир яхши бўлади. Орада маълум вақт ёмон бўлса, дарров маломат қилманг, чунки пок наслли фарзандлар куни келиб энг яхши одам бўлишига шубҳа йўқ. Ёмонларнинг фарзандларидан ҳам яхшилар чиқади. Чунки ота уруғ ёмон бўлиб, она томон яхши бўлади ёки бунинг акси бўлади. Албатта, бу фарзандларга ўтади. Аммо икки томон ҳам мункир, бетавфиқ, насли тайинсиз бўлса, бундайлардан яхши одам чиқиши даргумон. Асли ёмонни қанча тарбияламанг, илм берманг, барибир, бориб-бориб наслига тортади.
Азиз қардош! Асл-наслимиз улуғ аллома ва авлиёлардир. Баҳодир, паҳлавон, дунёга довруғ солган зотларнинг авлодимиз. Улар билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Биз ҳам аждодларимиз каби илмда, меҳнат ва ҳунарда, баҳодирликда пешқадам бўлайлик, токи келажак авлод биз ҳақимизда доимо яхши гаплар гапириб, ҳақимизга дуо қилишсин.
Куйинма, яхшидан ёмон чиқди деб,
Суйинма, ёмондан яхши чиқди деб.
Яхши инсон барибир аслига қайтар,
Ёмон ҳам кун келиб, наслига тортар.
“Қасамини бузган қиз” китобидан
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчилигидаги делегация Россия Федерациясида икки юздан зиёд ватандошимиз билан учрашув ўтказди.
Тадбирда сўзга чиққан Муфтий ҳазратлари юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган тарихий янгиланишлар, хусусан, сўнгги йилларда 150 дан ортиқ янги масжидлар очилгани, Қуръон курслари сони ошиб, фаолияти кенгайгани, Ҳаж квоталари сони ортаётгани, Умра зиёратига чекловлар олиб ташлангани каби рақамли мисолларни келтириб ўтдилар.
Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий мажмуаси каби улуғвор лойиҳалар инсон қадрини юксалтириш йўлидаги ислоҳотларнинг амалий ифодаси эканини қайд этдилар.
Ватандошларга бугунги мураккаб даврда огоҳ бўлиш, фитна ва шубҳали ахборотларга алданмаслик, ҳалол меҳнат қилиб, яшаб турган жойининг қонун-қоидаларига риоя этиш кабилар ҳам эслатиб ўтилди.
Диний масалалардаги савол ва тушунчалар борасида эса Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Колл-маркази (+998781503344), Telegram (@fatvo_call_1, @fatvo_call_2), WhatsApp (+998917806633) ёки fatvo.uz сайти орқали ишончли жавоб олиш мумкинлиги айтилди.
Шунингдек, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ота-она ва оила олдидаги масъулият борасида алоҳида тўхталиб, ота-онанинг дуоларини олиб туриш, аҳли оиласи ва яқинларидан тез-тез хабардор бўлишга чақирдилар.
Қизғин мулоқотда ҳамюртларимиз билан турли масалаларда савол-жавоблар бўлиб ўтди. Улар томонидан Давлатимиз томонидан ўзга юртларда юрган ватандошларимизга катта эътибор қаратилаётгани юксак баҳоланди.
Ватанга қайтиб келган мигрантларни иш билан таъминлаш бўйича ҳам тизимли чоралар кўрилаётгани, юртимиз диний соҳа вакилларининг хорижий сафарларга юборилиши ана шундай ғамхўрликнинг амалий ифодаси экани эътироф этилди.
Якунда илм ва ризқ талабида юрган барча ҳамюртларимизга Ҳақ таолодан сиҳат-саломатлик, омонлик ва муваффақиятлар тилаб дуо қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати