Рамазон фазилатларидан бири бу ойда Қуръони карим нозил қилинганидир. Мўминларнинг Қуръонга бўлган муносабати ҳам бу ойда янада гўзал аҳамият касб этади. Уни ўқиш, тинглаш, ўрганишга бўлган иштиёқ ортади. Минглаб қориларимиз Рамазон кечаларида хатми Қуръон ўтказилиши учун хизматда камарбаста бўлишади. Қуръон ўқилган жойга эса ҳисобсиз қут-барака инади. Қуръон ўқиган, уни тушуниб, риоя қилган кишидан эса ҳеч қачон ёмонлик чиқмайди.
— Қуръон ҳофизларини тайёрлаш, уларни саралаб, рағбатлантириб, қўллаб-қувватлаб бориш ишига бугун алоҳида эътибор кўрсатилаётир, — дейди Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ўқитувчиси, пойтахтимиздаги Хожа Аҳрор Валий жоме масжиди имом-хатиби Собиржон РУСТАМОВ. — Бу йил юртимиз тарихида биринчи марта республика қорилар мусобақасининг ўтказилиши ҳам ҳаётимизда улкан воқеа бўлди. Қуръони каримни ўрганиш, уни ёдлаш, қироат қоидаларини ўзлаштириш бугун бир қадар юқори босқичга кўтарилди.
— Кўпчилик Қуръони каримни ёдлашни қачондан бошлаш кераклигига қизиқади. Баъзилар бу ёш болага оғирлик қилади, деб ҳисоблашади. Бу гап қанчалик асосли?
— Болаликда зеҳн жуда ўткир бўлади. Фарзандини ҳофизи калом қилишни истаганлар ана шундан унумли фойдаланиб қолишни исташади. Ўзим тажрибамда мактаб ёшига етмасдан ёдлаганларни ҳам кўрдим. Қори бўламан деган киши ҳар куни такрордан узилмаслиги керак. Тонгда ва кечқурун бир сидра такрор қилинса, хотирага мустаҳкам ўрнашиб боради. Ўзим шогирдлар ва фарзандларимга худди шу усулни қўллаганман. Яқинда республика бўйича бўлиб ўтган қорилар мусобақасида қизим ғолиб бўлиб, умра сафарига йўлланма олди. Ҳозир пойтахтда Хожа Аҳрор Валий жоме масжидида хатми Қуръон қилиб бераётган Абдулҳафиз Аъзамжонов ва Хасибуллоҳ Захадуллаев ҳам эндигина йигирмадан ошган бўлишса-да, қарийб ўн йилдан бери хатмга ўтишади.
Қуръони каримни ёдлагандан кейин уни хотирада мустаҳкам тутиб туриш учун қорининг хулқ-атвори, аввало, Қуръонга мувофиқ бўлиши зарур. У нафақат гуноҳ ишлар, балки беҳуда гап-сўзлардан ҳам ўзини тийган, илм ва тақвода мустаҳкам, бошқаларга ҳар жиҳатдан ўрнак бўладиган инсон бўлиши керак. Шундагина Қуръон унинг хотирасига мустаҳкам ўрнашади. Яна мунтазам такрор қилиш ҳам зарур. Қори бирон кунгина такрор қилмаса, бу унинг ҳифзига албатта таъсир кўрсатади. Шунинг учун ҳар қандай дангасалик ва эринчоқлик қорига ёт бўлиши керак. Қори илм ўрганиш, ўз устида ишлашдан тўхтаса, хотирасидаги каломни бой бериб қўяди.
— Ўзингиз илм олишга катта иштиёқ билдириб, 44 ёшингизда ҳам талаба бўлгансиз. Оила тутуми, фарзандлар тарбияси, иш ва тирикчиликдан ортиб, шу ёшда илм учун вақт ажратиш мумкинлиги кўпчилик учун ноодатий ҳолат. Шундай эмасми?
— Жаноб Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бизни бешикдан қабргача илм олишга чақирганлар. Илмни ҳатто Чиндан бўлса ҳам ўрганиб келишга ундаганлар. Қуръони каримни ўқиш, ёдлаш, тушуниш ҳар биримизнинг биринчи галдаги энг муҳим ва давомий вазифамизга айланиши керак. Қуръони каримни қанча кўп ўқиб-ўргансак, унинг фазли ва баракасидан шунча кўп баҳраманд бўламиз.
Бугун, мана, алҳамдулиллаҳ, Рамазони шариф муносабати билан мамлакатимизнинг ҳамма масжидларида таровиҳлар ўқиляпти, уларда хатми Қуръон қилиняпти. Қуръон тинглашга келганлар ҳатто масжидларимизга сиғмай кетяпти. Бу — халқимизнинг Қуръони каримга муҳаббати, ихлоси ва эҳтиромининг бир кўриниши. Ахир ёшу кексани бир неча соатлар давомида намозда тик туриб Қуръони каримни тинглашга ундаган нарса шу эмасми?.. Бизнинг масжидимизда ёши улуғ отахонлар ҳеч қийналмасдан, малолланмасдан, ва аксинча, ғайрат-шижоат билан тиловатни тинглаётганларини кўриб тўлқинланиб кетасан киши. Улар билан гаплашганимизда хатми Қуръондан сўнг ўзларида ажиб бир енгиллик ҳис қилишганини айтишади. Улар орасида ёши тўқсонга чиққанлари ҳам бор. Аслида кексаликнинг ўзи бир тузалмас дард. Лекин инсон Алллоҳ таоло берган умрни буюрилганидек тасарруф қилса, ҳеч нарса қийин ва оғир бўлмайди. Яқинда бир юз беш ёшли отахон ҳақида эшитдим. У инсон шу ёшда ҳам ўзларини тетик-бардам ҳис қилиб, Рамазоннинг фарз қилинган рўзасини тутаётган эканлар. Мана шижоат! Агар қалбда бирон бир яхшиликни қилишга ният ва ихлос бўлса, у иш қанча мураккаб бўлишидан қатъи назар Аллоҳ бандасига уни осон қилиб, бандани унга муваффақ қилиб қўяди.
— Яъни, Қуръони карим хасталикларга ҳам даво бўлади, шундайми?
— Йўқ, даво эмас, шифо бўлади. Аслида даво — касалликнинг муолажаси учун бирон ҳаракат қилишдир. Даво воситасида касаллик қисман ёки тамоман бартараф қилиниши мумкин. Шифо эса ҳеч қандай шак-шубҳасиз хасталикни буткул тузатадиган нарса. Шунинг учун Аллоҳ таоло Қуръони карим Исро сурасининг 82-оятида шундай марҳамат қилади:
«Биз Қуръонни шифо ва раҳмат ўлароқ нозил қилурмиз».
Аҳамият беряпсизми? Қуръон даво дейилмаяпти. Оятда айнан шифо сўзи бор. Қуръони карим нафақат инсон жисми, ҳатто жонсиз ва қаттиқ жисмларни ҳам тозалаб-покловчи энг буюк шифо манбаидир. Шунинг учун Қуръон ўқилаётган жойга кўпинча бирон идишда сув қўйиб қўйишади. Боиси — ўша тиловат сувга катта ижобий таъсир ўтказади ва уни ичган кишида ҳам шу таъсир сезилади.
Қуръони каримдан чинакам шифо топиш учун инсоннинг ўзига боғлиқ бўлган жиҳатлар ҳам бор.
— Улар ҳақида ҳам айтиб бера оласизми?
— Бу ҳар бир инсоннинг Қуръони каримга бўлган муносабатида акс этади. Мен Миср, Саудия Арабистони, Туркия каби қатор давлатларда бўлганимда Қуръонга ҳар бир халқнинг ўз ёндашуви борлигига гувоҳ бўлганман. Булар Китобни ўқиш-тиловат қилиш, тушуниш — маъно таржималар ва тафсир қилиш, унга амал қилиш ҳамда Қуръони каримга бўлган эҳтиромда кўринади. Уламоларимиз Қуръони каримга муносабатда бир юз элликдан ортиқ одоб борлигини айтишган. Масалан, Қуръон ўқувчи, аввало, бадан ва кийим поклигидан ташқари, хушбўй бўлишга ҳам алоҳида эътибор қаратиши, Мусҳафни ҳамиша тепада тутиши, қиблага юзланиб, тепароқ жойда ўтириб тиловат қилиш, ўқиганини тушуниб тафаккур қилишга интилиши ҳамда унга амал қилишда бошқаларга ўрнак бўлиши кабиларни санаб ўтишган. Шунингдек, хонанинг Қуръон турган тарафига оёқ узатиш, ўша хонада ухлаш ҳам беодоблик саналади.
— Бу йил тарихимизда биринчи марта юртимизда Қуръони карим нашр этилди. Сотувга чиқарилган куни уни харид қилмоқчи бўлганларнинг узун навбати ҳосил бўлди. Кўпчилик одамларимизнинг бу илоҳий китобга бўлган муҳаббатини олқишласа, баъзилар шунча Қуръон ўқисак ҳам ҳаётимизда унинг таъсири кўп эмаслигини ҳам мулоҳаза қилишди. Бу борада сизнинг фикрингиз қандай?
— Иккала мулоҳазанинг ҳам ўз навбатида, ўринли жиҳатлари бор. Юқорида айтганимиздай, маъноларини тушунмасдан ўқиш ва эшитишнинг ҳам катта фойдаси бор. Шу билан бирга, Қуръони карим фақатгина тинглаб ё ўқиб қўявериш учунгина эмас, инсониятга то қиёматгача дастуриламал сифатида нозил қилинган. Ана шу буюк ҳақиқатни англаш ва англатиш — вазифамиз. Биргина оят ёки ундаги биргина сўз ҳақиқатига етиш учун аждодларимиз бутун бошли катта-катта фан соҳаларига пойдевор қўйиб кетишган. Барча китобларга Қуръоннинг ҳошияси сифатида қарашган. Бу дегани ҳамма илмларнинг асоси Қуръони каримга бориб тақалади, деганидир. Ёзилган китобларнинг барчаси Қуръони каримдаги қайсидир ҳақиқатни изоҳлаш-тушунтириш йўлидан боради. Афсуски, ўтган асрда бундай қарашлар бизга унуттирилди. Натижада, кўплаб илмлар илдизсиз дарахтдек муаллақ, тушунарсиз бўлиб қолди. Масалан, математиканинг асоси мерос тақсимоти ҳақидаги тўрт-бешта оят эканини бугун кўпчилик билмайди.
Имом Замахшарий, Беруний, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий каби олимларимиз Қуръони каримни ҳар бир фаннинг асоси сифатида тушунишган. Алломаларимиз жаҳон илм-фани ривожига улкан ҳисса қўшишганининг боиси ҳам шунда.
Бу йил юртимизда республика миқёсида Қуръони карим мусабоқаси ўтказилди. Унда турли ёш тоифалари бўйича барча хоҳловчилар иштирок этди. Олдинги йиллари бундай мусобақалар тор доирада, фақатгина диний таълим муассасалари талабалари ва диний ходимлар орасида ўтказиларди. Бу йилгиси эса Қуръонни ўрганишда салмоқли бир қадам бўлди. Энди эса унинг маъноларини ўрганиб, буюк аждодларимиз ишларининг давомчисига айланишимиз керак.
манба: http://od-press.uz
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сен бирор нарсани Аллоҳдан тақво қилиб тарк қилсанг, Аллоҳ таоло сенга ундан-да яхшироғини ато қилади” [1], деганлар.
Ким “одамлар нима деркин”ни ташлаб, юзинг-кўзинг қилиб ўтирмасдан Аллоҳ таолодан бошқадан умидини узса, Аллоҳ таоло унга тарк қилганларидан кўра яхшироғини беради. Уни нафснинг иззати, махлуқотдан беҳожат бўлиш билан ризқлантиради. Бу борада Набий алайҳиссалом шундай дея марҳамат қилганлар: “Ким иффатли бўлиш ҳаракатида бўлса, Аллоҳ унинг иффатини сақлайди. Ким одамларга сарғайиб юришдан қутулиш ҳаракатида бўлса, Аллоҳ таоло уни беҳожат қилиб қўяди. Ким сабрли бўлишга уринса, Аллоҳ таоло уни сабрли бандалардан қилади”[2].
Ким Аллоҳнинг қадарига эътироз қилишни ташласа ва ҳамма ишларини Роббига топширса, Аллоҳ таоло у бандани рози бўлиш ва кучли иймон билан сийлайди ҳамда унинг ишини шу даражада гўзал ниҳояга етказадики, у бу ҳолни етти ухлаб тушида ҳам кўрмайди.
Ким фолбин ва сеҳргарлардан юз ўгирса, Аллоҳ таоло унга сабрни насиб этади, таваккул ва тавҳиднинг ҳақиқати билан сийлайди.
Ким дунё матоҳларига қиё боқмаса, Аллоҳ унинг ишларини илгари қилади, қалбига сокинлик беради. Ўзи хоҳламаса-да, дунё унга эшикларини очади.
Ким Аллоҳгагина ибодат қилса, фақат ягона Аллоҳдан қўрқса, ваҳималардан қутулади. Аллоҳ таоло уни омонда сақлайди. Қўрқинчли нарсалар ҳам у учун саломатлик, оромбахш бўлиб қолади.
Ким ёлғонни тарк этиб ростгўйликни маҳкам тутса, Аллоҳ уни яхшилик томон йўллаб қўяди ва Аллоҳнинг ҳузурида сиддиқлар сафида бўлади, одамлар орасида ростгўйлик ила танилади ва шу орқали одамлар унинг гапларига қулоқ солади, унинг ҳурматини қиладиган бўлади.
Ҳақ бўлса-да, тортишувни тарк этгани эвазига Аллоҳ таоло жаннатда бир уй насиб қилади. Душманнинг ёмонлигидан асрайди. Қалби мусаффо бўлади. Унинг айбларини очадиганлардан омонда сақлайди.
Олди-сотдида алдовни тарк этганга нисбатан одамларнинг ишончи ортади. Унинг савдосида харидорлари сони кўпайиб боради.
Ким ҳаром нарсаларга қарамаса, Аллоҳ қалбига бир лаззатни ато этади.
Бахилликдан сақланиб, саховатпешаликни устун қўйган кишини одамлар ҳам яхши кўради. Аллоҳга ва жаннатга яқинлашади. Ғам-ташвишлардан енгиллайди. Фазилат бобида мартабаси ортиб боради. «...Кимки ўз нафсининг бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар нажот топгувчидирлар»[3].
Кибрланишни четга суриб, камтаринликни шиор қилиб олган кишининг қадри ошади. Бу Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг сўзларидир: “Ким Аллоҳ учун тавозели бўлар экан, Аллоҳ унинг қадрини кўтармай қўймайди” [4].
Ким кўп уйқу ва унинг лаззатидан воз кечиб, вақтини Аллоҳнинг ризоси учун намоз ўқиш билан ўтказса, Аллоҳ таоло унга шодлик, тетикликни ато этади.
Ичиш-чекишнинг барча турларининг яқинига йўламаган кишига Аллоҳ Ўзи мададкор бўлади. Унга сиҳат-саломатлик, бахт-саодат насиб этади. Бу бахт ҳақиқий бахт бўлади, кайф қилгандаги сохта бахт эмас.
Ким қодир бўла туриб, қасос ва ўч олмаса, Аллоҳ унинг кўксини кенг қилиб қўяди. Қалбига сурур беради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло бир бандани афв қилишидан фақат ва фақат унинг иззати ортади”[5], деганлар.
Ёмонлар билан ҳамтовоқ бўлишдан сақланганни Аллоҳ таоло яхши кишиларга йўлиқтиради. Ҳалолдан ризқ топади, дунё ва охират яхшиликларини қўлга киритади.
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Имом Аҳмад ривояти.
[2] Имом Бухорий ривояти.
[3] Ҳашр сураси, 9-оят.
[4] Имом Муслим ривояти.
[5] Имом Муслим ривояти.