Ҳадиси шарифлар Қуръони Каримдан кейинги муқаддас манба сифатида эътироф этилади. Шу нуқтаи назардан уларда келтирилган кўрсатмаларни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан мусулмонларга холис насиҳат деб тушуниш мумкин. Уларда бир қатор масалалар сингари исрофгарчилик, унинг зарарлари, оқибатлари ҳақида ҳам хабар берилган. Тамим ад-Доримийдан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам “Дин насиҳатдир” -дедилар. “ Ким учун?” -дедик. У зот “Аллоҳ учун, унинг китоби учун, у зотнинг Расули учун, мусулмонларнинг имомлари ҳамда оммалари учун” дедилар.
Абу Довуд ва Насоий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Енглар ичинглар, кийинглар ва садақа қилинглар, исроф ва мутакаббирлик бўлмаса бас” дедилар. Еб-ичиш, кийиниш, бошқа инсонларга ёрдам қўлини чўзиш инсонларнинг кундалик турмуш тарзи ҳисобланади. Ушбу ҳадисга эътибор берилса, унда доимий қиладиган ишларида исрофга йўл қўмасликка чақирилаётганини кўриш мумкин.
Бошқа баъзи динлар, тузумлар ва халқларнинг бу борадаги қарашларига назар солсак, исломдаги каби мўтадилликни кўрмаймиз. Баъзилар еб-ичиш, кийиш ва садақа қилишда таркидунёчилик йўлини тутиб, имкони бор нарсани қилмай ўзини ўзи қийнайди. Бошқаси ҳаётни еб-ичиш ва ўйин кулгига сарфлайди. Яна бир ҳадисда “Модомики сенда икки нарса, исроф ва манманлик бўлмаса, хоҳлаганингни е, хоҳлаганингни кий” дейилади. Бугунги кунда ҳам мавжуд ресурсларнинг қадрига етмай моддий ва маънавий неъматларни беҳуда сарфланиши камайиш ўрнига кундан кунга ортиб бормоқда. Сайёрамизда экологик мувозанатни сақловчи сувнинг ҳаётий зарурат эканлиги барчамизга маълум. Сув борасидаги исроф ҳаддан ошганлиги оқибатини бугун барча кўриб турибди. Оби-ҳаёт муаммоси БМТ даражасида 1977-йилдан бери муҳокама қилиб келинади.
Ушбу ташкилот хабарига кўра, айни пайтда 31та давлат сув инқирози билан тўқнаш келган. Агар нефт тақчиллиги мутахассисларнинг башоратларидангина маълум бўлса, сув тақчиллигини инсониятнинг учдан бир қисми ўз бошидан кечирмоқда. Айни дамда 2,3 миллиард одамни сув билан таъминлаш муаммо бўлиб турибди. 1,5 миллиард аҳоли тоза ичимлик сувига эҳтиёж сезмоқда.
Африка мамлакатлари сув масаласини ҳал этиш саъй-ҳаракатлари ҳозирги даражада давом эттириладиган бўлса, мавжуд муаммо юз йилдан кейин ўз ечимини топиши мумкинлиги айтиб ўтилади. Нефтга бой минтақаларда сув аллақачон муаммога айланиб қолганлиги, халқаро муносабатларда бу масала долзарб мавзуга айланиб қолаётганлиги исрофгарчиликнинг зарарли оқибатларининг бугунги кундаги амалий ифодасидир.
Сўнгги 100 йилда суғориладиган ерлар 40 миллиондан 400 миллион гектарга кенгайгани ҳисобга олинадиган бўлса, муаммонинг долзарблиги янада ойдинлашади. Шунингдек, ривожланаётган шаҳарлар эҳтиёжи ва саноат учун ҳам анча-мунча сув кетишини инобатга олиш керак. Шаҳар ва саноат нафақат сув истеъмол қилади, балки оби-ҳаётни ифлослантиради ҳам. Сув ресурсининг етишмовчилиги мавжуд бўлган ҳудудлар ҳисобига бугунги кунда сув бизнеси шаклланаётгани ҳеч кимга сир эмас. Бу борадаги тадбиркорлик Европага катта даромад олиб келмоқда. Сувга эҳтиёж кучайгани сари, унинг нархи ҳам ошмоқда. Ушбу маълумотларда сув неъматининг инсон ҳаётидаги аҳамияти юқори эканлиги яна бир бор ўз исботини топади. Бу неъматнинг исрофи ҳақида ҳам ислом динида алоҳида тақиқлар мавжудки, бугунги кунда келиб чиқаётган сув тақчиллиги ҳам ушбу кўрсатмаларга амал қилмасликнинг оқибати ҳисобланади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сувни исроф қилмаслик ҳақида алоҳида ҳадис айтганлар. Имом Аҳмад Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилаётган Саъднинг ёнидан ўтаётиб: “Бу қандай исрофгарчилик, эй Саъд?” дедилар. “Таҳоратда ҳам исроф бўладими?” – “Ҳа, ҳатто оқиб турган дарёда бўлсанг ҳам”, дедилар”. Ушбу ҳадиснинг мазмунида биз юқорида келтирган сувнинг исрофидан огоҳлантириш кетмоқда. Маълумки, ғусл ва таҳорат мусулмон бандаларга фарз ибодатлардир. Инсон оқиб турган дарё устида таҳорат қилса, таҳоратидан тушган сув яна дарёга тушиб, қуйилиб бирга оқиб кетади. Лекин шунда ҳам исроф қилмасликка чақирилмоқда.
Шундай нарсаларда исроф бўлмагандан кейин, ибодат ҳисобланмаган бошқа ишларда албатта мумкин эмас. Юқоридаги маълумотлардан келиб чиқиб, бугунги кунда маълум бир ҳудудларда бу неъматга эътиборсизларча қараб, исроф қилиш кундан кун авж олаётганини, ер куррасининг бошқа бир жойида эса унга муҳтожлик кетаётганини кўрамиз. Исрофгарчиликдан қочиш, иқтисод қилишнинг фазилати ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидаги ҳадисларида ҳам айтиб ўтганлар.
Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” тўпламларида келтирилган, Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Солиҳ ҳидоят, гўзал кўриниш ва иқтисодли бўлиш набийликнинг етмишдан бир жузидир”. Набийлик мақоми ҳаммага ҳам берилмайдиган энг улуғ мақомлардан эканлиги барчамизга маълум. Ушбу ҳадисда иқтисодли, тадбирли бўлиш инсон учун фазилатли эканлиги таъкидланиб, набийликнинг етмишдан бир жуз эканлиги айтилмоқда. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ривоятда айтилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир содан беш муддгача бўлган сув билан ғусл қилар ва бир мудд сув билан таҳорат олар эдилар. (Муттафақун алайҳ). Яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тахминан 0,688 литр сув билан таҳорат олар эдилар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва Имом Термизийлар Миқдом ибн Маъдийкараб Киндий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одам боласи тўлдирадиган идишларнинг энг ёмони қориндир. Одам боласига қаддини турғизадиган емаклар етади. Агар жуда лозим бўлса, таоми учун учдан бир, шароби учун учдан бир ва ҳавоси учун учдан бир”, деганлар. Ушбу ҳадисдан озиқ-овқатларнинг емасдан ташлаб юборишдагигина эмас балки, инсон ўзи учун зарур бўлган миқдордан ортиқча ейиш ҳам исроф эканлиги тўғрисидаги маълумотни оламиз. Шу билан бирга ушбу ҳадисда инсон соғлиги ҳақида қайғуриш ҳам мавжуддир. Ривоятларга кўра, ҳукмдор Хорун ар-Рашиднинг моҳир табиби бўлган экан. Бу табиб насроний бўлиб, бир куни Хорун ар-Рашидга “Пайғамбаринингиздан тибга оид бирон нарса нақл қилинмаган”, дебди. Шунда Али ибн Ҳусайн шундай жавоб берибди: “У зот тиб илмини бир неча сўзга жо қилганлар”. “Улар қайсилар?” сўрабди, табиб. “Ошқозон-касалликлар ўчоғи. Парҳез барча давонинг боши. Ҳар бир баданга ўрганган нарсасини беринг” дебди Али ибн Ҳусайн. Шунда насроний табиб иқрор бўлиб: “Пайғамбаринингиз Жолинус (Гален) га тиббиётда ҳеч нарса қолдирмабди” деган экан. Исрофгарчилик билан истеъмол қилиш инсон соғлиги учун зарар эканлиги шунга ўхшаш бошқа ҳадисларда ҳам келтириб ўтилгандир.
Абу Барза Асламийдан ривоят қилинган ҳадисда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Қиёмат куни банданинг икки қадами то ундан умридан – уни нимада ўтказгани, илмидан –у билан нима қилгани, молидан –уни қаердан касб қилгани ва нимага сарф қилгани, жисмидан –уни нимада қаритгани ҳақида сўралмагунча жойидан жилмайди”. Мазкур ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир инсон алоҳида аҳамият бериши лозим бўлган, агар эътиборни қўлдан бой берса исрофга айланиб кетиши мумкин бўлган ҳолатлар ҳақида хабар бермоқда. Умр, вақтнинг исрофи, илм исрофи, мол дунё исрофи, соғлик, ёшлик каби неъматларда исроф қилмаслик ҳақида сўз кетар экан унда жумладан: “Умридан уни нимада ўтказгани…” инсон учун умр энг азиз неъматдир. Умрнинг ҳар бир лаҳзаси ҳисоб-китобли бўлиши лозим. Олимларнинг бу борада ўтказган тадқиқотларига кўра, ўртача 75 йил умр кўрган инсоннинг умри давомида турли ишларга қанча вақт сарфлаши аниқланган. Унга кўра: 15 йил атрофидаги вақт болалик ва ўсмирлик билан ўтади. Агар бир суткада 8 соатдан ухласа, 25 йил умри уйқу билан ўтади. Агар бир суткада 8 соат касб кор билан машғул бўлса, 25 йил умри ишлашга сарфланади. Агар бир суткада 3 маҳал овқатланса, ҳар овқатланишга ярим соатдан вақт сарфланса, 4 ярим йилдан ортиқроқ умр овқатланишга сарфланар экан. Қолган 5 йилдан ортиқроқ умрни инсон ўзи ёқтирган машғулотлари учун ишлатар экан. “Банда ундан илмдан-уни нима қилгани ҳақида сўралмагунча…”. Илм ҳаммага ҳам берилавермайдиган катта ютуқдир. Бу ютуққа эришган инсонлар уни эгаллаб олгач, инсонларга ўргатиб, жамиятга фойда келтирмаса уни зое қилган бўлади. Илм ўрганиш ва уни одамларга ўргатиш садақанинг афзали эканлиги ҳадисларда келтирилган. “Банда ундан молидан-уни қаердан касб қилгани ва нимага сарфлагани…”. Мол-мулк инсонни яхшиликка ҳам ёмонликка ҳам тарғиб қила оладиган кучдир. Шунга кўра донишмандлар “мол–мулкнинг ҳалолининг ҳисоби, харомининг жавоби бор” деганлар. Али (р.а) дан ривоят қилинган яна бир ҳадисга кўра: “Ўзингга ва аҳли байтингга исроф қилмасдан ва совурмасдан қилган ҳаражатинг ва садақа қилган нарсанг сен учундир. Риё ва шуҳрат учун бўлгани шайтоннинг насибасидир”.
Шу билан бир қаторда ислом динида ўзи ва аҳли оиласи учун зарур бўлган нарсани бериб, садақа қилиб юбормаслик кераклиги, бу ҳам исроф бўлиб қолиши юқоридаги Қуръони каримдаги оятларга алломалар томонидан берилган шарҳларда, тафсирларда кўриб чиқдик. Бу ўринда ҳадисларда ушбу масала юзасидан нима дейилганини таҳлил қилинади. Маймуна бинти Ҳорис розияллоҳу анҳо шундай хабар беради: “У бир чўрини Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрамай озод қилиб юборди ва у зотга: “Билдингизми, эй Аллоҳнинг Расули мен чўримни озод қилдим?”. – “Шундай қилдингми?” – “Ҳа”. Шунда у зот “Уни тоғаларингга берганингда эди, ажринг янада улуғ бўлар эди”, дебдилар.
Ушбу ҳадислардан олинадиган фойдалардан бири ўз оиласи, яқинлари учун зарур бўлиб турган ҳолида уларга бериш савоблироқ эканлигидир. Исломда шахсий мулкчиликка кенг йўл очиб қўйилган. Шу билан бирга, кишилар шахсий мулкини ҳавойи нафсига биноан тасарруф қилишига ҳам йўл қўйилмайди. Энг аввало бу мулкни ҳаром ишларга сарф қилиш тақиқланган. Шунингдек, мол-мулкни беҳуда, ҳаддан ортиқ сарфлашга ҳам исроф номини бериб, инсонларни ундан қайтарган. Мол мулкни исроф қилмасдан, жойига сарфлашда ҳам инсоннинг ўзига, инфоқ қилган кишисига, шу билан бир қаторда жамиятнинг тараққиётига ҳам маълум даражада ҳисса қўшилишини кўришимиз мумкин. Унга ҳақли кишига ва вақтида берилган эҳсон инсонни ҳаётга нисбатан ишончини ортириб, жамиятда маълум мудҳиш воқеаларнинг келиб чиқишини олиши ҳам мумкиндир. Муғийра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ сизларга қийлу қолни, кўп саволни ва молни зое қилишни ёмон кўрди”, дедилар. Бу ҳадисда исрофгарчиликка оид ишлар қораланмоқда. Ман қилинаётган нарсалардан бири –молни зое қилиш, иккинчиси вақтни турли гап сўзлар билан беҳуда сарфлашдир, учунчиси эса одамларга кўп савол беравериб уларнинг ҳам вақтларини, соғликларини, ўзининг ҳам сўзларини исроф қилиш ҳақида сўз кетмоқда. Лекин бу исрофга биз инсон бундан олдин ўзи қилиб ўтган савобли ишларини зое қилиши мумкинлигини ҳам киритишимиз мумкин. Беҳуда гапларга кетган вақт давомида фойдали ишлар қилиш мумкинлиги эътиборга олинса, баъзи ҳолларда ушбу каби суҳбатлар давомида ғийбат ҳам иштирок этиши инсонларнинг қилиб ўтган савобли ишларидан мосуво қилиши деб тушунишимиз мумкин. Кейинги ман этилган нарса бу кўп савол бериш. Бу ўринда савол асосан олимга, ўргатувчига, берилишини таъкидлаб ўтсак, кўп савол бериш орқали ўзининг ҳам бошқаларнинг ҳам вақтини ўғирлаши, соғлигига зарар етказиши мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, юқорида келтирилган ҳадислар мазмуни исломда исрофгарчилик масаласига катта эътибор қаратилганидан дарак беради. Исрофгарчилик иллати инсонга берилган ҳар бир неъматда мавжуд бўлиши мумкинлиги ҳам аён бўлди. Демак, ҳар бир неъматни ғанимат билиб, ҳар бир дақиқанинг қадрига етиш зарур экан.
Умида ЗУҲРИДДИНОВА
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
“Шарқ тиллари” кафедраси кабинет мудири
Кибр, ўзини бошқалардан юқори деб ҳисоблаш, улардан устун қўйиш, ўзини бошқаларга нисбатан юксак кўриш ва уларга нисбатан мағрурлик қилишдир. Бу, кўпинча одамларнинг бошқа кишиларни пастга уриш, улар билан адолатли муносабатда бўлмаслик ва ўзини жуда катта кўрсатиш каби хулқ-атворларни ўз ичига олади.
Саодат калити ҳушёрлик ва фаҳму фаросатдадир. Бадбахтлик манбаси кибр ва ғафлатдадир.
Банда учун Аллоҳ таолонинг неъматлари ичида иймон ва маърифатдан улуғи йўқдир. Унга эришиш учун бағрикенглик ва қалб кўзи ўткирлигидан бошқа васила йўқдир.
Куфр ва маъсиятдан каттароқ бало ва офат йўқдир. Мазкур икки нарсага чақиришда қалб кўрлиги ва жаҳолат зулматидан бошқа нарса йўқдир.
Зийрак кишилар Аллоҳ таоло уларни ҳидоятини ирода қилган ва қалбларини Исломга кенг қилиб қўйганлардир.
Мутакаббирлар Аллоҳ таоло уларни залолатини ирода қилган ва қалбларини худди осмонга чиқаётгандаги каби тор ва танг қилиб қўйганлардир. Мутакаббир ўз ҳидоятига кафил бўлиши учун қалб кўзи очилмаган кишидир.
Аллоҳ таоло: “Мўминлардан ихтиёрий эҳсон қилувчиларини ва зўрға топиб-тутувчиларини истеҳзо ила масхаралайдиганларни Аллоҳ “масхара” қилади ва улар учун аламли азоб (бор)дир” (Тавба сураси, 79-оят), деб айтган.
Яна: “Эй мўминлар! (Сизлардан) бирор миллат (бошқа) бир миллатни масхара қилмасин! Эҳтимолки, (масхара қилинган миллат) улардан яхшироқ бўлса. Яна (сизлардан) аёллар ҳам (бошқа) аёлларни (масхара қилмасин)! Эҳтимолки, (масхара қилинган аёллар) улардан яхшироқ бўлса. Ўзларингизни (бир-бирларингизни) лақаблар билан атамангиз!” (Ҳужурот сураси, 11-оят);
“(Кишилар ортидан) ғийбат қилувчи, (олдида) масхара қилувчи ҳар бир кимсанинг ҳолига вой!” (Ҳумаза сураси, 1-оят).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир-бирларингизга ҳасад қилманглар ва савдода сохталик билан келишиб, нархларни оширманглар. Бир-бирларингизга ғазаб қилманглар ҳамда орқа ўгириб, муносабатларни бузманглар. Баъзиларингиз айримларингиз савдоси устига савдо қилмасин. Аллоҳнинг бандалари, биродар бўлинглар. Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм ҳам қилмайди, хўрламайди ҳам, паст ҳам санамайди. Тақво бу ерда”, деб, уч бора қалбларига ишора қилдилар. “Мусулмон биродарини паст санаган киши ёмон эканига далолат қилади. Ҳар бир мусулмоннинг бошқа мусулмонга қони, моли ва обрўсини (суиистеъмол) қилиши ҳаромдир”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ: “Тадаббур қилган кишига бундан-да фойдаси кўп, манфаати улуғ ва яхшироқ ҳадис бўлмаса керак”, дедилар.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қалбида зарра миқдорича кибри бор киши жаннатга кирмайди”, дедилар. Шунда бир киши: "Ё Расулуллоҳ, киши чиройли кийим ва чиройли пойабзал кияди (бу ҳам кибр бўладими?)" деганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ чиройлидир. Чиройлини яхши кўради. Кибр эса ҳақни бузиш ва кишиларга паст назар билан қараш”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Биз «юз ўгирма» деб таржима қилган маъно оятда «тусоъъир» деб келган. Бу маъно, аслида, туяда учрайдиган бир касалликка нисбатан ишлатилар экан. Ўша касалликка мубтало бўлган туя доимо бошини пастдан-юқорига ҳаракатлантириб, ёнбошга силтаб турар экан. Мутакаббирлик билан бурнини жийириб, юзини одамлардан ўгирадиган кишилар ана ўша касал туяга ўхшатилмоқда.
«Одамлардан такаббур-ла юз ўгирма».
Ҳа, мусулмон киши учун одамларни камситиш, уларни паст санаш жуда ёмон иллат. Ҳатто юриш-туришда ҳам кибру ҳаводан, такаббурликдан сақланиш керак.
«…ва ер юзида кибр-ҳаво ила юрма».
Бу жуда ёмон нарса. Бошқаларга кибр оғир ботади. Энг муҳими: «Албатта, Аллоҳ, хеч бир мутакаббир ва мақтанчоқни севмас».
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан нақл қилинган ривоятда: «Кимнинг қалбида заррача мутакаббирлик бўлса, Аллоҳ уни дўзахга юзтубан ташлайди», дейилган.
Шунингдек, ибн Абу Лайло ривоят қилган хадисда: «Ким кийимини кўз-кўз қилиб, мақтанчоқлик ила судраб юрса, Аллоҳ таоло унга назар солмайди», дейилган.
Расулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Илм ўрганинг, илм учун сакинат ва виқорни ҳам ўрганинг. Ва сизларга илм ўргатаётганларга тавозеъ билан ўзингизни паст тутинг!” (Имом Табароний “ал-Авсат”да ривоят қилган).
Муаллимга кибр қилиш, уни менсимаслик тубан хулқ ҳамда нифоқ аломатларидан ҳисобланади. Имом Табароний “Ал-Кабир”да ривоят қилган ҳадиси шарифда бундай дейилади: “Уч тоифа инсон борки, уларни фақат мунофиқгина хорлайди: Исломда мўйсафид бўлган қария, илм соҳиби ва одил раҳбар”.
Устоз ва муаллимга ўзни паст тутиб, ҳокисор бўлиш нажот эшиги, илм таҳсил қилишнинг асосий омилларидан бири ҳисобланади. Динимиз шунга буюради, шунга ўргатади. Бу устозларнинг шогирдлари устидаги ҳақларидандир.
Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Ўқувчи муаллимига итоаткор ва ройиш бўлиши, унинг сўзига қулоқ солиб, ўз ишларида у билан маслаҳатлашиб туриши ва оқил бемор самимий ва моҳир табиб сўзини қабул қилганидек у ҳам ўз муаллимининг сўзини қабул қилмоғи лозим. Шунингдек, муаллимига эҳтиром кўзи билан боқиши, унинг ўз ишида комил иқтидор ва малака соҳиби эканлиги ва бошқа устозлардан устунлигига ишониши лозим. Ана шунда ундан манфаат олиши осон бўлади”.
Олимларимиз айтадиларки, талаба ўз устозининг камоли аҳлият ва иқтидор соҳиби эканлигига, ўз ишининг моҳир мутахассиси эканлигига эътиқод қилиб, ишониши керак. У ҳақда фақат яхши фикрда бўлиши лозим. Агарчи, устозидан диёнатга очиқ-ойдин терс келадиган хатти-ҳаракатни кўриб қолса ҳам уни фақат яхшиликка йўйиб, яхши гумонда бўлиши керак. Акс ҳолда унинг баракасидан маҳрум бўлади.
Ибн Синонинг устози Кушёрнинг ҳузурига бир киши осмон илмини ўрганиш мақсадида келибди. 2-3 ой ўтса ҳамки, устози илм беришни бошламаганидан сўнг айтибди:
– Ҳазрат, энди менга жавоб берсангиз. Уч ой бўлди ҳамки дарс бермадингиз. Вақтингиз йўқ шекилли…
Шунда устоз:
– Мен сенга бажонидил дарс берардим-у, лекин сен ҳузуримга келганингдаги “бу илмдан менинг унча-мунча хабарим бор”, деган кибр-ҳавойинг ҳали ҳам кетмади. Мен бир идишга қачонки у бўш бўлсагина сув қуяман. Афсус, сенинг калланг ҳаво билан тўлиб қолган экан, – деб жавоб қилибди.
Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ дедиларки: "Агар мутакаббир кишини кўрсанг билгинки, унинг намози кам ёки ундан бутунлай маҳрум бўлган. Чунки кибр билан кўп сажда қилиш бирга жамланмайди".
Ривоят қилишларича: Бир кишиникига меҳмон келиб қолди. Уйда меҳмонга қўядиган ҳеч вақо йўқ эди. У бир литр қатиқ олиб келиб, беш литр сув қўшиб, туз ва муз солиб, айрон тайёрлади. Бир литр қатиқ беш литр сувни қабул қилиб, тотли ичимликка айланди. Агар ўша қатиққа бир томчи бензин тушиб кетганида уни ичиб бўлмас эди.
Худди шунингдек, салгина такаббурлик ҳам амални бузиб юборади. Мутакаббир кимса Аллоҳдан тўсилади, халойиқ томонидан нафратга учрайди. Аллоҳ таоло бу ҳақда «Чунки уларга ёлғиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ дейилган вақтда кибр-ҳаво қилган эдилар», деган (Соффот сураси, 35 оят).
Ҳориса ибн Ваҳб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Жавваз ҳам, жаъзарий ҳам жаннатга кирмайди", дедилар.
* «Жавваз – муомаласи қўпол одам».
* Жаъзарий – мутакаббир, қилмаган иши билан фахрланувчи.
Баъзи бир кишилар ибодат миқёсидаги маънавий ва моддий амалларни қилиб, (ҳаж, умра ва масжид ёки йўл қуриб) кибрланиб, мақтаниб бошқа кишиларни бундай ишларни амалга оширмаганликда айблаб, ўзларини улардан юқори олишади. Аслида ана шу ишлар халқни пулига бажарилган бўлади. Бундай кимсалар аслида энг разил ва пасткашлардир.
Аллоҳ таоло айтади: “Бошқалар эса гуноҳларини эътироф қилдилар…”. (Тавба сураси 102-оят) Аллоҳ таоло биздан маъсумликни талаб қилмади. Аксинча, гуноҳ содир бўлганида тавба ва синиқликни истади.
Одам алайҳиссалом гуноҳ қилганида эътироф қилиб гуноҳига истиғфор айтди. Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилди.
Иблис эса гуноҳ қилганида мутакаббирлик қилди, тавба қилмади. Аллоҳ ундан юз ўгирди.
Ким гуноҳ қилиб қўйиб сўнгра тавба қилса қиёматда Одам алайҳиссалом билан тавба қилувчилар карвонида бўлади.
Ким гуноҳ қилиб сўнгра тавба қилмасдан мутакаббирлик қилса Иблиснинг карвонида бўлади.
Ортидан кибрни эргаштирувчи биттагина гуноҳ, ортидан синиқлик, пушаймонлик ва тавбани эргаштирувчи мингта гуноҳдан оғирроқдир.
Аллоҳ таоло гуноҳ қилганида пушаймон бўлиб тавба қилувчиларга муҳаббати ўлароқ Ўзини Ғофур дея номлади.
Бандаларини Ўз муҳаббатига тарғиб қилиш учун Ўзини Вадуд дея номлади.
Сизни синдириб сиздаги ужбни кетказадиган битта гуноҳ, қалбингизни мағрурланиш ва ужбга тўлдирадиган тоатдан яхшидир, қайсидир маънода!
Жаъфархон СУФИЕВ,
ТИИ талабаси,
Тўрақўрғон туман “Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби.