«Ансорлар» дейилганда луғавий жиҳатдан нусрат-ёрдам берувчилар маъноси англанади.
Исломий истилоҳда эса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ дину диёнат учун ўз ватанларини, яқинларини ва молу мулкларини ташлаб, Мадинаи Мунавварага кўчиб келган муҳожир мусулмонларга ёрдам берган, уларга жой, имкон ва бошқа барча шароитлар яратиб, ёрдам-нусрат берган асли мадиналик бўлган мўмин-мусулмонлар тушунилади.
Ансорий мусулмонлар дунё тарихига ўзларининг мислсиз улкан фидокорликлари билан, иймон-ислом йўлида ўзларидан кўра муҳожир биродарларини устун кўришлари билан машҳур бўлиб кирганлар.
Ансорлар Мадинада, яъни, биринчи ислом жамоаси ташкил топган диёрда муҳожирлар келмасидан олдин ҳам яшаганлар ва исломга, иймонга ихлос қўйган кишилар бўлганлар. Уларнинг ихлосу эътиқодлари бутун бўлгани учун Макка мушрикларидан азоб-уқубат чекаётган ўз диндошларини Ясрибга (Мадинага) кўчишга чорлаганлар. Шу билан бирга, ансорлар ўз шаҳарларига кўчиб келган муҳожир биродарларига доимо яхши муомалада бўлишган. Аллоҳ таоло уларни Ўз китобида мақтаб:
«Улар юртларига ҳижрат қилиб келганларни севарлар ва уларга берилган нарсаларга қалбларида ҳасад қилмаслар. Гарчи ўзларининг ҳожатлари бўлса ҳам, уларни ўзларидан устун қўярлар», деган (Ҳашр сураси 9-оят).
Агар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам «фай» (жангу жадалсиз қўлга киритилган ўлжа)дан муҳожирларга бериб, уларга бермасалар ҳам, ансорлар заррача гина қилмаганлар. Улар ҳасад нималигини билишмаган.
Ансорлар муҳожир биродарларини устун қўйиб, ўзларига жуда керак бўлиб турган нарсаларини ҳам уларга бердилар. Масалан, уйларининг ярмини, асбоб-анжомларини, мол-мулкларини ва бошқа ҳамма керакли нарсаларини.
Ҳатто муҳожирлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга:
«Эй Расулуллоҳ, буларга ўхшаганларни ҳеч кўрмаганмиз, оз бўлса, бизга берадилар, кўп бўлса, сероб қиладилар. Етарли маишатнинг кифоясини қилишяпти, фароғатга бизни шерик қилишяпти. Ҳатто ажрнинг ҳаммасини булар эгаллаб олмасалар», дея арз қилишган.
Шунда Пайғамбар алайҳиссалом:
«Йўғ-э, уларга ташаккур айтиб, ҳақларига дуо қилиб турсангиз, ундай бўлмайди, иншааллоҳ», деганлар.
Ансорийлар ҳақида Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда бундай дейилади:
«Пайғамбар алайҳиссалом ансорларни чақириб, уларга Баҳрайнни бермоқчи эканларини айтганларида ансорлар муҳожир биродарларимизга ҳам худди шунга ўхшаш жойни бермасангиз, бизга бунинг кераги йўқ, дедилар».
Аллоҳ таоло, «ҳасадгўй эмаслар», деб ансорларни мадҳ этяпти. Аллоҳ бировга берган неъматга ҳасад қилмаслик ҳам улкан фазилат эканини билиб қўймоқ лозим. Ансорлар ана шундай улкан фазилатга эга эдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ўринда мўминлик ва мунофиқлик аломатларини баён қилиб: «Иймоннинг белгиси, ансорларни яхши кўрмоқдир. Мунофиқликнинг белгиси эса, ансорларни ёмон кўрмоқдир», деган бўлсалар. Бошқа ўринда Аллоҳнинг муҳаббатига сазовор бўлиш ва унинг ғазабидан қутилиш йўлини ўргатиб: «Уларни яхши кўрган кишини Аллоҳ яхши кўради ва уларни ёмон кўрган кишини Аллоҳ ёмон кўради», деганлар. (Имом Бухорий ривояти).
Ансорларнинг барчаси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларидан алоҳида ўрин эгаллаган бахтли зотлар эдилар. Бу ҳақда Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари Аллоҳга қасам ичиб: «Аллоҳ ҳаққи, сизлар мен учун энг маҳбуб одамлардансиз!» деганлар. (Имом Бухорий ривояти).
Ансорлар нақадар буюк шахслар бўлишган?! Ҳатто барча пайғамбарларнинг саййиди бўлган зот Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорлардан бўлишни орзу қилганларини очиқ-ойдин баён қилиб: «Агар ансорийлар бир водийга ёки тоғ сўқмоғига юрсалар, албатта, мен ҳам ансорларнинг водийсига юрар эдим. Агар ҳижрат бўлмаганида, албатта, ансорлардан бир киши бўлар эдим», дедилар». (Имом Бухорий ривояти).
Мадиналик мусулмонларга бу шарафли номни, яъни «ансор» номини Аллоҳнинг ўзи қўйган. Бу ҳақда Анас розияллоҳу анҳудан бир киши « Ансор исми ҳақида хабар бер-чи, уни ўзингиз атаганмисиз ёки Аллоҳ сизларни атаганми?», деб сўраганда, Анас розияллоҳу анҳу: «Йўқ! Аллоҳ азза ва жалла бизни шу ном билан атаган», деб жавоб берганлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорларни сабрли ва иффатли инсонлар эканларига гувоҳлик бериб, ансорий саҳобалардан бўлган Абу Талҳа розияллоҳу анҳуга: «Қавмингга салом айт! Мен уларни, албатта, иффатлилар ва сабрлилар, деб билурман», дедилар. (Имом Термизий ривояти).
Ансорийларга ҳамма ҳавас қилса арзийдиган фазилатлари жуда кўп. шулардан бири, дуоси шак-шубҳасиз ижобат бўладиган зот, яъни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ҳаққига дуо қилиб, «Эй Аллоҳим, ансорларни, ансорларнинг болаларини, ансорларнинг болаларининг болаларини ва ансорларнинг аёлларини мағфират қилгин», деганлар. (Имом Термизий ривояти).
Ҳунайн ғазотида ансорийларнинг қадр-қиймати янада намоён бўлди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳунайн жанги ўлжасини тақсимлашда янги мусулмон бўлган маккаликларга алоҳида эътибор қилиб, уларни исломга қизиқтириш учун кўп ўлжа бердилар, ансорларга эса ўлжани оз тақсимладилар. Буни кўрган баъзи ансорларнинг қалбида хиралик пайдо бўлганда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорларга бўлган муносабатларини билдириб: «Эй ансорийлар жамоаси! Одамлар қўй-у туяни олиб кетганда сизлар ўз қароргоҳингизга Расулуллоҳни олиб кетишдан рози бўлмайсизларми?! Аллоҳга қасамки, сиз олиб қайтадиган нарса улар олиб қайтадиган нарсадан яхшироқдир! Муҳаммаднинг нафси қўлида бўлган Зот ила қасамки, агар ҳижрат бўлмаганида, албатта, ансорийлардан бири бўлган бўлур эдим», дедилар. (Ибн Ҳишом ривояти).
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига ўз вафотларидан олдинроқ ансорларга эътиборли бўлишни ва хатоларини кечиришни васият қилиб: «Сизларга ансорларга эътиборли бўлишни васият қилурман. Албатта, улар менинг сиру омонат сақлагичларимдир. Батаҳқиқ, улар ўз бурчларини адо этиб бўлиб, ҳақларини кутиб турибдирлар. Уларнинг яхшиликларини қабул қилинглар ва ёмонликларини афв қилинглар», деганлар. (Имом Бухорий ривояти).
Нурмуҳаммедова Васила
Йилдан йилга Янги Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи ортиб бормоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, мамлакатимиз раҳбарияти томонидан илгари сурилаётган маърифат, бағрикенглик ва цивилизациялар ўртасидаги мулоқот ғоялари айнан шу мақсадга йўналтирилганлиги билан алоҳида аҳамият касб этади.
Мамлакатимизда тўрт кун давомида бўлиб ўтган Биринчи Халқаро Ислом цивилизацияси форуми бу борада юртимизда илгари сурилаётган эзгу тамойилларнинг амалий ифодаси ўлароқ нафақат Ўзбекистон, балки бутун Ислом олами ҳаётида муҳим воқеага айланди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев дунёнинг қирқдан ортиқ мамлакатларидан ташриф буюрган таниқли олимлар, нуфузли халқаро ташкилотларнинг вакиллари, давлат ва жамоат арбоблари, маданият ва диний конфессиялар намояндалари иштирок этган ушбу анжуман иштирокчиларига мурожаат этар экан:
– Бугунги кунда дунё чуқур ва шиддатли ўзгаришлар даврини бошидан кечирмоқда. Инсоният фан ва технологиялар соҳасида мислсиз ютуқларни қўлга киритмоқда, айни вақтда жиддий синов ва муаммоларга ҳам дуч келмоқда: можаролар ва ўзаро ишончсизлик кучаймоқда, бузғунчи мафкуралар, тоқатсизлик, экстремизм, исломофобия кўринишлари кенг тарқалмоқда. Маданиятлар, динлар ва цивилизацияларни бир-бирига қарши қўйиш, турли халқларнинг урф-одат ва анъаналари ўртасида зиддият келтириб чиқаришга уринишлар авж олмоқда.
Бундай мураккаб вазиятда азалдан башариятнинг тинч-тотув ҳаёти, ҳамжиҳатлик ва маърифатга интилиши, тадрижий ривожланиши учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилиб келган эзгу тушунчалар, жумладан, исломий қадриятлар алоҳида аҳамият касб этади. Барчамизга аёнки, бу қадриятлар асрлар давомида илмий тараққиёт, маданий юксалиш ва маънавий камолотнинг қудратли манбаи сифатида жаҳон тафаккури ривожига беқиёс ҳисса қўшган ва умуминсоний мероснинг ажралмас қисмига айланган, – дея фикр билдирди. Дарҳақиқат, ўн тўрт асрдан зиёдроқ вақт ўтяптики, Ислом нафақат диний таълимот, балки инсониятнинг олам ва одам ҳақидаги дунёқарашини тубдан ўзгартириб, илмий-маърифий тараққиётга беқиёс ҳиссасини қўшиб келмоқда. Ислом тамойиллари асосида математика, астрономия, геодезия, тиббиёт, кимё, тарих, фалсафа, калом, фиқҳ, ҳадисшунослик юксак чўққиларга кўтарилди, бу йўналишларда минглаб олимлар улкан оламшумул кашфиётларни амалга оширдилар. Бу ютуқлар замирида, энг аввало, Исломнинг илм-фанга, маърифатга бўлган муносабати ётади. Зеро, Аллоҳ азза ва жалла ўзининг муқаддас китобида илм ва олимларни улуғлаб, шундай марҳамат қилади: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур…” (Мужодала сураси, 11-оят)”. Бу бежиз эмас, албатта, чунки инсоният тараққиётини илму фан ривожисиз тасаввур этиш мумкин эмас. Шу жиҳатдан олиб қаралганда, мамлакатимизда кейинги ўн йилликда Ислом маданияти, цивилизациясига жуда катта эътибор қаратилди ва қаратилмоқда.
Биринчи Халқаро Ислом цивилизацияси форуми юксак даражада бўлиб ўтди. Анжуман юртимизнинг азалдан илму фан бешиклари бўлган Тошкент, Самарқанд ва Термиз каби тарихий шаҳарларида ўтказилиши ундан кўзланган маърифий руҳни янада теранлаштирди. Жаҳон тамаддунининг қадимий ўчоқлари бўлган бу шаҳарларда асрлар давомида минглаб олиму фузалолар етишиб чиққан ва ўзига хос илмий мактабларни шаклланишига ҳисса қўшган. Юртимиз алломалари томонидан амалга оширилган оламшумул кашфиётлар инсоният тараққиётига улкан ҳисса бўлиб қўшилган. Уларнинг эзгу ғоялари ва кашфиётлари жаҳон цивилизациясининг ажралмас бир қисми сифатида эътироф этилган ва бугун ҳам шундай бўлиб қолмоқда. Анжуман иштирокчилари ҳам буни чин дилдан ҳис қилдилар ва буни ўзларининг Юртбошимизга қилган мурожаатларида акс эттириб шундай эътироф этдилар:
– Мазкур тарихий воқеа ислом цивилизациясининг жаҳон илм-фани, маданияти ва маънавияти ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини янгича талқин ва тарғиб этишда халқаро илмий ҳамжамиятни бирлаштириш учун кенг имкониятлар яратди ҳамда Янги Уйғониш даври – Учинчи ренессанснинг интеллектуал ва маънавий асосларини барпо этиш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Ушбу ташаббус замонавий таҳдид ва хавф-хатарларга узоқни кўзлаб, вақтида берилган таъсирчан жавоб бўлганини ҳам бугун биз чуқур идрок этмоқдамиз. Дунёнинг турли ҳудудларида ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини бузиб кўрсатиш, маданият ва цивилизацияларни бир-бирига қарама-қарши қўйиш, шунингдек, мусулмон олимларининг жаҳон илм-фани ва маданияти ривожига қўшган буюк ҳиссасини камситишга уринишлар кузатилаётган бир пайтда Сиз маърифат, илмий тафаккур, тарихий ҳақиқатга эҳтиром ҳамда ислом цивилизациясининг ҳаққоний меросини жаҳон ҳамжамиятига қайта тақдим этишга асосланган бунёдкорлик йўлини таклиф қилдингиз.
Форум иштирокчиларининг бу эътирофи мамлакатимизда диний бағрикенглик ва Ислом цивилизациясининг бой меросини кенг кўламда ўрганиш, жаҳон афкор оммасини ҳам бу қутлуғ ишга жалб этиш, бугунги мураккаб глобал ўзгаришлар даврида ўзаро тинч-тотув ҳаёт кечириш ва инсониятнинг маънавий, маданий ва интеллектуал соҳадаги ютуқларини тинчликка йўналтириш орқали башарият учун курраи заминда фаровон ҳаёт барпо этиш борасида олиб борилаётган ишларнинг нақадар улуғворлиги ва келажакни кўзлаб амалга оширилаётганини янада яққол намойиш этди. Биз бу анжумандан ўзимизга хулоса чиқариб, унда илгари сурилган эзгу ғояларни ҳаётимиз ҳар бир жабҳасининг ажралмас бир қисми сифатида ўрганиш, асраб-авайлаш, сақлаш ва кенг тарғиб этишга қаратишимиз зарурлигини яққол ҳис этдик.
Алишер домла Наимов,
Фарғона вилояти бош имом хатиб ўринбосари
Уламолар кенгаши аъзоси