بسم الله الرحمن الرحيم
Мусулмон ёлғон гапирмайди
Аллоҳ таоло инсонларга сон саноқсиз неъматларни берган. вужуднинг соғ саломат бўлиши энг улуғ неъматлардан биридир. Бу вужуд инсонларга берилган омонат ҳисобланиб, уни хайрли ишларда ишлатишга ва гуноҳ амал ва гап-сўзлардан сақлашга динимиз буюради.
Бугунги мавизамиз ёлғончилик ҳақида бўлади. Инсонлар учун энг ёмон сифатлардан бири ёлғончиликдир. Ёлғон сўзлаш, одамларни алдаш барча разолатнинг боши, у киши ҳурмати ва обрўсини тўкади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ёлғончи, йўлдан озган ва адашганларни:
إِنَّ اللَّهَ لَا يَهْدِي مَنْ هُوَ مُسْرِفٌ كَذَّابٌ
яъни: “Албатта, Аллоҳ ҳаддан ошувчи ва ёлғончи кимсаларни ҳидоятга йўлламас” деб, баён қилган (Ғофир сураси, 28-оят).
Шунингдек, ёлғон гувоҳлик бериш бузғунчиликларга сабаб бўлади. Ёлғон гувоҳлик бериш кишиларнинг жабру жафо тортиши, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол бўлишига олиб келади. Шунинг учун ҳам ёлғон гувоҳлик беришни Аллоҳ таолога ширк келтириш каби катта гуноҳлар қаторида зикр қилинган.
عَنْ أبي بَكْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: أَلَا أُنَبِّئُكُمْ بِأَكْبَرِ الْكَبَائِرِ؟ ثَلاَثًا قُلْنَا : بَلَى يَا رَسُولَ اللهِ، قالَ: الإشْرَاكُ بالله، وَعُقُوقُ الوَالِدَيْنِ وَكَانَ مُتَّكِئًا فَجَلَسَ، وَقَالَ: ألَا وَقَوْلُ الزُّورِ، وَشَهَادَةُ الزُّورِ، فَمَا زَالَ يُكَرِّرُهَا حَتَّى قُلْنَا: لَيْتَهُ سَكَتَ
(مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ)
яъни: Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Сизларга катта гуноҳлар ҳақида хабар берайми?”, деб уч марта сўрадилар. Биз: “Ҳа, айтинг, эй Аллоҳнинг расули”, дедик. Шунда у зот: “Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш”, деб, суяниб турган эдилар, ўтириб олдилар. “Огоҳ бўлинглар, ёлғон сўз ва ёлғон гувоҳлик бермоқ”, деб такрорлайвердилар. Биз ҳатто: “Қанийди сукут қилсалар”, деб айтдик” (Муттафақун алайҳ).
Муқаддас динимиз ростгўйликни тарғиб қилувчи, ёлғончилик ва алдамчиликдан қайтарувчи диндир. Ростгўйлик борасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўплаб ҳадислар ривоят қилинган. Ана шундай ҳадиси шарифлардан бирида Набий алайҳиссалом ростгўй инсоннинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги мақомини баён қилиб берганлар.
عن ابن مسعود رضي الله عنه قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: عَلَيْكُمْ بِالصِّدْقِ فَإِنَّ الصِّدْقَ يَهْدِي إِلَى الْبِرِّ وَإِنَّ الْبِرَّ يَهْدِي إِلَى الْجَنَّةِ، وَمَا يَزَالُ الرَّجُلُ يَصْدُقُ وَيَتَحَرَّى الصِّدْقَ حَتَّى يُكْتَبَ عِنْدَ اللَّهِ صِدِّيقًا ، وَإِيَّاكُمْ وَالْكَذِبَ فَإِنَّ الْكَذِبَ يَهْدِي إِلَى الْفُجُورِ وَإِنَّ الْفُجُورَ يَهْدِي إِلَى النَّارِ، وَمَا يَزَالُ الرَّجُلُ يَكْذِبُ وَيَتَحَرَّى الْكَذِبَ حَتَّى يُكْتَبَ عِنْدَ اللَّهِ كَذَّابًا
(رَوَاهُ الامَامُ البُخَارِيُّ وَالامَامُ مُسْلِمٌ)
яъни: Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Доимо рост гапиринг. Зеро, ростгўйлик яхшиликка олиб боради. Яхшилик эса жаннатга етаклайди. Киши рост гапиришда бардавом бўлаверса, Аллоҳнинг ҳузурида у “сиддиқ” (фақат рост сўзловчи) деб ёзилади. Ёлғончиликдан сақланинг. Чунки ёлғон бузуқликка етаклайди. Бузуқлик дўзахга олиб боради. Киши давомли ёлғон гапираверса, Аллоҳнинг ҳузурида у “каззоб” (ёлғончи) деб ёзиб қўйилади”, дедилар” (Имом Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Ростгўй инсон жаннатга кириши ва у Аллоҳ таоло ҳузурида “сиддиқ” деган мақом билан сифатланишини эшитган ҳар бир мусулмон, шубҳасиз, ростгўй бўлишга интилади. Ҳамма ростгўй бўлса, жамият ҳаёти ижобий томонга ўзгаради. Уламоларимиз: “Ростгўйлик дилингдаги ҳақиқатни тилингга чиқаришингдир”, дейишган. Демак, ибодатда, инсонлар билан муомалада, олди-сотди, никоҳ ва бошқа масалаларда кишининг дили билан тили бир бўлиши лозим.
Мазкур ҳадиси шарифда ростгўйлик ва унинг мукофоти баён этилгач, унинг акси бўлган ёлғончиликдан қайтарилади ва унинг оқибати ҳақида хабар берилмоқда: “…Ёлғончиликдан сақланинг. Чунки ёлғон бузуқликка етаклайди. Бузуқлик дўзахга олиб боради. Киши давомли ёлғон гапираверса, Аллоҳнинг ҳузурида у “каззоб” (ёлғончи) деб ёзиб қўйилади”.
Ҳозирги глобаллашув даврида энг асосий муаммога айланган иллатлардан бири ёлғон ахборотдир. Айниқса, ижтимоий тармоқларда турли асоссиз маълумотларни тарқатиш, турли бўҳтонлар ва уйдирмаларни асоссиз равишда урчитиш ҳолатлари учрамоқда. Айрим соддадил мусулмонлар мана шундай уйдирмаларга ишониб, ёлғон ва бўҳтонга шерик бўлиб қолмоқдалар. Энг ачинарлиси бунинг оқибатида инсонларнинг обрў ва шаънлари топталмоқда, мусулмон инсон номига номаъқул гаплар айтилмоқда, таъна тошлари отилмоқда, шариатимизда қайтарилган улкан бузуқликларга йўл очилмоқда. Ўша бузғунчилар, агар вақтида тавба қилиб, манфур қилмишларини тўхташмаса, борар жойлари ҳам ҳадисда аниқ баён этилган: “Бузуқлик дўзахга олиб боради!”. Ҳадиси шарифда ёлғоннинг қаттиқ қораланиши сабаби мана шу ўринда ҳам яққол ойдинлашади.
Одамлардан эшитган нарсасини суриштирмай гапиравериш гуноҳ эканига қуйидаги ҳадис яққол далил ҳисобланади:
عن أبي هريرة رضي الله عنه أن النبي صلى الله عليه وسلم قال: كَفَى بِالْمَرْءِ إِثْمًا أَنْ يُحَدِّثَ بِكُلِّ مَا سَمِعَ
(رَوَاهُ الامَامُ مُسْلِمٌ وَالامَامُ أَبُو دَاوُدَ)
яъни: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Кишига гуноҳ бўлиши учун эшитган нарсасини гапиришининг ўзи кифоядир”, дедилар”
)Имом Абу Довуд ва Имом Муслим ривоят қилган(.
Бошқа бир ривоятда эса ёлғончиликнинг нақадар жирканч амал эканини очиқ баён этилган:
عَنْ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "إِذَا كَذَبَ العَبْدُ تَبَاعَدَ عَنْهُ الْمَلَكُ مِيْلاً مِنْ نَتْنِ مَا جَاءَ بِهِ"
(رَوَاهُ الامَامُ مُسْلِمٌ)
яъни: Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар банда ёлғон гапирса, ёлғони сассиғидан фаришта ундан бир мил нарига узоқлашади”, дедилар” (Имом Муслим ривояти).
Бошқа бир саҳиҳ ривоятда эса ёлғончилик мунофиқларнинг белгиларидан бири экани таъкидланади.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "آيَةُ الْمُنَافِقِ ثَلَاثٌ: إِذَا حَدَّثَ كَذَبَ، وَإِذَا وَعَدَ أَخْلَفَ، وَإِذَا اؤْتُمِنَ خَانَ"
(رَوَاهُ الامَامُ البُخَارِيُّ وَ الامَامُ مُسْلِمٌ)
яъни: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Мунофиқнинг белгиси учтадир: гапирса, ёлғон гапиради, ваъда берса, хилоф қилади, (унга) омонат топширилса, омонатга хиёнат қилади” (Муттафақун алайҳ).
Қайс ибн Абу Ҳозимдан ривоят қилинади: Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг: “Ёлғондан эҳтиёт бўлинглар, ёлғон албатта имондан четлатувчидир” - деганини эшитдим.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир гўдак болага, мана буни ол, деса-ю, ҳеч нарса бермаса, у одам ёлғончи бўлади”, дедилар (Имом Муслим ва Имом Абу Довуд ривоят қилишган).
Фарзанд тарбиясида ота-оналар ва устозлар болаларга умуман ёлғон гапирмасликлари зарур. Агар ўзлари ёлғон гапирсалар-у яна улардан ростгўйликни талаб қилсалар ҳеч қандай фойдаси бўлмайди. Ёлғон ва алдовни кўрган болада ўзининг тарбиячиларига ва қолаверса жамиятга бўлган ишончи ва эътибори йўқолади, тарбиячиларининг панд – насиҳатлари қадрли бўлмай қолади.
Ҳазил-мутойибаларда ҳақиқатга зид гаплар билан кишиларни кулдириш каби ишлар ҳам ёлғоннинг айни ўзидир. Бу ҳақда ҳадисда шундай келгандир:
عَنْ بَهْزِ بْنِ حَكِيمٍ عَنْ أَبِيه، عَنْ جَدِّه، قَالَ: قالُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "وَيْلٌ لِلَّذِي يُحَدِّثُ فَيَكْذِبُ لِيُضْحِكَ بِهِ الْقَوْمَ وَيْلٌ لَهُ وَيْلٌ لَه"
(رَوَاهُ الامَامُ التِّرْمِذِيُّ وَالامَامُ أَبُو دَاوُدَ)
яъни: Баҳз ибн Ҳаким отасидан, у эса бобосидан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамларни кулдириш учун ёлғон гапирадиган киши ҳолига вой, ҳолига вой бўлсин”, дедилар (Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривоят қилишган).
Демак, ушбу ҳадисдан маълум бўладики, ҳазил-мутойиба ўринларда ҳам ёлғон гапириш гуноҳ, унга рухсат йўқ экан.
Муҳтарам азизлар! динимизнинг мазкур кўрсатмалирига жиддий эътибор берайлик! Шариатимизни ўрганиб, ҳаётимизга татбиқ қилайлик! минг афсуски, ҳозирда кўча-куйда, бозорда, уловда, маъракаларда, қаерда бўлманг эътиборсизлик билан гапирилаётган ёлғонга дуч келиб турамиз.
Баъзилар ёлғон эшитишга ва гапиришга шунчалар кўникиб кетишганки, гапираётган киши ҳам, эшитаётган ҳам, ёлғонлигини била туриб бир-бирини бу гуноҳдан қайтаришга ҳаракат қилмайди, гўёки худди шундай бўлиши керакдек, одатий ҳолга айланган.
Ёлғончилар кўпаяверса жамиятга тегадиган зарар унданда улкан бўлади. Одамлар орасида бир-бирига ишонч йўқолади, ваъдага вафосизлик, хиёнат, туҳмат, ёлғон гувоҳлик бериш оддий ҳолга айланади. Оилаларда ва жамиятда бир-бирига ишончсизлик ортса, аҳиллик йўқолади. Бу нарсалар келгуси авлодларга ҳам таъсир кўрсатмай қолмайди ва маънавий қашшоқликка олиб боради.
Муҳтарам жамоат! Мавъизамизнинг ҳанафий мазҳабимиздаги фиқҳий масалалар қисмида намоздаги сатри аврат ҳақидаги баъзи масалалар ҳақида суҳбатлашамиз.
Намознинг дуруст бўлиш шартларидан бири авратни (намозда ёпилиши фарз бўлган аъзоларни) беркитишдир. Эркак кишининг аврати киндикдан тиззага қадар бўлган аъзоларидир. Тизза ҳам авратдан саналади. Аёлларнинг барча аъзолари аврат ҳисобланиб, бундан фақат юзи, икки кафти, икки қадами мустасно.
Аслида мусулмон киши аврат жойларини беркитиши фарз. Ҳозирги кунда баъзи ёш йигитлар калта кўйлак, футболка, жемфер, шёртик каби кийимларни кийишга одатланишган. бундай кийимдаги кишилар рукуъ ва саждага борганларида, ташаҳҳудда ўтирганларида баъзи аврат жойлари очилиб қолади. Ўзлари ортларини кўра олмаганлари учун рукуъ ва саждада хунук манзара намоён бўлганини сезмай қоладилар. Энг ачинарлиси, бундай ҳолатда намозда авратни беркитиш шарти топилмай, ўзлари билмаган тарзда намозлари зиммаларидан соқит бўлмай қолади.
Мўмин-мусулмон банда ўзи учун қулай, авратини тўлиқ ёпиб турадиган, намозни тўкис адо этишга имкон берадиган кийим кийиши лозим. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
يَا بَنِي آدَمَ خُذُواْ زِينَتَكُمْ عِندَ كُلِّ مَسْجِدٍ
яъни: “Эй, Одам авлоди! Ҳар бир масжид (намоз) олдидан зийнатларингиз (пок кийимларингиз)ни (кийиб) олингиз” (Аъроф сураси, 31-оят).
Мазкур ояти каримага кўра яшаётган ерида қандай кийим кийиш жорий бўлса, ўшани кийиб, намоз ўқиш мустаҳаб, уни тарк қилиш эса макруҳ саналади.
Одатда аврат очилиб қоладиган кийимларни кийиш макруҳи таҳримий ҳисобланади. Агар намоз ўқиш вақтида аврат аъзосининг тўртдан бир қисми узрсиз бир муддат (яъни, намоз ичидаги фарзлардан бирини адо этиш муддатича) очилиб турса, намоз бузилади.
Аллоҳ таоло барчаларимизни сўз ва амалда содиқлар жумласидан айлаб, ёлғон ва беҳуда гаплардан узоқда юрадиган Ўзининг севимли бандалардан қилсин! Омин.
Эслатма: Муҳтарам имом домла! Ҳар жума маърузасининг охирги 5-6 дақиқасини фиқҳий масаланинг баёнига ажратишингиз ҳамда жума иш куни бўлганлиги учун намозхонларни кўп ушланиб қолишларига йўл қўймаслигингиз сўралади!
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ибн Муборак айтади: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдларига келди ва: «Эй Расулуллоҳ, қиёмат кунида Аллоҳ таоло билан ҳамсуҳбат бўлувчилар ҳақида хабар беринг», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Улар Аллоҳдан қўрқувчилар, Аллоҳга бўйсунувчилар, ўзларини камтар олувчилар, Аллоҳ таолони кўп зикр қилувчилар», дедилар. У киши: «Эй Расулуллоҳ, жаннатга биринчи кирувчилар ҳам ўшаларми?» деб сўради. У зот: «Йўқ», дедилар. У кейин: «Унда, жаннатга биринчи кирадиганлар кимлар?» дея сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Фақирлар жаннатга киришда бошқалардан ўзиб кетади. Шунда уларнинг олдидан фаришталар чиқиб: «Ҳисоб-китобга қайтинглар!» дейди. Фақирлар: «Нимамизга ҳисоб-китоб қилинамиз? Аллоҳга қасамки, бизларда мол-давлат бўлмаган бўлса, уни баъзилардан қизғаниб, баъзиларга исрофларча сарф қилмаган бўлсак. Шунингдек, бизлар амир ҳам эмасдик, баъзиларга адолат қилиб, баъзиларга зулм этган бўлсак. Бироқ бизларга Аллоҳнинг амри келди, биз Унга ибодат қилдик ва то ҳузурига келгунимизга қадар Унга тоатда бўлдик», дейди. Шунда уларга: «Жаннатга киринглар, амал қилувчиларнинг ажр-мукофоти нақадар яхши!» дейилади».
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Фақирлар ҳақида Аллоҳ таолодан қўрқинглар! Чунки Аллоҳ таоло қиёмат кунида: «Бандаларим ичидан танлаганларим қани?» дейди. Фаришталар: «Эй Парвардигор, улар кимлар?» деб сўрайди. Шунда Аллоҳ таоло айтади: «Улар қадаримга рози бўлган, сабр қилган фақирлардир, уларни жаннатга киргизинглар!» Бас, улар жаннатга киритилади. Фақирлар еб-ичиб турганида, бойлар ҳали ҳисоб қилинаётган бўлади».
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Мусулмонларнинг фақирлари жаннатга бойларидан ярим кун олдин киради», деганларини эшитдим. Шунда: «Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ярим кун қанча?» деб сўрашди. У зот: «Беш юз йил», дедилар. «Бир йили неча ой?» дейишди. «Беш юз ой», дедилар: «Бир ой неча кун?» дейишди сўнг: «Беш юз кун», дедилар. «Бир куни қанча?» деб сўрашган эди, «Сизлар санайдиган кундан беш юзтаси», дедилар Расулуллоҳ».
Абу Али Даққоқдан: «Қайси сифат афзал: бой-беҳожатликми ёки фақирлик?» деб сўрашди. У киши: «Бой-беҳожатлик, чунки у Аллоҳнинг сифати, фақирлик эса, банданинг. Аллоҳнинг сифати банданинг сифатидан афзал, Аллоҳ таоло: «Эй инсонлар, сизлар Аллоҳга муҳтождирсизлар. Аллоҳнинг Ўзи (барча оламлардан) беҳожат ва (барча) мақтовга лойиқ зотдир» (Фотир, 15), деган», деди.
Банданинг шарафи Аллоҳга муҳтожлиги, Уни улуғлаши, Унга бўйсуниши биландир. Агар бўйин Аллоҳга тавозеъ билан эгилса, шу эгилиш унинг азизлигидир.
Бойлик ҳам, фақирлик ҳам мол-давлатнинг кўп ёки камлигида эмас. Бу ерда энг олий учинчи даража ҳам бор. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўраган «каффоф», яъни, инсонларга муҳтож бўлмайдиган даражадаги ўртача ризкдир. У зот: «Эй Аллоҳим, Муҳаммад оиласининг ризқини етарли қил», деб сўраганлар. Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамиша ҳолатларнинг афзалини, даража ва амалларнинг олийини сўраганлар.
Шунингдек, ҳамма олимлар ўта фақирлик ҳам, туғёнга олиб борувчи бойликнинг ҳам ёмонлигига иттифоқ қилишган.
Етарли ризқ эса, ночорлик билан беҳожатликнинг ўртасидир.
Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ишларнинг яхшиси ўртачасидир», деганлар. Чунки ўртаҳоллик туғёнга олиб борувчи бойлик офатидан ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам паноҳ сўраган ўта ночорликдан ҳам саломат бўлишдир.
Соҳиби каффоф – ўртаҳол одам дунё неъматлари-ю шодликларида дабдаба қилмайди. Унинг ҳолати фақирникига яқин. Унга ҳам сабри учун фақирга бериладиган савоб берилади. Шунга кўра ўрта ҳол кишилар ҳам, иншааллоҳ, жаннатга фақирлар қаторида бойлардан беш юз йил олдин киради. Чунки улар ўртача ҳаёт кечирадилар, бой эмаслар. Ўртачалик эса, айни адолатдир. Аллоҳ таоло:
«Шунингдек, сизларни бошқа одамлар устида гувоҳ бўлишингиз ва пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун ўрта (адолатли) бир миллат қилдик» (Бақара, 143), деган.
Имом Қуртубийнинг «Тазкира»сидан